“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Ҳамон имтиҳон топшираман

 

Абдулла СОБИРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:

ҲАМОН ИМТИҲОН ТОПШИРАМАН

 

— Биринчи синфга борган кунингизни қандай эслайсиз? Биринчи устозингиз ҳақида гапириб берсангиз.

— Ота-онамнинг она сути оғзидан кетмаган болакайни олти ёшиданоқ мактабга беришга қаратилган орзуси амалга ошмаган. Бир ҳафтагина, ундаям ота-онамнинг қистови билан ўқишга қатнаб, бу даргоҳдан буткул оёғимни узганман. Кейинги йили етти ёшга тўлиб, биринчи синфга қатнаш мажбурияти яна зиммага тушгач, болажон муаллимимиз Матчон ота Қобилов, бунинг ғаройиб чорасини ўйлаб топган. Янги ўқув йилининг илк куниёқ аввалги йили ҳам биринчи синфга қатнаб, анча "тажриба" орттирган "қария" ўқувчи сифатида мен ўжар болакайни синфбоши қилиб тайинлаган.

Муаллимимизнинг илк сабоқларидан сўнг ўзимни гўёки ўқиш учун қайта туғилгандек ҳис қилдим. Мактабдан қочиш у ёқда турсин, унга қалбан боғланиб қолдим.

Уйимиздан икки чақиримча йироқдаги эски мактабга устозимиз билан битта йўлдан - қишлоғимизни тенг иккига бўлиб оқувчи катта ва серсув ариқ ёқасидаги илонизи сўқмоқ бўйлаб қатнаганмиз. Аёзли илк баҳор кунларининг бири эди. Ариқ сувга тўлиб оқаяпти. Ғўр ва ўйинқароқ болакай эмасмизми, ариқ ёқалаб бораётсак, қўлимиздаги китоб-дафтар, сиёҳ-довот ва егулик нон тўла мактаб тўрваси эътиборсизлигимиз боис сувга тушиб оқиб кетди ва ҳаш-паш дегунча ариқ ўртасига бориб қолди. Йиғлай бошладим. Қобилов домла қараб туролмади. Елкадаги оғир пўстинини ҳам ечмасдан сувга энгашиб, тўрва томон қўл чўзди. Бир пайт оёғи тойиб йиқилди-да, оқим домига тушди. Аммо бир амаллаб тўрвага етиб олди, сўнг уни қўлимга тутқазди. Фожиадан сал бери машъум воқеа ўшанда рўй берди. Домланинг эгнидаги оғир пўстин муз қоплаёзган сувда ивиб, шу заҳотиёқ ўн ботмон чоғли оғир тош юкка айланди. Тўрвани-ку илиб ололдим. Бироқ, сувда ивиб эгнидаги пўстинининг вазни бирданига бир неча баравар оғирлашган муаллимимизни қутқаришдан тамомила ожиз қолдим. Башарти, бахтли тасодиф туфайли шу ердан ўтиб кетаётган собиқ жамоа хўжалигининг радио узели монтёри Ёқуб ота ҳар икковимизнинг бақир-чақиримизни эшитиб, ёрдамга ошиқмаганида, билмадим, устозимизни не қисмат кутарди? Шу куни муаллимимиз ётиб қолди. Хайрият, қаттиқ шамоллаш асорат қолдирмади. Кейин билсак, устозимиз ҳар куни эрталаб уйимиз қаршисига келиб нафас ростлаб, мен ва яна бир неча мактабдош тенгқурларимизни атайлаб кутаркан. Ёлғиз юриб, тасодифан ариққа ағнамаслигимиз, бирон кори-ҳолга дуч келмаслигимиз учун то мактабга етгунча ўзлари билан бирга олиб кетаркан. Энди бари аён: устознинг бу каби ишлари фазилат деса фазилатга, фидойилик деса фидойиликка, жасорат деса жасорат — одамийликнинг ҳамма мезонларига хос ва мос ибрат намунаси эди.

— Биринчи ёзган мақолангиз нима ҳақда эди?

