“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Ҳамма жойда ҳамон классиклар ўқилаётир...

Кензабуро Оэ,

япон адиби, Нобель мукофоти соҳиби

Ҳамма жойда ҳамон классиклар ўқилаётир...

– Ёзишни қандай бошлагансиз?

– Илк ҳикоям денгиз ҳақида эди. Унда Ҳиросимадан Токиога дайдиб келиб қолган йигит кечинмалари ниҳоятда пала-партиш тарзда ифодаланган. Кейинчалик “Сассиз йиғи” ёруғлик юзини кўрди. Эҳтимол эшитгандирсиз, ҳар бир асар якунидан сўнг ёзувчи ўзини қайсидир маънода ўлдиради. Француз файласуфи Унамуно бежизга “Ижод бу худкушликнинг ўзгача кўринишидир” деб ёзмаган. Аммо мен бу ўлимни бошқача тушунаман. Бу ичимиздаги ёвузликнинг интиқоми. Бу – иблиснинг интиқоми. Жон Милтоннинг шеърларини ўқиганмисиз? У илоҳиёт ҳақида ўзини ниҳоятда эркин қўйиб ёзади. Мен ҳам шундай эркин бўлишни истайман. Саволингизга қайтадиган бўлсак, уни икки хил тушуниш мумкин. Мен қачон ёза бошладим? Буни оддий ёзиш, деб тушунсак ўн етти ёшимда бояги ҳикоямни қоралагандим. Агар тўлақонли профессионал адиб сифатида қачон илк асаримни ёзганимни сўрасангиз... Билмадим. Мен ҳали чинакам ёзувчиманми ё йўқ, буни ҳанузгача англолмайман.

– Асарларингизда инсон шахсиятининг сюрреаллашуви ниҳоятда аниқ тасвирланган. Сиз бу ҳақда нима дея оласиз?

– Аввало сюрреаллик нималигини билиб олайлик. Сюрреаллик бу зоҳиран бўлиши мумкин, аммо замирида чексиз рўёвий таҳайюл элементлари ётувчи ижодий оқим. Майли, шундай экан, демак шахсиятнинг рўёга айланиб йўқ бўлиб бориши фожиа-ку! Демак мен трагик асарларни кўп ёзар эканман-да? Билмадим, мен адабиётшунос эмас, ёзувчиман. Асарларим таҳлилини мунаққид дўстларимга қўйиб бераман. Ахир биз ижод қилаётганимиздан бўлса бу бўлади, бу бўлса у бўлади, деб ёзмаймиз. Адиблик... буни таърифлаш қийин.

– Мутолаага қандай қарайсиз?

– Мен Яратганга доимо бир нарса учун шукр қиламан. Яхшики, бахтимизга кўриш, ўқий олиш янглиғ муаззам неъматларини яратиб қўйган У. Адабиёт – буюк ҳодиса. Буни ўзим адиб бўлганим учун айтмаяпман. Руҳият теранликлари ичра кезиб юрган сўз карвонлари кун келиб ёруғлик юзини кўради. Биз эса уни ўқиймиз. О, нақадар сирли жараён-а бу мутолаа деганлари. Мен устозимиз Кавабата бизга асл мазмунини кашф қилиб берган япон романи “Гендзи моногатари” ни ўқиш жараёни билан ҳинд афсоналарини ўқиш жараёнини, инглиз насри ва араб назми таассуротларини омухта қилишни яхши кўраман. Кўпчилик буни ақлсизлик, деб ўйлайди. Эмишки, Ғарбу Шарқнинг ўз мезонлари бор, улар ўртасидаги деворни ҳарчанд уринманг, бузолмас эканмиз. Бу гапда ҳам қисман жон бор, бироқ бани башарнинг туб илдизлари битта нуқтага бориб тақалишини ҳам унутмайлик. Хулоса қилиб айтилса, мутолаа пайтида биз ўзимиз билмаган ҳолда жуда кўп сирларни фош қиламиз худди ёзиш жараёнида ёзувчи ўзини фош қилганидек.

– Шеъриятга қизиқишингиз бор, деб эшитганмиз...

– Ие, ахир мен японман-ку? Японлигимни ҳам қўя турайлик. Мен шарқ одамиман. Шарқ одамининг фитратида эса назм оҳанглари янглиғ маъсум эпкинлар эсиб туради. Ёшлигимда бир қанча шеърлар ёзганман, аммо ҳеч қаерда эълон қилмаганман. Йўқ, бу уларнинг савияси туфайли эмас. Мисол учун улар менга жуда азиз. Нашрга бермаганим сабаби... улар фақат менинг ўз шахсий кечинмаларимдан иборат эди. Аслида шеърият лаҳзанинг мангулиги ва мангуликнинг оний жилвасини ўзида мужассам қилувчи санъатдир, айнан шуниси билан у мени ўзига маҳлиё этган.

– Замонавий Ғарб насри ҳақида нима дея оласиз?

– Билмадим... Мен асосан классикларга қизиққанман. Замонавий деб ўқиганларим ҳам аслида авангард адабиётининг асосчилари ҳисобланишади. Замонавий АҚШ адабиётида деярли ўзгаришни сезмаяпман. Англиядаги шарққа қизиқиш, шарқ адабий мотивларидан унумли фойдаланиш кўзга ташланаётир. Фаранглар-чи? Уларда ҳам янгилик бор. Мисол учун мен тирик французлардан Милан Кундерани кўп ўқийман. У асли келиб чиқишига кўра чех бўлгани учун ўз насрида ҳам славян ҳам роман-герман руҳиятини бирдек ушлай олади.

– Замонавий япон адабиёти-чи?

– Мураками яхши ижод қилаяпти. Бу ёқда Банана Ёсимотонинг роман-ҳикоялари ҳам ўқишга арзийди. Умуман, ҳозир бутун дунё адабиётида бир хил ҳолат – қолипдан чиқиш рўй бераётир. Ҳамма жойда ҳамон классиклар ўқилаётир.

– Ажратган вақтингиз учун раҳмат!

– Сизга ҳам!

Стивен Поул суҳбатлашди

theguardian.com сайтидан олинди

Инглиз тилидан Мирзоҳид МУЗАФФАР таржимаси