“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ОДАМЛАР КИТОБГА ҚАЙТАЯПТИ

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-мактаб директори

 

ОДАМЛАР КИТОБГА ҚАЙТАЯПТИ

"Эй азиз! Киши учун китобдан азизроқ ва ёқимлироқ суҳбатдош йўқдир. Китоб фасоҳат, балоғатда, латофатда тенги йўқ, мунофиқликдан холи ҳамроҳдир. Ёлғизликда ва ғамли айёмларда мунис улфатдир. Унда на нифоқ бор ва на гина. У шундай ҳамдамки, сўзларида ёлғону хато бўлмайди. Суҳбатидан одамга малоллик етмайди. У ўз дўстининг дилини оғритмайди, юрагини сиқмайди. У шундай рафиқдирки, киши орқасидан ғийбат қилиб юрмайди. Унинг суҳбатидан сенга шундай файзли фойдалар етадики, бундай фойдани одамлардан топа олмайсан".

 

Муҳаммад ЖАБАЛРУДИЙ

КИТОБХОН КИМ?

Бугун китоб, китобхонлик ҳақида кўп гапириляпти, турлича қарашлар ўртага ташланяпти. Аввало ҳар бир китоб ўқиган кишини китобхон дейиш тўғрими деган савол устида бош қотирайлик. Мен бир кишини биламан, ўрта мактабни ўртамиёна баҳоларда тугатган, ҳозир қарилик нафақасида, аммо мактабимиз кутубхонасига деярли ҳар куни келади. Унинг қизиқишларини билиш учун, олиб ўқиган китоблари рўйхатини кўриб чиқдим. Биласизми, у бадиий асарларни ҳам, турли фанларга доир рисолаларни ҳам олиб кетаверар экан. Асарларнинг бири боғдан, иккинчиси тоғдан, хўш уларни китобхон деса бўладими?..

Китоб ўқиш, китобхонлик ўзига хос санъат, бадииятга ҳам маълум тайёргарлик билан кириш зарур, керак бўлса китобхонлик учун ҳам устоз кўриш лозим. Мактабга раҳбар бўлиб келган йилим юқори синфларга бирма-бир кириб, қайси ўқувчи қандай асарларни ўқиганлиги билан қизиқдим. Кейин шу ўқувчиларнинг бошини бириктириб, "Китобхонлар клуби" очдим. Клуб аъзоларига биринчи бўлиб Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романини ўқишни тавсия қилдим. Бир ҳафта-ўн кун мобайнида ҳамма шу асарни ўқиб чиқди, кейин ундан олинган таассуротларни ўртоқлашдик. Ишонасизми, айрим ўқувчилар билдирган мулоҳазалар ҳалигача биронта адабиёт билимдони томонидан ҳам эътироф қилинмаган бўлиб чиқди. Кейин грузин адиби Нодар Думбадзенинг "Абадият қонуни" романини ўқидик. Шу тариқа Чингиз Айтматовнинг ўта жиддий — "Асрни қаритган кун"игача бўлган масофани босиб ўтдик, ўша ўқувчиларим ҳалигача қайси китоб­ларни ўқиш юзасидан маслаҳатларимни олиб туради.

Ўзингиз болалик йилларингизда мутолаа қилган асарларингизни эслаб кўринг, негадир ўша китоблар ҳаётингизда ўқиган энг гўзал битиклар, қаҳрамонлари эса энг идеал қаҳрамонлардек бўлиб туюлади. Отамнинг китоб жавонида "Капитан Грант болалари", "Ўн беш ёшли капитан", "Том тоғанинг кулбаси", "Мюнхаузеннинг бошдан кечирганлари", "Эллада қаҳрамонлари", "Том Сойернинг саргузашт­лари", "Шум бола", "Ўзбек халқ эртаклари", "Гўрўғли", "Алпомиш" сингари асарлар бўларди. Биз — ака-ука, опа-сингиллар шу китоб­ларни талашиб-тортишиб ўқирдик. Ҳалигача таассуротларидан чиқолмай ҳалакман.

Бугун бир-икки китобни ўқиган ёки ўқимаган киши ҳам қизиқишдан адабиёт яратишга интиляпти. Йўлини топиб хом-хатала нарсаларини китоб ҳолида нашр ҳам эттиряпти. Лекин буни адабиётнинг савияси тушди деб баҳоламаслик керак, вақти келиб китобхон бундай асарлардан безиб қолади, ана ўшанда ҳақиқий адабиёт нима эканлиги яққол бўй кўрсатади.

