“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҚАНОТИ СИНМАГАН ХАЛҚИМ

ҚАНОТИ СИНМАГАН ХАЛҚИМ

Ўтган ҳафта Президентимизнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори эълон қилинди. Мазкур ҳужжатлар инсон хотираси муқаддас, қадри улуғ деб қаралаётган юртимизда инсонпарварлик сиёсати юритилаётганини яна бир бор намоён этди.

Фармон ва Қарорни ишга келиб, газетада ўқидим. Кўнглимга алланечук титроқ тушди, отажонимга қўнғироқ қилдим.

—..., — ҳол-аҳвол сўрашган бўлдим.

— Ҳа, болам, тинчликми, овозинг титраяпти, эрталабдан...

— Ўзим... Сизни соғиндим. Овозингизни эшитай дедим.

Отам уч ёшида етим қолган. Бобомни уруш олиб кетган. Отамни уруш етим қилган. Худойим, отамнинг умрини узоқ қил!

Телефон гўшагини қўйдим. Бўғзимга нимадир қадалгандай бўлди.

Отам билан иккимиз орамизда бўлиб ўтган энг оғир суҳбатни эсладим:

— Сенинг армияга эмас, афғонга, урушга кетаётганингни билдим, — деди отам ўша куни.

— Ота, онам билмасин. Шундай бўп қолди, — дедим.

— Уруш мени етим қилди, биласан-а... Лекин сен бор учун менинг етимлигим эсимдан чиқди, сен бор учун мен етимликни унутдим. Мен сени болам деб эмас, отам деб биламан... Энди сен мени етим қилмагин, омон-эсон қайтиб кел, болам.

Отам йиғлади. Мен шу пайтгача отамнинг йиғлаганини кўрмовдим. Оталар йиғлашини энди сира-сира кўрсатмагин, Худойим.

... Отажон, бугун эрталабдан сизни эсладим. Бобомнинг хотираси, сизнинг қадрингиз улуғланганини ҳис қилдим, ота!

«Фронтовик» ҳамқишлоқ боболаримни эсладим. Йўлдош бобо Азизовнинг чап оёғи йўқ эди. «Оёғим Берлинда қолди, энди Рейхстагга байроқ ураман, деб қўл чўзувдим, снаряд опкетди оёғимни. Ҳозир Берлинда кўкариб чиққан оёғим...» дерди. Яна бир Йўлдош бобо, Йўлдош бобо Чўтбоевни эсладим. «Бир кўзимни итдан тарқалган Гитлер ўйиб олган», дерди у.

Саттор бобо Расуловни ёдга олдим. «Бобо, қўлингизни чириллатиб айлантиринг», — дердик биз болалар. Бобо тирсагидан пастини, чап қўлини бодбарак қилиб айлантирарди. Қўл шўрлик узилиб кетмасдан осилиб турганига ҳайрон бўлардик. «Исталинградда фашист билан пичоқлашганман...» — дерди бобо. «Эй-ей, чинданам пичоқлашганмисиз?» — дердик биз. «Эй-ей, шайтоннинг боласи, устимга ташланиб тургач, фашист билан пичоқлашмай қучоқлашайми?» — дерди бобомиз ҳам орқаси тутиб.

Мактабимиз қоровули Тали бобо Тоғаевнинг бир қўлини ўқ тешиб ўтганди. Озғин, қуруқшаган қўл тешилган ёғочга ўхшаб қолганди.

Қишлоғим, сени эсладим. Тинч, осуда, дориломонда яшаётган бугунги одамлар ва уларнинг фарзандлари, невара-чеваралари шу азиз инсонларнинг авлоди. Қадрдон қишлоқдошларим, сизнинг ота-боболарингиз, момоларингиз хотираси улуғланмоқда. Сиз қадрланмоқдасиз.

Урушдан қайтмаганлар, қайтганлар, уруш ортида юраги қону зардобга тўлиб, соғинч азобига дош бериб оёғида тик туриб, тунни кунга улаб меҳнат қилганлар хотираси шарафланмоқда. Ўтганлар ёди, тириклик қадри эъзоз топмоқда.

Яна ўйладимки, агар урушда жабр кўрган, киминидир йўқотган хонадонлар тепасига оқ байроқлар қадалса, Ўзбекистонда томига оқ байроқ қадалмаган бирорта ҳам уй қолмасди. Нафақат уйлар, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсоннинг юрагидан оқ байроқ ўсиб чиқарди. Агар уруш тўхташи учун жон бер дейилса, фронт ортида қолган ҳар бир инсон — қари-қартанг, бева-бечора, ҳатто бешикдаги норасида гўдаклар ҳам менинг жонимни ол деб жон тутган бўларди.

