“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МЕНГА КИТОБ ТАВСИЯ ҚИЛИНГ!

Неъмат АРСЛОН

 

(Эҳ, бечора Грегор Замза)

Яқинда бир гуруҳ китобсевар биродарларим «ўзингиз севиб ўқиган китоб­лардан фақат тўққизтасини ўқувчиларимизга тавсия қилинг» деганларида ана шундай қийин аҳволда қолдим. Жаҳон адабиётидан ўнлаб ва балки юзлаб китобларни тавсия қилгим келарди. Албатта шу китоблар орасида Ҳазрат Навоийнинг «Лисон-ут тайр» асари менинг диққат марказимда. Хусусан, бирорта чет эл ёзувчисининг асарини мутолаа қилгандан кейин чанқоқлик билан албатта «Шайх Санъон қиссаси»га қайтаман. Афсуски, бу улуғ китобни жуда кечикиб ўқигандим. Болаликда ҳушу фикримизни ўғирлаган китоблар оз бўлса-да, бор эди ҳар ҳолда. Ҳатто бугунги кунда номи тилга олинмайдиган баъзи асарлар ҳам болалик шууримизни жозиб бир куч билан ўзига тортар ва биз шу китоб воқеалари таъсирида хушнуд ҳаёт кечирардик. Ҳаёт қи-йинчиликларини енгиб ўтишимизга ёрдам берарди бадиий асарларнинг қаҳрамонлари. Еттинчи синфда ўқиб юрган кезларимда Тихон Семушкин деган рус ёзувчисининг «Тоққа қочган Алитет» номли романи қўлимга тушиб қолди. Берилиб ўқишга киришдим. Буни қарангки, орадан ярим асрдан кўпроқ вақт ўтибди ҳамки, айрим лавҳалар ҳамон кечагидек ёдимда: «Алитет»ни ўқиш анчага чўзилди. Қишлоқ боласининг иши кўп, мол-ҳолларга қараш, ўт ўриш, ўтин-чўп йиғиш, томорқани беллаш... электр, газ йўқ эди-да, ўша эллигинчи йилларда, ўтин ҳам тақчил эди... Мавзу ўзанидан бироз четга чиқиб бўлса ҳам айтишим керакки, шаҳар болалари, хусусан, бугунги ёшлар биз қишлоқ болаларининг ўша пайтлардаги ҳаётимизни тасаввур ҳам қилолмайдилар. Жуда оғир эди яшаш бизнинг болалигимиз ўтган 50-йилларда. Ота-она билан тенг тортардик турмуш юкини, кези келганда улардан-да кўпроқ банд бўлардик рўзғор юмушлари билан. Кундузи вақт тополмаганим сабабли чала қолган китобимни ярим тунда ўрнимдан туриб ой ёруғида остона устига қўйиб ўқиган вақтларим сира кўз ўнгимдан кетмайди. Мана, бугун хонам деразасидан қараб ўтириб ўзим учун бутунлай ёт бир манзаранинг гувоҳи бўламан: ўн-ўн беш чоғли йигит-қизлар тўпланиб олиб қўлларидаги телефонларидан кўз узмай соатлаб ўтирадилар. Ачинаман уларга қараб, «Ҳой болаларим, бунинг ўрнига уйларингга бориб китоб ўқинглар, мусиқа тингланг, расм чизишни машқ қилинг, хотира дафтари тутган бўлсангиз китоблардан олган таассуротларингизни ёзиб қўйинг», дедим бир куни ичим тошиб. Индамай тарқалиб кетишди. Эртаси кун деразам тагида уларнинг чуғур-чуғурини яна эшитдим, ва яна ўша ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Умрнинг бебаҳо лаҳзаларини бундай беҳуда ишга сарфлаш чиндан-да ачинарли, уйда эса уларнинг бор вақтларини компьютер ва телевизор ғорат қилади.

