“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

РАЙҲОН

 

Майин ёмғир шивалаб турган субҳидам чоғида Бухоро кўчаларида ой-куни етган оғироёқ аёл кетиб боради. Бояқишнинг ҳансирашидан ярим нураган лойсувоқ деворларнинг оҳори баттарроқ тўкилади. Аёл шалаббо ковушини кўлмакларга янада бўктириб, кўзлаган манзилига интиқ шошади. Чиммат ортида бўлгани сабаб алвон юзидан думалаб тушаётган томчилар, терданми ё ёмғирдан, билиб бўлмайди. Нима бўлганда ҳам у етди, етиб борди. 20-йилларнинг суронида кўпгина ўзбек хотин-қизлари сингари у ҳам паранжисини оловга отди. Хайриятки, улгурди. Камситиш, хўрлик, зулм занжирларини ечиб улоқтирди ва ўзи буткул ҳолдан тойди.

1928 йилнинг 7 мартида попукдек қизча дунёга келди. Унга «Райҳон» деб исм қўйдилар. Қизалоқ аёллар эрк деб курашган майдонда гўё ҳурлик шамоли бўлиб дунё юзини кўрди. Гўдаклигидан уни парвозга шай жонсарак қушчага ўхшатдилар. «Читтак» дея эркаладилар. У ҳамма нарсани тезроқ билишга интилди. Дунёни ўзича кашф қилди. Қиз боланинг кўчада китоб қўлтиқлаб юришига одамларнинг кўзи ўрганмаган, атрофдан минглаб бадқовоқ нигоҳлар уни таъқиб қилиб турган бўлмасин, қизча буларга парво ҳам қилмади. Мактабга борди. Ўқиди, ўрганди.

11 ёшида Райҳон таълим масканида унча-мунча билимларни ўзлаштирган ва ҳаттоки, бухородаги ёш томошабинлар театрида ҳам ишлар эди. Санъатга ошуфта қалби ва қўнғироқдек овози уни жамоада ўз ўрнига эга бўлишига сабаб бўлди. Ана шу тарзда кичкина Райҳон ҳаёт йўлини қура бошлади...

... Ногаҳон инсоният бошига катта кулфат тушди. Иккинчи Жаҳон уруши қўққисдан келган момақалдироқ гувури бўлиб дунёга фалокат дўлини ёғдирди. Ҳамма қайғуда, ҳамма аламда. Ким кимидан айрилган, ким кимини йўқотган. Кимдир жон жигарини қалбига мангуга кўмган. Одамзод ғамдан уввос тортди. Қанчадан-қанча паҳлавонлар эса жаҳаннамга тик боқдилар. Э воҳ, бу тўполонда ўсмир қизгинага нима бор дейсиз...

... 13-14 ёшларида Райҳон театрда ишлаб, жамоатчиликда фаоллиги ва қизиқувчанлиги боис, ҳали олимпиада, ҳали гастроль сафарлари деб ошиқар, тиним билмасди. 13 нафар ёш, ширали овозга эга қизлардан иборат гуруҳни Тошкентга олиб келишди. Ҳамза (ҳозирги Миллий Академик драма театри) театрини, Горький (ҳозирги Рус академик драма театри) театрини кўриб қизларнинг кўзида қувонч порлади. Уларнинг ижроси барчага маъқул бўлди. Райҳон қизлар орасида энг кичиги эди. Унинг ширали овозини алоҳида эътироф этдилар.

Олимпиада учун йўлга отланган поезд «жанг майдонини тозалаш, одамларга ёрдам кўрсатиш керак, ҳамширалар етишмаяпти», деган сиёсат туфайли ҳур қизларни тўппа-тўғри фронтга олиб борди. Курск штабида тўхтаган оппоқ орзули фаришталар қирғинбаротдан қоп-қора кулга айланган оламга келиб қолишди.

Гуруҳ тезда ишга солинди. Эзгуликнинг заволи, ерюткур бомбалар тушган майдонларда қизлар елиб-югуриб ишларди. Тирик қолганларга ёрдам кўрсатишди. Бомбаю миналардан чилпарчин бўлмайин, деган қўрқув ва қайғудан бағрини музга бериб ётган одамларнинг елкасидан тутишди. Ертўлаларда фарзандларини қучиб минг бир азобда ўтирганларга меҳр кўрсатишди. Гоҳ Ленинград, гоҳ Курск майдонида ўзбек қизлари жасорат билан хизмат қилардилар.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Тўраева ана шундай дўзах майдонларида 76 нафар жабрдийданинг ҳаётини сақлаб қолган эди...

