“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ХАЁЛ ЭМАС, ҲАЁТ ТАСВИРИ

Носиржон ЖЎРАЕВ,

"Шарқ" НМАК Бош муҳаррир ўринбосари,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

ХАЁЛ ЭМАС, ҲАЁТ ТАСВИРИ

Қисқагина, ғўргина ноширлик фаолиятимдан жуда бахтиёрман, бу соҳага келганимдан, ижодкорликни "ишлаб чиқариш" деган дағал, аммо реал воқелик билан боғлаганимдан қувонаман. Ғафур Ғулом номидаги нашриётда Лутфийдек сўз заргарининг "Девон"и, "Адиб" нашриётида 5 томлик "Озод Ватан саодати" антологияси, "Шарқ"да Алишер Навоий асарларининг икки жилдлик "Қомусий луғат"и, Чингиз Айтматовнинг "Танланган асарлар"и, Эркин Воҳидовнинг 8 жилдлик "Тўла асарлар тўплами", Абдулла Ориповнинг "Янги шеърлар"и каби нуфузли нашрларга бевосита иштирок этганим, муҳаррирлик қилганим, хуллас, бу асарларнинг "қўлёзма" деб аталмиш ҳолатидан китоб кўринишига келгунича озми-кўпми ҳиссам борлигидан фахрланаман. Эркин Воҳидов ёки Абдулла Орипов ўз вақтида Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Асқад Мухтор, Зулфия сингари улуғларни кўриб, таниб, улар суҳбатидан баҳраманд бўлиб, ёнма-ён ишлаганларидан, қизғин адабий суҳбатлар қилишганидан қанчалик ифтихор этган бўлсалар, мен ҳам ноширлик ва адабиёт баҳона давримизнинг атоқли сўз санъаткорлари тафтини яқиндан ҳис қилганим, ёзув столининг икки томонида ўлтириб қўлёзма устида бевосита бирга ишлаганим, улардан ҳаётий ва ижодий сабоқ олганимдан, тажриба ўрганганимдан шунчалар севинаман.

Аммо кейинги йилларда ноширлик соҳаси атрофидаги муваффақиятлар, ютуқлар, ўзгариш ва янгиланишлар қатори муаммоли, оғриқли жараёнларни, ҳал этилиши керак бўлган масалаларни кўриб-англаб турган ёшлар вакили сифатида айрим мулоҳазаларимни айтишга жазм қилдим. Бунга, албатта, Президент Ш.Мирзиёевнинг китоб мутолааси ва тарғиботи борасидаги ёниқ ва ҳароратли сўзлари, айниқса, "Китобсиз келажак йўқ", — дея минбардан туриб айтилган ҳаёт ҳақиқати, китоб ва китобхонлик тўғрисидаги тарихий Фармойиши туртки бўлди.

Нега ҳаёт ҳақиқати? Чунки одамзоднинг илк вакили сўздан таълим олди, башариятнинг ибтидодан ҳозиргача бўлган тараққиётида сўздан, ёзувдан, тафаккурдан, китобдан бошқа нарса кўрмайман. Антик даврга оид сўйил таёқдан тортиб ҳозирги хаёлдан тез учар ракеталаргача тафаккур маҳсули. Бундай илғор фикрлар йиғиндиси сифатида ҳаёт майдонига "китоб" деган муқаддас калом кириб келган.

"Китоб" сўзининг луғавий маъноси "битилган", "ёзилган", "ёзувга туширилган" каби сўзларни англатар экан. Аммо бу — ёзилган нарсаларнинг ҳаммаси ҳам китоб бўлаверади, дегани эмас.

Аввало, бизда — халқимиз орасида "китоб" деган сўзнинг қадрини янада ошириш лозим бўлиб қолди: сабаби, ҳозирда 5-6-синф ўқувчиси (балки ундан ёшроқ)­нинг ҳам китоб чиқариши — ҳавасаки тизмаларини тўплам қилиши урф бўлди. Энди тасаввур қилсак, Навоий ҳазратнинг асарлари ёки "Саҳиҳи Бухорий" ҳам китоб дейилса, ўқувчи-ёшнинг тўплами ҳам шу сўз билан аталса, бу — мантиққа-да, ҳақиқатга-да зиддир. Балки бу ҳолни бартараф этиш учун бор-йўғи иштиёқ даражасидаги тўпламларга "Ҳаваскор қаламкаш ижодидан" деганга ўхшаш ёрлиқ - этикетка қўйишни жорий қилиш керакдир. Ёшлар ўртасида ўтказиладиган кўрик-танловларда "Китобинг чиққан бўлиши шарт" деган қоидаларни олиб ташлаш лозимдир. Тўғри, эҳтимол, ўша танлов низомида бундай қоида йўқдир, бироқ "ғолиб бўлиш учун китоб чиқариш зарур" деган тушунча аллақачон ёшлар онгига сингиб бўлган. Шунинг учундирки, бугун барча "ёш истеъдод соҳиблари" ота-оналарини нашриётма-нашриёт югуртиришаётгандир, ота-оналар ҳам бир ўрам пул кўтариб боласининг машқларини "китоб" қилдираётгандир. Ўша "китоб"лардаги шеърлар ҳатто туман газетасида ҳам чиқмаган, мактабдаги ўқитувчининг ҳайбаракалласини кўрган холос. Аммо жуда кўп катта-кичик нашриётлар, ҳатто нашриёт мақоми бўлмаган тадбиркорлар ҳам бир нави "китоб" чиқариш билан овора. Ўша китоб-ку, майли, нари борса 100-200 нусхадан ошмайди, жуда бўлса қариндош-уруғларга, маҳалла-кўйга тар­қалар. Аммо "китоби чиққан ёш ижодкор"нинг келажаги нима бўлади? Беш-ўнта маза-матрасиз, унинг ҳам ярмини кимлардир ёзиб берган "шеър"лари билан эртага ким бўлади?!

Иккинчидан, ҳозирда наш­риётлар томонидан чоп этилаётган бадиий адабиётлар адади беш-ўн мингдан ошмайди, чунки матбаа корхоналарининг молиявий имконияти шунга яраша. Мисол учун, Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" ёки Чўлпоннинг "Кеча ва кундуз" романи ўртача уч минг-беш минг нусхада босилса, бир донасининг таннархи ўн-ўн икки мингга тушади. Ваҳоланки, бу китобга ихлосмандлар сони жуда кўп. Аммо бир нашриёт бирваракай уч юз-тўрт юз минг нусха чоп этишга жазм қилолмайди. Кутилмаганда савдоси юришмай қолса, ушбу китоб нашриётнинг молиявий аҳволига сезиларли таъсир этади. Шунинг учун нашриётларда чоп этилаётган атоқли адибларимиз асарларига бутун республика эътиборини қаратган ҳолда, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият вазирликлари, Республика маънавият тарғибот маркази каби идоралар кўмаги билан катта тиражлар қўйиб чоп этиш бир томондан таннархни туширса, иккинчи томондан китобхон эҳтиёжини қондиради. Яъни, яхши китобларнинг ададини шакллантирадиган илгариги "Ўзкитобсавдо" давлат ташкилоти каби марказлашган тизимни йўлга қўйиш зарурлигини вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда.

Кези келганда соҳага тааллуқли яна бир мулоҳазани айтиб ўтсам.

Ҳозирги кунда айрим олий ва ўрта махсус ўқув юртларида полиграфия соҳаси кадр­лари тайёрланади. Аммо ноширлик соҳасида кадрлар тайёрлаш бугунги кунда кўндаланг вазифа бўлиб турибди. Ҳатто марказий нашриётларда ҳам асосан журналист ва филологлар, ҳатто бошқа мутахассисликдаги ходимлар бу бўшлиқни тўлдириб туришибди. Бироқ ноширлик учун алоҳида малака, муҳаррирлик кўникмаси, фаолиятни ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда олиб борадиган билим керак.