 

БИР БОҒ ПИЁЗ ЎРАЛГАН ХАЗИНА

Ҳар гал қишлоқдаги "Деҳқон бозори"га йўлим тушганда бу одамохун онахон билан саломлашмасдан ўтмайман, эҳтимол биргина мен эмас, кўпчилик унинг ширин сўзларига дил бергандир. Аслида қўшни Миришкор қишлоғидан бўлган бу онахон чорак асрдирки, қишлоғимизни сархил мевалар, турли ошкўклар билан таъминлайди.

— Мана шу кўкатларни ола кет, набираларим ейди, — онахон раста остига энгашиб қалингина китобни олди-да, икки варағини йиртиб, маҳсулотларни алоҳида-алоҳида ўрашга тушди.

Юрагим ҳаприқиб кетди, болаликдан неча бор титкилаганим — "Синдбоднома" китобининг "Шедевры мировой литературы" рукнида босилган русча нашри.

— Илтимос, шу китобингизни бир варақлаб кўрай, — дедим.

Китобдан ҳинд халқининг "Тўтинома" ва яна қайсидир асар ўрин олган экан. Илк саҳифасига эса чиройли ҳуснихат билан қуйидаги сўзлар битилганди:

"Меҳрибон ўқитувчимизга, миннатдор ўқувчиларидан эсдалик". Кейин қатор имзолар қўйилиб, 1971 йил санаси кўрсатилган.

— Эсдалик экан, нега йиртяпсиз?

Онахон гуноҳ иш устида қўлга тушган боладай талмовсираб:

— Раҳматли эримга қайсидир йили ўқувчилари совға қилган, энди уни ким ўқирди болам, бундай китоблардан сон нечтаси жавонда чанг босиб ётибди, ўқимоқчи бўлсанг олақол...

Бу беозор мулоҳазалар сабаб беихтиёр кўз ўнгимдан "Ойнаи жахон" орқали берилаётган "Жумонг", "Аччиқ ёлғон", "Сўнгги қиролича" сериалларига термилиб кунни қорайтираётган турли ёшдаги ўғиллар, қизлар ўтади. "Наҳот китобнинг, китобхонликнинг даври ўтган бўлса? " Ака-укаларим билан китоб талашиб, момолар айтган эртакка қулоқ тутиб ўтказган тунларимни эслайман...

 

МУКОФОТУ МАНФААТ ИЛИНЖИДА...

Абдулла Орипов илк мўъжаз китоби — "Митти юлдуз"ни нашр эттирганида йигирма бешни, Тоғай Мурод биринчи қиссаси қўлёзмасини журналга топширганида ўттизни қоралаганди. Субҳи саҳар туриб, "Ойнаи жаҳон" мурватини бурасам ўқувчи қизча бурро-бурро гапиряпти:

— Бу менинг учинчи китобим, тўртинчисини ҳам нашрга тайёрладим...

Тенгдошлари сочбоғига жамалак тақиб, беланчак учишдан ортмаётган бу қизчанинг сермаҳсуллигига тан бермасдан илож йўқ. Эҳтимол: "Бунинг нимаси ёмон, ёшларимиз илгарилаб кетди", дерсиз, аммо аксарият шундай китобчаларни варақлаб кўринг-чи, биронта эсда қоладиган шеър топиладими? Назаримда бугун бадииятнинг "Мукофоту манфаат учун ёзиладиган адабиёт" тури пайдо бўлди.

Ҳозир нашриётлар эшигига "меҳрибон отажонлар" танда қўйишган:

— Қизимнинг китобини чиқариб беринг, фалон танловда иштирок этиши керак.

Таҳририятлар эшигини қоқишаяпти:

— Ўғлимнинг шеърларини тартибга келтириб берсангиз.

Қаламкаш танишим кўкрагига муштлади (албатта мақтаниб):

— Фалончи мукофотни олган писмадончи ўқувчининг китобини мен ёзиб бергандим.

