“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Бадиа

Севара АЛИЖОНОВА

ТИРИКЛИК

Бадиа

Тирикликнинг маънисини билмай туриб тирик юриш бемаъни туюлади менга.

Тирикликнинг маънисини билмай яшашдан уялиб кетаман. Тирикликнинг гаштию ғам-изтиробини тотиб юрган мингларча кишилардан қидираман жавобни. Кўрдим, кузатдим.

У қирқ ёшга кирибдики, энди аёл нафосатини ҳис қилиб қувонди.

У қирққа кирай дебди-ю, эндигина аёллик нафосатини ҳис қилиб қувонолди.

Эрини бир умр пайғамбар билган аёл бугун унинг етти яшар фарзанди борлигидан воқиф бўлди-ю, хўрликдан қадди синди.

Ўғлининг бу қилиғидан ота иснодда ёнди, эшик ҳатлолмай қолди.

Ўғлининг бу қилиғидан она иснодда куйди, кўчага чиқолмай қолди.

Отанинг бу қилмишидан фарзандлар иснодда қоврилди, бош кўтаролмай қолди.

Ғарб романларини варақлайман: “Азизим”, “Буюк Гэтсби”, “Бузрукнинг кузи”, “Ифор” (“Парфюмер”)... “Иснод” сўзини тополмай хунобим чиқади. Кўҳна Китобга юкинаман: бу сўзнинг маънисини чаққаним сари у менга ёпишиб олади. “Ким куфр келтирса, озгина ҳузур бахш этаман, сўнгра дўзах азобига мажбур қиламан ва у қандай ҳам ёмон жой!” (“Бақара” сураси, 126-оят). Аввалига таскин, сўнг азоб бериб қийнайди. Китобга шўнғиб кетаман-у бир муддат тириклигимни унутаман, тинчлик бермаётган саволлар тинади-қолади. Тириклик – синов эканини англагандай бўламан, барибир қониқмайман. Ҳар ҳаракатдан маъни излайман.

Машиналар ғиз-ғиз ўтади. Учар ҳайдовчилар учун тириклик – тезлик эканидир?..

Сўнгги чақасига ҳам китоб сотиб олаётган қария учун тириклик – билим, билиш.

Қишлоқда эрталабдан ғуж-ғуж бўлиб, гапи қайнаб чиқаверадиган хотин-халаж учун тириклик – ҳангома.

Тошни тошга уриб пул топувчи ишбилармонлар учун тириклик – бойлик.

Эрини ишга, фарзандини ўқишга кузатиб, уйда шўппайиб ўтирган аёл учун тириклик – оила...

Тириклик то ўлимга қадар шундай давом этаверади, ўзгармайди, ўзгартиргиси келмайди! Шулар учун одам тирик юради. Шулар учунгина одам тирик юрадими?!

Яна китоб варақлайман. Тасаввуфий адабиётлардан топганим шу бўладики, тириклик – Аллоҳга яқинлашиш йўли. Инсон ўзини, амалини идрок қилар экан, ахлоқан покланиб бораверади. Тасаввуф жоҳилликни қаттиқ қоралайдики, у ахлоқий покланиш ва ўз-ўзини билишга халақит беради.

