“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Декабрь гулдастаси

Йўлдош СОЛИЖОНОВ,

Адабиётшунос

 

Сиртдан қараганда ойларнинг бир-биридан фарқи йўқдек, тартиб билан бирин-кетин келаётгандек таассурот туғилади. Аслида эса йил-ўн икки ойнинг ҳар бири тафтининг иссиқ-совуқлиги, яшил ёки олтин ранглари билан фарқланиб туради. Зеро, шоир айтганидек, ҳар ойнинг ўз хислати бор, ҳар ойнинг ўз фазилати, кумуш рангли январь ойи қолишмайди ям-яшил мартдан... Бироқ ҳозир ойларнинг ўзига хос ранги-таровати-ю, тафти ҳақида сўзламоқчи эмасман. Мен учун барча ойлар ҳам файзли, шукуҳли. Лекин негадир ойлар ичида декабрь кўзимга бошқача кўринади. Бу эҳтимол, ўзининг вазни, салмоғи, босиқлиги, йил якуни, аввалги ўн бир ойда эришган зафарларнинг қувончи жамлангани, амалга ошмаган ишларнинг сарҳисоби билан кўнгилларда ҳам қувонч, ҳам армон уйғотадиган ой эканлигидандир.

Нафақат мен, балки бутун халқимиз учун бу ойнинг энг файзли фазилати мамлакатимизда яратилган, яратилаётган барча қонунларнинг онаси — ҳаётимиз қомуси ҳисобланган Конституциямизнинг байрам қилинишидир. Мана бу йил бутун дунё мамлакатлари томонидан тан олинган мустақил юртимизнинг асосий қонуни қабул қилинганлигининг 25 йиллигини тантанали равишда нишонладик. Бу байрам халқимизга қанчалик завқ бағишлади!

Декабрь ойи халқимизга яна кўплаб анвойи туҳфалар инъом этганки, буларни ҳам тан олмай ва таърифламай ўтолмаймиз.   Даставвал шуни қувонч билан таъкидлашни истардимки, юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев қонуний асосда ошкора ўтган сайловда энг кўп овоз олиб, Президентлик лавозимига сайланганига бу йил роса бир йил тўлди. Аммо тарих учун жуда қисқа муддатда шу қадар буюк ишлар амалга оширилдики, шу пайтгача бундай тезкор ўзгаришни инсоният ҳали кўрмаган эди.

Декабрнинг яна бир файзли томони халқимизнинг бадиий ва илмий адабиёти учун кўплаб олим-у шоир, адибу санъаткорларни дунёга келтирганлигидир.

Жумладан, бу ойда Ҳамид Олимжон, Миртемир, Пўлат Мўмин, Эркин Воҳидов, Тоҳир Малик, Худойберди Тўхтабоев, Наим Каримов, Иброҳим Ғафуров, Салоҳиддин Мамажоновлар таваллуд топган.

Шубҳасиз, бу ойда таваллуд топган ижодкорлар, машҳур кишилар жуда кўп бўлиши табиий. Аммо мен ўзимга яхши таниш бўлган, касбим тақозосига кўра уларнинг ҳаёти ва ижодини маълум даражада билган мутахассис сифатида бир нечтасини таърифлашни хоҳладим. Шулардан бири ўтган асрнинг 30-йилларидаёқ халқимизнинг чинакам бахтли бўлишини орзу қилган ва уни тополмай «Бахт топилмас ҳеч бир замонда, Эл қул бўлса, бўлса яланғоч» дея фарёд чекиб ўтган оташнафас шоир Ҳамид Олимжондир (12 декабрь, 1909). У ўзининг қисқа ҳаёти мобайнида она халқи учун катта мерос қолдиришга улгурди. Энг муҳими, у адабиётимизда биринчилардан бўлиб дунёда «Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон» — Ўзбекистоннинг монументал образини ярата олди ва унга: «Мен дунёга келган кунданоқ Ватаним деб сени, уйғондим. Одам бахти биргина сенда Бўлурига мукаммал қондим!» деб таъзим қилди.

