“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Чингиз Айтматов сабоқлари

Қирғиз ёзувчиларининг 1963 йилги қурултойида сўзлаган нутқида Чингиз Айтматов инсон ва жамият, олам ва одам, ҳаёт ва ўлим, руҳ абадияти ва хотира каби ижтимоий-фалсафий тушунчаларни янгича идрок этишга ундаган эди.

– Сиз ёшлар, шуни билингларки, жамият ва адабиёт сизларнинг олдингизга қўяётган бугунги вазифалар адабиётимизнинг катта авлоди олдида бир вақтлар турган вазифалардан фарқ қилади,– дейди адиб.– Биз бугун тарихнинг шу чоққа қадар юрилмаган йўлларидан ҳам юрмоқдамиз. Жамият, ижтимоий ҳаёт, адабиёт ўсиб, ривожланиб бормоқда. Шундай экан, сизларга катта устозларингиз босиб ўтган ижод йўлидан кўра мураккаброқ йўлларни босиб ўтишга тўғри келади. Шунинг ўзи сизларга, ҳаммамизга дахлдор масъулият. Бундан кейинги ишларимиз шу масъулиятдан келиб чиқишини англаб етмоғимиз зарур...

Бугун қирғиз адабиётида юқорида келтирилган талабларга жавоб бера оладиган асарлар борми? Бу саволга бор, аммо жуда оз, деб жавоб қайтарсак, янглишмаган бўламиз. Нисбатан дуруст, “ўқиса бўлади” дейишга арзийдиган ҳикоялар, қиссалар, поэмалар йўқ эмас, албатта. Аммо уларни ХХ аср адабиётининг бугунги талабларидан келиб чиқиб баҳолаш қийин. Мени тўғри тушунасизлар, деб ўйлайман: сизлар ёшсизлар, ораларингизда бир-иккита асар ёзганларингиз ҳам, қўлига эндигина қалам олганлар ҳам бор. Сизлардан бирданига гениал асар ёзиб беришни талаб қилиш қийин. Аммо мен сизларга шуни айтиб қўйишим керакки, адабиётга амал-тақал қилиб бир нималарни ёзиб юриш учун кирилмайди. Янгича сўз айтаман, янгилик яратаман, устозларнинг яхши анъаналарини давом эттираман, улардан кўра яхшироқ, таъсирчанроқ ёзишга ҳаракат қиламан, деган улуғ мақсад билан кирилади бу майдонга. Демак, ҳар бир ёш қаламкаш ўзига ишонч билан бор маҳорати ва истеъдодини намоён қилиб, адабий санъатнинг юксак чўққиларини эгаллашга ҳаракат қилиши керак. У шунга масъулиятлидир. Бундай бўлмаса, адабиётга кириб умрни беҳуда ўтказишдан фойда йўқ.

Ёш прозаикларнинг бугунги ижодига кўз ташлайдиган бўлсак, бизга келаётган қўл­ёзмаларни ўқиб, уларда икки номақбул тенденция мавжудлигини пайқаш мумкин. Бир гуруҳ қаламкашлар бундан анча аввалги прозамизнинг ночор жиҳатларини кўр-кўрона такрорлаб, шундай асарлардан илҳомланиб, енгил-елпи қалам суришаётгани маълум бўлади. Мавзу, ғоя дуруст, аммо асар тирик эмас, ўлик. Бундай “асар”ни ўқиш-ўқимасликнинг фарқи йўқ. Бир қарашда, улар турмушдан олингандай, ҳаётийдай кўринади: таниш одамлар, таниш манзаралар кўзга ташланади, аммо асардаги образлар худди қуритилган гербарийга ўхшаб қолган...

Қисқача айтганда, бундай асарларда санъаткорона руҳ йўқ. Ёш қаламкашларнинг бу камчилигини тушуниш мумкин: уларда тажриба кам. Аммо айбни тажрибанинг камлиги билан хаспўшлаш тўғри бўлмаса керак. Нега деганда, адабий тажриба этикдўзнинг маҳорати эмаски, тайёр қолипдан фойдаланиб, маҳсулот ишлаб чиқаравериш мумкин бўлса. Биз ҳам, озми-кўпми, ижод қилиб турамиз, бошимиздан кўп нарса ўтиб турибди: қўлингга қалам олиб, янги ҳикояни ёза бошлаганингда, ўзингни ўта тажрибасиз сезасан. Бунинг боиси, ҳар бир янги асар янги илҳом, янги шакл, янги мазмун, бир сўз билан айтганда, анча-мунча бадиий “харажат”ни талаб этади. Муаллиф ихчамгина асар устида ишлаётганида ҳам, ўзининг бутун куч-ғайратини, юрагида жўш ураётган ҳис-туйғуларни, ўқигани, билгани, англаганлари-ю кўрган-кечирганларини ишга солиши керак. Ижодкорликда бундан бошқа йўл йўқ...