Рус заминининг қаҳратони қизалоқни ҳолдан тойдирди. Зах ертўлада юпун тўшакда тунаган Райҳон тонгда уйғониб, оёқларини қимирлата олмади. Бу не кўргуликки, унинг оёқлари ўзига бўйсунмас, музлаб қолган эди. Шифокорлар «қорасон бошланади, оёқларингни кесамиз» дейишди. Оёқлари қотиб қолган қизнинг юраги музлаб кетди. Ўтинди, ялинди, ёлворди, оёқларидан жудо қилмасликларини сўраб илтижо қилди. Шўрпешона қизнинг фарёди фалакка кўтарилди ва оҳу нолалари Худога етиб борди. Неажабки, унинг дардига даво топилган эди. Белорус шифокори тажрибасини ишга солди, иккита челакда — муздек ва қайноқ сув келтиришди. Бемор оёқларини дам совуқ сувга, дам иссиқ сувга солиб олаверишди. Ўшанда сув юзига биқирлаб пуфаклар чиққанидан дўхтир аёлнинг «бахтинг бор экан» деган сўзлари бутун умр Райҳон Тўраеванинг ёдидан чиқмайди.

Райҳон госпиталда узоқ даволанади. Ҳамроҳ опаларидан эса айрилиб қолган эди. Қизлар Курск­да қўшиқ куйлаб, томоша кўрсатиб жангчиларга мадад бўлишлари учун сафарбар қилинганди. Уларнинг қўналғасига яна ўша жирканч махлуқ бомба тушди-ю, қанчадан-қанча мард эркаклар ва 12 нафар ҳур ўзбек қизидан асар ҳам қолмади.

Гулдек қизларини жангу жадал қайнаган уруш домига жўнатган Бухоро — жигаргўшаларим бедарак кетди, дея қон йиғлади. Қанчадан-қанча оналар фарзандининг бир сиқим тупроғига зор бўлиб алам ютдилар. Хонадонларда совуқ сукунат чўккан шундай кунларнинг бирида қўлтиқтаёқда Райҳоннинг уйга кириб келиши онаизорини эсанкиратди. Она қизалоғи пойига ўзини отди ва неча йиллик изтиробларини бир зумда унутди.

Она юртига эсон-омон қайтган ҳур қиз яна санъат остонасини ҳатлади. Бухоронинг Ёш томошабинлар театри ҳамда С. Айний номли Бухоро вилоят мусиқали драма театрларида ишлаб, ўзини намоён қилди.

Ўша йиллар халқни тушкун кайфиятдан чиқариш ва эртанги кунга ишонч, умидини ошириш мақсадида театрларда кўпгина спектакллар саҳналаштирилади. Айниқса, «Тоҳир ва Зуҳра» спектакли ўзбек халқи учун ғалаба овози бўлиб жаранглаган эди. Вилоят театрларидан ёш истеъдодларни рўёбга чиқариш учун вилоятдан келган ёшлар Тоҳир, Зуҳра ва бошқа ролларда синаб кўрилди.

Райҳон Тўраевага Моҳим образи насиб этди. Ижро ҳаммага маъқул тушди. Бир қанча қобилиятли ёшлар йиғилди ва ансамбл тузилди. Бу ансамбл Райҳон Тўраеванинг тақдир йўлини азим Тошкент шаҳрига улади.

Райҳон Тўраева узоқ йиллар Муқимий номидаги ўзбек мусиқали драма театрида фаолият юритди. Кўпгина роллари билан халқ эътиборини қозонди. Кейинчалик фольклор ансамбли тузиб, концерт дастурларида ўзига хос чиқишларни намойиш этди. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.

Райҳон ая Муқимий театрининг забардаст бастакори Тўхтасин Жалиловнинг келини. Ая бугун қарийб 90 ёшни қаршиламоқдалар. Фарзандлар, неваралар, эваралар қуршовида суюкли бувижон бўлиб ўтирибдилар. Бизнинг, бутун миллатнинг қаршисида эса катта тарих, жасорат мактаби пешвоз турибди.

Бугун 13-14 ёшли қизларнинг хаёлидан нималар кечади. Улар тинчлик, осудаликнинг малаклари гўё. Фикру-ёдлари билим олиш, ўқиш, ўрганиш. Муҳташам уйларда яшаб, чиройли, бир-биридан турфа либосларни эгниларига илиб, ҳаётдан мамнун чопқиллаб юрибдилар.

... 13 ёшли Райҳон бўлса окопларда, ертўлаларда ярадор қондошларини муштдек елкасига опичлаб, судраб борарди. Уни «Райҳонча», дейишарди. «Жанг майдонига болаларни нега олиб келасиз, булар нима қила оларди?» дея норози бўлган капитанлар — бола қалби билан қизалоқ қутқарган сон-саноқсиз одамларни кўриб лол қолгандилар.

Ўтган асрнинг инсоният бошига солган ғавғоси, тан олиш жоизки, миллионлаб юраклардан ўчмайдиган жароҳат қолдирган. Бироқ ўз қисматини жамият тақдири билан чамбарчас боғлаган, муштдек юраги билан ўзларини юрт олдида, башарият олдида бурчли деб билган ҳур қизларнинг жасорати абадият тарихидан, қалблардан, хотиралардан асло ўчмагай.

Мадҳия АВАЗОВА