“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ПРЕЗИДЕНТИМИЗГА МАКТУБ

ПРЕЗИДЕНТИМИЗГА МАКТУБ

Ассалому алайкум, муҳтарам

Шавкат Миромонович!

Жорий йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашувингизда камина ҳам иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Ҳеч муболағасиз, тарихий аҳамият касб этган мазкур учрашув ўша ердаги ва селектор орқали қатнашган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ижодкор зиёлиларини тўлқинлантириб юборди. Сизнинг ёниқ эҳтирос билан айтган ҳар бир сўзингиз менинг ҳам хаёлларимни саросар этиб, музокараларда иштирок этишга, қалбим ва фикратимдаги ҳаяжону мулоҳазаларни тўкиб солишга ундади. Зеро, камина ҳам аслида кўпчилик иштирокчилар каби сўз айтишга чоғланиб, тайёрланиб борган эдим. Сизнинг маърузангиздан сўнг эса иштиёқ янада оловланиб, бамисоли гулханга айланди. Ўша анжумандаги ҳар бир иштирокчи сўз айтишга орзуманд бўлиб шайлангани каби мен ҳам қайта-қайта қўл кўтармоққа чоғландим-у, аммо чапдастлик қилолмадим. Қўлингиздаги соҳа йўналишларига доир Президент қарорлари бўйича давра қатнашчиларидан тегишли вакилларга сўз беришни таклиф этганингиздан сўнг эса фурсат етмай қолди. Сўзлаёлмай қолганимга жуда афсусландим. Бу кайфият сира тарқамаяпти. Чунки Сизнинг Ўзбекистонимизнинг ўтмишу бугунги ва келажак маънавияти, маърифати, адабиёти, санъати борасидаги эҳтиросли мушоҳадаларингиз ҳар биримизнинг гўё қалбимизни кўриб, фикр-хаёлимизни уқиб тургандек топиб-топиб, куюнчаклик билан айтган гапларингиз пўртана мисол қалбимни безовта этяпти. Толс­той бобога ўхшаб, "Жим туролмайман!" дея ҳайқиришга даъват этмоқда, қўлимга қалам олишга мажбур қилмоқда. Билмадим, бу виждон даъватими, ижодкорлик табиатими, ҳарқалай не бўлса-да, армонга айланмасин дея юзага чиқариб, очиқ мактуб шаклида мурожаат этмоқни маъқул топдим. Даст­лаб, издиҳомгача тайёргарлик кўриб ёзган битикларим, сўнг учрашувдаги ва ундан кейинги ўйларим, мушоҳадаларимни қоғозга тушириб, Сизга йўлламоққа журъат этдим. Сиз ҳам, ўқувчилар ҳам минбаъд енгилтакликка йўймай, каминани тўғри тушунасизлар, деган умиддаман.

 

                1

Ўзбекистон Президентининг ғайрат ва шижоатини кузата туриб, қариийб бир йилдан бери бу суръат заррача камаймай узлуксиз давом этаётганидан ҳайрат туя­сан киши. Аслида-ку, бу ҳолу ҳаракат юртимиз раҳбарининг аввалги лавозимлардаги фаолиятиданоқ яққол кўринганини ҳаммамиз биламиз, албатта. Аммо мамлакатнинг биринчи раҳбари этиб сайлангандан кейин Шавкат Миромоновичнинг маънавий қадди-басти янада ёрқин кўриниб, том маънодаги Юртбоши — эл-юрт раҳнамоси сифатида барча ўзбекистонликлар ва хорижлик дўстлар эътироф этдилар.

Яқинда Президентимизнинг Тошкент вилоятида, жумладан, Паркент туманида бўлиб, жойлардаги ўзгаришлар, қурилишлар ва янгидан-янги лойиҳалар билан танишаётганларини телевидение орқали кузата туриб, қизим Мадинахон қизиқ бир ташбеҳ-ўхшатиш айтиб қолди: "Президентимиз қўлларида сеҳрли таёқчаси бор сеҳргарга ўхшайдилар, қаерга борсалар, ўша ер гуллаб-яшнаб кетяпти".

