“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МАЪНАВИЯТ МЕЪМОРЛАРИ

Абдулла СОБИРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

МАЪНАВИЯТ МЕЪМОРЛАРИ

Маълумотларга қараганда, ҳозирда Хоразм вилояти бўйича 33 та ихтисослашган китоб дўкони, 21 та газета-журнал киоскалари фаолият кўрсатяпти. Китоб савдоси ва унинг тарғиботи бўйича бунёд этилаётган маърифат масканлари ҳам анчагина. Бундан ташқари, вилоятдаги 70 дан кўпроқ аралаш моллар дўконларида ҳам китоб савдоси, «Хоразм почтаси» филиалида эса сайёр тарздаги газета-журналлар сотуви йўлга қўйилган. Вақтли нашрларни сотиш соҳасидаги юмушларнинг асосий қисми эса «Матбуот тарқатувчи» шўъба корхонаси зиммасида. Вақтли матбуот нашрларининг обуна нусхалари эса вилоятда бу йил биринчи бор 100 мингга етди. Воҳада 29 номда газета ва журнал мунтазам нашр қилиняпти, «Хоразм» нашриёти фаолият кўрсатяпти, 2 телекўрсатув, 1 радиоэшиттириш ва яна кўплаб йирик ахборот-кутубхона тармоқлари узлуксиз ишлаяпти. Буни ўтган асрнинг 90-йиллари кўрсаткичига солиштирганда, ўсиш миқёси бир неча баробар ортиқ эканлигини кўриш қийин эмас. Яратилган бу пойдевор воҳада китобхонлик, газетхонлик даражасини оширишнинг энг катта ва ишончли кафолати, десак муболаға бўлмайди.

Газета-китоб тимсолидаги зиё-маърифатни элга кенг ёйишни ҳаж зиёратига менгзаш мумкин ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 январда қабул қилган «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик даражасини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги Фармойишида уқдирилганидек, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш шу куннинг янада муҳим ва долзарб вазифаси ҳисобланади.

Қайд этиш зарурки, ушбу масала мамлакатимиз раҳбари томонидан бежиз илгари сурилаётгани йўқ. Унинг замирида жамиятнинг стратегик мақсад ва режалари мужассам. Алхусус, китобхон ва газетхон элнинг иқболи порлоқ, бахти барқарор, омади юксак, маънавий баркамол бўлади. У жамият ривожинигина таъминлаб қолмасдан, элда инсонийлик даражасини юксалтириш, одамийлик фазилатларини чуқурлаштириш, уни мустаҳкамлаш, муомала маданиятини ошириш каби олижаноб мақсадларга хизмат қилади. Аммо бунда сон жиҳатдан эришилган марралар кифоя эмас. Мақсад китобхонлик ва газетхонлик даражасини сифат бобида ҳам юқори босқич ҳамда марраларга кўтариш ва уни муаваффақиятли равишда ҳаётга татбиқ этишни таъминлашдан иборат.

... Урганчда бир китобсевар аёл бор: 60 йиллик ҳаётининг қарийб 45 йилини китобга бахшида этган. «Зиёкор» китоб дўкони мудираси Тўхтажон Абдураҳмонова эсақаерга бормасин, энг аввал нашриётлар, ноширлар, китоб битгучи муалифлар; ёзувчи-шоирлар ҳузурига боради. Китоб дўстларини излайди, талаб ва таклифларини ўрганади. Шу аснода, ўз дўконини барчага манзур ва маъқул китоблар, нодир ва мумтоз асарлар билан безайди.

Чиндан ҳам, Тўхтажон Абдураҳмонова «олма пиш, оғзимга туш» қабилида иш тутувчи дўкондорлар тоифасидан эмас. Ўтган йили мазкур дўкон жами 400 миллион сўмга яқин китоб савдосини амалга оширди. Мухлислар қўлига етиб борган китоблар сони 50 мингга, ойлик тушумлар миқдори эса салкам 40 миллион сўмга етди.

Бу — вилоят миқёсида фаолият кўрсатаётган зиё маскани учун катта кўрсаткич. Дўкон айни кунда ҳам қарийб 50 мингта китоб захирасига эга.

Урганчдаги «Хоразм китоб олами» дўкони мудири Дониёр Абдуллаев, Хивадаги «Шарқ зиёкори» китоб дўкони мутасаддиси Рустам Эрниёзов, Боғотдаги «Китоб дунёси» дўкони мудири Умрбек Рўзиматов, айни шундай номда Гурлан туманида фаолият кўрсатаётган дўкон мудираси Раҳима Радикалова, Урганч туманидаги «Китоблар» дўкони мудири Мунис Исмоилов, Янгиариқ туманида элга зиё тарқатаётган тадбирлик субъекти раҳбари Йўлдош Рўзиматов, хонқалик китобсевар-ишбилармон Эргаш Рўзиматов, вилоят ахборот-ресурс маркази раҳбари Раҳимбой Қурбоновлар тимсолида маърифат ва маънавиятимизнинг янада ишчан, уддабурон ва юқори малакали фидойиларини кўрдик.

