“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

АДАБИЁТ АСИРИ

Павель БАСИНСКИЙ,

Журналист

АДАБИЁТ АСИРИ

(«Лев Толстой — озод инсон» китобидан1 )

Янги, 1851 йилни Толстой йўлда кутиб олди.

Уч йиллик айрилиқдан сўнг 1850 йил декабрининг охирларида Кавказдан Николай Толстой2  келади ва Покровскийда, опаси Маша ҳамда унинг эри Валериан Толстойларнинг ер-мулкида тўхтайди. Акасидан хат олган Лев 31 декабрь куни Москвадан йўлга чиқади ва 1 январда Покровскийда бўлади. У ерга Курскдан Дмитрий3  ҳам келганди. Укаси Сергейни4  Тулага бориб кўрган Николай унинг аҳволидан хуноб бўлиб қайтади.

«Серёжа, — деб ёзади Николай Москвага, яъни Левга, — лўлипарастликни қўймаяпти, уззукун соатлаб ювинмай-таранмай дарчага термилиб ўтиради. Битта-яримта лўли Маша (лўли қиз Мария Шишкина — П. Б.) ҳақида хабар олиб келсагина жонланади-я... «Серёжа тубанлик жари ёқасида турибди», деган гапингда жон борга ўхшайди. Бунақада ўзининг фикрича, лўлилардан бошқа ҳамма шайтон, деб Туласидан силжимайди-ёв».

Афтидан, Лев ва Николай ўртасида бўлган Сергей борасидаги суҳбат Покровскийда Янги йилни нишонлаш арафасида рўй берган кўринади. Қизиғи шундаки, ука акасидан ҳадиксираб ичидагини тўкиб солган.

1850 йилнинг декабрида Сергей Москвага, Левга молиявий томондан ҳамда хизмат юзасидан кўмак сўраб бир нечта нома жўнатади. Лекин бу гўё бироз фурсатга ака ва уканинг ўрин алмашиши эди. Левнинг тан олишича, Кавказга жўнашдан олдин у Москвада «молдай» яшаганди. Қартабозлик, қарзлар, лўлилар... Бирон ишнинг бошидан ушламаган...

Бу ташқи таъсирлар ёрдамида жамиятда зодагон мавқеига эга бўлишни истаган оқбилак йигитчанинг ҳаёти эди.

Ёш Толстойнинг ўша пайтдаги «қарич»ини Қозонда бўлган бир воқеадан ҳам билиб олиш мумкин. Ўшанда Лев ва Николай Кавказга кетаётиб Қозонга тушиб ўтишганди. Бу воқеани биограф П. И. Бирюков Лев Николаевичнинг ўз оғзидан эшитиб ёзиб қолдирган экан.

«Лев Николаевичнинг ўша сафардаги кайфияти кибр-ҳавога мойил эди. Қозонда акаси унинг аҳмоқгарчилигини англашига мажбур этган. Улар шаҳар бўйлаб кетишарди, ёнларидан узун арава зинапоясига тиралган ҳассага таянганча қўлқопсиз бир жаноб ўтиб кетади.

— Бу тақсирнинг бемаъни одам эканлиги кўриниб турибди.

— Сабаб? — деб сўрайди Николай Николаевич.

— Қўлқопсиз-ку.

— Қўлқопсиз бўлса, нега бемаъни бўларканми? — ёқимли табассум билан сўради Николай Николаевич».

Нега у Кавказга отланди? Афтидан, уни Николенька кўндирган. Лекин Левнинг кундалигига қарайдиган бўлсак, Покровскийдаги учрашувда ака-уканинг фикри бир жойдан чиқмаган. «Покровскийда бўлдим, Николинька билан кўришдим, ўзгармабди, агар у бунчалик ғалати бўлмаганда, мен унга анча-мунча таъсир ўтказа олардим; у ё ҳеч нарсани пайқамаяпти ва мени ёқтирмайди, ё ўзини гўлликка соляпти».

1848 йилдаёқ Толстой бўлажак поччаси Валериан Толстой билан сал қолса Сибирга жўнаб қоларди. Лев Валерианнинг олдига, тарантасга5  қалпоқсиз, биргина яктакда югуриб бориб чиқиб олади. Қалпоғини унутиб қолдиргани учун ҳам кетолмагандир балки. Худди шу тарзда бир йил ўтиб Москвадан Петербургга қочади. Ўртоқлари жўнаётган дилижансга6  сакраб чиқиб олади.