Қизимнинг гапларини жилмайиб тинглаб, беихтиёр ўйланиб қолдим. Ҳа, бу эртаклар оламида шаклланган тасаввурнинг қиёсу ўхшатишлари. Бироқ, не ажабки, ёш тасаввурнинг орзуларига айланган манзаралар бугун унинг кўз ўнгида реал воқеликка айланяпти, дилига қувонч ва завқ бағишлаяпти. Ўйлайманки, бу тасаввур ва ҳолат ҳозирги кунларимизда каттаю кичик барчамизга хос. Нафақат биз, ҳатто хорижлик қадрибаланд меҳмонлар ҳам айнан шундай кайфиятда. Хабарингиз бор, 20-22 июл кунлари кўҳна Хоразмда Президентимиз ташаббуси билан буюк санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллик тантаналари баланд савияда, хал­қаро миқёсда нишонланди. Мазкур тадбирга Тожикистондан ташриф буюрган атоқли хонанда, Халқ артисти Жўрабек Муродов Хивада ташкил этилган гала концертда ўз ҳаяжонини яширмай, бундай деди: "Мен икки кундан бери гўёки афсонада яшаётгандекман. Ҳамроҳларимдан астагина сўраяпман, қаранглар-чи оёқларим ердами, йўқми?!" Ҳақиқатан ҳам эртакларнинг, орзуларнинг реал воқеликка айланаётганига барчамиз гувоҳмиз. Аммо бунинг ортида қандай меҳнат, машаққат, эҳтирослар, изтиробли ўйлар, бедор тунлар борлигини ҳамма ҳам билавермайди. Айнан шуларни турфа образ ҳамда бадиий тасвир ва мушоҳадалар орқали билдириш, ҳис қилдириш, меҳнату машаққатнинг бор залвори, азобини кўрсатиш, бедор ўтган кунлар ва тунларнинг мазмун-моҳиятини анг­лаб, буларнинг қадрига етиш, дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш бадиий адабиёт ва санъатнинг вазифаси, кори аъмоли. Бу жараёнларнинг бари, албатта, энг аввало инсон билан, Ҳазрати инсон номи билан боғлиқ ва инсоннинг ўша жараёнлардаги ҳолати, ўй-мушоҳада, хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ. Шу боис ҳам адабиёт ва санъатни "инсоншунослик" деб атайдилар, шундай ёндашадилар олиму фозиллар.

Халқни бунинг тамомила акси, зидди бўлган тушунча ва машғулотлар билан ҳам андармон қилиш мумкин, албатта. Энди бу ҳақиқий адабиёт-санъат эмас, кўнгилочар эрмак, кўз-қулоқдан шамолдек ўтиб, хотирада бирор из қолдирмайдиган томоша, шунчаки енгил ўйин, бинобарин, янада ичкарироқ кирилса, "оммавий маданият" ёки "оломон маданияти" бўлиши мумкин. Бугун адабиёт ва санъат бутун жаҳонда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ана шу икки қутбда, яъни юксак санъат ва ўткинчи шоу-томоша, клип, вақтўлдирар саргузашт, ур-сур битиклар оламида яшаяпти ёки мавжуд бўлиб турибди.

Хўш, биз қай бири тарафдоримиз, қайсинисига ён босамиз? Шак-шубҳасиз, биринчисини танлаймиз, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки биз "инсоншунос" ёки "руҳият инженери" номини олиб юрибмиз, шундан фахрланамиз. Аммо... аслида-чи? Аслида шу номга муносибмизми?! Хоҳиш-истак билан амалий ишимиз бирми? Назаримда, бугун Президентимиз илгари сурган улкан ғоялар, кенг миқ­ёсда бошлаб юборилган янги ислоҳотлар, мамлакатимизнинг замонавий тараққиётини кўзлаб илгари сурилган "Стратегия", қабул қилинаётган фармон, қарор, фармойиш ва бошқа ҳужжатлар, оламшумул амалий ишлар фонида юқоридаги саволга адабиёт ва санъат аҳли ижобий жавоб бериши анчагина мушкул. Хижолатдан кўзларимиз ер чизиб қолиши аниқ. Фикри ожизимча, бунинг бош сабаби, энг аввало, адабиёт ва санъатга бугунги кунда масъул ҳисобланган биз ижодкорларнинг сустлашиб, бепарвороқ бўлиб қолганимиз, ўз устимизда мунтазам ишламай хотиржамликка берилаётганимиз, профессионал малакамизнинг саёзлашиб бораётгани, масъуллик, жавобгарлик ҳиссининг ижтимоий-маънавий категориядан кўра, хусусий манфаат доирасига кириб қолаётгани, халқнинг тилу дили, виждони бўлиш миссиясининг шуҳратпараст­лик майллари билан алмашиниб қолаётгани кабилардир. Табиийки, "нега?" ва "нима қилмоқ керак?" деган саволлар туғилади.

