“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЭҲ, ИЖОД ЗАВҚИ...

Шуҳрат РИЗАЕВ

ЭҲ, ИЖОД ЗАВҚИ...

... “Кўрсатувга келишга ноз қиладиганлар ҳақида гапириб ўтмоқчи эдим. Бир ой, бир ярим ой олдиндан ўйлаб юрамиз... Шунча вақт хаёлимизда пишитиб, кейин уни ўзимиз ўзаро келишиб, қоғозга тушириб, раҳбариятдан тасдиқлатиб олганимиздан кейин уларга мурожаат қиламиз... “Мен фалон иш билан банд эдим, узр...”, “Менинг вилоятга сафарим бор эди, узр...”, “Пистончига ваъда бериб қўювдим, боролмасам керак...” ва ҳоказо. Барча жавоблар ўта маданиятли... экранга чиқиб гапиришганда ҳаммалари гапларини халқ дарди билан ҳамдардликларидан бошлашади... Халқ олдига чиқиш ҳам халқ дарди. Балки, ўша маош оладиган ишларидан ҳам масъулроқ вазифадир. Халқ ишидан муҳимроқ нима бўлиши мумкин, билмадим. Ҳаммамиз шу халқнинг пулига ўқиганмиз... Аммо йилда бир марта унинг даврасига келишга вақт топмаймиз... Эски замонда “гражданлик бурчи” деган тушунча бўларди. Одамлар жамоат ишини кўп нарсалардан юқори қўйишарди. Ўша бурч сусайиб кетган, назаримда”.

Бу аламли таъналар эндигина телевидение тупроғини ялай бошлаган тажрибасиз мухбиру муҳаррирлар гапи эмас. Бу қарийб олтмиш йиллик умрининг ярмидан ортиғини телевидениега бағишлаган таниқли, етук, унвону мартабали сухандон – Муслимбек Йўлдошевнинг гапи, аниқроғи, дарди, иқрори... Юқоридаги иқтибос эса унинг 2016 йили “Наврўз” нашриётида чоп этилган “Дийдор ширин” ёки шу номли энг оммабоп телекўрсатув ҳақидаги бор ҳақиқатлар” китобидан олинган.

Очиғи, камина бу кўрсатувнинг мухлиси эмасман. Гарчи у муаллиф дўстимиз ёзганидек “энг оммабоп телекўрсатув” бўлса ҳам. Унинг оммабоплиги борасида асослар келтириб туриб, муаллиф ёзади: “Қаймоқ бозорига бораман”. Уйга сут-қатиқ, қаймоғу сузма олиш мақсадида. Расталар олдидан ўтарканман, аёллар гап қотишади: “Муслимбе-е-ек, бизниям мундо-оқ “Дийдор ширинла”га обчиқин...” Балки кўрсатувнинг айнан шу “оммабоплиги” мен каби оз сонли томошабинларга унча маъқул келавермас. Ҳарқалай, ёндашув мезонларимиз бошқачароқ, шекилли.

Қолаверса, тасодифан шу кўрсатувнинг 3-4 йиллар чамаси олдинги сонларидан бирини кўриб қолиб, ҳафсалам “пир” бўлган эди. Айтмоқчи, айнан шу соннинг сценарийси китобда намуна сифатида келтирилган. Унда Муқимий номидаги “отахон театр” томонидан ўша кезлар саҳнага қўйилган “Меъмор” спектакли борасида сўз кетади, уни томошабинлар “мириқиб томоша қилишаётгани” айтилади ва пьеса муаллифи, спектакль режиссёри ҳамда ижрочи актёрлар билан суҳбат қилинади. Менинг, кўрсатувни илк бор кўраётган томошабиннинг, ихлосимни сўндирган илк лавҳа шу бўлди. Муқимийдек “отахон театр” табиатига, мусиқий йўналиши, анъаналари, ҳаттоки, энг бирламчи мезонларига мутлақо мос келмайдиган спектакл олқишланиб, ўзига хос реклама қилиб турилибди. Иштирокчилар эса сира андишага бормай, бу мусиқий театр санъатига ёт, номуносиб томошани алқаб, сунъий “жилва”лар қилиб ўтиришибди. Э-э, дейман, ахир кўрсатув тайёрловчилар дуч келган нарсани у ўзи нима, моҳияти қандай, эл-юрт, мутахассислар фикри қанақа, демай олиб чиқаверар эканлар-да? Бир суриштириб олиш керак эди-ку? Жиллақурса, ўзлари томоша қилишганмикан бу “шедевр”ни?