— Ўрта мактабда ўқиётган кезлар эди. Адабиёт муаллимимиз марҳум Саъдулла ака Эрназаров газетадан сўз очиб, иқтидоримизни мақола битиш асносида синаб кўришни таклиф этди. Тил ва адабиётдан билимим чаккимас. Шу боис устозимнинг таклифини қойиллатиб бўлмаса-да, бир нави бажо келтиришга уннадим. Мактаб ҳаётидан бир хабар битиб, унда битирувчи синфларда касбий таълим бўйича ўтказилган имтиҳон жараёнларини ёритишга ҳаракат қилдим. Туман газетаси адабий ходими Болтабой ака Қурбонбоев қораламани эринмай ўқиб чиқди. Сўнгра бошини сарак-сарак қилганча мақола битилган  қоғозни столи ғаладонига солиб қўйди. Таҳририятдаги ушбу учрашувдан сўнг мақоланинг газетада чоп этилишига кўпам умид боғлай олмадим. Аммо, орадан бир ҳафта ўтиб, оддий мактаб ўқувчисининг ихчамгина мақоласи бинойидай таҳрир этилган ҳолда газета саҳифасидан жой олди. Бу каминанинг газета юзини кўрган илк мақоласи эди. Мақола босиб чиқарилган кунни сира унутолмайман. Ўша кун наинки ўзим, балки мактаб раҳбарияти, муаллимлар, бутун синфдошлар учун ўзига хос байрамга айланди. Устозларим мақолада ўзлари шаънига айтилган бирмунча илиқ сўзлар учун миннатдор эканликларини яширишмади.

— Болалигингизда сиз тўқнаш келган ноҳақлик... хотирлай оласизми?

— Адолатсизликка нисбатан нафрат ва тоқатсизлик ҳисси остида умргузаронлик қилаяпман, десам тўғри бўлади. Афсус, бу ҳиссиётни бироз кеч туйдим. Ҳақсизликни араз билан хаспўшлашдан нари ўтолмадик. Бу муждани бошланғич синфни тугаллаб, ўқишни давом эттириш учун бошқа илм даргоҳи — қишлоғимиздаги якка-ю ягона ўрта мактаб партасига бориб ўтиргунга ва кўз ўнгимизда юз берган бир ғайритабиий ҳолатга дуч келмагунча парвоимизга илмай юраверибмиз.

Ўқишни давом эттириш учун ўша мактабга қатнай бошлаганмиздан сўнг орадан чамаси икки ойча ўтгач, сафимизга янги синфдош қўшилди. Уни синфхонага директоримизнинг шахсан ўзи бошлаб кирди ва олдинги қаторда ўтирган ўқувчилардан бирини орқароққа суриб, ўрнига ўша болакайни ўтқазди, бу жой бугундан уники бўлишини уқдирди. Биз — ғўр болакайлар бунга унчалик эътибор бермадик. Аммо, бир неча кундан кейин янги синфдош аллақайси катта амалдорнинг арзандаси эканлигини билгач, қалбимиз туғёнга келди. Ҳақсизликнинг бор башараси кўз ўнгимизда намоён бўлди. Дилимизда исён ва эътироз ҳисси уйғонди. Норозиликдан наф чиқмади, арзимизни мактабда ҳеч ким тингламади.

— Болаликда сизни илк бор ҳаяжонга солган китоб...

— Бу ижодкор халқимиз томонидан тўқилган "Муродхон" достони эди. Эл юкини елкалаш, ўзгаларга меҳр ва мурувват кўрсатиш, юртни доноларча бошқаришдек бахтга Муродхон сиймосидаги оддий кишилар ҳам эриша олиши мумкинлигини камина — иккинчи синф ўқувчиси ўшандаёқ англаб, қалб туғёнини бошидан ўтказган. Ҳамид Олимжоннинг "Ойгул билан Бахтиёр" достони эса юрагимизга мардлик, матонат, жасорат, адолат, ҳалоллик, покликни жо қилганган.

— Халқимиз орасида "боладай беғубор" деган ибора юради. Беғуборлик болага ҳам, ижодга ҳам, ижтимоий муносабатларга ҳам жуда керакли фазилат. Нима деб ўйлайсиз, катталардай яшаб, боладай ёзиш ижодкорга муваффақият олиб келмайдими ёки бунинг иложи йўқми?

— Башарти орамизда катталардай яшаб, боладай ёзиш бахтидан мосуво кишилар умргузаронлик қилишганида болалар адабиёти аталмиш ибора луғатимиздан жой олмасди. Қуддус Муҳаммадий, Илёс Муслим, Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоев, Дўстчон Матчон сингари ҳассос адибларга ҳам ҳеч ким рўбарў келмасди.

Катталардай яшаб, кичиклардай ижод қилиш — адиб учун катта бахт, десак камлик қилади. У Худо берган ноёб иқтидор, истеъдод ва салоҳиятдан ҳам нишона. Болаларни чин дилдан севган, ардоқлаган, меҳр-оқибатини бахшида этган кишиларгина болалар учун ижод қилиш саодатига эришадилар.

Биласизми, ижодкор ҳамиша синовда бўлади. Устозлари олдида, халқи олдида. Шу боисдан мен ҳам журналист сифатида ҳамон имтиҳон топшираман.

 

Суҳбатдош Муяссар ИБРОҲИМОВА