Назаримда, битта ойда таваллуд топган ижод аҳли орадаги муддат қанча бўлишидан қатъий назар бир-бирига руҳан яқин бўладилар, шекилли. Буни  қарангки, орадан 23 йил ўтиб, Ҳ.Олимжон билан бир ой, бир кунда туғилган Наим Каримов (12. 11.1932) ҳам адабиётчи сифатида вояга етди ва илмдаги илк қадамини айнан шу шоир ижодини тадқиқ этишдан бошлади. Наим ака томонидан «Ҳамид Олимжоннинг бадиий маҳорати» мавзусидаги номзодлик диссертацияси ва шу асосда нашр этилган «Ҳамид Олимжоннинг поэтик маҳорати» монографияси адабиётшунослик фанига ғоят нозиктаъб тадқиқотчи кириб келганлигини амалда исботлади. Улуғ шоир ҳаёти ва ижодига нисбатан туғилган муҳаббат ўнлаб рисола ва мақолалардан ташқари «Ҳамид Олимжон» номли улкан маърифий романнинг дунёга келиши билан якунланди. Наим Каримовнинг тадқиқот объекти ғоят кенглиги, сермаҳсуллиги билан эътиборлидир. Чўлпон, Ойбек, Усмон Носир, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, қўйингки, ўзбек адабиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўшган биронта ижодкор шу пайтгача олимнинг назаридан четда қолмаган. Бу йил табаррук 85 ёшни қаршилаган олим ҳали юз ёшгача талай илмий ишларни рўёбга чиқаришларига ишонамиз ва устозга соғлик тилаймиз.

Шу ойнинг 15-кунида дунёга келган Салоҳиддин Мамажонов ҳам умрини ўзбек адабиётшунослигини ривожлантиришга бағишлади. Олимнинг Ҳ. Олимжон ҳақидаги «Шоир дунёси», академик Ғафур Ғулом ижоди бўйича яратган «Шоир ва замонавийлик», «Ғафур Ғулом прозаси», «Услуб жилолари» номли илмий трилогияси, «Ранглар ва оҳанглар», «Лирик олам, эпик кўлам» сингари ўнлаб илмий асарлари ҳанузгача долзарблиги, муҳимлиги билан қимматини йўқотган эмас. Салоҳиддин акадан атиги икки кун ке-йин туғилган Худойберди Тўхтабоев (15.11.1931) эса ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ ўзбек адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиқди. Адибнинг икки китобдан иборат «Сариқ девни миниб...», «Беш болали йигитча», «Мунгли кўзлар», «Жаннати одамлар» каби романлари нафақат ўзбек халқининг, балки немис, инглиз, француз, итальян, латиш ўқувчиларининг ҳам севимли китобларига айланганлиги бизнинг фахримиздир.

Фахрланишимизга арзийдиган инсонлардан яна бири Худойберди Тўхтабоевдан 6 йилу ўн кун ўтиб таваллуд топган ва бу йил табаррук 80 ёшини нишонлаётган таниқли адабиётшунос, моҳир таржимон, истеъдодли шоир Иброҳим Ғафуровдир. Илмий   тадқиқотда сермаҳсуллик, ижодда кенг кўламлилик, таржимада собитлик, мансуралар ва эсселар ёзишда услубий ўзига хослик Иброҳим Ғафуровнинг ижодий феноменини белгилайдиган ноёб фазилатлардир. Яна бир муҳим томони шундаки, Иброҳим ака бундан ярим аср аввал адабиётшунослик фанига эмоционал таҳлил этиш усулини олиб кирди. Олимнинг илмий мақолаларини худди шеър ёки лирик ҳикоя ўқиётгандек ҳузур қиламиз ва қалбимиз нурга тўлади, кайфият кўтарилади, руҳимиз янгиланади.

Иброҳим акадан тахминан 363 кун олдин кўз очган Эркин Воҳидовни (28. Х11. 1936) эса алоҳида таърифлашнинг ҳожати йўқ деб ўйлайман. Чунки бу улуғ инсонни танимаган, билмайдиган, севмайдиган, ижоди билан таниш бўлмаган одам Ўзбекистонда бўлмаса керак. Мабодо, бўлса — уларга яшаш ҳайф! Эркин аканинг ижодкор сифатидаги энг катта хизмати ўтган асрнинг 60-йилларида ўзбек адабиётига буюк соддалик ва инсоннинг энг эзгу ва ҳали кўпчиликка таниш бўлмаган ҳис-туйғулари билан суғорилган лирик шеъриятни олиб кирганлигидир.

Эътибор берган бўлсангиз, мен таъриф этилган бу ижодкорлардан биронтасининг ҳам адабиёт ва санъатни ривожлантириш соҳасида эришган ютуқлари учун олган мукофотлари-ю унвонлари ва орденларини қайд этмадим. Бу ҳукуматимизнинг беқиёс саховати, ғамхўрлиги, эътибори самарасидир. Энг муҳими, декабр   ойининг ўзбек адабиёти ва санъати соҳасига туҳфа қилган бу анвойи неъматлари ҳар биримизнинг қалбимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаганлиги, бадиий адабиёт ва фанимизнинг уларсиз тасаввур этилмаслиги ва уларнинг қадр-қиммати баландлигидадир.