“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ПРОЗА ҚАНДАЙ ПАЙДО БЎЛГАН?

Тоғай МУРОД,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси:

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти совриндори Тоғай МУРОД 1948 йил 3 февралда Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Адибнинг «Отамдан қолган далалар», «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романлари, «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» номли қиссалари халқимиз мулкига айланган.

Проза қаердан пайдо бўлган, қандай пайдо бўлган? Прозани ким яратган? Қачон яратган? Прозани... поэзия яратган. Поэзияни куч-қудрати етмай қолганидан... прозани яратди. Шу боис, поэзия тугаган жойдан... проза бошланди. Поэзия ожизлик қилиб қолса, қўли етмай қолса, нафаси етмай қолганда... проза кучга киради, проза амалга оширади. Шу боис, проза поэзиядан қудратли ҳамдир.

Бу ҳол шоирларни прозасида ва поэзиядан прозага ўтганлар прозасида яққол кўринади. Масалан, И. Бунин прозасида... проза етишмайди. Чўлпон прозасида... проза етишмайди. Шоирлар прозани шунчаки ёзиб кетилади, деб тушунади. Фақат, меҳнати оғир, қора меҳнат, дейишади. Йўқ, прозанинг ўз ички сир-асрори, ички қонун-қоидалари бўлади. Ана шу ички сир-асрорларни англаб етмаган қаламкаш проза эмас, шунчаки бир сатр-ларни ёзади. Ана шу ички шакл-шамойиллар, қонун-қоидаларни (?), кўзга кўринмас тилсимларни ҳис этолмагич қаламкаш шунчаки жўн, тўпори воқеалар тизимини ёзиб чиқади.

Бу, ушбу ички сир-асрорларни қандай билса бўлади? Ушбу ички, кўзга кўринмас тилсимларни қандай англаб етса бўлади?

Уни табиат беради. У баданда бўлади. У кўнгилда бўлади. У ижодкор табиатида бўлади.

 

Давоми. Боши 1-бетда

 

***

Шон-шуҳрат ароққа ўхшайди мисоли. Ичган сайин ичгингиз келади. Юз грамм ичсангиз, яна юз грамм ичсам, дейсиз. Кейин, яна, яна... Охири бориб... йиқитади. Олдин бошни айлантиради. Одам бурнидан нарини кўролмай қолади, босар-тусарини билмай қолади. Кейин, ке-йин йиқитади.

Шон-шуҳрат ана шу ароққа ўхшайди. Юз грамм ичса, тағин юз грамм, дейди. Шуҳрат кетидан шуҳрат... Кун сайин шон-шуҳрат, ой сайин шон-шуҳрат, йил сайин шон-шуҳрат... Охири бориб, ароқнинг куни келади — йиқитади.

Шон-шуҳрат ёзувчини ароқ мисол бошини айлантиради. Ароқ мисол талтайтиради, ароқ мисол кўзини шапкўр қилиб қўяди. Охир-оқибат, ҳеч кимни танимай қўяди. Ўзини осмон ҳис этади, бошқаларни ер ҳис этади. Бирорта тўй-маърака усиз ўтмаслиги керак. Бирорта мажлис-анжуман усиз ўтмаслиги керак. Энг ёмони... у анжуман тўрида, ҳайъатида ўтириши керак. Ўша тўрга, ўша ҳайъатга таклиф қилсалар қилди, қилмаса (лар)... шундай ўзи бориб ўтириб олади. У ҳайкал мисол қўр тўкиб туриши керак. Бюст мисол савлат тўкиб туриши керак. Гўё бу — ҳаёт қонуни, табиат қонуни. Гўё бу — Худо, парвардигорни йўл-йўриғи, хоҳиш-иродаси.

Кейин, у албатта нутқ сўзлаши керак. Доноларча сўзлаши керак, халқ номидан сўзлаши керак.

Мабодо у шу анжуманга таклиф қилинмай қолса-чи, ўзини хўрланган ҳис этади.

Мана шундай йўлга кирган адибни Худо урди!

 

***

Л. Толстой Кавказ урушини кезиб чиқди. Жек Лондон Шимол1 ни кезиб, олтинчиларни оралаб чиқди. Горький одамлар эшигида дайдиб юрди. Шишков Сибирни кезиб юрди. Материал йиғди, ҳаёт йиғди, турмуш йиғди. Ҳаётий тақдирларни кўрди, турмуш азоб-уқубатларини кўрди. Халқ феъл-атворини ўрганди, характерларини билиб олди. Ҳаёт аччиқ-чучукларини ўз кўзи билан кўриб, ўз қўли билан ёндафтарига қайд қилди. Ҳаёт шакл-шамо-йилларини, турмуш оҳангжамоларини мисоли фотосуратчидай суратга олиб, плёнкага қайд қилди. Қўша-қўша, қават-қават плёнкаларни тўплаб, сумкаларини тўлдирди. Кейин, уйига келиб, ана шу негативларини — плёнкаларни проявить қилиб, ўз устахонаси иш столида бадиий асар яратди. Шу маънода ёзувчи фотосуратчига ўхшайди. Суратчини иш қуроли — фотоаппарат, ёзувчини иш қуроли — қалам.

Ёзувчи ана шундай бўлмоғи лозим. Бизни ёзувчилар эса амал-мансабга миниб, иш столидан кетини кўтармайди, телефондан қўлини олмайди.

 

***

Лев Толстойни тўнғич қизи ўзга бир юртда яшар эди. Бир куни ана шу қизи келганида унга ўз орзу-ҳавасини айтади. Тўнғич қизи Татьяна юртига бориб яшаш истагини билдиради. Қизи ҳайрон бўлиб сўрайди.

Лев Толстой ўз кўнглига тугиб юрган хоҳиш-истагини айтади:

— Ясная Полянада мени ҳамма танийди. Мени ҳеч ким билмаса, мени ҳеч ким танимаса... Кўчаларда ўзимча боқибеғам бўлиб, дайдиб юрсам... Кўрганлар мендан жирканса, гадой мисол бўлиб юрсам. Кўчаларда елкамга тўрва-халта осиб юрсам. Оқшомлари деҳқонларни остонасига бориб, хайр-садақа сўрасам...

 

***

Ёзувчи, адиблар ижодий йўлини, умрини, ҳаётини, олис масофага югуриш пойгасига ўхшатгим келади. Марофон пойгаси йўлига ўхшатгим келади. Пойга йўлаги бўйлаб чопиб борувчи пойгачиларга ўхшатгим келади. Бундай олис масофа пойгасида олдиндан, азалдан пухта, пишиқ машқ қилган, машқ олган, суяги шундай пойгада қотган, яъни пойдевори пишиқ, бели бақувват, пойдевори заминли пойгачи сўнгги маррагача югуриб бораверади. Ёшлигида шунчаки беш-олти машқ олган, шунчаки орзу-ҳавас билан йўлга чиққан пойгачилар эса йўл-йўлакай аросатда қолиб кетаберади. Биров ўпкаси тўлиб қолиб кетади. Биров иродаси етмай қолиб кетади. Биров куч-қудрати етмай қолади, биров турли-туман баҳоналар топиб қолиб кетади.

Ўзбек адиблари ана шу пойгачиларга ўхшайди.

Ижодий йўлни ана шу пойга йўлига ўхшатаман. Ёзувчини ана шу пойгачиларга ўхшатаман.

 

Ушбуни тайёрлашга ёрдам бергани учун Фаррух ЖАББОРОВга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.