“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МУНАВВАР ЛАҲЗАЛАР СОҒИНЧИ

 

Газетанинг бир йиллик жамланмасини олиб узоқ варақладим. Севиниб, чин дилдан ўқувчиларга илиниб берган асарларимизни, баъзан кимнингдир дилини оғритмаслик учун қўл урган ишларимизни кўрдим.

Йил якунланяпти. Бу йил ўтган йилга нисбатан қандай ютуқларга эришдик? Қандай камчиликларга йўл қўйдик? Ҳамма-ҳаммаси бир-бир хаёлимиздан ўтди. Газетамиз ташкил этилгандан буён ўз саҳифаларида «Бизнинг меҳмон» рукнида чет эллик шоир ва ёзувчилар, адабиёт ва маданият, илм-фан соҳаси вакиллари билан уюштирилган суҳбатлар мунтазам бериб бориларди. Бу йил шу рукнимиз анча бойиди. Нафақат чет эллик ёзувчи-шоирлар, балки, қардош халқларнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчилари (Америка, Франция, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Полша...) билан ҳам адабий алоқалар борасида суҳбатлар уюштирдик. Истиқболдаги режалар, борди-келди, адабий учрашувлар борасида мулоҳазалар юритдик.

Энг катта ютуғимиз (бутун халқимизнинг ютуғи) муҳтарам Президентимиз томонидан китобхонлик маданияти, китоб тарғиботи бўйича имзоланган Қарор ва Фармонлар фаолиятимизда катта ўзгариш ясади. Ушбу Қарорда «Китоб дунёси» газетасининг ҳам борлиги жамоамиз учун эсда қоларли, тарихий кун.

Шу нуқтаи назардан вилоят ва туман ҳокимлари ҳамда республикамиздаги халқ таълими бошқармалари бошлиқлари билан маънавият тарғиботи ва китобхонлик маданияти юзасидан интервьюлар ташкиллаштирдик. Долли Аллаевнинг «Руҳ покланмаса, дил ёришмайди», Тоҳиржон Рафиқовнинг «Мақсадсиз одам ўқимайди», Рўзимурод Чориевнинг «Биз бахт-ли миллатмиз», Беҳзод Жўраевнинг «Мактаб билан яқин ҳамкорлик», Алибек Турсуновнинг «Инсон тафаккури билан ғолиб», Тоштемир Турдиевнинг «Юракка қуйилган нур», Абдушокир Абдураҳмоновнинг «Бахтли бўлиш учун ўқишим керак», Ойбек Ҳайдаровнинг «Кутубхонасиз уйга ачинаман» номли мақолалари, Насиба Мавлонованинг «Бугунги кундаги долзарб вазифа», Лазиз Холовнинг «Кўнгил хазинаси», Абдурасул Эргашев, Ваҳобжон Ражапов, Дилмурод Қодиров, Отабек Шукуров, Рустам Юлдошев, Ғуломқодир Мамажонов, Эркин Бойниёзовнинг чиқишлари халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий камолоти йўлидаги муҳим вазифаларга бағишланди.

Газетамиз саҳифаларидаги йил публицистикаси эса, ҳар томонлама етук мақолалар, адабий таҳлил, фикр-мулоҳазалар, давлат, жамият ҳаётидаги муҳим ўзгаришларга муносабат тарзида кенг ёритилди. Профессор Акмал Саидов, журналист Аҳмаджон Мелибоев, адабиётшунос олимлар Шуҳрат Ризаев, Сувон Мели, Раҳмон Қўчқор, Жўра Маҳмуд, Амир Файзулла, Алимурод Тожиевларнинг адабий таҳлил, санъат ва маданият масалаларига бағишланган мақолалари газета мухлисларининг кўплаб хатларига, эътироф ҳамда муносабатларга сабаб бўлди.

Бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, таҳририятимизга кунда, кун ора келаётган мактублар, электрон почтамизга келиб тушаётган турли руҳдаги материаллар кўплиги бизни жуда қувонтиради. Газетамизни ўқиётганликлари, кузатаётганликлари ва кутаётганликлари қалбимизга илҳом солади. Янги мақолалар билан тобора тўлиб бораётган папкаларимиз адабиёт ва маърифат йўлида бир лаҳза бўлса ҳам тиниб-тинчимасликка, замонни, бугунни, лаҳзани англашга, янада жиддийроқ ишлашга ундайди. Шу мунаввар лаҳзаларда биз билан бирга бўлишда давом этинг, азиз газетхон...

 

Шавкат ОДИЛЖОН,

Газета масъул Котиби