“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

АЙТМАТОВ АФСОНАСИ

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

"Ҳар бир киши ўзи ҳақидаги ҳақиқатни ўзи айтиши керак". Бу сўзлар икки ёндош мамлакатлардагина эмас, бутун турк оламида номи машҳур бўлган адиб, жамоат арбоби, ўзбек ҳалқининг оқибатли дўсти Чингиз Айтматовга тегишли. Унинг ҳар бир асари бадиий адабиёт ихлосмандлари билан бирга, бошқа касб эгаларини ҳам оҳанрабодек ўзига тортади. Бунинг боиси, ёзувчи қаламига мансуб роман ва қиссалар, ўткир мушоҳадали публицистик мақолалар, нуфузли анжуманлардаги мағзи тўқ маърузалар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, уларда наинки бугуннинг, айни чоғда эртанинг, яқин келажакнинг, бир миллатга ёки мамлакатга эмас, бутун инсониятга, ер юзида тинч-тотув ҳаётни сақлаб қолишга тааллуқли ҳақиқатлар, бошқалар айтишга журъат эта олмаётган муаммолар фавқулодда куюнчаклик ва журъат билан тадқиқ этилади.

Айтматов ижоди, адабиётшунос олим ва моҳир таржимон Асил Рашидов таъкидлаганидек, "ўз-ўзидан, қуп-па-қуруқ заминда юзага келмади. Аксинча, бир халқ иккинчисидан, ёш авлод кекса авлоддан, бир ёзувчи иккинчи ёзувчидан сабоқ ўрганиб келгани сингари, унинг ноёб истеъдоди ҳам мавжуд ижтимоий шароитда ва янги тарихий заминда юзага келди ва тез суръатлар билан равнақ топа билди". Айтматов адабиётга қирғиз адабиётидаги, тоғ ва дашт ўлкаси деб ном олган бу қадим тупроққа ёндош бошқа миллий адабиётлардаги, хусусан ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ адабиётидаги илғор тажрибаларни чуқур ўзлаштирган, мағиз-моҳиятини чаққан ҳолда кириб келди, десак хато бўлмайди. Муҳими шундаки, Чингиз оға собиқ тузумнинг қон-қонимизга, онг-шууримизга сингиб кетган мафкуравий қадриятларидан воз кечиш пайти келганлигини бошқалардан кўра эртароқ пайқади. Бу сезимини мақолаларида, асарларида ошкора баён эта олди. Адабиётшунос олим Қ. Бобулов айтганидай, Айтматов ўзидан олдинги касбдош оғаларнинг юмшоқ бешигида ул-ғайган бўлса-да, ижодкор сифатида бундан буён бу бешикда бамайлихотир ётавериш мумкин эмаслигини пайқаган эди. Тадқиқотчи олим К. Асаналиев Айтматов ижодидаги бир хусусиятни шундай изоҳлайди: «Чингиз Айт-матов ўз сўзига, ижодига ёлғон аралаштирмаган, қаҳрамонларига ҳеч қачон ёлғон бир сўз ҳам демаган, ҳақиқат қанчалик оғир бўлмасин, уни таг-тугигача айта олган ёзувчилар сирасига киради. Шу жиҳатдан олиб қараганда, у аёвсиз чинчи (ҳақиқатчи), ростгўй ёзувчи. Қаҳрамонларига нисбатан аёвсизлиги ёзувчига хос оқ ниятдан, турмушда учраб турадиган зиддиятларни сийпаламай, тараб-бутамай асл ҳолича айтиш мақсадидан келиб чиқади».

Ижодкорнинг умри унинг бу фоний дунёда яшаган йиллари билан ўлчанмайди. Бу гап, шубҳасиз, бошқа касб эгаларига ҳам тегишли. Аммо қалам аҳлига кўпроқ дахлдор. Чунки ёзувчининг маҳорат билан битилган асарлари мустаҳкам қасрлар, маҳобатли иморатлардан кўра ҳам кўпроқ яшайди. Тош емирилиши, ғишт кўчиши, пойдевор нураши мумкин, аммо мукаммал санъат асари асрлардан асрларга ўтадики, маъно-моҳиятини асло йўқотмайди. Аксинча, ҳар янги авлод ундан баҳраманд бўлиб, ўзи учун янги маъно, янги фикр топа олади. Улуғ Навоий бобомиз бош бўлиб қурдирган иморатлар, қаздирган ариқлар, боғ-роғлар ўрнини бугун топиш қийиндир, лекин у табаррук зот қаламига мансуб нодир асарлар бизга ҳамон маънавий ҳамроҳлик қилади.