Илгарилари китоб чиқариш у ёқда турсин, шеър ёки ҳикоянгиз адабий-бадиий газета-журналлар саҳифасидан ўрин олиши учун ҳам минг битта чиғириқларга дуч келар, ёзувчилар уюшмаси махсус кенгашидан ўтсагина "катта саҳна"га йўл оларди. Ҳозир эса китоб нашр этиш ҳам ўзига хос бизнесга айланди. Фақат чўнтагингизда ақчангиз ёки саховатли ҳомийингиз бўлса бас, шапалоқдек, ёстиқдек китобларингизни бир ҳафтада жимжимадор қилиб қўлингизга тут­қазади, уни ким харид этиши эса ўз муаммоингиз, муҳими китобингиз чиққан, катта-кичик давраларда кўз-кўз қилишингиз, саховатингиз бўлса таниш-нотанишга дастхат битиб беришингиз мумкин.

Балки ёш ҳаваскорнинг (эртага ундан шоир чиқадими, ёшликнинг қўним билмас яна бир ҳаваси унутилиб кетадими) китобини чиқариш, ҳомийлик қилиш унга ижодий рағбат берар, аммо адабий жамоатчиликка анча танилиб қолган ижод аҳли ўртасида ҳам китоб чиқариш мусобақаси авж олдирилаётганига нима дейсиз?

Ўрни келганда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозим, китобхондан маълум даражадаги руҳий тайёргарликни талаб этадиган, фалсафий мушоҳадаларга бой асар муаллифнинг машаққатли меҳнати, ботиний эврилишлари эвазига дунёга келади, бундай ёзувчи ижодида сермаҳсуллик кўзга ташланмайди. Бугун эса ўтирса роман, турса қисса, юрса ҳикоя ёзадиган адиблар (бир кўнгилочар газета ходими бармоқ босиб санайдиган муддатда ўндан ортиқ қораламани саргузашт-детектив роман деб китоб ҳолида чиқарганини бошқача қандай аташ мумкин?) пайдо бўляпти.

Шунга яраша уларнинг битикларидан бадиият бир четда қолиб, жўн жумлалар, нимбадиий тўқималардан иборат сюжетлар кўпроқ ўрин оляпти. Бирисининг қаҳрамони Дубайда юрса, иккинчисиники Африканинг жунглиларини, Россиянинг бепоён ўрмонларини, Парижнинг серҳашам хиёбонларини (зора муаллифнинг ўзи шу ерларни номига бир кўрган бўлса) қоқ ёришяпти. Аслида туриш-турмуши салбий қусурлардан таркиб топган қаҳрамонни китобхонга ижобий образ ўрнида тиқиштиришга бўлаётган уринишлар, ғарбда "енгил мутолаа" деб номланган детектив асарлардан кўчиб ўтган (миллий колорит нима бўлади?) воқеалар силсиласи, ўзбекчилигимизда бир-биридан сир тутиладиган маиший саҳналар очиқдан-очиқ баён этилаётганига нима дейиш мумкин?

Илгари яхши журналист оддий мақолани меъёрига етказиш учун қайта-қайта қоғоз қораларди, эндиликда аччиқ ичакдек чўзилган, тўқима саҳналарга бой айрим "сериал қиссалар" ҳам тўғридан-тўғри газета саҳифасига ёзилаётганидан ҳам хабар топдим.

"Сариқ матбуот"да бир нечта сериаллари эълон қилинган бу ижодкорнинг жаҳон ва ўзбек адабиётидан қайси асарларни ўқиганлиги билан қизиқдим.

У бир муддат кўзларини пирпиратиб турди, сўнгра ўзини ўнглаб олди шекилли иддао билан жавоб қайтарди:

— Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз, мен ўқувчи эмас, ёзувчиман...

Мана сизга ўзини бамайлихотир "ёзувчи" деб атаётган бир биродаримизнинг жайдари фалсафаси. Аслида ижод аҳли вакили адабиётнинг зийрак мухлиси бўлиши, нафақат миллий, балки жаҳон микёсидаги адабий жараённи кузатиб бориши шарт эмасми? Агар сен адабий жараёндан йироқ бўлсанг, жанрнинг энг сара намуналари ҳақида юзаки ахборотга ҳам эга бўлмасанг, яратаётган асарларингни ким ва нима билан бўйлаштирасан, бугун эрмак учун ўқилиб, эртага унутиладиган ўнта асар ёзгандан, биттасини қиёмига етказган афзалроқ-ку...