Урганч шаҳридаги 5-сонли газета дўкони ўтган йили озмунчамас — нақ 6 миллион 601 минг сўмлик савдо айланмасига эришибди. Бу йил давомида мингларча нусхадаги газета-журналларнинг одамлар қўлига етиб боргани, ундаги бой «хазина»дан эса ўн мингларча кишининг баҳраманд бўлганидан далолат. Дўкон сотувчиси Барно Эрназарова — тиниб-тинчимас аёл.

— Муҳтарама волидам мазкур дўконда қарийб чорак аср сотувчилик қилиб, нафақага чиққанлар. Мана ўн йилдирки, унинг ишини шу даргоҳда ўзим давом эттиряпман, — дейди у ғурур билан. — Онажонимни шаҳарда ҳамма газета сотувчиси, зиё тарқатувчи сифатида танийди. Фаолияти давомида дўконга юзларча доимий мухлисларни жалб этишга эришган, шу йўл билан одамларнинг матбуот нашрларидан баҳраманд бўлиш даражасини ошириш, маданий-маънавий ва маърифий савияси, дунёқарашини юксалтиришдек шарафли ва масъулиятли ишга ҳиссасини қўшган. Мен ҳам онамдек фаолият олиб боришни олдимга мақсад қилганман.

Шаҳару қишлоқларимизда фаолият қўрсатаётган бу янглиғ зиё масканлари сони мутолаага бўлган талаб ва эҳтиёжларни қондиришга бемалол имкон беради. Бироқ, бу борадаги яна бир долзарб вазифа — сон миқдорларидан сифат кўрсаткичлари томон бурилиш ясамоқдан иборат.

— Айтингчи, фаолиятингиз давомида дўконингиз ташаббуси билан бирон-бир янги китобнинг тақдимот маросими, китоб сайли ёки китобхонлар билан у ёки бу мавзулар юзасидан учрашувлар, мулоқотлар, тарғибот-ташвиқот тадбирлари уюштирилганми? — сўраймиз воҳадаги йирик ва номдор китоб дўконларидан бирининг соҳибидан.

— Буни ҳали йўлга қўйганимизча йўқ, — дейди у бамайлихотир.

Шу аснода дўкон ташаббуси билан китоб ва китобат билан шуғулланувчи муаллиф-ижодкорлар, ноширлар, олим-тадқиқотчилар билан учрашувлар ўтказилмагани, ижодкорлар билан алоқалар йўлга қўйилмагани, янги келтирилган китоблар хусусида аҳоли, хусусан, ўқитувчи-педагоглар, талаба-ёшларни хабардор қилишга эътибор қаратилмагани ҳам аён бўлади.

Айрим дўкондорлар суҳбат асносида китоб таъминоти юзасидан тегишли нашриёт-матбаа корхоналари билан ҳамкорлик шартномалари тузилмагани, сотувдаги китобларни эса вилоят ҳудудидаги бошқа китоб дўконларидан сотиб олишаётганини билдиришди.

Ахир бу китобларни ўша дўконнинг ўзи ҳам бемалол сота олиши мумкин эди-ку? Бу китоб сотишнинг сифат кўрсаткичлари нариёқда турсин, дўкон тармоқлари ҳатто сон жиҳатидан ҳам ортмаганига далил эмасми?

Замонавий китоб савдоси мавжуд дўконларда мўъжазгина ўқув заллари, кутубхона йўсинида йўлга қўйиш, аҳоли ихтиёридаги ноёб ва харидоргир адабиётларни харид қилиш ва сотиш усулини жорий этишни тақозо қилади. Вилоятдаги бир қанча дўконлар интилиб, изланган куйи сотувдаги китоблар сонини 70-75 мингга етказган бир пайтда, Шовот туманидаги «Махсусазимқурилишсервис» масъулияти чекланган жамиятига қарашли «Китоблар» дўкони атиги 50 нусхадаги адабиёт сотуви билан кифояланганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Афсус, айрим китоб дўконлари тор, тиқилинч, сатҳи эса атиги 12-15 квадрат метрдан иборат бўлиб, бундай жойларда одамларни маърифат ва маънавият ёғдуларидан баҳраманд этишнинг на иложи, на имкони бор.

Урганч шаҳридаги «Даритал» савдо мажмуасининг бир бурчагида қисилиб-қимтинган ҳолда фаолият кўрсатаётган китоб дўкони мудири Қувондиқ Абдуллаев, Урганч тумани марказидаги «Грифел» масъулияти чекланган жамиятига қарашли китоб дўкони мутасаддиси Мунис Исмоилов замонавий ва гўзал меъморий ечимлар асосида янги кенг саҳнли муҳташам дўконлар учун ер майдони ажратилишини сўраб, ҳокимликнинг тегишли мутасаддиларига мурожаат қилишгани, аммо ундан натижа чиқмагани, шу боис, бундай масканларни бошқа жойларда барпо этишга ҳаракат қилишаётганини таассуф билан баён этишди.