Биринчи саволга ўзимча топган жавобим шуки, биз чорак асрдан бери тамомила янги ижтимоий-сиёсий тузумда яшаётганимиз ва шунга мувофиқ ўзгача ғоявий адабий-бадиий, эстетик мезону талаблар билан фикрлашишимиз кераклигини тўла идрок этиб, англаб, дунё­қарашимизни ўзгартира олмагандекмиз. Ваҳоланки, бунинг учун бизга давлат томонидан керакли имконият, моддий-маиший шароит яратилди. "Дўрмон" ижод боғию "Ижод" жамғармасини, янги қурилган ва тўлиқ таъмирланган ўнлаб театр-томоша бинолари, муассасаларини, фильмлар суратга олиш учун миллиардлаб бюджет маблағлари йўналтирилаётганини ва ҳозирда бундан-да мукаммалроқ шароитлар яратиб, китоб ва ёзувчиларнинг мавқеи тикланаётгани, "Зомин семинари", театр таъминоти ва театр ижодкорларининг ижтимоий муҳофазаси масалалари, кино тизими ва умуман, маданият соҳаларини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлаштириш давлат дастурлари ва ҳоказо, ва ҳоказо амалий чора-тадбирлар адабиёт ва санъат аҳлини жиддий ҳушёрторттирмоғи керак. Қарангки, адабиётда ҳам, санъат соҳаларида ҳам маъмурий-ташкилий тизим яратилди ва у мунтазам ривожлантирилиб, такомиллаштирилиб бормоқда. Бироқ, ташкилий тизим бўлгани ҳолда тизимли ёндашув, янаям аниқроғи, тизимли ижод йўқ. Ваҳоланки, юқорида саналган қатор ташкилий ишлар, йўналтирилган маблағлар биринчи навбатда ижодкор ва ижодий жараён учундир. Модомики шундай экан, ижодий мунтазамлик бош масала бўлмоғи керак. Таассуфки, бунинг ўрнига адабий жараёнда ҳам, санъатда ҳам тасодифийлик, бир марталик ёки бирровлик, байрамдан байрамгача тадбирбозлик фаолиятимизнинг асоси бўлиб қоляпти.

Ё бўлмаса, театрларимиз ижодий репертуарларини олайлик. Азбаройи қизиқишдан бир ўрганиб кўрайлик, қайси бир пойтахт ёки вилоят театрининг беш, уч, икки йиллик, ҳатто жиллақурса, бир йиллик қатъий ижодий репертуар режаси шаклланиб, Бадиий кенгашда тасдиқланган экан? Одатда ҳар бир театр ижодий труппаси даврнинг долзарб маънавий-ахлоқий масалалари билан боғлиқ ҳолда репертуар режасини шакллантириши, бунда миллий ва жаҳон мумтоз асарлари, замонавий асарлар салмоғи, нисбатлари белгиланиши, зарур бўлса, ижодий буюртмалар берилиши керак. Баъзида айрим театр раҳбарлари молиявий план, томошабин масаласидан шикоят қилиб қолади. Шунда уларга мамлакатимизда охирги беш-олти йилда мунтазам жорий этиб келинаётган бир амалиётни эслатаман. Яъники, Бош вазир лавозимида фаолият юритаётганида Шавкат Миромонович ҳар йил якунида театр-маданият муассасалари мутасаддилари билан селектор йиғилиши ўтказиб, театрларнинг моддий-техник ҳолати ва кейин­ги йил учун томошабинлар масаласини қатъий жадвал асосида ҳал қилиб берардилар. Шунга кўра, у киши театр жамоаси молиявий план, ташкилий ишларга чалғимай, ижод билан мунтазам шуғулланишини назарда тутар эдилар. Аслида бу ҳар бир театрнинг ижодий такомили ва мунтазам томошабинлар аудиториясини шакллантириб, тарбиялаб олиши учун қулай имконият, росмана тизимли ижод билан шуғулланиши учун энг мақбул шароит эди. Афсуски, бу пухта ўйланган тажрибадан театрларимиз мақсадли, тизимли фойдалана билмади.

Сўз кинематография масаласига кўчар экан, бу соҳада ҳам аксар тизимли, режали ижодий жараён ўрнини тасодифийлик, кампания­бозлик, халқ ва давр талабу эҳтиёжларидан йироқлик қусурлари эгаллаб олганини очиқ тан олиш керак. Мустақилликка эришганимиздан бери ўтган чорак аср давомида ҳануз "Алишер Навоий", "Тоҳир ва Зуҳра", "Нас­риддиннинг саргузаштлари", "Маҳаллада дув-дув гап", "Мафтунингман", "Ўткан кунлар" каби 60-70 йил наридаги фильмлар билан мақтаниб келамиз. Таассуфки, истиқлолимиз танитган тарихимиз, ҳаққоний ўтмишимиз, буюк аждодларимизни бадиий кино орқали идрок этиш саодатига эриша олмадик. Имом Бухорийдан то Амир Темургача, Алишер Навоийдан то фидойи жадид боболаримизгача не-не буюк тарихий воқеа ва тарихий зотлар қалбларимиз бисотига айланмай, фақат қуруқ ўтмиш бўлиб қоляпти. Жаҳон киносида эса айрим мамлакатларнинг ҳатто ўзига тегишли бўлмаган, тўқиб-бичилган сохта тарихини кинотасмаларга муҳрлаб, ўзиники қилиб кўрсатиш даражасида юзсизликлар бўлиб ётибди.

Мана ҳозирги миллий адабиёт ва санъатимизга бир қур умумийроқ назар ташлагандаги аҳвол-манзара. Фикримиз исботи учун яна қатор мисоллар келтириш мумкин. Аммо бундан фойда йўқ.

Ўтган йили декабрь бошларида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда Шавкат Миромонович нутқ сўзлаб, "Кўзни юмиб яшашни бас қилайлик энди", дедилар. Кейинроқ қайта-қайта "ура-урачилик"ни йиғиштириб, кўзбўямачиликдан халос бўлишни қатъий таъкидладилар. Буни жойларда қатъият билан амалга ошир­яптилар ҳам.