Бу лавҳадан кейинги устоз созанда Ғуломжон Ҳожиқулов, шарафли умр ва фожеий интиҳо топган машҳур актриса, хонанда Ҳабиба Охуноваларга бағишланган суҳбат, хотиралар бир сидра эътиборни тортди, қизиқтирди, аммо булардан кейинги “эл ардоғидаги хонанда,... эстрада яккахони”нинг “ихтиро қўшиғи” энди пайдо бўлган илиқ таассуротни батамом чил-парчин қилди. Неъматжон Қулабдуллаев биргина дуторда ижро этган, бугун эса эстрадамиз юлдузи” “салкам бутун оркестр...” билан “ижодий ишлаб, тақдим этган” “Индамади” қўшиғи ҳамма кутилган умидларни ўлдириб, қайта бу кўрсатувни ҳам, ўша хонандани ҳам кўрмаслик, ҳатто тилга олмасликка мажбур қилди. Қарангки, қўшиқни оранжировка қилиб “бойитган” эстрадачи хонанда халқни қай замонлардан бери завқлантириб келган шеър матнини ўзича “ижодий” ишлабди, яъни ошиқнинг иқрорларига “индамаган” маъшуқага аччиқ қилиб, йўқ, аниқроғи, иззат-нафси қўзғалиб кетиб: “менам унга индамадим”, дея муносабатини билдирибди. Ҳа шўринг қурғур шоир-а, гўринг нурга тўлгур Неъматжон ака-я..! Бори шеърнинг, қўшиқнинг мазмун-мантиқи, завқу шавқи, жозибаси ўша гўзалнинг индамаганлигида, яъни нози-ю лутфи, ҳаё-ю ибоси, малоҳатида эканини бу ашулачилик нонини ўттиз-ўттиз беш йилдан бери еб юрган “Юлдуз” билармикан, фарқига борармикан-а?! Ахир, бутун мумтоз шеъриятимиз “индамас”нинг қилғон нозу истиғносию берган азоблари асосига қурилган-ку?! Наҳотки шуни тушуниш учун оддийгина фаҳму фаросат етмаса?! “Мен ҳам унга индамадим” дегани бу ҳозирги замонавий болаларнинг ҳаё-ю ибосини сақлаган қиз болага кеккайгани, кибру ҳавосини кўрсатиш, холос... Ҳай, бу-ку бир тушунчаси ҳаминқадар “хонанда” экан, нега ахир “маданиятли бўлиши керак бўлган одамларимизнинг маданиятлари чуқур эмаслиги”, бунинг сабаби эса “ҳар биримизнинг вужудимиз кибрга тўлиб кетгани”дан эканини бот-бот уқтираётган, шундай азоб чеккан кўрсатув ижодкор-бошловчилари бунинг фарқига бормай, “эл ардоғидаги хонанда”ни яна ардоқлаб ўтиришибди?!

Ёзаверса, бу тахлит гина, таъналар кўп эди. Лекин... лекин Муслимбек аканинг “Дийдор ширин” китобини ўқиб, ўша норозиликларим бироз тарқалгандек, фикрларим ўзгаргандек бўлди.

Хўш, фикримга таъсир этиб, баъзи мулоҳазаларимни ўзгартирган сабаблар нима? Бу, аввало, ҳафта сайин кўрсатувлар тайёрлаш оралиғидаги вақтнинг ниҳоятда қисқалиги, иккинчидан, хронометранснинг ўта тиғизлиги, учинчидан, тасодифийлик даражасининг ўта баландлиги, тўртинчидан, ташкилий жараённинг ғоятда мураккаблиги, бешинчидан, моддий ва маънавий рағбатнинг ночорлиги, олтинчи-еттинчи-саккизинчи ва ҳоказо... рақамларда яна ўнлаб келтириш мумкин бўлган объектив ва субъектив омилларнинг кўплиги. Қани, шу алпозда кўрсатув, яна миллионларга маъқул кўрсатув тайёрлашни тасаввур қилиб кўринг-чи!

Аслида, мақсадим тақриз ёзиш эмас эди. Бинобарин, 2016 йилда Муслимбек Йўлдошевнинг пайдар-пай икки китоби нашр этилди. Дўсти, жигаридек қадрдони Абдумўмин Ўтбосаров хотирасига бағишланган, “суйгани, куйгани” важидан тартибга келтиргани “Мўминга бегона баҳор” (“Янги аср авлоди”. 2016 йил) китобини олайлик. Мазкур китоб 2016 йилнинг илк кунида қабрга – қўйилган Ўзбекистон халқ артисти, сухандон Абдумўмин Ўтбосаровнинг бевақт ўлими таъсирида ҳали тупроғи совимай тартибланди ва кўркам бир нашр бўлиб, ўқувчилар қўлига тегди. Ўзи асли шу нашр ҳақида сўз айтиш жоизроқ эди. Чунки унда Муслимбек аканинг “худди ўзи деб биладиган” қадрдони, дилдоши хусусида айтган сўзлари дўстга садоқатнинг ҳақиқий ибрати ўлароқ, кўпчиликка ўрнак бўларли эди. Нафақат китоб, умуман, қаҳрамонимизнинг дўстлик ва садоқат борасидаги фазилатлари ҳар қанча таърифланса, ярашгулик.

