“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎЗИ ПОКУ КЎЗИ ПОКУ СЎЗИ ПОК...

ЎЗИ ПОКУ КЎЗИ ПОКУ СЎЗИ ПОК...

Ёшинг улғайгани сари ўзинг билган, англаган қадриятларнинг мазмун-моҳияти ҳам шунчалик ўзгариб, салмоқ касб этиб борар экан. Ёшлигингда жуда енгил, осон ва бироз беписандроқ қабул қилганинг айрим маънавий- ахлоқий қадриятлар, ҳаётинг шуларга доир мазмун билан бойигани учунми, тушунчаларингда ҳам бош­қачароқ мавқе эгаллай бошларкан. Камина сўз юритмоқчи бўлаётганим табаррук инсоний қадриятлар — даврадошлик, дўстлик, қадрдонлик, маънавий ака-укачилик кабилар ҳақида ўйлар эканман, ҳаётимнинг кейинги йигирма беш йиллигида топганим дилкаш инсон Фатҳулла ака Эргашев бот-бот хаёлимдан ўтади.

Фатҳулла Эргашев номи тарихчи олимларимиз ўртасида маълум ва машҳур. Бунинг сабаби, албатта, энг аввало, Фат­ҳулла аканинг тарихчи олим сифатида Туркистонда сўнгги мустамлакачилик сиёсатининг сиёсатда, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда, юриспруденция, бошқарув ҳамда таълим соҳаларида қандай амал қилганига доир йигирмага яқин монография, рисола, ўқув қўлланмалари ва ҳоказо тадқиқотлар яратганлари туфайлидир. Саналган йўналишларнинг барчасида Фат­ҳулла Эргашев олим сифатида иқтидори ва билим, савиясини намоён эта олди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясига ишга ўтганидан кейин унинг олимлик салоҳияти тўлақонли юзага чиқди. Гарчи аввал декан, сўнгра проректор лавозимларида қарийб йигирма йил фаолият юритган бўлса-да, у илмни ҳайбаракаллачилик деб қарамади, уни «воситаи жоҳ» қилиб олган айрим лавозимдор шахслардан мутлақо фарқ­ли, илм дунёсига садоқатини ҳалоллик билан сақлай билди.

Фатҳулла акани бирор марта бўлсин, ўз номи билан чиқаётган нашрларга бефарқ муносабатда бўлганини кўрмадим. Шу маънода унинг инсоний тамойилларидан бири, бу — масъулият туйғусидир. У энг оддий масалада ҳам шунчаки муносабат кўрсатганини билмайман. Каттами-кичикми, қандай бўлмасин, масала-муаммони обдон тагига етиб, унинг мусбат ва манфий томонларини тўлиқ ўрганиб, шундан ке­йингина муаммонинг ечими ҳақида бош қотиради. Бу хусусият, айниқса, академияга профессор Алишер Аббосович Азизхўжаев раҳбарлик қилган даврларда яққол кўринган эди. Аслида-ку, Алишер Аббосовичнинг ўзи масъулиятни ҳис қилмайдиган одамни, ким бўлишидан қатъи назар, мутлақо жини суймас ва бундай одамни атрофида кўпда ушлаб турмасди ҳам. Шу маънода Фат­ҳулла ака Алишер Азизхўжаевнинг ҳурматини қозонган эди.

Камина Фатҳулла акани аслида ўтган аср саксонинчи йилларидан танир эдим. Бу «барно йигит» ўша даврлар барча филологларнинг «кумири» бўлган устозимиз Озод Шарафиддиновга куёв эдилар. Домланинг биттаю битта арзанда қизлари Муҳаббат опага уйланган ҳамда Озод домлага шунчаки куёв эмас, куёв-ўғил бўлиб қолган инсон эди. Озод домла куёвини оталарча самимият билан ўзига яқин тутар ва ҳадди сиққан айрим тадбирларга, айниқса, улфатлар билан турли ҳудудлардаги сафарларига бирга олиб борар эди. Демак, Фатҳулла ака домланинг ишончини тўлиқ оқлаб, куёвлик мақомидан маънавий фарзандлик рутбасига кўтарилган эди. Озод домланинг умр поёнигача Фатҳулла ака бу инсонга фарзандлик садоқатини кўрсатди. Нафақат ўзи, ўғил-қизларини ҳам боболарига ниҳоятда яқин бўлишлари учун имкон яратди, рағбат кўрсатди. Аҳли аёли — Озод домланинг қизи Муҳаббат Шарафиддиновага бўлган муносабатини таърифлашга эса қалам ожиз. Бу ҳақда яна сўз айтиш мавриди бўлар.

Ҳозир гап кўпроқ каминанинг Фатҳулла Раимович билан танишлик «стажим» ҳақида. Хуллас, хотира бисотимни титсам, Фатҳулла ака билан сиртдан танишлигим қирқ йилга яқинлашибди. Аммо бизни чинакамига яқин қилган даргоҳ дастлаб ҳозирги Миллий университет, кейинроқ эса, росмана ака-укага айлантирган маскан — Президент академияси бўлди.