Ана шу жараён эмасми адабиёт ва санъатнинг объекти, мавзулар доираси? Қабул қилинаётган давлат ва ҳукумат ҳужжатлари ҳар қанча пухта ва мақбул бўлмасин, пировардида уларнинг ижросини турли ҳудуд ва идораларда турлича билим, савия, турли даража ва ваколатдаги одамлар бажаради. Ана шу одамларнинг ўша муҳим ҳужжатлар ижросини давлат, халқ, жамият манфаатлари нуқтаи назаридан амалга ошириш ёки ўз шахсий хоҳиш-истаклари, жиғилдон ва чўнтак манфаатлари ғаразидан иш тутиши уларнинг маънавий ақидалари, ахлоқий пок ва инсоний ҳалолликлари билан боғлиқ. Худди шу ерда адабиёт ва санъатнинг ниҳоятда муҳим ўрни яққол билинади. Агар катта-кичик ваколатли амалдорлар адабиёт ва санъатнинг юксак маънавий-ахлоқий, ижтимоий-тарбиявий, бадиий-эстетик намуналаридан баҳра олиб ўсган бўлса, у ҳеч қачон нопокликка, юлғичлик, муттаҳамликка йўл қўймайди. Айни чоғда бадиий адабиёт ва санъат асарлари меҳр-оқибат, одамларнинг ўзаро инсоний муҳаббатлари, бир-бирига дўст-биродарликлари, мурувватпешалик, саховат каби не-не гўзал фазилатларни тараннум этиб, одамларни тарбиялайди, ёшларни ҳаётга тайёрлайди. Ана шу юксак маънавий хислатлар ҳаётимиз фаровонлашиб, обод бўлгани сари янада ривож топиб, гуллаб-яшнамоғи керак.

Шукроналик билан таъкидламоқ зарурки, бугунги Ўзбекистон кун сайин ўзгариб, тараққий этаётган мамлакат. Буни камина, сўнгги икки-уч ой орасида яна қалб­дан ҳис қилиб, кўзларим билан кўрдим. Уни яна каттаю кичик, кексаю ёш барча учратган юртдошларим, узоқ-яқин хорижлик меҳмонлар, сайёҳлар, таниш-нотаниш сафардошларим қувончидан, ҳаётдан, ўтаётган кунларидан чандон рози эканликларидан сездим, билдим.

Гап шундаки, жорий йил март ойида Президентимизнинг хайрихоҳликлари, қўллаб-қувватлашлари ҳамда Президент Девони масъуллари ва Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятининг бевосита моддий-маънавий кўмаги билан "Жаҳон адабиёти" журналининг 20 йиллик санасига бағишланган тадбирларни республикамизнинг деярли барча вилоятларида ўтказиб келдик. Жойлардаги журналхон муштарийларимиз, адабиёт, санъат, илм-фан аҳли, талаба-ёшлар, китобсевар халқимиз олдида ҳисобот бериб, журналимиз нашрини янада кучайтириш, мазмун-мундарижасини замонавий талаб ва имкониятлар асосида бойитиш, ададини кўпайтириш, ҳар бир таълим муассасаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари кутубхоналарини ҳеч қурса биттадан журналга обуна қилиб, Президентимизнинг китоб нашри, тар­ғиботи ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш борасидаги том маънода тарихий фармойишининг амалий ижросига ҳисса қўшиш мақсадини кўзладик. Ёзувчи, шоирлар, таржимонлар, олимлар, санъаткорлар билан ижодий гуруҳлар тузиб, вилоятларга борар эканмиз, ҳамма ерда ҳаракат, тараддуд, интилишни кўрдик. Китоб дўконлари қурилаётгани, маданий-маърифий ишларга, адабиёт, санъат тадбирларига кексаю ёш, аёлу эркак, ўспирину навқирон йигит-қизларгача бирдек ихлосу иштиёқ билан интилаётганликларига гувоҳи бўлдик. Бутун Ўзбекистон адабиёт, санъат, маънавият сайлига чиққандек эди гўё.

Шу йилнинг 4 июль куни журналимизнинг 20 йиллиги муносабати билан Республика якуний конференциясини ўтказдик. Хитой, Франция, Ҳиндистон, Покис­тон, Бангладеш, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон, Грузия элчихоналаридан ва бошқа айрим халқаро ташкилотлардан табриклар олдик, элчилар, элчихона масъуллари ва ўндан ортиқ хориж оммавий ахборот воситалари журналистлари анжуманимизда иштирок этди. Қалбларимиз фахрга тўлди. Агар биттагина журналга шунчалик эътибор ва эътироф бўлса, Ўзбекистонимизнинг бугунги камоли ва жамолига ошуфталик нақадар кучли эканини тасаввур этиш мумкин. Қолаверса, "Жаҳон адабиёти" журналининг қутлуғ санасини нишонлаш баҳонасида Ўзбекистонимизда адабиёт, санъат, умуман, маънавиятмасалаларига, давлат миқёсидаги муносабатнинг қай даражада эканини хорижлик дўстларимиз ҳам, ўз юртдошларимиз ҳам яна бир марта дилдан ҳис этишди.