Бизга ҳеч ким китоб ўқи демаган. Ота-онамиз, бобом ва тоғамлар ўзлари билиб-билмай бизга ўрнак кўрсатишган. Жуда кўп мутолаа қилишарди улар. Ҳафталаб тўхтамай ёғадиган мартнинг қораёмғири уйдан чиқишга имкон бермас, қишлоқ кутубхонаси берк. Ана шундай кунлар нимқоронғу хонада дераза тагига тиқилиб олиб Садриддин Айнийнинг «Қуллар» трилогия­сини ўқирдилар дадам. Онам ва укаларим у кишининг атрофларида ғуж бўлиб ўтириб қулоқ солардик. «Додлама, додлама, дод саси галди, Қаршининг чўлидан ёр саси галди» деган мисраларни урғу бериб ўқиганларида сесканиб кетарди менинг мурғак тасаввурим. Бепоён чўл кўз ўнгимда намоён бўлар, ва қум барханлари орасида ёлғиз қолган аёл ноласи қулоғимга чалинар, дадамнинг бир маромдаги овозларига қулоқ тутиб ўйчан қиёфада ўтирган онамга қараб раҳмим келарди. Ташқарида бир маромда гувранарди март ёмғири, хонада эса Ҳасан ва романдаги бошқа қаҳрамонлар бетиним ҳаракатланардилар. Ўқишда давом этардилар дадам, нас-рий матнлар орасида шеърий парчалар ҳам учраб қоларди. «Ўтиннинг яхшиси янтоқ, хотиннинг яхшиси қалмоқ» деган мисраларни ўқийтуриб онамга қараб қўярдилар дадам ҳам. Албатта ҳазилнамо эди бу қараш...

Бадиий асарлардан олган таассуротни ҳеч нарсага тенглаштириб ҳам, унутиб ҳам бўлмайди.»Сени топмоқ басе мушкул вале топмаслиқ осонким, Эрур пайдолиғинг пинҳон, вале пинҳонлиғинг пайдо» деган мисраларни Навоий девонидан ўқиб, кўзларидан шашқатор ёш оқаётган бобом Мулла Тўрабойнинг забун ҳолатларини мен қандай унутай! Бу забун ҳолатнинг кўзга кўринмас қаватларида беқиёс завқу шавқ ётарди. (Мирзо Бедилнинг «Бу шодликлар бари ғамдан яралган» деган мисраларини эсланг). Улуғ Навоийнинг соҳир нафаслари, сўз сеҳри, мантиқнинг кучи, бадиий ифодаларнинг бетакрорлиги ва таърифга сиғмайдиган бошқа ҳолатлар жам бўлиб йиғлатмоқда эди нуроний қарияни. Сарғиш қоғозлар жамламасига ва қорайиб қолган чарм муқовалар тахламига қараб китобларнинг қанчалар қудратли кучга эга эканлигидан ҳайратланардим. Чунки улар бобомдай улуғ одамни йиғлатмоқда эди-да! Ўшанда мен ҳали ўқиш-ёзишни билмасдим. Бобомни йиғлатяптими, демак китоб зўр нарса экан деб худди эртаклардаги тилсимот олдида тургандек чўчинқираб қараб турардим. Ана шундай таассурот билан илк бор кутубхонага қадам қўйганман.

Инсон улғайган сари унинг дунёқараши ҳам ўзгаради. Китобларга бўлган муносабат ўзгача йўналишга киради, дид ўзгаради. Масалан, бугун «Робинзон Крузо»ни ёки «Гулливернинг саёҳатларини» ё бўлмаса, Пушкиннинг «Балиқчи чол ҳақида эртак» китобини, ёки бўлмаса, Трублаинининг «Колумб шхунаси» асарини қайтадан ўқисам, Кафканинг «Эврилиш»идан олган таассуротларимни тополмаслигим мумкин. Ва айни пайтда, қани энди бола бўлиб қолсаму «Кўкорол чироқлари», «Тўрт оёқли дўстларим», «Ўн беш ёшли капитан», «Дон Кихот» каби китобларни ўша болаликдагидай завқу шавқ билан ўқисам дейман. Ва Китоб ўқишдай бебаҳо лаззатдан бехабар қолиб, умрини беҳудага ўтказаётган баъзи бир кишиларни кўриб беихтиёр «эҳ, бечора Грегор Замза!» деб қўяман. Зеро, «Эврилиш»нинг қаҳрамони, яъни Грегор Замза ҳам ўз умри давомида лоақал бирорта бадиий асарни қўлига ушламаган. Китоб ўқиганда эди, Кафка тасвирлагандай ҳашаротга айланиб қолмасди. Нақадар ачинарли унинг фожеали ҳаёти.