Бундан шаҳар ва туман ҳокимликлари раҳбарлари китоб дўконларига деярли ташриф буюришмаётгани ҳам маълум бўлмоқда. Бу каби ҳолатлар китоб савдоси равнақига хизмат қилолмаслиги, кутилган натижалар ижобатига йўл очолмаслиги аниқ ва мутасаддилар мавжуд зиё масканлари фаолияти самарадорлиги ва иш сифатини кўтаришга астойдил бел боғлаб киришсаларгина барча муаммолар ечимини топиши, пировард олижаноб ниятларнинг эса рўёби таъминланишини эслатиб ўтсак, нур устига нур бўлади.

Қайд этиш жоизки, китоб савдосида учраётгани каби айрим камчиликликлар матбуот нашрларини сотиш, тарқатиш ва етказиб бериш билан шуғулланувчи бирқатор маърифат масканлари фаолиятида ҳам кузатиляпти.

.... Янгибозор туманидаги яккаю ягона газета киоскаси Бошқирших қишлоғида жойлашган. Вилоят зиёлилари ва унга мутасадди «Матбуот тарқатувчи» шўъба корхонаси вакиллари яқинда мазкур киоскага ташриф буюришди. Аммо, унга кейинги ҳафталар мобайнида бирон-бир кишининг қадами етганини тасдиқловчи далилни топа олишмади. Келганлар дўконча четига 2016 йилнинг феврал, март ойларида чоп этилган 5-6 тагина газета илиб қўйилганига гувоҳ бўлишди. Хонқа тумани марказидаги 2-сонли газета дўконида эса бундан-да антиқароқ манзара намоён. Илиб қўйилган атиги 6-7 тагина газетани инобатга олмаганда, мазкур маскан газета дўкони эканлигини тасдиқловчи ҳеч қандай далил йўқ. Аён бўлишича, «газета дўкони» омма қалбига зиё элтувчи ахборот ва тарғибот воситаларини сотиш билан деярли шуғулланмас, шуғуллангани эса идора-ёзув қуролларини сотиш ва ксеронусха кўчириш хизмати кўрсатишдан иборат экан. Бу сингари деярли фаолиятсиз газета дўконларига бошқа жойларда ҳам дуч келинди. Хусусан, вилоятдаги бир қатор газета киоскалари аҳолини ҳар йили миллионларча сўмлик матбуот ва ахборот маҳсулотларидан баҳраманд этаётган бир пайтда Урганч шаҳридаги 28-сонли «Матбуот» шохобчаси ўтган бир йил давомида бор-йўғи 100 минг, 4-сонли киоска эса атиги 219 минг сўмликкина газета сотуви билан кифояланибди. Арзимасгина миқдордаги газета ёхуд журналлар сотуви билан чекланаётган дўкончалар вилоят туманларида ҳам анчагина.

Фаолият низомига кўра, газета-журналарни сотув йўли билан тарқатиш, шу аснода эл қалбига маърифат ва маънавият ёғдуларини сочиш, боз устига ўз даромадлари миқёсини ушбу тадбирлар баробарида ҳам оширишдек эзгу иш билан почта корхоналари, жумладан, «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамиятининг Хоразм филиали ҳам бемалол шуғулланиши мумкин. Лекин, амалда-чи?

Мазкур ташкилотдан олинган маълумотномада қайд қилинишича, мамлакатимизда жами мингдан зиёд газета-журналлар чоп этилса-да, бу ерда атиги 21 номдаги босма нашрлар сотувга келтириляпти экан. Обуна ва уни уюштириш миқёслари, нашрларни тарқатиш тадбирларини жонлантиришда эса кутилган ижобий натижалар ҳамон кўзга ташланмаяпти.

Маърифат ва маънавият — кўзга чалинмас, қўлга илинмас унсур, мисоли чексиз уммон. Гарчи моддий неъмат бўлмаса-да, беқиёс, катта ва туганмас куч-қувват, равнақ, рўшнолик, фаровонлик, тўкин-сочинлик ва барқарорликнинг ғоятда мустаҳкам пойдеворидир. Маънавият истиқболига ошиққан кишини ҳамиша эзгу ишлар, амаллар, эзгу ўй ва эзгу фикрат оламига етаклайди. Бу йўлга тушган киши унинг сир-синоатини қанчалар кўп ва мўл ўрганса-да, билганлари билмаганидан кўра оз ва саёз эканлигини англай боради. Юксак маънавият ва теран маърифат инсонни бир томондан қалтис қадамлар, ёмон қилмишлардан асраб турса, иккинчи тарафдан ҳамиша яхши амаллар сари бошлайди.