“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Унутилмас қадрдонлар

Шаҳноза РАҲМОНОВА

 

Салом, 2017 йил! ХХI асрнинг муборак ўн еттинчи йили! Уч юз олтмиш кун бурун сени шундай қаршилаганим ёдимда. Демакки, саккиз минг етти юзу олтмиш соат, беш юзу йигирма беш минг олти юз дақиқа ва ўттиз бир миллион беш юзи олти минг сония адоғига етаётир ва сен ўрнингни янги — 2018 йилга бўшатиб, ўтган лаҳзаларнинг қадрига гоҳ етиб, гоҳ етолмаган инсониятга биродарларча қўл силкиб кетаётирсан.

Мен эса ҳалитдан қувноқ қўнғироқларнинг овозини эшитяпман, осмонни ларзага келтираётган мушакларнинг отилишидан юрагим ҳапқириб, завққа тўлиб тош-япти. Соат ўн иккига бонг урилиши билан телефон экранига қарайман, у: «00:00 — 31.12. 2017»ни кўрсатиб турибди. Экрандан кўз узмай олтмиш сония санайман ва рақамлар ўзгарганига гувоҳ бўламан: «00:01 — 01.01.2018». Миямга яшин тезлигида бир фикр урилади; атиги бир сония ва бутун инсоният Янги йилда яшашни бошлайди. Янги кун, янги ой, янги йилнинг таронаси янграйди ва у уч юз олтмиш беш кун давом этади. Инсоният ҳам қизиқ-да. Бир сония ўтгани ҳамон сенга тутган азасини аритади-ю, у 2018 йилни дабдаба билан қарши олади ва ўйин-кулгини гўё тўй-томошага улаб юборади.

Завққа тўлиб-тошган ўша оломонга қўшилиб кетмасдан бурун остонада мунғайиб турган сендайин қадрдонимни кузатишга қарор қилдим. Ахир сен менга озмунча бахтли лаҳзаларни ҳадя этдингми? Ўтган йилда тўрт марта табиат либосини алмаштирганига гувоҳ бўлдим. Баҳоринг-дан қувнадим, ёзингни кўриб, дилим завққа тўлди. Сен етаклаб келган кузнинг қиёфаси, кайфиятидан таъсирланиб, ўйчану мулоҳазакор бўлиб қолдим, қишни қаршилаганим ҳамон сенинг ҳам камолга етганингни пайқадим. Ўн икки ҳилолнинг жамолини, ўн икки ой тўлишганини кўриб ўзим ҳам бир йилга улғайдим.

Ўлчовлар, мезонлар... Баъзан инсоният меъёрларнинг нима кераги бор, деб ўйлайди. Бироқ ўтган вақтни чамалаганда ва «Нима қилдим? Қандай яшаяпман? Ишқилиб умрим беҳуда ўтмаяптимикан?» — шу тахлит саволлар хаёлини банд этган одамзод борки, мезонларнинг моҳиятини англайди.

Сен охирлаяпсан... Бу эса менга Ер юзида ҳеч нарса абадий эмаслигини англатади. Ўтаётган ҳар лаҳза қадрли. «Беҳуда яшамаяпманми?» деган савол фақат инсониятни эмас, мени ҳам қийнайди. Биродарим, шу савол ўйлатгани боис тинимсиз изланаман. Сендай қадрдонимнинг фасллари ҳадя этган кайфиятни ўқувчиларимга улашаман. Ҳар қандай мавсумда, инсоният қисматида акс этган ва этаётган ҳодисаларнинг ҳаммасини муштарийларим ҳукмига ҳавола қилаётганимда самимиятнию холисликни сақлаб қолишга интиламан. Муҳими, Ер юзида юз бераётганларнинг ҳаммаси — АДАБИЁТ! Ундан ҳеч бир қалб бебаҳра қолмаслиги керак. Қилаётган ишимдан асосий мақсадим ҳам шу. Ўзбекистондаги ҳар бир хонадонга адабиётни олиб кириш!