«Китоб ўқинг, эй одамлар!» деган ҳайқириқ бор эди асар ғоясида. Гарчи «Эврилиш» тўғрисида ёзилган тадқиқотларда бундай хулосани учратмаган бўлсам-да, Кафка айнан шундай демоқчи эди деган фикрда собит турибман.

Янги нашрдан чиққан ҳар қандай китобни бир олам қувонч билан қабул қиларди Кафканинг ўзи. Китобнинг кўриниши, безаклари, муқоваси ва босмахона ҳиди анқиб турган варақлари ҳақида тўлқинланиб ёзган сатрларидан англашилади, улуғ ёзувчининг китобларга бўлган муносабати. Одамни йиғлатадиган, кези келганда кулдирадиган, минг хил ўйга толдирадиган ва шу йўл билан ҳаётга муҳаббат уйғотадиган; гоҳ очиқ сўзлайдиган, гоҳида фикрни рамзий тил билан ифода этадиган ана шундай зўр китоблар бор оламда.

Биз қанчалар бахтли авлодмизки, мамлакатимиз Президенти «китоб ўқийлик, биз ўқимасак фарзандларимиз ҳам ўқимайди», деб турибди. Бизнинг болалигимиз ўтган эллигинчи олтмишинчи йилларда йўқ эди бундай гаплар. Яна ҳам қадимроқ замонларга назар ташласак, даҳшатли манзараларнинг гувоҳи бўламиз. Уйидан китоб чиққан кишилар Сибирга сургун қилинган. Бобом ҳам замон ўзгарса, кавлаб оларман деб, ўзларини ҳам, китобларни ҳам сақлаб қолиш мақсадида бир сандиқ китобни Такия қишлоғининг жарига олиб бориб кўмганлар. Ана шу сандиқда «Жомоспнома» деган ноёб бир асар ҳам бўлган. (Кейинчалик тоғам Абдирашид ҳожи китоб мазмунини уч соат ўтириб бизга сўзлаб берганлар). Мана бугун мен шу китобни зир югуриб излайман. Ҳеч қаердан дарагини тополмайман, ҳатто ҳозиржавоб интернет ҳам жим. Бу китобни излаб топишга аслида Навоий ҳазратлари даъват этганлар. «Сабъаи сайёр»да шундай мисралар бор:

Кўрдилар ғор ичинда айвоне

Кўҳкан тешаси қазиб они

Гўшада мўътакиф дейилган пир

Халқдин ғор ичинда ўзлатгир

Жавоҳири жисми тийра кон ичра

Олами мухтасар макон ичра

Жисми ошуфта сочи ичра пинҳон

Бўйлаким тун саводи ичра жаҳон

Не жаҳондин анга умид, не бийм

— деб отин халқ Пайлақус ҳаким деди: «Жомоспнома» аркомин Назар айлаб ўқигил аҳкомин. Қаердан топиб ўқий?

Қачонки 20-30-йилларда ҳам инсон тафаккурининг ҳосиласи бўлган китоб-ларга қарши кураш авж олган ва Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир каби ижодкорлар қатағон қилинган бўлса! Ана шундай улуғ ёзувчиларимизни ва ноёб китобларимизни йўқотиб гўёки болалигимизни йўқотгандай афсус чекамиз. Бизнинг ёшлигимиз ўтган даврларда бадиий адабиёт нашр-лари ҳозиргидек мўл эмасди. Жуда кам эди таржималар ҳам. Ҳали Қаҳрамон шоирларимиз Абдулла Орипов «Илоҳий комедия»ни, Эркин Воҳидов «Фауст»ни таржима қилмаган эдилар. Достоевскийнинг «Телба» «Жиноят ва жазо» асарларига Иброҳим Ғафуров ҳам қўл урмагандилар. Ҳали ёш эдилар у пайтларда адабиётимизнинг юксалишига улкан ҳисса қўшган бу ижодкорлар. Шу боис топилганини ўқирдик, болаликдаги ўша китоблардан олган завқу шавқларимни ҳанузгача унутолмайман. Ҳали билмасдим унда, дунёда Достоевский, Толстой, Кнут Гамсун, Кобо Абэ, Марсель Пруст борлигини. Ҳали хабарсиз эдим ҳатто Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар»идан ҳам.