Чингиз Айтматов ижодида инсоният тарихидаги қуролли қирғинларнинг халқ бошига солган чексиз жафолари, бутунлай қирилиб кетган кўпдан-кўп элатларнинг аянчли тақдири тафсилотлари ҳам ўз аксини топган. Муҳими, адиб бу мавзуда қалам тебратган бошқа ҳамкасблари сингари, урушнинг моддий йўқотишлари — қанча одам ўлгани, қанчаси ярадор бўлгани ёки бедарак йўқолгани, қанча шаҳар ва қишлоқларнинг кули кўкка совурилгани, қанча бино, қишлоқ ва шаҳарлар вайрон этилгани, кўприклар, темир йўллар, муҳим иншоотлар бузиб таашланганини тасвирлашдан кўра, бу қатлиомнинг инсон маънавий оламига, инсонийлигига таъсири ҳақида мулоҳаза юритишни маъқул кўради. Адибнинг "Юзма-юз", "Оқ кема", "Сомон йўли" қиссаларида айни шу ҳолатни кузатиш мумкин. Ёзувчининг болалик хотираларида уруш йиллари Шакар овулида почтальонлик қилгани ва солиқ йиғувчи бўлиб ишлагани жуда таъсирчан ифодаланган: "Овулдан бирор оилага қорахат келса, оқсоқоллар олдига бориб, уларга тушунтирар эдик, — деб ёзади адиб. — Улар аввал ҳалок бўлган кишининг қариндошларини чақириб, бўлган воқеадан хабардор қилиб, ўзаро маслаҳатлашгач, сўнг мени эргаштириб, марҳумнинг уйига боришарди. Мен оила аъзоларига қорахатни ўқиб берардим... Овулимиздагилар мени яхши танишарди. Улар менга ёмонликни раво кўришмасди, кимгадир қорахатни топширмоқ, ўлимнинг совуқ хабарини етказмоқ зиммамга юкланган вазифа эканини тушунишарди. Аммо, гоҳида ўз ишим билан кўчаларидан ўтиб бораётган бўлсам, аёллар мени кўриб уввос солишарди: «Яқинлашма бизникига, йўқол, қоранг ўчгур. Қани, даф бўл-чи...»

«Сомон йўли» асари қаҳрамони Тўлғанойнинг Ер билан суҳбатидан: "Ҳа, бойчечак очилган кўклам кунлари далага эндигина қўш чиқарган кезлар эмасмиди? Кун тегмаган камарларда қурт-қумурсқалар ҳали ҳам карахт ухлаб ётган бўлса ҳам, майин шабада эсиб, ер селгиб, кун са-йин майсалар ниш уриб, баҳор яқинлашмоқда эди.

Айтматов ўқувчини ҳозирги мураккаб дунёнинг ўткир муаммоларини англаш ва тафаккур қилишга, "оммавий маданият" деб номланган офатнинг инсоният бошига олиб келаётган ташвишлари тўғрисида фикр юритишга даъват этади, ер юзида ҳаёт-мамотни сақлаб қолишда ҳар ким ўзининг бурчи ва масъулиятини англаб олишини, бу борадаги саъй-ҳаракатлар дунё миқёсида бирлашишини истайди. Иккинчидан, Айтматов ўз ўқувчиларини талабчан мураббий каби тарбиялаб, онг-шуурини янги фикрлар, қиёсу далиллар, факт-рақамлар билан бойитиб боради, дунёқарашнинг бир даражада, бир ҳолатда узоқ вақт сокин қолиб кетиши тараққиётнинг илдизларига болта уришини урғулайди.

"Тарихнинг нотантилиги шундаки, — дейди адиб уруш мавзусидаги суҳбатларидан бирида, — инсоният тарихида бўлиб ўтган не-не қирғинбарот урушларнинг миллион-миллион қурбонлари, қатлиомларнинг бегуноҳ жабрдийдалари унут бўлиб кетади. Унут бўлиб кетди ҳам. Ҳар қандай уруш, энг аввало, тинч аҳоли бошига беҳисоб кулфатлар, азоб-уқубатлар олиб келади. Уруш келиб чиқишига мутлақо алоқаси бўлмаган бегуноҳ кишиларнинг, норасидаларнинг ёстиғи қурийди. Афсуски, бу қурбонлар халқ хотирасида умумий бир тарзда қоладилар, холос. Гитлер, Наполеон, Македонский ва шунга ўхшаш фотиҳлар эса тарихда қолади. Нима учун шундай? Нима учун биз ўша қурбонларнинг ҳар биттаси ҳақида қайғурмаймиз? Улар ичида Ватан, миллат тақдирини ҳал қилишга қодир буюк истеъдодлар, улуғ саркардалар ҳам бўлиши эҳтимоли тўғрисида ўйлаб кўрмаймиз. Бунинг мутлақо иложи йўқ. Урушнинг энг катта даҳшати ҳам шунда".

