“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Адолат арслони

Бундан 190 йил аввал, 1828 йилнинг 9 сентябрида рус зодагон оилаларидан бирида тўртинчи фарзанд дунёга келади. Бу Тула яқинида, она томондан мерос қолган ер-мулк – Ясная Полянада бўлган эди.

Сирасини айтганда, ким ҳақида гап кетаётганини англаш учун биргина мана шу жойнинг номи кифоя. Негаки “яснополяналик мутафаккир” деб аталмиш ягона инсон – бу Лев Николаевич Толстой бўлган.

Энциклопедияларнинг сийқаси чиққан жумлалари (рус тилидагисида: “Лев Толстой – улуғ рус адиби”, хорижий тиллардагисида: “Leo Tolstoy – буюк жаҳон романнависларидан бири”) эндиликда кўп ҳам кишини ҳаяжонга солмайди. Аммо Толстойнинг салобати, улуғворлигига шунчаки қўл силтаб бўлмайди.

Қонун-қоидаларга қарши кўтарилган қуёш

Айтайлик, ўзини ўта юқори поғонада кўрган Владимир Набоков Толстой ҳақида эҳтиром ила чуқур нафас олиб гапирган. Ҳатто маърузаларида ҳаяжонланиб кетарди. Пардаларни ёпиб, хона охиридаги чироқни ёқади: “Бу рус фалагидаги Пушкин”. Чироқни янада ёрқинроқ ёқади: “Бу Гоголь”. Кейин эса ундан ҳам ёруғроғини ёқиб: “Чехов”, – дейди. Сўнгра пардаларни бирдан очиб юбориб, кўзни қамаштирар қуёш нурларига ишора қилиб: “Бу эса Толстой!” – дея маълум қилади.

Бокс шинавандаси Эрнест Хемингуэй эса айрича ўйлар эди: “Мен жуда камтарона бошлаб, жаноб Тургеневни йиқитдим. Жаноб Стендаль билан икки марта дуранг натижага эришдим... Аммо ҳеч ким мени жаноб Толстойга қарши рингга чиқишга мажбур қилолмайди”.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, бу фикрларнинг бари адиб рихлатга кетгач билдирилган. Иван Бунин эса куч-қувватга тўла адиб билан юзма-юз кўришишга муяссар бўлган. Бўлажак Нобель совриндори бундай деган эди: “Шиддаткор, басавлат, чуқур ботиқ кўзлари одамни довдиратиб қўярди... Мен сал қолса...” Кейинги жумлаларни келтириб ўтиш шарт эмас, эмишки, Толстойни бир кўрган одамнинг қўрқувдан ичи ўтиб кетган экан.

Бу жисмонан сезиларли, одамни ўтирган ерига михлаб ташлайдиган, ваҳимага солгувчи салобат донишманд оқсоқолнинг ҳаёт тарзига умуман зид эди. Умуман, бу турмуш тарзига кўп нарса зид эди. Толстой ҳар қандай қонун-қоидаларга қарши борар, уларни парчалаб ташлар ва уларнинг ўрнига ўзиникини яратарди.

Қани, пулни чўз!

Нима бўлган тақдирда ҳам Толс­той адабиётни оиласи ва ўзини боқишга етарли даражадаги касбга айлантириб улгурган эди. Тўғри, Толстойгача бошқа муаллифларга ҳам унча-мунча ҳақ тўланар эди. Аммо Толстой доимий равишда қалам ҳақи оладиган бўлди.

1852 йили Л.Н.Т. инициали остига яширинган, ҳали элга танилмаган йигит “Болалик” қўлёзмасини “Современник” журналига жўнатади. Ўша пайтда журнални қалам ҳақи сиёсатида ўта зиқна бўлган, ходимлар орасида Қонхўр номи билан аталувчи Николай Некрасов бошқарарди. Қўлёзма катта ҳайрат ила қарши олинади, шунга қарамай дебютантга ҳеч қандай тўлов бўлмайди.

Муаллиф бу вақтда Кавказда артиллериячи бўлиб хизмат қиларди. Мантиқан олганда урушдан боши чиқмаслиги лозим эди, лекин чечен босқинлари шароитида ҳам мактуб орқали Некрасовга шундай таъсир ўтказадики, у дебютантга муаллифлик табоғи учун 50 рублдан тўлашга мажбур бўлади.

Дебютант эса: “Чинакам тўнкалардан бўлак ҳамма фақатгина ақча учун ёзган”, деган сўзларни айтиб ўтган инглиз ёзувчиси Сэмюэл Жонсонни ёқтирар эди. Шу асно Қонхўрга босимни кучайтиради. Натижада ёш Толстой ўзининг қалам ҳақини 100 рублгача кўтартиради, кейинроқ 250 рублгача, озроқ фурсатдан сўнг эса тушумдан келган даромаддан фоиз олишга эришади. Таққослаш учун: Толстойнинг азалий “рақиб”и Фёдор Достоевский ўртача 100-150 рубль қалам ҳақи олар эди. Залворли “Уруш ва тинчлик”ни Толстой ҳар бир табоғи учун 500 рублга сотади, сўнгги романи бўлмиш “Тирилиш”нинг ҳар бир табоғини ҳатто 1000 рублгача пуллайди.

Зарбага зарба билан

Лев Николаевичнинг ғайрати ва шижоати шу қадар кескир эдики, биргина ноширлар таслим бўлмади – Толстой “ёзувчи давлатга қарши” бўлган зиддиятда қўли баланд келганларнинг ягонаси эди.

Бу ихтилофни, турган гап, Толстой бошламаганди. “Посредник” нашриёт фирмаси (Толстойнинг лойиҳаси) халқ маорифи учун арзон китоблар чиқарар эди. Биргина шунинг ўзи шубҳали кўринади. Цензор Климент Воронич очиқчасига ёзади: “Адабиётда илк бор гениал талант ўзини оми халойиққа бағишлади. Буниси эса ундан баттар ошиб тушганди: “Граф Толстойнинг халққа маънавий озуқа сифатида таклиф қилинаётган бадиий тафаккури йўлдан оздиргувчи афюндир”. Ўша “афюн” деганларида, масалан, Фёдор Достоевскийнинг романидан парчани ҳам назарда тутишарди: “Қария Зосимнинг ҳикояси”ни православ эътиқоди таълимотига номувофиқ равишда эълон қилишга ярамайди”. “Ҳар кунги мақоллар” китобини эса рад этишади, негаки унда “на азиз-авлиёлар рўйхати, на подшо хонадонининг насл-насаб жадвали” келтирилмаганди. Охирида китобдан мана бу шиорни бутунлай ўчириб ташлашни талаб қилишади: “Худо кучда эмас, адолатда”.

Толстой зарбага зарба билан жавоб қайтаради – бу зарба шунчалик қудратли эдики, ким ғолиб чиққани беш қўлдай аён бўлди-қолди. Адабиётшунос Алексей Суворин ўз кундалигида қуйидагиларни туширади: “Бизнинг икки подшоҳимиз бор: Николай II ва Лев Толстой. Ким кучлироқ? Толстой тахт ва сулолани силкиб-силкиб ташлаётган бир пайтда Николай II унга қарши ҳеч нима қилолмайди. Уни Черковдан четлаштирадилар. Толстой жавоб қайтаради, бу жавоб зарбаси қўлёзмаларда ва ажнабий газеталарда тарқалади. Қани, биронтанг Толс­тойга тегиниб кўр-чи. Бутун дунё жар солади, бизнинг маъмуриятимиз эса талқон ютган”.

Ҳали бу ҳолваси эди. Умрининг сўнггида Толстой ёзув-чизувни бас қилади, аммо-лекин ақл бовар қилмас чўққига кўтарилади. Бу борада православ файласуфи Василий Розанов энг мақбул фикрни айтган эди: “Гарчи адашган бўлса-да, хатога йўл қўйган эса-да ва ҳатто қаттиқ-қаттиқ гапирса-да, Толстой улкан диний ҳодисадир, эҳтимолки, XIX аср давомидаги рус диний тарихидаги буюк феномендир”.

Константин КУДРЯШОВ.

“Аргументы и факты” ҳафтаномасининг

2018 йил 38-сонидан олинди.

Рус тилидан Саиджалол САИДМУРОДОВ таржимаси.