Вақти-соати етиб, Давлат ва жамият қурилиши академияси ҳақида бирор китоб яратилса, унинг зарварақларини Алишер Аббосович Азизхўжаев раҳбарлик қилган йиллар ташкил этади, албатта. Айнан шу даврда бу масканда зўр ижтимоий-маиший шароит ва ниҳоятда мақбул маънавий ижодий муҳит пайдо бўлди. Бу даргоҳга барчамиз қалбимизда орзиқиш, тафаккуримизда қониқиш билан қадам босар эдик. Бу ердаги бош тамойил «Марҳамат, фидокорона меҳнат қил ва меҳнатингга яраша қадр топ» эди. Шунданми, академиядаги оддий фаррошдан тортиб, проректор-ректоргача академия тупроғини табаррук билиб, унга меҳр-оқибатини мустаҳкам сақлар эди.

Биз академияда етти-саккиз муаллим, ходимлар ўзаро топишиб, даврадош бўлиб қолдик. Гарчи улфатчилик пайтида мутлақо сезилмаса-да, ёш нисбати жиҳатидан ўн-ўн икки ёшларгача фарқимиз бор эди. Фатҳулла ака бу даврада етакчи, маслаҳатгўй, йўл кўрсатувчилардан. Бинобарин, барчанинг самимий муносабатига сазовор. У — улфатчиликни яхши кўрадиган одам. Дўсту қадрдон, даврадошларни қадрлайдиган ва бу муносабатларда ҳам масъулиятни сира эсдан чиқармайдиган ҳушёр инсон. Қарийб йигирма йиллик даврадошлик даврида ана шу етти-саккиз кишилик давра мустаҳкам иплар билан боғланса-боғландики, асло узилмади. Тўғри, орада даврадошлардан бири ҳаётдан кўз юмди, айримлари соғлиқ туфайли ёки бошқа бир ташвишлар билан банд бўлиб, йиғилишлар бироз сусайиб қолди. Аммо сира тўхтагани йўқ. Аксинча, энди авжи баҳор палласи яна бир-бирига муштоқ кўнгиллар ҳаволар истаб турибди. Бунга-да яқинлашиб келаётган қутлуғ сана — Фатҳулла аканинг табаррук етмиш ёши туртки берса ажабмас.

Етмиш деб ёзяпману сира ишонгим келмайди. Фатҳулла аканинг қадди-басти, ўктамлиги у кишига назари тушган бирон одамни шундай улуғ ёш ҳақидаги хаёлга олиб бормайди. Аксинча, улардаги салобат, файз ва донишга тўлган нигоҳлар кишида бу инсонга самимийроқ муносабат кўрсатиш истагини пайдо қилади. Буни балки аканинг юксак маънавиятидан белгилар десак тўғрироқ бўлар. Чунки маънавият ҳар бир инсонда дастлаб унинг ташқи кўриниши, юриш-туриши, муомаласиданоқ зоҳир бўлади. Тўғри, халқимизда «Сурат алдамчи бўлиши мумкин», деган тушунчалар ҳам бор, аммо буни асло Фатҳулла ака мисолида айтиб бўлмайди. Чунки у зотга Оллоҳ сурату сийратни муштарак берган. Илло, суюмли бандагина шундай уйғун сифатлари билан ўзгаларга ибрат бўлмоғи назарда тутилади...

Мен аканинг мушоҳада ва вазминлик сифатлари, ҳар бир ҳодиса ёки кимсага эътиборли, масъулиятли, одобли муносабатлари, дўсту ёр, қариндош-яқинларга меҳру оқибат, самимиятларини таъкидлаб, ана шуларнинг барчаси ва яна не бир хаёлдан фаромуш бўлган фазилатлари билан барчаси жамулжамликда Фатҳулла Эргашевнинг бори маънавий қиёфаси, деб айтган бўлар эдим. Бу фикримни ўзим билган жуда кўп воқеалар, кузатувларим асосида исботлашим мумкин. Лекин, сўзимни мухтасар этиш маъносида, икки воқеа-ҳолатни баён қилиш билан чекланаман.