Демак, гап фақат тажрибанинг камлигида эмас, маданиятда, истеъдодда. Шу нуқтаи назардан қараганда, биринчи тенденцияга дахлдор ёшлар (мен уларнинг номларини айтмай қўя қолай, ўзлари тушуниб олишади) кўпроқ маданий билим савияларини ошириш­лари зарур. Янада муҳими, санъатдаги яхши ва ёмонни фарқлай олсалар дуруст бўлар эди. Шундай қилсалар, нега менинг ёзганларимни чиқармайсизлар, босмайсизлар, деган мазмунда марказқўмгача бориб етадиган шикоятлар камайган бўлар эди. Ўқиган қўлёзмани санъат асари ёки асари эмаслигини, китобнинг ночор ёки пишиқ-пухталигини фарқлай билмагунча ёзувчи бўлиш қийин.

Бу гапларимни эшитиб, балким, нега энди яхши-ёмонни фарқлай олмас эканмиз, дея хафа бўлаётгандирсизлар. Албатта, бир қарашда бунинг қийин жойи йўқ. Лекин, мен сизларга айтсам, адабиётда баҳо бериш ўта мушкул иш. Агар мен ижодда озми-кўпми муваффақиятга эришган бўлсам, бу ютуқ менинг яхши-ёмон китобларни фарқлай бошлаганимдан кейин юзага чиққан. Бир вақтлар китобнинг ночор бўлишини ҳатто хаёлимга ҳам келтирган эмасман. Ижодимнинг дастлабки кезларида танқидчиларнинг бирор асар ҳақидаги талашиб-тортишишлари маъносини кўп ҳам тушуниб етмасдим. Адабиёт ишининг ички қоидалари: образли бадиий ифода ва қуруқ баёнчилик, таъсирчан ва таъсирсиз сўз, асарда тасвирланган чинакам гўзаллик ёки сохта суюклиликни бир-биридан фарқлай бошлаганимдан ке­йин танқидга, ўз ижодимга муносабатим бутунлай ўзгарди.

Адабиётни таниш бирданига пайдо бўлиб қоладиган фазилат эмас. Бунинг учун одам кўп ўқиши, кўп меҳнат қилиши, дунё санъатидан яхши хабардор бўлиши керак. Бошқача айтганда, ёзувчи ўзи учун адабий фаҳм яратиши зарур. Бу фаҳм одамнинг ички маданияти, онг-сезими ва идрокидан пайдо бўлади.

Оддий бир мисол келтирайин. Бизнинг экранларимизда ҳинд ва араб кинолари тўхтовсиз намойиш этилади. Бунинг ёмон жойи йўқ. Кўплаб томошабинлар уларни оҳ-воҳ деб, кўз ёши қилиб, қайта-қайта суқланиб кўришади. Сабаби, уларнинг мавзулари қизиқарли, мусиқаси, қўшиқлари ёқимли, баъзан юксак профессионал талқинлар ҳам учраб қолади. Аммо бадиий санъатнинг баланд талабларидан келиб чиқиб, бу фильмларга танқидий кўз билан қарасак, улар ўта жўн, примитив мелодрамалардан бошқа нарса эмаслиги маълум бўлади. Кўпчилиги арзимас сентиментализм, мешчанлик руҳида суратга олинган, муҳим ижтимоий муаммолардан узоқ ишлардир. Фильм ижодкорлари қаҳрамонларнинг йиғи-сиғиси билангина чекланишади. Бундай енгил фильмлар таъсирида қолиб кетган томошабин дунё кинематографиясининг энг яхши намуналаридан бири бўлган “Яйдоқ орол” фильмини охиригача кўрмайди, чунки уни тушунмайди, фильмнинг ғояси уларга оғирлик қилади. Бу ерда ажабланарли ҳеч нарса йўқ: гап енгил-елпи мелодрамаларга ошиқ бўлган томошабиннинг ички маданияти паст, чинакам санъатни тушунмаслиги ҳақида бормоқда. Адабиётга дахлдор киши бундай тутқунликка тушиб қолса, жуда ёмон. Чунки ундан ҳақиқий санъат асарини кутиш қийин.

Баъзи бир ёшлар “Мен шоирман, проза, драматургия, киносценарий деган нарсалар билан ишим йўқ, шеъримни ёзсам бўлди, адабиёт назарияси, танқид-панқид мени қизиқтирмайди”, дейишади. Бу – ўта хато фикр. Бундай фикрда бўлганлар ўз имкониятларини ўзлари чеклаб қўйишади. Ижодкорликка, маданиятга дахлдор одам балет, мусиқадан тортиб қўғирчоқ театригача ҳамма соҳадан хабардор бўлиши керак. Бундай хабардорлик одамни маънавий жиҳатдан бойитади, шоирнинг шоирлигини оширади. Дунё адабиётида, санъатида ҳозир нималар бўлмоқда, қандай жараёнлар мавжуд, фрейдизм дегани нима, экзистенциализм дегани нима, булар қандай фалсафий оқимлар, уларнинг бизнинг фалсафий қарашларимизга зиён томони нимада – мана шу саволларга қизиқиб, ўзининг ички дунёсини бойитаётган ёшларимиз сафи жуда сийрак.

