“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЙИҒЛАЁТГАН ШАМЪ

Жаъфар ХОЛМЎМИНОВ, 

фалсафа фанлари номзоди

ЙИҒЛАЁТГАН ШАМЪ

Олдингдан оққан сувнинг...

... қадри йўқ экан. Бўлганда эди...

Шарқликмиз. Шарқ инсоният тарихида вужудга келган барча дину эътиқодларнинг ватани бўлиб келган. Барча пайғамбарлар ва китобларнинг ҳам. Бирор бир диний ё ахлоқий таълимот Америкадан чиққанини эшитганмисиз, мен эслолмайман. Ҳатто назаримизда Европаникидай кўринаётган   насронийлик ҳам қадимги Фаластин ерларида туғилди. Ҳатто Арасту, Афлотун ва уларнинг изидан борган Қадимги юнон файласуфларининг таълимотлари ҳам «Авесто»га, «Ригведа»га бориб тақалар экан. Бекорга Қуёш ҳам Шарқдан чиқмайди. Шарқ, бу — ёришиш дегани. Фақат Ер юзининг эмас, қалб ва ақлнинг ҳам ёришиши. Ҳатто Одам Ато билан Момо Ҳаво ҳам Шарқ ўлкаларига тушганлар, дейди «Қисас ул-анбиё» китоби. Эҳ-ҳе! Бу ўта кўҳна, ўта қадимий, бечора ва мазлум Шарқ нималарни кўрмади, дейсиз?

...Лекин... Нега бир сиқим бўлиб кетаётган ўарб ва бепоён океан ортидаги чўзинчоқ, аммо калласи катта қитъа шунча тараққиёти билан яна Шарқ маънавиётига қизиқяпти? Шарқ тиллари, тарихи ва маданиятини ўрганяпти?

Биз, яъни, ўрта авлодни дунёга келтирган ўтган асрнинг охирларида инглиз тилига насрий баён билан таржима қилинган «Маснавийи маънавий» асари Америкада 8-10 йил ичида 250 марта қайта-қайта нашр қилинган экан. Бизда-чи? Шарқ маънавиётининг шоҳ асарларидан бири — Румийнинг «Маснавийи маънавий» асари   мустақилликдан кейин маънавиятимиз тарихида биринчи маротаба таниқли шоир Жамол Камол томонидан шеърий йўсинда, ўз вазни ва оҳанги билан ўзбек тилига таржима қилинди. Олти жилдлик, салкам ўттиз минг байтлик улкан бир маънавий хазинани. Ҳамма тушунадиган, содда ва равон тилда. Аммо бор-йўғи уч марта нашр этилди. Тахминан, минг нусхадан уч минг нусхада. Салкам 33 миллионлик жамият учун... Бўлиб чиқсак, неччи донадан тегаркин? Бир миллион кишига бир донаданми?! Ёки марҳамат: буюк бобокалонимиз — Амир Темурнинг «Темур тузуклари» охирги йигирма йил ичида уч мартагина чиққан экан. Кило-кило олтиндан ҳам қимматроқ асар! Шундай бўлмаганда эди 1783 йилда Майер Деви томонидан инглиз тилига таржима қилиниб, Англиядай бир давлатда нашр этилмаган бўларди. Бизда унинг охирги, мукаммал нашри («Ўзбекистон», 2011) жонкуяр адибларимиз — Абдулла Аъзамов ва Тўлқин Ҳайит томонидан амалга оширилган ва гўзал бир шаклда 5000 нусхада нашр этилган. Лекин нега юз минг нусхада эмас? Чунки ҳаммамиз ҳам олмаяпмиз, ҳаммамиз ҳам ўқимаяпмиз-да! Яна «маънавият, маънавият!» деймиз. Шулар эмасми ҳақиқий маънавият сарчашмалари — «Темур тузуклари», «Маснавийи маънавий», «Қутадғу билиг», «Хамса», «Бобурнома»...