Дунё аҳли кейинги йилларда жанубий Америка ёзувчиларини ўқишга ружу қўйди. Маркес, Кортасар, Борхес каби ёзувчилар чиндада муъжизавий асарлар яратдилар. Эндиликда инсон шуурини лол қолдирадиган асарлар кўп, аммо танлаб ўқиш масаласи ҳам олдимизда кўндаланг турибди. Чунки, инсон тафаккури яратган барча китобларни ўқишга умр етмайди. Шунинг учун ҳам Суқрот тўғрисидаги бир ривоятни (мен буни ҳақиқат дейман) кўп марта эшитган бўлсак-да, яна бир бор эслатиб ўтсам фойдадан холи бўлмас. Тарихий манбаларда келтирилишича, фалсафадан сабоқ бергани учун, ёшларни йўлдан уряпти, деган айб қўйилади Суқротга, ва суд ҳукмига кўра ё Афинани тарк этиши, ё бўлмаса цикута ичиб ўлиши талаб қилинади. Файласуф ўлимни танлайди. Эртаси куни қатл этилиши кераклигини эшитган дўсту биродарлари видолашиш учун борсалар, не кўз билан кўрсинларки, Суқрот бемалол китоб ўқиб ўтирарди. «Эй Суқрот, сен эртага қатл этиласан, шундай экан, нега китоб ўқиб ўтирибсан?» дейдилар энсаси қотган биродарлари. «Бугун ўқимасам қачон ўқийман» деб жавоб беради файласуф.

Ҳофиз Шерозийнинг «Йўловчига эрур маълум йўл аҳволи ва манзиллар» деган мисраларига таяниб фикрлайдиган бўлсак, бу йўлдан юрмаган баъзи кишилар нимани ўқиш кераклигини билмайдилар ва қўлларига илинганини ўқиб баъзан ҳафсалалари пир бўлади. Зеро, бугунги кунда бадииятдан йироқ «асарлар» ҳаддан ортиқ кўпайиб кетган. Улар орасида наинки бадииятни тушунадиган, балки сўзнинг маъносига етмайдиган, ва ҳатто гапни дурустроқ қуролмайдиган ёзувчиларнинг китоблари ҳам бор. Худди ана шундай «қўлбола асарлар» китобхонликка тубдан зарба бермоқда. Бундан кўринадики, китоб ўқишга талабгор баъзи кишилар, хусусан, ёшларимиз устозлар тавсиясига муҳтождирлар. Китоб танлаш бобида улуғ ёзувчиларнинг фикр­лари алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, мен Кафкани мутолаа қила туриб, швейцар ёзувчиси Август Стриндбергни кашф қилдим ва уни ўқиб бутун вужудим билан лаззатландим. «Ёшлик» журнали орқали китобхонларга бу нигоҳи ўткир ёзувчининг «Красная комната» асарини тавсия қилдим. Ҳерман Ҳессe асарларидан норвег ёзувчиси, Нобель мукофоти совриндори Кнут Гамсунни топдим ва унинг «Соки земли» («Ер шарбати») романини тавсия қилдим. Немис файласуфи Иммануил Кант асарлари абстракт фикр­лаш маҳсули. (бу усулни Гегель танқид қилган) Мен бундай фикрлашнинг бадиий адабиётдаги намунасини излаб, француз ёзувчиси Марсель Прустга дуч келдим, ва унинг етти томдан иборат «Йўқотилган вақтни излаб» деб номланган асарлари мажмуини тавсия қилдим. Модомики, бадиий асарлар инсон маънавиятини юксалтириш ва ҳаётни ўргатиш, олам сирларини англаш йўлида хизмат қиларкан, уларни тавсия қилиш ва ўқишга даъват этиш савоб иш.

... Олам улкан кутубхона, дейди Луис Борхес. Китобхонаи олам варақ-варақ жустам, яъни олам кутубхонасини бир-бир варақладим деган мисраларни битади Шарқнинг оташнафас шоираси Зебинисо, бегим. Келинг энди биродарлар, шоира айтган олам кутубхонаси асарларини биз ҳам бир-бир варақлайлик, ўқиган китобларимизни кимки талабгор бўлса, уларга тавсия қилайлик. Ва ҳазрат Навоийнинг «Хамса» қаҳрамони Фарҳодга берган қуйидаги таърифлари бизнинг ҳам шиоримиз бўлиб қолсин:

 

Ўқиб ўтмак — ўқиб ўтмак шиори,

Қолиб ёдида саҳфа-саҳфа бори.