Мен буларни айтадиган бошқа гапим қолмагани учун айтаётганим йўқ. Ёдингизга бир нарсани туширай: марҳум Райкан Шукурбеков, Мидин Алибоевлар, шубҳасиз, катта истеъдод эгалари эдилар. Қирғиз адабиётининг шеърий ирмоқлари десак, хато бўлмайди. Аммо улар, маълум кўнгилсиз сабабларга кўра, ўзлари билан ўзлари бўлиб, табиат ато этган поэтик имкониятларини тўла намоён этмай ўтиб кетишди, деган ўйдаман. Агар улар ўз ижодларини назарий жиҳатдан бойитиб, санъатнинг турли йўналишларида юз бераётган ўзгаришлар билан уйғунлаштиришганида, номлари, довруқлари бугунгидан-да юқори бўлиши аниқ эди, очилмай қолган истеъдодлари, хотиралари Олатоғнинг орасидагина қолиб кетмасди. Бу – жуда афсусланарли ҳол.

Кўриниб турибдики, орадан эллик беш йил ўтган бўлишига қарамай, адибнинг ёш ёзувчиларга берган ушбу тавсиялари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.

Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари зиёлиларининг таъсис қурултойида Айтматов маънавий бирлик янги тарихий шароитда миллий юксалиш ва тараққиётга элтувчи ягона тўғри йўл эканини ғоят куюнчаклик билан изоҳлаб берди. “Биз, адабиётчилар, янги тарихий шароитда янги муаммоларга дуч келдик, – деган эди ўшанда Чингиз оға қурултой минбаридан туриб. – Адабиётнинг бугунги вазифаси кечаги ўтган кунимиздаги вазифадан, зиёлининг жамият олдидаги ўрни ва масъулияти кечаги масъулиятдан тамомила фарқ қилади. Ҳаёт, одамларнинг турмуш тарзи, ўй-фикрлари ўзгариб кетди. Ҳозир, айтишим мумкинки, биргина Ўзбекистон ёки Қирғизистонда эмас, бутун минтақада, бутун дунёда ўзига хос тозариш жараёни давом этмоқда. Ўзликни англаш, ўзликка қайтиш фасли бораётир. Тамойиллар ҳам, таомиллар ҳам ўзгарди. Миллий, умуминсоний қадриятлар қайтадан қаддини тикламоқда. Қуриб қолаёзган ирмоқлар, кўзлари ёпиб ташланган булоқларнинг кўзлари очилмоқда. Янгича умумбашарий тафаккур онг-шууримизга сингмоқда. Бундай шароитда адабиёт ўзгармай қолиши мумкинми? Ҳамон эскича ёзиш, кечаги кун ютуқлари билан қаноатланиб ўтириш мумкинми? Мумкин эмас! Адабиёт энди чинакамига халқчил, миллатпарвар, маънавий тараққиётимизнинг садоқатли хизматкори бўлиши керак. Адабиёт учун, Сўз учун шундай бир тарихий имконият вужудга келди. Буни қўлдан бой бермайлик...”.

Адибнинг ҳар бир мақоласи, суҳбати ёки маърузасида бошқалар айтишга журъат этмаётган муҳим фикр, хулоса ёхуд ўткир, рад этиб бўлмайдиган танқидий мушоҳада бўлади. Ўқувчини шунга ўргатади.

“Инсон ҳаётининг гултожиси – ёшлик, навқиронлик йилларидир. Агар мендан ҳаётимдаги энг лаззатли онлар тўғрисида сўрашса, шубҳасиз, ёшлигимни, инсон руҳининг ёшлигини айтган бўлар эдим, – дейди адиб. – Ҳаёт лаззатларидан маҳрум бўлиш, мен энди ҳамма нарсани ўрганиб бўлдим, дея бир жойда тўхтаб қолиш ижоднинг ҳам тақа-тақ тўхташи, фикр ривожининг сўнишидир. Баъзан ёш ёзувчилар ёшлик бу барибир ўтиб кетадиган бир касаллик, ундан тезроқ халос бўлиш керак, деган хаёлга борадилар, чоғи. Шунданми, устозлардай қалам тебратишга ҳаракат қиладилар. Бундай бўлишига бизнинг “Толстойча ёзиш керак, Чеховга ўхшатиб ёзиш керак, Шолоховдан кам ёзмаслик керак” қабилидаги ноўрин даъватларимиз сабабчи эмасмикин? Уларни тўғри йўлдан чалғитаётган, ҳаволантираётган, охир-оқибатда ноқулай аҳволга солиб қўяётган яна ўзимиз бўлмайлик? Жадаллаштириш ҳаётда бўлиши мумкин, аммо ижодда зарардан бошқа ҳеч нарса эмас”.

Чингиз Айтматов ижод умрининг барча босқичларида ёзувчи олдида турган бу “қонун”ларга тўла амал қилди. Унинг бадиий олами шу билан ҳам гўзалдир.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