Биродарим, жаҳондаги воқеаларни тинимсиз кузатаман, Ер юзида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар каминани мушоҳадага чорлайди. Инсониятнинг ишлари эса шоирларнинг шеърида, ёзувчиларнинг романларида акс этади. Уларнинг турган-битгани дард, азоб, уқубат, кўрим, кўргилик... Адабиёт шу дард билан тирикдай кўринади кўзимга. Агарда инсоният адабиётнинг моҳиятини тўла англаб етганида эди, Яратганнинг унга ҳадя этган барча неъматларини қадрлаган бўлармиди, деб ўйлайман.  Қалбларни уйғотиш керак, қалбларни!

Биродарим, биласанми, мен баъзан ўзимни халқиму жаҳон ўртасидаги кўприкдай ҳис қиламан. Лотин Америкаси адабиётидаги дард, Африка адабиётидаги хўрлик, Европа адабиётидаги кибор жамиятнинг фожиаси, Америка адабиётидаги ҳиссизлик изтироби, Осиё адабиётидаги шарқона қарашлар — буларнинг ҳамма-ҳаммасини ўзбек ўқувчисига етказиш борасида қайғураман. Саҳифаларимда: Уильям Фолкнер: «Адабиётда ёзувчи эмас, асар муҳим», Тони Морисон: «Ёзиш — ёзувчи учун ибодат!», Герта Мюллер: «Инсониятдан рўмолчанг борми, деб сўрайман...», Габриэл Гарсиа Маркес ва Марио Варгас Льоса: «Энг яхши асар Ватанда ёзилади!», Актавио Пас: «Табиатни асраш — инсониятни асраш демакдир!» «Мо Ян: «Шеърият деса, ўзимни томдан ташлайман...», Кадзуо Исигуро: «Адабиёт мавжуд экан, эзгулик ёғдуси сўнмайди...» дея ўзбекчада сўзлайди. Ўзбек тилида бутун инсониятни уйғотиш, уни эзгуликка чорлаш учун ҳайқираётган буюкларнинг номинию   мурожаатларини ҳали узоқ давом эттириш мумкин. Сен билан қандай қадрдон ошна бўлсам, улар билан ҳам шундай биродарман. Бизни эса моҳир таржимонлар боғлаб туради. Улар шу даражада тезкор ва ўз ижодига муҳаббати шу даражада кучлики, кечагина Стокгольм минбарига чиқиб, нутқ сўзлаган ёзувчи-шоирнинг маърузасини ёки журналистларга берган интервьюсини эртасигаёқ таржима қилиб, тонг саҳарда эшигимни тақиллатиб келишади. Рухсат эт, биродарим, айни шу лаҳзаларда уларнинг номини мамнуният билан тилга олайин, токи улар ҳам сенга қадрдон эканлигини унутма. Таржимонларим орасида эски қадрдонларим ва янги, ўтган ўн икки ойинг мобайнида менга сен каби қадрдон бўлганлари ҳам бор: Олим Отахон, Низом Комил, Мирзаали Акбаров, Иброҳим Ғафуров, Янглиш Эгамова (Аллоҳ раҳматига олсин), Саиджалол Саидмуродов, Отабек Йўлдошев, Ҳилола Рўзиева, Зилола Жалолова, Фароғат Жабборова, Рустам Иброҳимов, Мунира Норова, Тўмарис Аъзам, Рустам Маматқулов, Бобур Йўлдошев, Ферузбек Зиёдуллаев, Шаҳноза Қувонова, Мукаррам Отамуродова, Шермуҳаммад Туллиев ва бошқалар...

Мен эски яқинларимни қадрлайман. Янгиларини эса ўша қадрдонлар сафига қўшаман. Чунки қадрдонлар хотирадан ўчирилмайди. 2017 йил, сен менинг унутилмас биродаримсан! Инсоният остонасидан мунғайиб кетма! Сен ахир унга эзгу ва унутилмас онларни ҳадя этдинг. Мен буни абадиятга муҳрланган адабиётдан биламан. Мана, мен ҳам сенга қўл силкийман, биродар! Алвидо!..