      Дўстлик борасида сўз кетаркан, Абдумўмин қатори яна бир қадрдон кимсасига айланган зот  – Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф билан яқин бўлганлигини махсус эслатмоқ керак. Сабаби, унинг бевақт вафоти ҳам Муслимбек ака тақдирида эсдан чиқмайдиган из қолдирган. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Муҳаммад Юсуф ўлими муносабати билан унинг онасига хат йўллайди. Ҳам таъзия ўлароқ, жамоатчиликка  илк бор маълум қилинаётган машъум хабар ва она дилига юпанч бўлувчи мактубни ўқиб эшиттириш Муслимбек ака зиммасига тушади. У кўзларига ишонмай, куни кеча ўзи билан узоқ гурунглар қилиб, қай бир маънода шеъриятдаги илк қадамлариданоқ далда бериб келаётган хайрихоҳ инсонни, кўнгил одамини йўқотганини теран ҳис қилиб, титроқ ичра расмий матнни ўқир экан, тўйқус юрак бунга дош беролмай йиқилади. У кўз очганда атрофини оқ кийимли одамлар ўраган, касалхонада эканини тушунади. Бир ёмоннинг бир яхшиси келади, ҳар ҳолатда бир ҳикмат деганларидек, дилгир муолажа исканжасида ётар экан, тўсатдан унга ғамхўрлик қилаётган ҳамшира қизнинг унинг ёстиғи ёнида унутиб қолдирган китобига кўзи тушади: “Исай Калашников. “Жестокий век.” Роман”. Аста варақлаб биринчи саҳифасини ўқийди, кейин икки, уч... бу ёғига қизиққандан қизиқиб, мутолаага мук тушади. Буюк фотиҳ, ёвуз даҳо Чингизхоннинг бари кечмиши, ота-бобо авлодларидан бошлаб ўзининг бутун ҳаёти – болалик орзуларидан то маънавий таназзулигача бутун тарих ажиб бир тавсифий-психологик, бадиий-фалсафий умумлашмаларда кўрсатиб берилган монументал эпик роман Муслимбек акани тамомила ром этади ва беихтиёр бирор мақсадсиз, кўнгли учунгина романни таржима қила бошлайди. Иштиёқ билан киришиб, бир неча йил қалбида сўнмас завқ билан асарни ўзбекчалаштиради. Битириб ташлаб қўйилган бу муҳтарам асарни ўтган йил бошларида у истиҳола билан “Жаҳон адабиёти” журнали таҳририятига топширди. Романни ўқиб, камина яқин ўртада унутаёзганим мутолаа лаззатини қайта кашф этдим. Хизмат тақозоси  эмас, оддий китобхон бўлиб, мафтуну мутаассир асардан завқиёб бўлдим ва сира иккаланмай таҳририят муҳаррирлари кўригидан ўтказиб, журналнинг тўрт сонида пайдар-пай романнинг биринчи китобини босдик. 2017 йил иккинчи китобини муштарийлар талабу истаклари билан чоп этишга тайёрлаб турибмиз.

Юлдузларга нима, ҳар оқшом,

Сендан сўнг ҳам ярақлайверар.

Кетганларга кулмайди офтоб,

Келганларга чарақлайверар.

Биз бўлмаймиз, кейин ҳеч қачон,

На истиқбол ва на армонда.

Севилиб қол, севиб эй жонон,

Қолган бари қолсин зорманда.

Юқорида қайд этганимиз “Дийдор ширин” китобидаги “Муслимбек қиссаси” деб номланган бобдан бошлаб шу сатрлар келади. Муаллиф шоирнинг армоними, изтиробими, ҳарқалай англаган ҳикмати – ҳаёт хулосаси бу... У ҳар қанча ҳаволанса арзийди, яхши инсонлар теграсида, нур ва зиё билан ўтаётган зиёли, фараҳбахш кунлари феъл-табиатига яраша ато этилган Аллоҳ неъмати. Бу бори ўй-хаёллари, онага, яқинлари, дўсту биродарлари, оила – ўғил-қизига меҳру мурувватининг акс садосини топиб, ҳаёт ва ижод лаззатини тотиб юрибди. Кўз тегмасин, умри, амаллари бардавом, пойдор бўлсин.