Навоий ё Румийни аслиятда ўқиш учун бир ғарблик одам туркий ё форсий тилларни ўрганади, бунинг учун минглаб соатларни, минглаб доллар маблағларни аямасдан сарфлайди. Биз эса... онамизнинг оқ сути билан чиққан тилимизда битилган китобларни олиб ўқияпмизми? Майли, ҳаммасини ҳаммас, э-энг муҳимларини. Кези келганда эса кўксимизга урамиз... Ҳақиқатнинг тили аччиқ-да...

Ҳа, айтганча, китоб бўлгувчи қоғоз ҳам илк маротаба Чинда ихтиро этилган. Шарқ­нинг шарқида. Инсониятнинг энг буюк ихтироси бўлиб. Чин сўзим!

 

Китоб ўғирлаш... савобми?

Ўғирликнинг тури кўп. Жудаям. Уй ўғриси, мол ўғриси, пул ўғриси, қимматбаҳо буюмлар ўғриси, адабиёт ёки санъат асари ўғриси... Энди нима қилайлик, бемаза қовуннинг уруғи кўп бўларкан-да!

Қадимда ўғриларнинг қўлини кесишган. Биринчи маротабада битта бармоғини, такрорланса, иккинчи бармоғини... ва ниҳоят, қўлини. Яхшиямки, инсонпарвар дунёда яшаяпмиз. Бўлмаса, ким билади, дунёнинг ярми битта қўл билан юрармиди...

Китоб ўғирлаш... Адашмасам, ўғирликнинг бу тури эски даврларда, айтайлик, Конфуций ёки Мааррий замонида ҳам бўлган, лекин савоб саналмаган-да! Тўғри, ҳаммаям китоб жинниси эмас, лекин нима дейсизки, яхши китоб ахлатчига ҳам керак экан. Энг қизиғи шундаки, китоб ўғирлаш гуноҳ эмас, савоб эмиш! Ажабо, буқаламун дунёнинг найрангларини қаранг: Барча турдаги ўғирликка жазо бор, лекин негадир китоб ўғрисига нисбатан даъво аризаси ёзилмайди. Наҳотки, китоб шунчалик қадрсиз бўлса! Маънавий бойлик деймиз, ҳатто маънавий бойликнинг қиммати моддий бойликдан баландроқ бўлади, дея муаллифлар — шоир, ёзувчи ва олимлар кўнглини кўтаргандай ҳам бўламиз. Агар шундай бўлса, маънавий бойликни ўғирлаш ўғирликка кирмайдими?

Бир ҳадиси шариф бор: «Икки ҳарис (очкўз) бор. Ҳеч қачон тўймас: бири толиби илм, бири толиби дунё». Илмнинг ҳариси бўлиш, бу — фазилат. Аммо илмга ҳарисман деб бировнинг китобини ўғирлаш фазилат бўлар эканми?

 

...Китоб бериш айбми?

Товусдек товланади. «Ака!» — дейди, «ука!» — дейди, «дўстим!» — дейди. Хуллас, айланади, ўргилади, аммо ўзига керакли бўлган, сиздаги ўша нодир китоб ё китобларни олмасдан қўймайди бу устаси фаранг «оғайнингиз». Одамнинг юзи иссиқ-да. Одамгарчилик қиласиз, жилла бўлса-да ҳурмат қилганингиз, ишонганингиз учун ҳам йўқ деёлмайсиз, жонингизни суғуриб олиб бергандек қўлига тутқазасиз. «Майли», — дейсиз, «қанча вақтда қайтарасиз?» «Э!» — дейди, «Бир, узоғи билан икки ойда қайтариб бераман, хавотир олманг!» — деб ҳам қўяди. Ҳаш-паш дегунча икки ой ҳам ўтиб кетади, кетидан янгидан-янги ойлар ва... қарабсизки, йиллар ҳам. Кутасиз. Яна юзингиз иссиқлик қилади. Безовталанасиз: «Энди бир китобни деб...» «Оғайнингиз» ишини ҳам битказади. Бир куни ютиниб-қимтиниб, муттаҳам бўлгандек омонатингизни қайтаришини сўраганингизда «у сизга нима керак?» — деб юзингизга қарсиллатиб тарсаки тортишдан ҳам тап тормайди. Ана холос! «Ахир, у ўзимни мулким бўлса, керак эканки, сотиб олганман-да!» — дейсиз жиғибийрон бўлиб. Оғринасиз, ишонганингиз учун ўзингиздан хафа бўласиз. «Бу нима деганингиз? Ахир, бу китоб менга ҳам керак-ку!» — дейсиз. Эшитмаганга олади. «Калласи бор одам китобини бировга берадими?!» — деб қўяди охирида худди муттаҳам қилгандек... Бунисини ҳам ҳазм қилиш осон бўлмайди. Хизматга туҳмат, деганлари шу бўлса керак-да! Дўстингдан топ, дўстингдан ол! 

