“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Режиссёрлар керак, аммо

 

Жўра МАҲМУД,

 

Ўзбекистон санъат арбоби

РЕЖИССЁРЛАР КЕРАК, АММО...

Яқинда таниқли драматург, адабиётшунос "Ҳуррият" газетасида Шуҳрат Ризаевнинг "Ўзбекка режиссёр керакми?" номли мақоласи чоп этилди. Мақола жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлди. Муаллиф жорий даврдаги театр соҳасидаги қатор жиддий муаммоларга эътибор қаратган. Яъни, режиссёрларнинг асосий вазифаси бўлмиш бадиий жамоаларни бошқариш, ижтимоий ва сиёсий муаммоларни кўтариб чиқадиган, миллатимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган бадиий юксак даражадаги спектаклларнинг салмоғи талаб даражасида эмаслигини таъкидлаган.

Агар "режиссёр"лик касбининг моҳиятини бошқарувчилик маънода тушунадиган бўлсак, жамият тамаддуни ривожланган, ишлаб чиқариш ва ижодкорлик нуфузи такомиллашгани сари ижодий жараённи бошқарувчилик касбига эҳтиёжи орта боради. Шу жумладан маънавият, маданият ва санъат соҳасида ҳам. Дастлаб театрда саҳналаштириладиган спектакллардан тортиб кино, телевидение, ранг - баранг рекламалар, тадбирлар, майдон томошалари, каттадан кичик концертларни ташкиллаштириш, спорт мусобақаларини очилиш-ёпилиш маросимлари, қўйинг-чи, оилавий тадбирлари-у, тўйларгача режиссёрга талаб ортиб бормоқда.

Хўш, театр санъати ривожига ғов бўлаётган, режиссёрлар қўнимсизлигига сабаб бўлаётган "оғриқли нуқталар" нималардан иборат экан, деган масалаларга аниқлик киритишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Мустақилликка эришганимизга мана шукрлар бўлсинким, йигирма олти йил тўляпти. Ўтган вақт ичида қўлга киритилган имкониятлар, шарт-шароитлар, ютуқлар тўғрисида кўп ва хўп ёзиш мумкин. Аммо театр санъати соҳасида мақтангулик ютуқлар тўғрисида ўйлаб кўришга тўғри келади.

Режиссёр ҳамкасбларимга бўлган талаб бундан 30 йил аввал қанчалик муаммо бўлган бўлса, бугун ҳам ҳамон долзарблигича қолмоқда. Модомики режиссёрга қўйиладиган талаблар қониқарли эмас экан, ўша кашфиётчи режиссёрларнинг ҳуқуқий, сиёсий, моддий ва маънавий манфаатдорликлари қай даражада, деган савол ўз-ўзидан кўндалан бўлади.

Узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Театрнинг бош жавобгари - директор эканлиги қонун билан белгилаб қўйилган. Лекин номоддий маҳсулот ишлаб чиқаришга бевосита жавобгар бўлган мутахассис Бош режиссёр, саҳналаштирувчи режиссёрнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳеч бир қонунда белгиланмаган. Театр - ижодий ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланадиган бўлса, унда яроқсиз маҳсулот ишлаб чиқарганлиги учун кимдир масъулиятни ким зиммасига олиши керак? Бу масалалар театр низомида, унинг мақомида ўз аксини топган бўлиши керак-ку. Мустақилликка эришганимизга йигирма олти йил бўлишига қарамай, мамлакатимиздаги 37 та давлат театрлари ҳамон собиқ иттифоқ давридаги йўриқномалар, қонунлар, норматив хужжатлар асосида иш юритиб келмоқда. Миллий ўзлигимиз, минтақавий шароитимиз, диний эътиқодимиз, урф-одатларимизни қамраб оладиган театр санъати низоми, меъёрий ҳужжатлар аллақачон истеъмолга киритилиши керак эмасми? Қани ўша ҳужжатлар? Уларни ишлаб чиқиш учун санъат соҳасининг олимлари, шу соҳа мутахассислари ва таниқли режиссёрлар қачон жалб қилинади? Маданият вазирлиги томонидан ўтказилаётган турли кўриклар, танловлар, фестиваллар худди "махфий тадбир"ларга ўхшайди. На бир эълонлар, на бир афишалар, матбуот орқали муносабатлар бўлмаса, бундай тадбирлардан кимга фойда?

2002 йилдан бери Давлат санъат ва маданият институтида актёрлик маҳоратидан дарс бериб келаман. Ўтган вақт ичида юздан ортиқ талабалар институтни битириб чиқдилар. Ҳар бир талаба институтни битириб чиқар экан, улардан уч томонлама шартнома олиб келиш талаб қилинади. Аксарият ёшларимиз вилоятлардан шундай шартномаларни олиб келишади. Аммо сентябрда қарасангиз, дипломли актёрларимиз яна Тошкентда иш излаб юрганини кўрасиз. Ачинарлиси, ўша талабаларимиз ўз соҳасида иш топа олмайди.

Ҳар куни саҳнада асарлари ўйналаётган, қўшиқлари телевидение ва радиода куйланаётган шоир ва композиторлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак. Профессионал драматургия билан шуғулланувчи, яхши саҳна асарлари ярата олиш лаёқатига эга, қалами ўткир, фикри тиниқ, тасаввури бой драматург ва режиссёрлар арзимас мояна эвазига рўзғор тебрата олмаслиги беш қўлдай аён.

Бугунги кунда Тошкент шаҳри азимнинг бир-биридан кўркам замонавий бинолар қад ростламоқда.  Сирғали туманида башоратчиларнинг тушига ҳам кирмаган бунёдкорликлар, метро йўли қурилмоқда. Аммо кўпгина театрларимизнинг моддий аҳволи, бинолар бугунги замонавий талабларга жавоб бермайди?

Шукрлар бўлсинким, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович 3 август куни бўлиб ўтган ижодкор зиёлилар билан учрашувда сўзлаган нутқларида бу масалаларга алоҳида тўхталдилар. Ҳамманинг, хусусан, мени қийнаб келаётган бир қанча муаммолар кўтарилди. Бизни қийнаб келаётган кўплаб муаммолар ечимини топди. Уларнинг ижроси бўйича қатор қарорлар эълон қилинди. Энди ҳамма гап Президентимиз топшириқларнинг ижросига боғлиқ.