Биринчиси, Фатҳулла аканинг ота-она, қайнота ва бош­қа вафот этган аждодлари хотирасига ҳурмати, садоқати масаласи. Йилда камида уч-тўрт марта ака ўтган авлодлари қабрларини обод этиш билан махсус шуғулланади. Ўғли Музаффарни ёнига олиб, отаси Раим бува, онаси Насиба ая, бувиси, буваси қабрларини хас-ҳашакдан тозалаб, турли гуллар экиб, қабртошларини ювиб, саришталайди. Ҳафта сари гул эккан жойларига ўзи махсус бориб, сув қуйиб, яна у-бу бегона ўтлардан тозалаб, ораста қилиб келади. Бўлмаса, Раим бувадан беш ўғил, икки қиз қолган. Гарчи улар ҳам ҳамиша оқибатда бардавом бўлсалар-да, ота-онадан кейин авлоднинг каттаси бўлиб қолган Фатҳулла ака аждодлар хилхоналари ободонлиги масаласини ўз масъулиятига олган. Наинки қабристон, бори ука-сингиллар оқибатининг ҳам барқарор посбони — шу ака. Ҳали унисидан, ҳали бунисидан хабар олади, муаммо-масалаларини ҳал қилишга уринади, тўй-издиҳом, яхши-ёмон кунини бирга ўтказиб, жигарлари жонига жон бўлиб туради. Аҳли аёли, фарзандлари, қуда-андалари билан боғлиқ меҳру оқибат узвлари эса алоҳида тарих. Улар янаям юқорироқ, кўламлироқ ва, албатта, ўта масъулиятли, ўта табаррук, муқаддас туйғулар.

Фатҳулла аканинг маънавий қиёфасини янада яққолроқ намоён этадиган иккинчи тарих Муҳаббат опа Шарафиддинова номи билан боғлиқ.

2013 йил баҳори Фатҳулла ака учун ниҳоятда оғир келди. Мартнинг учинчи куни рафиқаси Муҳаббат опани тупроққа қўйди. Бир неча йиллик муолажа ва тиббий тадбирлар ижобий якунга олиб келмади. Бедаво касаллик опани олиб кетди. Ваҳоланки, Фатҳулла ака бори имконияти, ҳатто ўз имкониятидан ташқари неки чора бўлса, барини ишга солди. Югурди-елди, қайта-қайта Ҳиндистонга олиб бориб, ҳафталаб, ойлаб муолажа-даволар қилдирди, ўзи бирор дақиқа аёлининг ёнидан жилмай, бор меҳрини берди. Аммо, афсуски, булар Оллоҳнинг чораси олдида бечоралиқ бўлди...

Муҳаббат опа олтмиш ёшга тўлиш арафасида — 2011 йил январида докторлик диссертацияси ёқлади. Қувончига орзу-ҳавасини улаб, юбилей зиёфати уюштиришди. Бу тадбирга борганки мардум уларга ҳавас қилди. Фатҳулла ака уч қизу ўғли, куёвларини ёнига олиб, опага шеърий табрикларини ўқиб бериб, даврага ажиб завқ-ҳаяжон бағишлади, бахтдан балқиб, бори меҳр-муҳаббатини ошкор этди. Ким билсин, кўз тегдими ё бир совуқ назар-нафас, орада кўп ўтмай Муҳаббат опа дардга йўлиқди. Қарийб икки йил ичида Фатҳулла ака не бир азобларни бошдан кечирди ўзигаю Худога аён. Биз дўстлари, укалари акани дилгир ҳолатда, паришон бир алфозда кўриб, вазият мураккаб эканини сезардик. Аммо Фатҳулла ака тушкунликка тушмай, опанинг даво топишига умидини сира сўндирмай астойдил меҳр кўрсатди. Бин куни ёлғиз қолганимизда, ҳадикланиб кўнгил сўрадим, Фатҳулла ака тўлиб турган экан, дийдаси юмшаб, «Нима бўлсаям Муҳаббатнинг жони омон бўлса бўлди, Худодан фақат шуни сўрайман», деди. Ва қирқ йилдан ортиқ бирга ўтган бахтиёр кунларини эслаб кетди. Бу кунлар аканинг ҳаётидаги энг азиз хотиралар эди. Ва у шу хотиралар билан ҳануз бирга. Бирор кун бўлсин Фатҳулла ака Муҳаббат опа руҳига шодлик бағишлаш илинжи билан яшашдан толиқмайди. Опа ҳақида ва шу асно ўз кечмиши ҳақида хотиралар ёзиш билан андармон. Орада таъби назми зўр келиб, бағишлов шеърлар ёзади. Гоҳ-гоҳ биз дўстлари, фарзандларига ўқиб беради. Биз эса Фатҳулла акадек зиёли, файзли, оқибатли, юксак маънавиятли дўстимиз, акамиз борлигидан ички бир ғурур туйиб, шоду масрур бўламиз.

Ҳа, айтмоқчи, Фатҳулла ака катта қизлари Шаҳнозанинг қизини турмушга узатиб, яқинда эвара кўрдилар. Эваралик бахти билан балқиб, ҳаётдан завқлари ошиб, барчамизнинг холимиздан хабар олиб, яна меҳру оқибатда намунаю ибрат бўлиб юрибдилар. Ака ҳақида ўйласам, дунё шундай одамлар билан дунё бўлиб турганини, ҳаёт Фатҳулла акадек одамлар туфайли гўзал, нурли ва фараҳли эканини кўнглимдан ўтказаман. Ҳамиша бор, соғу омон бўлсинлар!

Шуҳрат РИЗАЕВ