Уруш ва унинг битмас жароҳатлари тўғрисида кўплаб асарлар ёзилган, сон-саноқсиз фильмлар суратга олинган. Аммо Чингиз Айтматовнинг юқоридаги фикрлари инсоният тарихидаги жамики қирғинбарот урушларни лаънатловчи ҳукм десак, муболаға бўлмайди.

Айтматов қаламига мансуб очерк ва мақолалар аксарият ҳолларда муаллифнинг ўзига хос "кириш сўзи", газетхонга, воқелик кечаётган заминга ёхуд очерк қаҳрамонига қаратилган лирик мурожаати, поэтик хитоби билан бошланади:

"Сўзларимни тингла, эй она бўри! Сен шу ерларда яшайсан. Ўзингга қандай яхши бўлса, шундай яша, табиат қандай буюрган бўлса, тирикликни шундай адо эт" ("Кунда").

"Оқ кема" қиссаси муаллифнинг бу дунёдаги ёвузликларга, хўрлик ва адолатсизликка чидамай, балиқ бўлиб оқиб кетган Болага мурожаати билан якунланади: "Сен ўз эртагингдаги балиқ каби сузардинг, бўталоғим. Биласанми, сен ҳеч қачон балиққа айланиб қололмайсан ва Иссиқкўлгача сузиб боролмайсан, оқ кемани ҳам кўролмайсан ва унга: "Салом, оқ кема, бу мен! ", деб айтолмайсан. Сен оқиб кетдинг. Энди шуни айтишим керакки, сенинг гўдак қалбинг нимани нохуш кўрган бўлса, ҳаммасини рад этдинг. Менинг овунчим ҳам, қувончим ҳам шунда-да. Сен бир чақнаб сўнган яшин каби ҳаёт кечирдинг. Чақмоқларни само чақади. Само эса абадийдир. Менинг овунчим ҳам, қувончим ҳам шунда-да. Инсондаги гўдаклик виждони худди уруғдаги илк куртакнинг ўзгинаси, куртаксиз уруғ униб чиқмайди. Биз оламга келмасдан илгариёқ, токи туғилиш ва ўлиш бор экан, ҳақиқат тантана қилиб келмоқда. Бўталоғим, сен билан видолашар эканман, сенинг сўзингни яна бир бор такрорлайман: "Салом, оқ кема, бу мен! ".

Чингиз Айтматов ўзбек китобхонларининг ҳам севимли ёзувчиси. Адибнинг деярли барча асарлари ўзбек тилига ўгирилган ва ўқувчиларга ўз вақтида етиб борган. Бунда маҳоратли таржимонлар Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораевнинг хизматлари, айниқса, катта. Юксак маҳорат билан ёзилган қиссалар, дунё адабий жамоатчилиги эътиборини қозонган романлар бизни йигирманчи асрнинг буюк истеъдод эгаларидан бири — ёзувчи, публицист ва жамоат арбоби, дипломат Чингиз Айтматовнинг бадиий олами билан ошно этди, адибнинг ижтимоий-сиёсий, фалсафий-эстетик қарашлари билан танишдик. Таниқли таржимашунос олим Ғайбулла Саломовнинг адиб ижодининг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги тадқиқот мақолалари Чингиз оғага муҳаббатимизни янада оширди. Икки ёндош мамлакат халқлари орасидаги азалий дўстлик ришталари, маданий-маънавий, адабий-маданий алоқалар Чингиз Айтматовнинг фусункор ижоди, серқирра ижтимоий фаолияти боис янада ривож топди. "Айтматов ижоди бизга кўп жиҳатдан сабоқ бергулик мактабдир, — деб ёзади Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов, — Менинг учун Айтматов сабоқларидан бири қуйидагича: Чингиз оға ўзининг бениҳоя жасур истеъдоди билан ҳар қандай маҳдуд, қийин шароитда ҳам ҳақиқатни қиёмига етказиб, ўринлатиб айта билишини исботлади. Адибнинг "Алвидо, Гулсари" асарини эсланг. Асар қаҳрамони Танабойнинг ҳам, унинг содиқ йўлдоши Гулсари лақабли отнинг ҳам навқирон чоғлари жамият хизматига сарф бўлди. Бироқ, улар қартайгач, назардан, эътибордан қола бошладилар. Ёзувчи мана шу фикрни мураккаб шароитда катта маҳорат билан бадиий асарга айлантирди. Бу гап бугунги кунда ҳам ўз актуаллигини, ҳаётий қимматини йўқотган эмас. Албатта, ҳар қандай буюк адибнинг ҳам ўз услуби, оҳанги бўлади. Толстойни Достоевскийдан фарқлашда доҳиёна белгиларни илғаш мумкин бўлганидек, Айтматов ижодини кузатганда ҳам фақат унга хос бўлган фазилатларни дар-ҳол топа оламиз. Булар — чуқур инсоний фалсафа ҳамда ғоят гўзал поэтик руҳдир".