Жавоблар жумбоқни ечиш учун маржондай ипга тизилиб келаверади, хиёл хотирим паришон бўлган чоғ ипдан тушиб яна сочилади. “Инсон ҳаётида шундай дамлар бўладики, шахсий дард-аламлар юки уни эзиб ташлайди, руҳий ёки жисмоний дарддан дунё қоронғу бўлиб кетади. Бундай пайтларда фақат катта юрак, букилмас ирода эгаларигина ўзини унутишга қодир бўлади”. (Ислом Каримов. “Юксак маънавият – енгилмас куч”.)  Демак, тирикликни инсоният қувончи ва изтироби учун умрни сарф этиш, курашиш деймизми? Толстойнинг иқрори ором топаётган фикр қийноқларини яна жунбишга келтириб юборади: “Мен на бутун ҳаётимга, на ундаги бирор хатти-ҳаракатимга ақл бовар қиладиган ҳеч қанақа маъно бера олмадим”. Тирикликнинг бари неъматидан баҳраманд инсоннинг иқрорномаси нима учун тирик эканини тушунолмаётган мен ғарибни яна ўйга кўмиб ташлайди. “Мен фақат бир нарсага ҳайрон эдим, – деб сўзида давом этади у. – Қандай қилиб ҳаётимнинг дастлабки фаслларида менинг бунга ақлим етмадийкин? Бугун бўлмаса, эртага севган одамларим бошига хасталиклар ёғилиб келади, ажал ғиппа бўғади. Хасталиклару ажал менинг бошимга ҳам тушади ва улардан кейин қўланса ҳид билан қуртлардан бошқа ҳеч нарса қолмайди. Нимаики иш қилган бўлмай, уларнинг ҳаммаси унут бўлади, эртами-кечми ўзимнинг хотирам ҳам ўчади. Шундоқ бўлгандан кейин бу сарсону оворагарчиликнинг нима кераги бор? Булар ўта шафқатсизлик ва бемаъниликдан бошқа нарса эмас. Ҳаммаси – ёлғон, ҳаммаси – газоф. Ҳаётнинг маъносизлиги инсон эришиши мумкин бўлган бирдан-бир хулосадир”. Толстойнинг хулосаси тириклигимга айтилган ҳукмдай янграб, ҳаётнинг бемаънилиги хусусида илк бор Буддадан эшитганларнинг, Будда сомеъларининг ҳолига тушаёзаман. Кўплаб мискинлар, тушкунлар, улар қатори Толстойнинг йўлидан бориб, “Худо излаб” қоламан. Таскин излаб толаман.

Табиат инжиқликлари, одамзотнинг хунрезликларига қарши тураётган, “Қизил китоб”ни кундан-кунга безаб бораётган жонзотларнинг тириклиги кураш сўзига синоним бўлиб янграйди. 1983—1991 йилларда Хитойда биттагина панда туғилган. Саккиз йил деганда Сичуанда – пандаларнинг асл ватанида ягона панда туғилса-я! Емиши бамбук, тириклиги кураш. Бамбукзорлар экин далаларига айлана боргач, бамбуклар одамнинг-да корига қўл келгач, панда емишу бошпанадан ажралди десак, гўштию териси ҳам бехаридор қолмайди. Аввалига унинг ҳайбатидан ҳайиққан одамзот кейинчалик беозорлигини билади-ю... Азал қисмат беозорнинг пешонасига озор чекиш ёзилганми, дейман. Шу топ тириклик менга ажаб сирли туюлади. Пандани бу адолатсизликлар қозонига ташлаган ҳаёт унга яшаб қолиш сирларини кўрсатса бўлмасми?! Курашиш, ҳимояланиш синоатидан бохабар жонзот дунёни эгаллашга даъво қилармикан ё? Бу ишларда ҳам бир ҳикмат яшириндир...

Йўл-йўлакай радиодан юзига ажин тушмаслиги учун 70 йил кулмай яшаган аёл, сўнгги тўрт йил давомида 850дан ортиқ ўғриликни амалга оширган устомон ўғрининг қўлга олиниши, Буюк Британиядаги Боурнмут пляжида оммавий душда чўмилиш учун 152 одамнинг йиғилиши билан Гиннеснинг Рекордлар китоби яна бир рекорд билан бойигани ҳақидаги хабарларни тинглаб кетаман. Ўша ондан тириклик яна менга кулгили туюла бошлайди...

Туйқус капалакка кўзим тушади-ю, хотиржам бўламан. Тирикликнинг тўрт томони ечимсиз жумбоғу охири йўқ бемаъниликдан иборат эмас экан-да! Унга томоша қила туриб, бир кунлик ҳаётини ўзига эмас, одамларнинг қувончига сарф этганидан ҳавасим ортади. Тириклик гўзаллик эканига ишора қилгандай бўлади. Тириклик «эпласанг яхшилик қил, бўлмаса садо чиқарма”, дея сабоқ бергандай туюлади. Тирикликнинг маъниси муддатда эмас, мақсадда экани аёнлаша боради. Тириклик эпласанг яша, бўлмаса...”, дегандай жаранглайди. Капалакка қараааб туриб кў-ўп сўроқларнинг ечими топилгандай... Яна шунинг учун ҳавасим келадики, у мен каби бемаъни жумбоқларга бош қотирмайди, эҳтиёж сезмайди.