“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ТЕАТР – ЭЗГУЛИККА ЧОРЛОВЧИ ФИКРЛАР МАСКАНИ

Зикир Муҳаммаджонов,

 Ўзбекистон Қаҳрамони

 ТЕАТР – ЭЗГУЛИККА ЧОРЛОВЧИ ФИКРЛАР МАСКАНИ

Театр санъати ҳеч қачон ўз ўрнини бошқа санъат турларига бериб қўймайди, деб ўйлайман. Театр тарихи минглаб йилларга бориб тақалади. Буюк кишилар театрни юксак даражада таърифлаганлар.

Бундан бир неча йиллар илгари маш­­­­­­­­­­­-ҳ­ур кинорежиссёр М. И. Ромм бир мақоласида: «Ҳозирги кино тараққиёти театрни сиқиб чиқаряпти», деганди.

Кўпинча томошабинларимиз: «Телевизор чиққандан бери театрга тушиш камайиб кетяпти», дейишади. Бу гапларда жон бор, албатта. Одамлар ёнбошлашга ўрганиб қоляптилар. Одам серҳаракат бўлиши, бош­қалар билан муомалада камол топиши  керак-ку. Мен театрга тез-тез тушиб туришни, (санъаткор бўлганим учун эмас) кўпчилик билан спектакль кўришнинг ўзгача завқ-шавқи борлигини таъкидлашни истардим. Маълумки, қадимда театрга тушиш учун одамлар махсус тайёргарлик кўришган. Ҳатто аёллар янги модалар тарқатиш учун янги кийимлар тиктиришган. Энг муҳими, бир-бирлари билан суҳбат қуриш, ўртоқлашишга ҳам театрга тушишган. Театрнинг ҳамма санъатлар ичида алоҳидалиги шундаки, сиз залда ўтириб, саҳнада роль ижро этаётган санъаткор нафасидан бевосита баҳраманд бўласиз, бугина эмас, атрофингиздаги томошабинлар кайфиятидан ҳам баҳра оласиз.

Биз, актёрларга залда томошабинлар бўлганлиги ундан ҳам таъсирлидир, чунки биз томошабин нафасидан ижро этаётган ролимиз учун ҳар дақиқа мадад оламиз. Шу озиқ бизга илҳом бағишлайди. Мана шу илҳом манбаи кинода ҳам, телевидениеда ҳам йўқ. Биз кинодаги ёки телевидениедаги ролларимиз билан театрдаги томошабинлар билан бўлганидек яқиндан сўзлаша олмаймиз. Актёрга залда ўтирган томошабиннинг нафаси, ҳаракати, таассуроти сезилиб туради. Бу ҳол ижрочига мадад беради, руҳига таъсир этади. Театрнинг қудрати ҳам ана шунда! Шунинг учун бўлса керак, актёр театрга келиши, ё парда очилиши билан залда одам қанча экан, деб кўнглидан ўтказади. Зал бўш бўлса, актёр учун бундан совуқ нарса йўқ. Бу ижрога ҳам таъсир этиши муқаррар.

Мен театрнинг алоҳидалигини ҳеч бир санъатга ўхшатолмайман. Бунинг устига театр актёри ижро этаётган ролини ҳар сафар бойитиб боради. Кино ва телевидениеда бундай имконият йўқ даражада. Бир марта суратга олиндими, тамом, қайта такрорланмайди. Мен баъзан ижро этган ролимни экранда кўрар эканман: «Эҳ, аттанг. Мана шу лавҳани бундай ҳал этсам, бўларкан», – деб қоламан. «Бўларкан» дейману, энди қайтариб бўлмаслигини ҳам биламан.

Телевизорда А. С. Пушкиннинг «Хасис рицарь» трагедияси ўн йил ичида икки марта кўрсатилган. Унда ўша рицарь ролини ижро этганимда телеспектакль биринчи кўрсатилганга қараганда иккинчисида жиддий нуқсонларни йўқотишга ҳаракат қилганман. Бундай икки марта кўрсатиш камдан-кам учрайдиган ҳодиса эди. Шу иккинчи кўрсатишда мулкка ҳирс қўйган одам сандиқлари олдида юравериб, букчайиб қолишини кўрсатишга аҳд қилганман.

Иккинчидан, ўша рицарь ертўлада сандиқлари олдида бўлганида овозини қаттиқ чиқармасликка уринади. Чунки у сирли ертўла-да. Кўрдингизми, спектаклнинг биринчи кўрсатилганидан иккинчи бор кўрсатилиши орасида шунча ўзгаришлар қилишга уринганман. Театрда эса спектакль ҳар куни янгидан қўйилади.

Менинг телетеатрдаги ишларимдан энг кўзга кўринарлиги «Улуғбек хазинаси»даги Мирзо Улуғбек ролидир. Мен Улуғбек мавзуи билан кўп йиллардан бери танишман. Мақсуд Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» трагедияси саҳналаштирилганда Абдуллатиф ролини ижро этган эдим.

Орадан йигирма йил ўтгач, режиссёр Мақсуд Юнусов мени Одил Ёқубов асари – «Улуғбек хазинаси»га бош роль ижросига чақирди. Очиғини айтсам, ўша кезлари шу романни қайта-қайта ўқиб юрардим. Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»и, Ойбекнинг «Қутлуғ қон»и менга қанчалик таъсир этган бўлса, бу роман ҳам мени шунчалик ўзига мафтун этган эди. Ҳали бирон-бир спектаклда Улуғбек образини ижро этаман деб, ўйламаган эдим.