Китобни бировга ўқиш ёки фойдаланиш учун муайян вақтга бериб туриш қадимгилардан қолган олижаноб мерос. Давлат кутубхоналари, хусусий ва шахсий кутубхоналар асосан шу мақсадда ташкил этилган. Бировга ўқиш учун китоб бериб туриш дунёдаги энг савобли амаллардан бири бўлса ҳам керак. Аммо, бу ишончни суиистеъмол қилиб, омонатга хиёнат қилиш керак, дегани эмас-да. Китоб эгасига раҳмат дейиш ўрнига унинг шаънини камситиш эса маърифатсизлик, худбинликдан бошқа нарса бўлиши мумкинми? Беихтиёр Юсуф Хос Ҳожибнинг сатрларини эслайсиз:

Ҳар кўрган кишига китобинг берма,

Берма, дўст бўлса-да, ишониб юрма.

 

...Кулаётган шамъ

Агар борди-ю инсониятнинг омади чопиб, турли хил хавф-хатарлардан эсон-омон чиқса ва яна минг йиллар яшаса ҳам, жажжи қуёш — шамъ барибир қолади. Илм-фан ва техника тараққиёти фантастик даражага етган тақдирда ҳам инсониятнинг мунисгина дўсти, вафодор ёри бўлиб қолаверади. Зеро, ҳар қандай энергия манбаининг маълум бир муддатга ўчиши, ҳатто бутунлай тугаб қолиши эҳтимоли ҳам бор-да! Ҳатто бир куни келиб назаримизда абадул-абад чиқиб турадиган Қуёшнинг ҳам энергияси тугар экан...

Юксак даражадаги тараққиётдан руҳан эзилган ва чарчаган Инсон Табиатга, табиий ҳаёт бағрига интилади, табиийликни, оддийликни қўмсай бошлайди. Шунда ёввойи жунглилар, чексиз океанлар, осмонўпар тоғлар, бепоён чўлу биёбонларга чиқишни, табиат билан сирлашишни истаб қолади. У ерларда эса ягона ёруғлик манбаи яна шамчироқ бўлиб қолаверади. Ҳа, Арастую Афлотундан то Навоию Бобургача ва ундан кейин ҳам не-не буюк алломалар қалбини ёритган ҳамда миллионлаб китобларнинг яратилишига гувоҳ бўлган ана шу миттигина қуёш, яна барибир, бир кунимизга ярайди.

Ҳа, шамъ зулмат пардасини ёриб, уйимизга ёруғлик бағишлаганидек, китоб жаҳолат зулматини ёритади, қалбимиз ва шууримизни маърифат нури билан чароғон этади...

Дарвоқе, шамъ унсиз йиғлаяптими ё кулаяптими? Балким, китобсиз ўтаётган самарасиз шомларидан, китоб айрилиғидан йиғлаётгандир? Балким, бизнинг китобсиз кечаётган умримиз устидан...

Айтганча, Румийнинг шайхи Инсон қидириб, Нитшенинг телбаси эса Худони излаб шамъ ёқиб шаҳар айланиб юрган экан. Куппа-кундуз куни... Худони топиб, Инсонни йўқотган Шарқ, Инсонни топиб, Худони йўқотган ўарб...