Т. А. Ергольскаяга7  ёзган хатида Кавказга жўнашни «coup de tete» — «ажойиб-ғаройиб истак», деб атайди. Т. А. Ергольская ҳам «Кавказга жўнар экан, у ҳеч қандай режа тузмаганди. Унинг ёшлик ғайрати инсон ҳал қилувчи вазиятларда ўзини тасодифга топшириши лозимлигини уқтириб турарди», деб ҳисобларди (кундаликдаги ёзувдан).

Хола жиянининг феъл-атворини ҳаммадан яхши биларди. Лев ички дунёсига тааллуқли бўлмаган ҳар жабҳада тақдирга суянарди. Тасодифга ишониб, яшаш шароитини осонгина ўзгартирарди. Университетни, хўжаликни қўл силтаб осонгина ташлаб қўяди, Кавказдаги шиддатли хизматни, деб зодагонларча ҳаётдан осонгина воз кечади.

Аммо бирдан йўлга отланишнинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор эди, бир сўз билан айтганда — қочқинлик. Бу ҳақда «Казаклар» қиссасида княз Олениннинг Кавказга жўнаши саҳнасида бафуржа айтилади. Қарз-ҳавола, аёллар, «молларча» ҳаёт кечиришга ўралашиб қолган Толстой рус шоирлари тараннум этмиш Кавказ табиати, қолаверса, хавф-хатарга тўла хизмат ўзини чинакам йўлга солиб қўйишига умид қилганча ўша ёққа интилади.

Қиссанинг қоралама номи ҳам бежизга «Қочоқ» бўлмаган. Кавказга жўнаш ака-укалар томонидан романтик саргузашт тарзида ташкиллаштирилади. Саратовгача отда боришади, у ердан Астрахангача лоцман ва икки эшкакчи билан елканли қайиқни ижарага олишади. Қайиқ шунчалик катта эдики, ҳатто фойтунлари ҳам сиғади. Сафар бир ойга чўзилади. Кейинчалик Толстой бу сафарни ҳаётининг «энг яхши дамлари» деб эслайди.

Йўл-йўлакай Қозонда, романтик саргузаштда бўлгани сингари, у опаси Машанинг Қозон Родионовский институтидаги дугонаси Зинаида Молоствовага кўнгли тушиб қолади. «У кўп ҳам гўзал эмасди, — деб ёзади бу қиз ҳақида унинг жияни, — лекин қадди-қомати шамшод, истарали ва одамшаванда эди». Зинаида махсус топшириқлар амалдори Н. В. Тилнинг қаллиғи эди ва бу уларнинг ишқига аллатовур омонат, ҳаяжонли тус бериб турарди. Родионовский институтидаги балда Зинаида мазуркага8  фақат Толстой билан рақсга тушарди. Кўриниб турибдики, Толстой ҳам қизга ёққан. Кавказда Лев кундалигига шундай деб ёзади: «Архиерий боғи эсингдами, Зинаида, ёнбошдаги йўлак? Тилимнинг учида дил изҳори учиб чиқай-учиб чиқай, деб турарди, сенда ҳам. Оғиз очсам, кифоя эди; лекин, биласанми, негадир миқ этмадим. Шундай бахтли эдимки, ортиқ ҳеч нарсани истамасдим, ўзимнинг... йўқ, бизнинг бахтимизга шикаст етказишдан юрак ҳовучлардим».

Хатни Кавказдан Зинаидага жўнатмоқчи бўлади-ю, аммо... қизнинг отасининг исмини — Молдестовнани билмасди. Ал­қисса, Толстойнинг ҳаётида илк севги қиссаси шу тарзда якун топади.

Николенька хизмат қилган казаклар қишлоғи — Старогладковскийга бориб қолган Лев 1851 йил 30 майда кундалигига шундай деб ёзади: «Бу ерга қандай қилиб келиб қолдим? Қайдам. Нима учун? Билмайман».

Шундай эса-да, унинг баъзи орзулари амалга ошади. Кавказ табиати Толстойни асир этади. Айниқса, тоғлар!

Бироқ Старогладковский қишлоғи пастликда жойлашган бўлиб, тоғлар бу ердан кўринмасди. Офицерлар хулқ-атвори қўполдан қўпол эди. Бу ерда бир офицер бошқасига «Қалайсан, башара!» деб мурожаат қиларди.

«Барча офицерлар, — деб ёзади Толстой холасига, — умуман ўқимаган, лекин танти одамлар, асосийси, Николенькани яхши кўришади». Бироқ Николай бу ерда ўзига хон, кўланкаси майдон эди, Лев эса янги, ўзига ёт-бегона шарт-шароитга кўникишига тўғри келади.

Кавказда зобитликдан оддий аскар даражасига туширилганлар, сиёсий жиноятлари учун дворянлик табақасидан маҳрум этилган зодагонлар кўплаб топиларди. Уларнинг умумлашма образини Толстой «Кавказ хотираларидан. Амалдан туширилган» ҳикоясида кўрсатади. Бу ёқимсиз, қабиҳ, ночор аскар Гуськов образидир. Бунда рус адабиётида қабул қилинган «қашшоқ», «кичкина» одамга бошқача нигоҳда назар ташланади. Гуськов ўқувчининг раҳмини келтиради, аммо ҳамдардликни эмас. У, ҳатто нотаниш зобитлардан ҳам шароб, қимор учун қарз сўрайверади. У атрофдагиларга бетакаллуф муомалада бўлади, шу билан бирга, ялтоқланишни ҳам қўймайди.

Гуськовнинг прототипларидан бири — бир вақтлар Тифлис турмаси соқчилар бошлиғи бўлган, кейинчалик номаълум хатти-ҳаракатлари учун аскарликка туширилган Александр Матвеевич Стасюлевич эди. Айтишларича, у пора эвазига бир қанча маҳбусларнинг қочишига ёрдам берган экан. Яна бир тахминга кўра, унинг қўли остидагилар кечалари ашаддий жиноятчиларни қўйиб юборган, маҳбуслар шаҳар аҳолисини ўмарган ва ўлжани соқчилар билан бўлишган. А. М. Стасюлевич машҳур тарихчи ва журналист М. М. Стасюлевичнинг (кейинчалик М. М. Стасюлевич И. С. Тургенев, И. А. Гончаров, А. Н. Островский, М. Е. Салтиков-Шчедрин, П. Д. Бобрикин ва бошқа атоқли ёзувчиларнинг асарлари тез-тез эълон қилиниб турган «Вестник Европы» журналига бош муҳаррир бўлади) туғишган акаси эди. А. М. Стасюлевич Кавказ ва Қрим кампаниясини оддий аскарликда ўтказиб ва ўзининг зобитлик мансабини (прапоршчик) қайтариб олиб, кутилмаганда ўз жонига қасд қилади: мўйнали пўстинда дарёга тушиб, чўкиб кетади.

Гуськовнинг бошқа прототиплари — Достоевский ҳам қатнашган Петрашевский тўгарагининг қатнашчилари А. И. Европеус ва И. С. Кашинлари эди. Толстой Кавказда хизматни адо этаётган бир пайтда Достоевский Омскда сургунда эди. Бир чеккаси, шу тарзда икки улуғ рус ёзувчиларининг тақдирлари кесишади.

Толстойнинг Кавказдаги икки йиллик хизмати (1851 йилнинг июнидан 1854 йилнинг январигача) дудмал таассуротлар қолдиради. Кавказ очерклари («Амалдан туширилган», «Бос­қин», «Ёғоч кесиш», «Жданов тоға ва кавалер Чернов», «Рус аскарлари қандай ўлади»дан ташқари) кейинчалик Толстой Севастополь қамалидан сўнг ёзганларидан кучли фарқ қиларди. «Рус аскарлари қандай ўлиши» ҳақидаги жўшқин ҳикояни истисно қилганда Кавказ очерклари танқидий руҳда битилганди. Қолаверса, Толстой рус-кавказ урушининг адолатли эканига кўр-кўрона ишонарди.

Аммо у тоғликларда ҳам ҳақиқат борлигини сезарди. Кавказ урушининг шафқатсиз тактикаси (маҳаллий халқни унумдор ерлардан унумсиз тоғ дараларига сиқиб чиқарилиши, овулларнинг вайрон қилиниши, ёғоч кесиш ва ҳ.) Толстойга ёқиши даргумон эди. Ҳа, у англаб турардики, «русларнинг тоғликлар билан урушида адолат биз тарафда... Агар мана шу уруш бўлмаганда, русларнинг бой ер-сувларини талон-торожликдан, ёввойи ва урушқоқ халқларнинг босқинидан нима қутқарарди?» («Босқин» очеркининг қораламасидан).

Устига-устак, тоғликларнинг руслар билан уруши Англия ва Туркия томонидан қўллаб-қувватланарди.

Лекин Толстой сиёсатчи эмасди. Аслини олганда, табиатан ҳарбийликдан йироқ эди. Аста-секин у ҳарбийча ҳаётга кўника борди, ҳатто бунда ўзига мақбул жиҳатларни ҳам топди: ов, табиатдан баҳра олиш... Толстойни ажал ёқасида турган одамларнинг содда-жўн муомаласи ўзига ром этарди. Оддий аскарлар билан зобитлар орасидан у бирталай ажойиб ва жасур кишиларни учратади. Масалан, батарея командири Алексеев (у билан Толстой хизматдан кейин ўн йил ёзишиб туради), «кекса аскар, танти, довюрак» ўроллик кавказ Хильковский ёки «Босқин» очеркида прапоршчик Аланиннинг протототипи ёш зобит Буемский.

Толстойнинг Кавказ очеркларида кўплаб зўравонлик саҳналарини, хусусан, рус аскарларига қилинган зўравонликларни топиш мумкин. Тугалланмаган «Жданов тоға ва кавалер Чернов» очеркида Саратов губерниясидан келган рекрут9  ҳақида ҳикоя қилинади. Йигитчани ҳушига келган одам ураверади. Уни хизматни эплолмагани учун калтаклашади. «Уни ҳарбий машғулотларда, югур-югурда, казармада тинмай уришарди. Мўмин-қобиллиги, гунглиги учун бошлиқлар у ҳақда янглиш фикрга боришарди; рекрутларнинг эса бошлиғи кўп бўлади: ундан бир ёшга катта ҳар бир оддий аскар йигитчани истаган кўйларига солишарди... Қанчалик жазолашмасин, бояқиш чидарди, ситамларни ичига ютарди. Уни айнан аскар бўлгани учун ҳам уришарди. Уни яхшироқ хизмат қилиши учун эмас, уриш керак бўлгани учун калтаклашарди...»

Муаллифга анча-мунча шуҳрат келтирган «Болалик», «Ўсмирлик», «Ёшлик» ва «Севастополь ҳикоялари» чоп этилаётган бир аснода «Современник»да эълон қилинган «Босқин», «Ёғоч кесиш», «Амалдан туширилган» китобхонлар ва танқидчилар эътиборидан четда қолаверади. Сабаби бундай Толстойга ўқувчилар ҳали кўникиб улгурмаганди.

Кавказда Толстой кўп жиҳатдан Москва, Петербург, Туладаги ҳаёт тарзини давом эттиради. Тағин қарта, аёллар... У, ҳатто, ўзиники у ёқда турсин, акасининг пулларини ҳам бой беради, қарз­га ботади... Лекин ўша пайтдаги Толстойнинг кундалигини ўқирканмиз, «Болалик»ни-ку қўя турайлик, улкан маънавий-руҳий кучга эга мутафаккир уйғонаётганини кўрамиз.

12 июнь. «Кеча туни билан мижжа қоқмадим, кундаликка битикларимни киритиб, Раббимга муножот қилишга киришдим. Ибодат вақтидаги ҳузурни таърифлаб беролмайман. Магарки, ибодатни ўтинч ёинки шукрона билан ўлчашаркан, демак, мен сиғинмабман. Мен юксак ва эзгу ненидир сўрадим; гарчи ўзим аниқ-тиниқ англаб турган эсам-да, лекин нималигини сўз билан ифодалаб беролмайман. Мен Ундан гуноҳларимни кечиришини сўрадим. Мен унга шукрона келтирдим, сўзларим, фикр-хаёлларим билан эмас, бутун борлиғим билан шукрона келтирдим. Биргина туйғуда ўтинчу шукрона бирлашиб кетганди. Қўрқув ҳисси бутунлай ғойиб бўлди. Кеча тунда мен ҳис этган туйғу — бу Раббимга бўлган муҳаббат эди».

Бу руҳий изтироб, айтиш мумкинки, тугамайди: «... орадан бир соат ҳам ўтмади ҳамки, бузуқилик, шуҳратпарастлик, ношудлик сасларини эшитдим; бу овоз қаердан келаётганини, ҳаловатимни йўққа чиқаришини билардим, унга қарши курашдим-у, мағлуб бўлдим. Шон-шуҳрат, аёлларни орзулаганча уйқуга кетдим; абадий ҳаловатнинг имкони йўқ. Азоб-уқубатга дучор бўлиш муқаррар. Нима учун? Билмайман...»

Толстой «Болалик»ни айнан Кавказда ёзиши ҳам тасодиф эмас. Қиссани аввалроқ, Москва ва Ясная Полянада бошлаган эса-да, лекин айнан Кавказда тугатади. «Болалик» — Толстойнинг илк тугалланган асари. Шу билан бирга, улуғ асар. Иттифоқо, рус ва жаҳон адабиётига янги даҳо кириб келади.