Режиссёр билан биринчи учрашганимда, унинг таклифига очиқчасига жавоб бермадим. «Ўйлаб кўрай», дедим. Дарҳақиқат, ўйлаб кўриш керак эди. Биринчидан, Улуғбек образи жуда мураккаб, иккинчидан, мен ахир улуғ астрономга бағишланган икки асарнинг бирида Улуғбекнинг қотили Абдулатиф ролини ва, иккинчисида, шу улуғ зотнинг ролини ижро этишим керак эди. Ҳарқалай, мен Абдуллатиф роли ижросига анча тайёргарлик кўрганман. Унинг қиёфаси менинг фикримни чулғаган. Мен шу фикр­лардан бутунлай қутулишим, Улуғбек роли ижросига тайёрланишим керак эди. Мен эса ҳамон Улуғбек фожиасидаги Абдулатиф қиёфасидан бутунлай қутулиб кетганим йўқ эди.

Мен бир актёр сифатида ўзим яратган Абдулатиф қиёфасини руҳимдан ўчириб ташлаб, янги сиймони гавдалантиришим керак эди. Бу образ Абдуллатифнинг бутунлай қарама-қаршиси – Мирзо Улуғбек сиймоси эди-да. Яна бир нозик томони, Шукур Бурҳонов яратган Улуғбек сиймоси саҳнада қўйилаверганидан ниҳоятда оммалашиб кетган эди. Уни кўчириб ўйнасам, бу чин санъаткорнинг иши бўлмас эди. Янги қиёфа излашга тушдим. Бу борада Одил Ёқубов қаламига мансуб ушбу сўзлар ёрдамга келди: «Юлдузлар, о, юлдузлар, эллик йил сизларга ошуфта бўлдим. Тунларни бедор ўтказиб, ҳар бирингизни кузатдим. Коинот сирини, юлдузлар сирини ўргандиму, замин сирига, одамлар сирига келганда ғафлатда қолдим. Наинки одамлар, ҳатто ўз фарзандларим дилида не гаплар бор, билолмадим».

Актёр ижодиёти – театр саҳнасида ҳам, кино майдонида ҳам маълум қонун ва тартиблар, талаб ва имкониятлар даражасида кечадиган жараён сифатида бир мунча риёзатлидир. Инсон (образ) тафаккури мушоҳадалари, дунёқараши, ички олами, руҳиятини кашф этиш ва буни кечинма ҳамда тажассум (перевоплощение) санъати асосида амалга ошириш – актёр фаолиятида санъатнинг ҳар иккала тури тақозо этувчи умумий, туб хусусият бўлиб, у ана шу йўл билан томошабинлар идрокини қамраб, қалбига йўл топа олиши керак. Санъатнинг ҳар иккала турини ўзаро бирлаштириб турувчи яна бир умумий хусусият бор. Театр ҳам, кино ҳам санъатнинг синтетик турлари бўлиб, ҳар бир спектакль ва кинофильм рассом, актёрлар, режиссёр, гримёр, композитор ва шу каби турли хил санъат соҳиблари меҳнати замирида яратилади. Булардан ҳар бирининг спектакль ёки кинофильм бадиий яхлитлигини таъминлашдаги ҳиссаси беқиёсдир. Чунки, актёр ижроси, декорация, мусиқа, костюм, грим ва шу кабилар театр ҳамда кино санъатининг узвий компонентлари ҳисобланади.

Театр ва кино санъатининг ўзига хос, уларни бир-биридан ажратадиган хусусиятлари нималардан иборат?

Саҳна санъати – энг мураккаб, шу билан бирга эзгулик, гўзаллик, юксак ахлоқий идеаллар билан йўғрилган сирли олам. «Театр муқаддас эҳром. Сиз бу даргоҳга садоқат ва сидқидиллик билан муносабатда бўлинг ёки бу ерга мутлақо қадам босманг», деган эди улуғ рус актёри Михаил Шепкин. Бу доно сўзлар ҳар бир санъаткорнинг ўз касбига нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини, масъулият ҳиссини оширади, ғурурига ғурур қўшади.

Театр санъатининг афзаллиги, олий хусусияти шундаки, томошабинлар бу даргоҳда ҳар оқшом актёрлар билан ҳамнафас бўладилар, улар ижросидаги образлар билан жонли мулоқот шавқини сурадилар. Ана шундай шароитда яшаш, ижод қилиш, албатта актёр учун ҳам бир вақтнинг ўзида завқли ва масъулиятлидир. Чунки актёрлар томошабинларнинг ҳар бир образ ва умуман спектаклга муносабатини уни қандай қабул қилаётганликларини ҳис этиб турадилар ҳамда ана шу асосда ижрони қайта назардан ўтказиш, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш имконига эга бўладилар. Шу тариқа актёрлар ижроси ва, умуман, саҳна асари сайқал топа боради.

Театр ўз ўрнини кино ва телевизорга бўшатиб беради, деган гапларга мутлақо қўшилмайман. Одамзод бор театр бўлаверади, деган фикримда қоламан.