Шу ўринда айрим таклифларимизни ҳам Президентимиз ва жамоат ҳукмига ҳавола этмоқчимиз:

— "Жаҳон адабиёти" журналининг 20 йиллик тадбирларини ўтказаётганда кўнглимизга бир армон тушди. Ахир биз собиқ Иттифоқнинг, ҳатто жаҳоннинг унча-мунча мамлакатларида муқобили бўлмаган "Жаҳон адабиёти" журнали нашр этсагу дунёнинг ўтмиш ва замонавий не-не адиблари асарларидан пайдар-пай таржималар берсаг-у, нега энди ўша довруқли, балки Нобель мукофотига сазовор бўлган беш-олти машҳур шоир-ёзувчини тўй-тадбиримизга чорлашимиз мумкин эмас? Ахир улар ҳам кўриб қўйсинлар, бизнинг ким эдигу қандай имкониятларга эга бўлганимизни! Биз бу ишни келгусида яна Президентимизнинг бевосита кўмагида амалга ошириб, "Тошкент Халқаро адабиёт форуми" деб аталган нуфузли анжуман ташкил этишни орзулаб қолдик.

Очиғи, Ўзбекистон, хусусан, Тошкент 50-60 йил нари-берисида Халқаро кинофестиваллари, "Шарқу Ғарб", "Наврўз" театр фестиваллари, Осиё ва Африка ёзувчилари конференциялари билан жаҳонга танилган эди. Ваҳоланки, ўша кезларда Тошкентда беш-олтита ободроқ кўча, анжуман ўтказиш учун бир-иккита чоғроқ бино-томоша заллари бор эди, холос. Ҳозирги мавжуд шароитни эса қиёслаб бўлмайди. Ҳар қанча маҳобат билан халқаро тадбир ўтказсак, қувватимиз ҳам, қудратимиз ҳам етади. Тўғри, бундан қанчалик фойда бор, ўша фестивалларга тавсия этгулик фильмларимиз, спектакл ёки бадиий адабиёт намуналари борми бизда, деган саволлар туғилиши мумкин. Лекин ўша жаҳонга чиқаргулик ижод намуналари ҳам юксак даражада бўлиши керак, албатта.

- 2018 йили собиқ "Ёш гвардия" — ҳозирги Ўзбек давлат драма театрининг ташкил этилганига 50 йил тўлади. Бу театр, энг аввало, ёшлар театри сифатида машҳур эди. Россияда Марк Захаров етакчилигида "Ленком" театри 90 йилдан бери фаолият юритиб, шуҳрат қозониб юрибди. Ҳозирда ташкил этилган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи мазкур театр имкониятларидан фойдаланса, уни ўз шафелигига олса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

— Республикамизда замонавий театр барпо бўлганига 100 йилдан ошди. Аммо ҳануз Ўзбекистон театр тарихи музейи ташкил этилмади.

— Ўзбекистонда тарихий-бадиий фильмлар ва сериаллар яратиш бўйича махсус киностудия ва кинопавильон ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқсак, ўнлаб, юзлаб улуғ аждодларимиз ҳақида турли жанрда фильм­лар яратиш, керак бўлса, бу ишга хорижлик киночиларни жалб этиш имкони туғилар эди. Бу ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиларди.

— Яна бир таклифимиз: республикамизда халқимиз суюб ўқиб келадиган "Шарқ юлдузи", "Ўзбекистон адабиёти ва санъати"",Китоб дунёси", "Жаҳон адабиёти", "Тафаккур", "Ёшлик", "Ёш куч" каби беш-олтита адабий-бадиий газета-журналлар бор. Мазкур нашрлар ҳар бир таълим даргоҳи, маҳалла идоралари, ҳарбий билим юртлари ва бошқа муассасаларда бўлиши зарур. Халқимизнинг маънавий юксалишида китоблар каби, адабий-бадиий нашрларнинг ҳам ўрни беқиёс.

- Дунё адабиётида шахс ёки бошқа номлар билан боғлиқ адабий мукофотлар кўп. Лекин бизда нима учундир ҳатто Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон номлари мукофотлардан олиб қўйилди. Ваҳоланки, бу зотлар яратган асарлар қиммати ошиб, уларнинг бадиий маҳорати ҳамон ҳайратларга сабаб бўлмоқда.

Нафсиламрини айтганда, Шавкат Миромонович илгаридан истеъдодини хоҳ Ўзбекистонда, хоҳ жаҳонда намо­йиш эта олган санъат, адабиёт аҳлига ҳомийлик қилиб келган. Энди бу тажриба давлат миқёсида амалга ошаётгани жуда қувонарли.

Элу юртимизга тинчлик, омонлик, қавмдошларимиз, яъни адабиёт ва санъат аҳлига ҳазрат Алишер Навоий бобомиз сўзлари билан "Умид улки, умидимизға етгаймиз", деб қоламиз.

 

                2

Ҳурматли

Шавкат Миромонович!

Учрашув куни қатнашчиларга турли қайдлар учун берилган дафтарчадаги Сизнинг "Ўзининг ноёб истеъдоди ва маҳоратини халқимиз маънавиятини юксалтиришга бағишлаган инсон қалбининг муҳандислари бўлган ижодкор зиёлиларга доимий ғамхўрлик масаласи Ўзбекистонда бугун олиб борилаётган давлат сиёсатида алоҳида ўрин эгаллайди", деган сўзларингиз мазкур тарихий мажлиснинг бор моҳиятини акс эттирди, десам сира янглишмайман. Шу ўринда дафтарчага қайд этган айрим мулоҳазаларимни ўртоқлашаман.

Маърузани тинглаб, сўнгра газетада қўлда қалам билан ўқиб, хаёлимда пайдо бўлган илк таассурот — қувонч омухталашган хавотир ва ҳадик бўлди. Биз барчамиз кўзда тутилаётган яхшиликлардан маст бўлиб, қарсак чалавердиг-у, аммо ҳар саволнинг жавоби борлигини, халқона айтганда, бозор қайтарини ўйлаганимиз йўқ, назаримда. Буни яна ўзингиз эслатдингиз: "Ҳаммангиз тушунасиз, саломга яраша алик бўлиши керак. Халқимиз санъаткорлардан яратилган ана шундай имконият ва имтиёзларга яраша жавоб кутишга ҳақли, албатта". Элда гап борки, киришдан аввал чиқишни ўйла.

Адабиёт ва санъатнинг ҳар бир йўналиши ўзига хос бир олам. Унинг пасту баландини яхши биладиган мутахассислари, масъулиятдан қочмайдиган профессионаллари бор. Айни чоғда, масъулиятни ҳис этмайдиган енгилмижоз ходимлари ҳам бор. Соҳага қочди-қувдида адашиб кириб қолган мардумлар ҳам оз эмас. Булар — юксак профессионал санъат билан ҳаваскорлик ёки бўлмаса "оммавий маданият" нималигига ақли етмайдиган, билишга хоҳиши ҳам йўқ одамлардир. Буларнинг бор-йўқ мақсади пул ишлаб қолиш, холос. Мана шу қуроқ манзарада театр ҳамда кино режиссёрлари, буюк тарихий шахслар образини экран ва саҳнада бор салобати, мураккаблиги билан намоён эта оладиган зўр актёрларимиз — етарли кучларимиз бормикан?! Президент номларини зикр этган буюк аждодларимизнинг миллий тарихимиз ва жаҳон маданиятидаги ўрнини фалсафий идрок этиш, кучли конф­ликт ва коллизияларда кўрсатиб бериш катта интеллектуал ва профессионал ёндашувни тақозо этади. Демак, таниқли хорижий мутахассис ҳамда санъаткорларни жалб этиш зарур бўлади. Айни чоғда, миллий кадрларни ҳам тарбиялаб боришга алоҳида эътибор қаратиш имкони туғилади.

Сиз адабиёт ва санъатдек илоҳий кучдан оқилона ва самарали фойдалана олмаётганимизни айтиб, Абдулла Қаҳҳорнинг атом кучини ўтин ёришга сарфламаслик кераклиги ҳақидаги машҳур фикрини ёдга олдингиз. Аччиқ танқидий фикрлардан сўнг пировардида "Нима учун маданий ҳаётимизда тан­қидий руҳ сезилмайди? Соғ­лом танқид, баҳс ва тортишув бўлмаган жойда чинакам ижод бўлиши мумкин эмаслиги, яратилаётган асарлар, фильм ва спектакл­лар, кўргазма ва концерт дастурларига принципиал ва малакали баҳо бериш, матбуотда холис ва ҳаққоний рецензиялар, хулосалар билдириш тобора камёб ҳодисага айланиб бораётгани"ни, "ижодий уюшмалар ўртасида ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилмаётгани"ни очиқ айтдингиз.

Ҳар қанча оғир ботмасин, таънали саволларингиз бари ўринли ва ҳаққоний. Бугун адабиётга ҳам, санъатга ҳам "маънавий фаррошлар" етишмаяпти. Бир пайтлар Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов, Муҳсин Қодиров, Тошпўлат Турсунов, Норбой Худойбергановлар бошлаб берган анъаналарни бугунги мунаққидларимиз давом эттирмаяпти. Муносиб ворис - шогирдлар ҳам йўқ ҳисоби. Қолаверса, улар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Йилда бир бор Ёзувчилар уюшмасининг ҳисобот йиғилишида Танқид ва адабиётшунослик бўлими ҳам мавжудлиги билдириб қўйилишини айтмаса, адабий ва бадиий танқид ўлик ҳолатда. Ижодий уюшмалар ҳамкорлигининг йўқлигига ҳам айрим ижодкорларга хос кибру такаббурлик сабаб. Бу ҳол ўз манфаатларини жамият, юрт манфаатларидан юқори қўйиш дейилса керак.

Ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ иттифоқда адабий танқидни ривожлантиришга доир махсус қарор қабул қилинган эди. Шу асосда танқидчилик бўйича махсус нашрлар ("Литературное обозрение" каби) таъсис этилган эди. Назаримизда, ҳозир ҳам бу борада махсус қарор қабул қилишга эҳтиёж бор. Қизғин, жонли адабий-бадиий танқид бўлмаса, соғлом ижодий муҳит ҳам бўлмайди.

Анжуманда Сиз кўтарган ва ечимини таклиф этган кўплаб масалалар менга ўтган аср бошларидаги маърифатпарвар жадид боболаримизни бот-бот эслатди. Аввало, Сиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Театр — ибратхона" деган фикри ва Абдулла Авлонийнинг тарбия борасидаги маш­ҳур ҳикмати ёки Абдулла Қодирий қаҳрамони сўзларини келтирдингиз. Айниқса, театр ва бошқа ижодий жамоаларга ҳомий — меценатлик ташаббусини бошлаб берганингиз, республикадаги йирик сармоядор ташкилотларнинг "ижодий жамоа дўстлари" сифатида ижодкорларни моддий қўллаб-қувватлаши тартибини жорий этганингиз яна жадид боболарни эслатди. Улар ўтган асрнинг 10-йилларида миллий театрчилик ҳаракатини бошлаб, Беҳбудийнинг "Падаркуш" номли илк миллий пьесасини Самарқанд ва Тошкентда саҳнага қўймоқчи бўладилар. Шу мақсадда, юрт бойларини саховатпешаликка чорлаб, хайрия жамиятларини таъсис этадилар. Айрим маърифатли бойлар ҳиммати билан Туркистонда европача замонавий миллий театрнинг тамал тоши қўйилади. Умуман, дунё театри тарихида меценатлик ниҳоятда марғуб ҳаракат. Русларнинг ака-ука Третьяковлар, Савва Морозов, Савва Мамонтов каби ҳимматли бойларини эслаш кифоя. Демак, "ижодий жамоаларнинг дўстлари" ҳаракати жадид боболар орзуларининг рўёби, жаҳон тажрибасининг миллий кўриниши ўлароқ таҳсинга лойиқдир.

Шу ўринда бир иштибоҳ: Сиз ҳозир биржага айлантирилган собиқ Свердлов номидаги концерт залини, яъни ўтган аср бошларида қурилган Колизей томошагоҳини Ўзбекистон давлат консерваториясига беришни таклиф этдингиз. Бу таклифни ҳар жиҳатдан тўла маъқуллаган ҳолда, қайд этмоқ ўринлики, айнан шу бинода 1914 йил 27 февралда "Турон" труппаси "Падаркуш" спектакли билан миллий театрчилик ҳаракатига асос солган. Демак, бу бинонинг яна санъат кошонасига айланиши айни муддао. Тилагимиз ва таклифимиз мазкур бинода Ўзбекистон театр ва мусиқа санъати тарихи музейини ҳам барпо этсак, янада хайрли иш бўлар эди. Бу ҳам ўз навбатида ўша шонли ҳаракатнинг яловбардори бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Ҳамза Ҳакимзода, Абдулҳамид Чўлпон каби фидойи боболаримиз хотирасига тикланган маънавий обида бўлар эди.

Сиз учрашувда ижодий-гуманитар олий ўқув юртларида тест синовлари масаласига танқидий муносабат билдирдингиз. Бу неча йиллардан бери халқ билан бевосита мулоқотлар ва кузатишлар асосидаги қатъий фикрлар, албатта. Тест синовлари сабаб юксак савияли ижодий кадрлар етиштиришга етказилган зиён бизнинг қай бир маънода Ғарбга тақлидимизнинг аччиқ мевасидир. Фикрлашдек ғоят муҳим маш­ғулотни кўр-кўрона ёдлашга алмаштириб, фикрий танбаллик, енгил муносабатга йўл очдик ва энг аламлиси, саводхонликни бой бердик. Илгари ижодий-гуманитарми ёки табиий-аниқ фанларми - барча йўналишда иншо ёздириш орқали болаларимизнинг саводхонлигини текшириб олардик. Ахир ёзма нутқий савод қайси касб танланишидан қатъи назар, барчага суву ҳаводек зарур-ку. Балки шундандир, она тилимиз — ўзбек тилига муносабат, эътибор хийла сусайиб кетди. Кўча-кўйдаги пешлавҳаларга қарасангиз, Ўзбекистонда эмас, ажнабий юртда юргандексиз. Унда-бунда кўзга ташланадиган "Дорихона" ёки "Миллий таомлар" деган ёзувларгина қаерда эканингизни ёдга солади. Очиғи, она тилимизнинг мав­қеи ва келажаги билан боғлиқ хавотирли мулоҳазалар бисёр. Биз бугун ёшу каттадан инглиз тилини билишни талаб қиляпмиз-у, ўзбек тилига бепарвомиз. Ҳакка чўқигандек чучмал тил ва ранго-ранг шеваю лаҳжалар расмий-норасмий барча жабҳа-жараёнларга сингиб боряпти. Кўпгина зиёлилар шу муаммоларни бартараф этиш ва буни давлат миқёсидаги масала эканини назарда тутиб, хориж ва яқин тарихимиз тажрибаси асосида "Ўзбек тили жамияти" тузиш ҳақида қарор қабул қилишни долзарб масала деб билмоқдалар.