«Болалик»нинг «Современник»­да эълон қилиниши билан боғлиқ қизиқ бир воқеа ҳам бўлиб ўтади. Қиссани Петербургга жўнатаркан, Толстой исм-шарифини тўлиқ келтирмай, «Л. Н.» инициали10  билан кифояланади. Старогладковский қишлоғидан Некрасовга ёзган мактубида Толстой акаси Николайнинг манзилини беради. Николай Толстой ҳам қалам тебратиб турарди. Николай толстойларнинг қариндошлари ва таниш-билишлари орасида зеҳнли ва пишиқ-пухта одам сифатида танилганди. Шу боис кўпчилик «Болалик» Николайнинг илк адабий асари деб ўйлашган. Ахир қисса қаҳрамонининг исми ҳам Николенька эди.

Қўлёзмани Некрасовга жўнатаркан, сирли «Л. Н.» мактубида «Болалик» «Камолотнинг тўрт фасли» (Толстой романни тўрт қисмга бўлишни кўзлаганди: «Болалик», «Ўсмирлик», «Ўспиринлик» ва «Ёшлик») номли йирик романнинг бошланиши эканини айтиб ўтади. Шунинг учун муаллиф ҳар қандай қисқартиришларга рози бўлади, аммо қисса «қўшимчаларсиз ва ўзгартиришларсиз» чоп этилишини талаб этади. Унинг талаби тушунарли эди: қўшимча ва ўзгартиришлар яратилажак «минора»нинг яхлитлигига шикаст етказиши мумкин эди. Бироқ Некрасов тажрибали журналист эди. Номаълум муаллифнинг иқтидорини муносиб баҳолаб, унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирмайди-да, қиссани оддий ном билан — «Болалигим тарихи» деб нашр эттиради.

Толстой ғазаб отига минади! Аввалига у Некрасовга қаҳр-ғазабга тўла мактуб ёзади, аммо жўнатмайди. «Бағоят норозилик билан «Современник»нинг IX сонида «Болалигим тарихи» номи остидаги қиссани ўқиб чиқдим ва унда сизга жўнатганим — «Болалик» романини кўрдим». Некрасовга жўнатган хатида эса Толстой юмшоқроқ муомала қилади, аммо барибир «норозилиги»ни яширмайди: «Менинг болалигим тарихи билан кимнинг неча пуллик иши бор?» Ёш муаллиф маш­ҳур шоир ҳамда кекса журналистга қаттиқ талаб қўяди: «Муҳтарам афандим, асаримнинг давомини жўнатсам-у, башарти журналда чоп этишга муносиб кўрсангиз, бирорта ҳам жумласини ўзгартирмасликка ваъда беришингизни сўрайман».

Ёш муаллифнинг бунга қайсидир маънода ҳақи бор эди. «Болалик» кутилганидан ҳам кўпроқ муваффақиятга эришади. Ёш зобитнинг иқтидорини И.С.Тургенев, И.И.Панаев, П.В.Анненков ва ўша даврда адабиётда катта шуҳрат қозонган намояндалар муносиб баҳолашади.

Кавказда ўтказган йиллари Толстойга улкан таъсир кўрсатади. Вақт ўтиб у Кавказга меҳр қўйганига иқрор бўлади. «У ҳаётидаги энг яхши хотиралар Кавказга тегишли эканини бот-бот тилга оларди», — деб ёзади адибнинг рафиқаси Софья Андреевна. Кавказ ҳақида Толстойнинг дурдона асарлари — «Казаклар» ва «Ҳожимурод» қиссалари ҳамда «Кавказ асири» ҳикояси ёзилади.

1854 йилнинг 20 январида Георгий орденини олиш умидида Толстой Старогладковскийдан Эски Юртга йўл олади. Аммо уни мукофотга тақдим этишмайди. Толстой Кавказни оддий аскар сифатида тарк этади. Фақатгина Тулада «Русский инвалид» газетасидан 1954 йили 9 январда энг қуйи зобитлик мансабига — прапоршчикликка ўтказилганини билиб олади.

Оддий аскар сифатида Кавказни тарк этаркан, Толстойнинг кўнглида нималар бор эди? Акаси Сергей гвардияда бир йил хизмат қилиб капитан унвонида истеъфога чиқади. Толстой Кавказни изтиробли ҳолатда тарк этади. Моҳиятан, у ҳеч ким бўлиб қолаверади. Ваҳоланки, «Современник»даги илк чиқиши ҳали донғи чиқмаган «Л. Н.»га маш­ҳурлик келтиради...

Рус тилидан

Саиджалол САИДМУРОДОВ таржимаси