Мутахассис кадрларни тайёрлашни икки босқичда амалга ошириш мумкин. Аввало, журналистика ва филология факультетлари қошида тажриба маъносида олти ойлик, бир йиллик Ноширлик олий курслари ташкил этилса, нашриётларнинг мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжи маълум маънода тўлдирилган бўларди. Унда нуфузли нашриётларнинг маҳоратли ноширлари таҳсил беришини йўлга қўйиш мумкин. Бу вақт оралиғида институт-олийгоҳ даражасидаги таълим тизимини ташкил қилиш ва зарур ўқув-услубий адабиётлар, моддий техник база яратишга имкон туғилади. Иккинчи босқичда эса, тўпланган тажриба асосида полиграфия, дизайнерлик ва ноширлик соҳасини марказлаштирган ҳолда, яъни Муҳаррирлик ва ноширлик иши, Китоб графикаси ва дизайн, Полиграфия факультетларини тузиб, Матбаа институти ташкил этиш соҳа келажагига яна бир муҳим қадам бўлар эди. Шундагина бу уч соҳа вакиллари олийгоҳда ўқиш давридаёқ китобат ишини пухта ўрганиб, ўзаро ҳамкорликда шакл­ланиб борадилар. Натижада, нашриётларга ҳар уч соҳадан тайёр кадрлар кириб келади.

Яна бир муҳим жиҳат! Авваллари ҳар бир қишлоқ ёки овул марказида — фуқаролар йиғини тасарруфида фаол ишловчи кутубхоналар бўларди. Ўша ҳудуднинг етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган аҳолиси ўз қизиқишига қараб китоблардан баҳра оларди. Ҳозирги ахборот ресурс марказлари асосан ўқув юртлари доирасида бўлгани учун улардан кенг аҳоли қатламлари деярли фойдаланмайди. Шунинг учун "Маҳалла" ва "Нуроний" жамғармалари маблағларини мақсадли йўналтирган ҳолда ана шундай "Қишлоқ кутубхоналари"ни ташкил этиш ҳамда мамлакатда чоп этилаётган ҳар бир китобдан, шунингдек, "Жаҳон адабиёти", "Шарқ юлдузи", "Ёшлик", "Тафаккур", "Маънавий ҳаёт" сингари адабий-бадиий журналлардан бир-икки нусхадан етказишни йўлга қўйиш лозим. Шунда одамлар туман ё шаҳар марказига бориб китоб қидиришдан қутулишади. Китобхонлик даражаси эса кескин кўтарилади. Вилоятларга, чекка ҳудудларга борганимизда аҳоли томонидан, "Шарқ юлдузи", "Ёшлик" журнали ҳалиям чиқяптими?" деган ажойиб саволларга дуч келамиз. Сабаби оддий: бор-йўғи беш-олти минг тиражда чоп этилаётган бу каби журналлар, газеталар қумга сингиган сувдек изсиз кетади.

Куни кеча Президентимиз Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашган чоғида ушбу соҳага оид бир қатор вазифалар, амалга оширишни кечиктириб бўлмайдиган топшириқлар бердилар. Чиндан ҳам, Ш.Мирзиёев куюниб таъкидлаганидек, адабиёт, санъат, китоб — миллатнинг юзи. Миллатнинг маънавий қиёфасини белгиловчи бундай муҳим масалаларга шунчаки қараш маънавият, маданият соҳасида катта йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Ушбу фикрларимни адабиёт, ноширлик ва матбаачилик ривожига ҳисса бўлар деган умидда қоғозга туширдим. Зеро, юртимиз раҳбари айтганидек, ҳар биримиз ҳаётга янгича кўз билан, янгича шижоат билан қарашга, шу халққа хизмат қилишга бурчлимиз. Қолаверса, китобнинг муқаддаслигини, миллат руҳи тарбиячиси эканини яна бир карра исбот этган бўламиз. Ахир китоб, кимлардир хом ўйлагандек, фақат хаёлот тасвири, бадиий тўқима эмас, балки сизу биз нафас олаётган реал ҳаётнинг аниқ ифодасидир.