Шу билан боғлиқ яна бир ўта муҳим ва ғоят оғриқли муаммо бор. Бу — жорий алифбомиз масаласи. Бугун 25 ёшгача бўлган фарзандларимиз лотин алифбоси асосидаги ёзувда савод чиқариб, ундан фойдаланяпти. Катта ёшдаги ҳамюртларимиз эса кирилл ёзувидаги алифбода мутолаа қилади ва иш юритади. Мана, учинчи ўн йиллик тўлиб боряптики, кўпчилик ҳануз лотин ёзувига мослаша олмаётир. Қолаверса, лотин алифбоси, мутахассислар фикрича, тилимиз табиатига унчалик мувофиқ эмас. Бинобарин, у янада такомиллаштиришни тақозо этади. Шу боис оммалашмаётган алифбодан оммавий ахборот воситалари ҳам, нашриётлар ҳам ниҳоятда кам фойдаланяпти. Мактаб ва ўрта махсус ўқув юртлари кутубхоналари лотин ёзувида бўлмаган адабиётларни фондларига олмайди. Натижада - бу кутубхоналар ғарибу қашшоқ, ёшларимиз ёниб тарғиб қилинаётган китобхонлик ва мутолаа маданиятидан бир тош нарида! Истиқлолимизнинг дастлабки йиллари "Ёш гвардия" ёки "Ўзбекистон ССР" номи билан нашр этилган неки китоб бўлса, у Алишер Навоийми, ё Абдулла Қодирий қаламига мансубми — фарқига бормай маҳв этганлари каби, ундан аввалроқ алифбони уч бора ўзгартириб (араб, лотин, кирилл), халқимизни саводсиз этганларидек жоҳилона иш тутишлар миллатимиз тарихи ва тақдирида хунук ва зарарли из қолдириши тайин. Сиз маърузангизда "жаҳолат" тушунчасига алоҳида тўхталиб, "... бугунги ҳаётий жараёнлар жаҳолат ҳамма соҳада ҳам учраши, агар унга қарши ўз вақтида кураш олиб борилмаса, ўта оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқда" деб айтдингиз. Шўро давлати алифбо масаласида ана шундай сиёсат юритгани учун, араб, кейинроқ қисқа муддат лотин алифбосида яратилиб, сақланган ёки нашр этилган қанчадан-қанча маънавий-маданий обидалар: қўлёзмалар, ҳужжатлар, газета-журнал, китоб­лар, ёзишмалар архиву ҳужжатхоналарда ўлик бисот бўлиб ётибди. Биз ҳам лотиндан кирилл алифбосига ўтилган даврдан то шу кунгача саксон йиллик маданий тарихимизни фарзандларимизга кераксиз бир мулк ўлароқ қолдирмайлик. Фурсат ўтмасидан кириллни — асосий, лотинни иккинчи алифбо сифатида қонунлаштирайлик.

Мазкур мулоҳазалар бугун айтилаётган экан, буни «ёв қочса, ботир кўпаяр» қабилида тушунилмаслигини илтимос қилар эдим. Балки истиқлолимизнинг илк даврида мустабид тушунча ва кўникмалардан тамомила холи бўлиш, ёш авлод дунё­қарашини тоза сақлаш мақсадида алифбони ўзгартириш ҳам зарур бўлгандир.

Одатда бундай масалалар халқ хоҳиш-иродасини акс эттирувчи референдум шаклида ҳал этилади. Аммо масала қай шаклда ҳал этилишидан қатъи назар, халқимизнинг кўнглидаги иш бўлиши аниқ.

 

Ҳурматли

Шавкат Миромонович!

Тарихий маърузангиз сўнгида "... маданият, адабиёт ва санъат деган муқаддас даргоҳга қадам қўйган ҳар бир ижодкор, ҳеч шуб­ҳасиз, аввало ўз хал­қининг қалбига қулоқ солиб, унинг дардига дармон бўлишга интилади", деб айтдингиз. Ушбу мактуб ҳам ана шу муддао ила қоғозга тушди. Саҳву хатолари бўлса маъзур тутгайсиз.

Сизга Ўзбекистонимизни гуллаб-яшнатишдек улуғвор эзгу ният ва амалларда собитлик, бардамлик ҳамда элу юртимиз бахтига ҳамиша соғу омонлик истаб қоламан.

 

Шуҳрат РИЗАЕВ,

адабиётшунос,

"Жаҳон адабиёти" журнали Бош муҳаррири