Ёзувчи халқимиз тарихи ва маданиятини, бой маънавий меросимизни яхши билади, чуқур ҳис этади, буюк алломаларимиз билан ўзбек халқи каби фахрланади. Унинг қисса ва романларида, публицистик мақолаларида Ўзбекистон, ўзбек халқи, қадим тарихимиз, аждодларимизнинг буюк маънавий мероси, Самарқанд ва Бухоро тарихи билан фахрланиш, Орол кўлининг тақдири билан боғлиқ ўринлар кўплаб учрайди. Шу жиҳатдан қараганда, Ч. Айтматовнинг Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги йирик публицистик мақоласи ғоят аҳамиятлидир.

Ўзбеклар диёрини ўз юртидай, одамларини туғишган оға-иниларидай қадрлайди. Миртемир, Зулфия, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукрулло, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Мақсуд Қориев, Асил Рашидов, Турсунбой Адашбоев, Анвар Жўрабоев ва бошқа кўплаб ижодкорларни яқин дўст билиб, улар билан умрининг охиригача самимий мулоқотда бўлди. Чингиз оға, айниқса, Ўзбекистонда унинг ижодига зўр қизиқиш билан қаралаётгани, баъзи асарлари қирғиз тилида чоп этилаётган асарларидан кўра ҳам кўп нусхада босилаётгани, "Сарвқомат дилбарим", "Момо Ер", "Оқ кема", "Алвидо, Гулсари", "Соҳил бўйлаб чопаётган олапар" каби асарлари ўзбек саҳналарида намойиш этилаётгани, таржимонлар, режиссёр ва актёрлар бутун маҳоратларини ишга солиб, унинг ўй-фикрини китобхонга, томошабинга тўғри етказишаётгани, республиканинг кўплаб олий ўқув юртларида ижодига бағишланган китобхонлар конференциялари доимий равишда ўтказилаётганидан хурсанд эди. «Менга ихлос қилиб, китобларимни ўзбек тилига таржима қилган дўстларимга, айниқса, таржимон Асил Рашидовга ташаккур айтмоқчиман, — деган эди Чингиз оға. — Чунки менинг «Оқ кема», «Жамила», «Алвидо, Гулсари» каби бир қанча повестларимни Асилжон ўзбекчага худди мен қирғиз тилида ёзгандай жарангли таржима қила олган».

Чингиз Айтматов Ўзбекис-тон ҳақида, халқимизнинг юксак ақл-заковати, тарихи, буюк аждодлардан қолган бой маънавий-илмий мероси ва келажаги тўғрисида кўплаб мақолалар ёзди, қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслади.

Ўзбекистонда Чингиз Айт-матовнинг асарлари севиб мутолаа қилиниши билан бирга, унинг серқирра ижоди, давлат ва жамоат арбоби сифатидаги фаолияти тўғрисида жиддий тадқиқотлар олиб борилади, тўпламлар нашр этилади. Ўзбекистон Миллий университетида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган доимий экспозиция ташкил этилди. Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада, Низомий номидаги Педагогика университетида, Андижон ва Бухорода адабий-бадиий кечалар доимо ўтказиб турилади.

Чинакам публицист жамиятда мавжуд оғриқли нуқталарга нисбатан бефарқ бўла олмайди. Бонг уради, ҳаловатини йўқотади. У бу ишни виждон амри билан бажаради ва шу ишидан ҳаловат топади. Чингиз Айтматов бутун ижодий умри давомида виждон амрига қулоқ тутди, узоқни кўра олди ва бизга ғоят муҳим сабоқлар қолдириб кетди.