Ўша йиллари Ўзбекистон нафақат матонат, балки оқибат ўлкаси ҳам бўлди. Уруш олови ёнаётган шаҳарлардан жўнатилган қанчалаб бева-бечоралар, етимларга ўз уйидан, кўнглидан жой берди. Мен ер юзидаги ҳамма юртларда, халқларда оқибат деган сўзимизнинг мазмун-моҳиятига тенг келадиган сўз, туйғу, хислат топилармикан, деб ўйлайман. Оқибатнинг таржимаси бормикан?

Ўз боласи оч-наҳор, лекин ўзганинг боласини ўзга демай ўз бағрига олиши, ўз боласи оғзидаги кемтиккина ризқни ўзганинг фарзандига илинишини нима деб тушунмоқ мумкин... Ўзбекистон уруш хонавайрон қилган катта-ю кичикка бошпана ҳам бўлди. Сўраб-суриштириб ўтирмади; Сен русмисан, украинмисан, полякмисан, ҳатто немисмисан деб.

Архив маълумотларида келтирилишича, 1941 йилнинг ноябрь ойигача биргина Украинадан Ўзбекистонга 54 минг нафардан ортиқ киши кўчириб келтирилган. Ўзбекистонга энг кўп Россия, Белорусь, Молдавия ва Болтиқбўйи республикалари аҳолиси кўчиб келган. Улар мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларига жойлаштирилган.

1942 йил баҳорига келиб Ўзбекистонга келганлар сони 716 минг нафарни ташкил этди. Ўша пайтдаги манзарани рус адиби Константин Симонов шундай ёзади: «Кечаларнинг бирида бу майдонда (Тошкент вокзали майдони назарда тутилган) минглаб кишилар ерларда юмалаб ётарди. Эрталабга қадар бу кишилардан бирортаси майдонда қолмади: ўзбеклар барчани ўз уйларига киритдилар».

Инсонийликнинг ёниқ тимсоли — Шомаҳмудовлар оиласи гарчанд кулбаси тор бўлса-да, кўнгли кошона, бағрикенг ўзбекнинг оқибати, оқибатли халқ эканлигини намоён этмайдими?

Бугун димоғи баланд, дийдаси тош, тўқликка шўхлик қилаётган, ўзича олифта инсониятнинг маълум бир гуруҳига айланган ярамаслар ўзбекнинг шомаҳмудовлари олдида бўйнига ташаккур қарзи илиниб турганини билишармикан? Хаёлимда шундай ўйлар ҳам кечмоқда...

Бугун раҳматли катта энамдан болалигимда эшитганим урушнинг даҳшатли очарчилик кунлари хаёлимдан ўтмоқда: Одамларнинг куни кун эмас эди. Ночорликдан дашту далада ўсган янтоқ баргидаги «шакар»ни ялайман, деб оғзидан қон оққан болакайлар, урушга кетган оталарининг катта калишларини дон хирмонига кийиб борган ва кечқурун уйига келгач, ўша калишлар ичига кириб қолган буғдой донларни оналари калишдан тўкиб қовуриб бергач: — «Она бу ўғирликка кирмайди-я, айтинг, она бу ўғирлик эмас-а?», — деб илтижоли термилган норасидаларнинг юракни ўртагувчи нолалари қулоқларим остида жарангламоқда. Чунки хирмондаги ҳар бир дона буғдой фашистга қаратилган битта ўқ, даладаги ҳар бир буғдой бошоғи ўқдон эди. Чунки лаънати фашистни, даҳшатли урушни таг-томири билан қўпориб ташлаш учун оч бўлса ҳам чидаши керак эди Ўзбекистон болалари. Шундай бўлди ҳам. Чидади, матонатли Ўзбекистон чидади. Фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳам фронтда, ҳам фронт ортида туриб мислсиз ҳисса қўшди Ўзбекистон!

Фармон ва Қарорни ўқиб хаёлимдан яна шундай ўйлар кечмоқда: Уруш кўрган бобо-момоларнинг бугунги чевара-эваралари бўлган авлоднинг сираям қони бузилмайди. Бу тоза қонни ҳеч қандай худкушлик, одамхўрлик, ёвузлик қутқулари буза олмайди.

Урушнинг нима эканлиги, унинг уқубатлари инсонлар бошига қандай фожеалар келтиришини англаб етган авлод бугунги ўта мураккаб ва зиддиятли замонда инсоният учун урушга йўл қўймаслик, дунёда тинчлик ва осойишталикни асраб қолиш учун ҳамжиҳатлик, бирдамлик, аҳилликни қўлдан бермасликдан ўзга йўл йўқлигини ҳам англаб етади. Давлатимиз раҳбарининг юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг қалбида хотирлаш ва қадрлаш туйғулари чуқур илдиз отишини жон дилдан истаётганининг сабаби ҳам шу!

 

Қўчқор НОРҚОБИЛ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист