“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БОТИНДАН КЎЧГАН БЎРОН

Иқбол ҚЎШШАЕВА

БОТИНДАН КЎЧГАН БЎРОН

Эссе

Мен таниган Муслим — мен етиб келган манзил... Эҳтимол, эртам учун очилган эшикдир. Биламан, сизга эриш туюляпти. Худди ошнанг каби тўғридан-тўғри номини аташ... Шарқона одобга тўғри келмайди, деб ко­йийсиз. Қолаверса, ўтиб кетган буюк санъаткор бўлса?! Ахир, нима қилай, уни оламга машҳур марҳум хонанда эмас, дардга дармон дўст, юраги уриб турган замондошим, деб билсам!

Муслимнинг биринчи мухлиси денгиз эди. Илк бор уни денгиз тинглаган. Ўсмир ёшида қалбидан тошиб чиқаётган нолани денгиз тўлқинларига ишонди. Юрагини тўлқинларнинг кафтига топширди. Ўзгараётган овозидаги сакталикларни фақат денгизга ошкор этди. Шу сабаб ҳам у денгиз олдиБОТИНДАН КЎЧГАН БЎРОНда, унинг кенглиги олдида ўзини қарздор ҳис этди. Ва йиллар ўтиб, эҳтиромини куйга солди...

О, море... море...

Денгизнинг телбавор тўлқинига дош бергувчи қоялар.... Одам, Сенинг бардошингни қай бир қояга менгзай?!... Еру осмон бағирлаб учиб боряпман... У шундай тошқинки, сен ва сенга дахлдор инсонлар ҳаётини ҳам ўз домига тортиб кетяпти... Туғён, пўртана, ҳарорат, юракда бўронни ушлаб туриш санъати, тўлқинлар ҳар қанча ғалаён этмасин, сочилиб кетмаслик саботи... Бари Унда мужассам. Туйғуларни топтатмасдан ҳам, тошдан-да қаттиқ мана шу кулранг тупроқда яшаш мумкинлигига, қалбдаги қудрат ҳаёт ҳақиқатидан ғолиб келишига умид уйғотади.

...Мовий чексизлик унинг оҳангида мангуга ўз тажассумини топди. Санъаткорнинг муҳаббат ҳақидаги қўшиқларида севганинг икки оёқ, икки қўлли чекланган бир мавжудот эмас, борлиқнинг бир парчаси, фақат мовий чексизликка дахлдор ҳур ШАХС, табиатнинг озод фарзанди бўлиб гавдаланади. У гўё сиз билан менинг ҳиссиётларим чангалидаги инсон эмас. Муслим Магомаев куйлаётган севги мовий кенглик ичидан сизиб чиқмайди, аксинча, чексизлик унинг ишқи ичида айланади. Бу ишқ тақдирни борича қабул қилишга ва унга маҳкум ИНСОНга таъзим этишга ўргатади.

Cанъаткор бир интервьюсида: “Муҳаббат ҳақидаги қўшиқларим, аниқ бир аёлга қаратилмаган. Куйлаётганимда хаёлимда ўзим яратган идеал аёлни кўз олдимга келтираман”, деб айтганди. Эҳтимол, лирик қаҳрамоннинг шахси аниқ бўлмагани боис, уни тинглаган ҳар бир аёл “Мен ҳақимда экан”, деб, бир эркакнинг ўзига эҳтироми сифатида қабул қилар, ҳаяжонланар, эркаланар. Табиийки, ўша онда тингловчининг ҳайратга ташна қалби ўз-ўзидан санъаткорнинг Идеал АЁЛига ошно бўлади, юксак туйғулар билан бўйлашади, идеаллар билан юзлашади, гўзал ҳислар сийратига қандай оқиб кираётганини, бош­қатдан Аёл бўлиб яралаётганини сезмай ҳам қолади...

О, майли ўйланма, қайғурма

                                           зинҳор,

Бахт-иқбол ёр бўлсин кўркам

                                       муносиб...

Бироқ сен оҳ чексанг агарда бир

                                                 бор,

Мен яна келурман қалбимни

                                          босиб...

Ҳар гал “Ноктюрн”ни тинглаганимда бу Рауф Парфи шеърининг мусиқий талқини, деган фикр кўнглимдан ўтади. Ўша изтироб, ўша нола, ўша мардонаворлик... Қисмат кўзига аламсиз тик боқиш. Фақат ўзга тил. “Я к тебе приду на помощь только позови/Просто позови, тихо позови” ... Не бўлган тақдирдаям. Ўтинаман, сен бахтли бўл… Эҳтимол, Рауф Парфи бадиияти олдида рус тилидаги ифода содда туюлар, лекин сиз Арно Бабажанян мусиқаси ва Магомаев ижросида тинглаб кўринг! Агар кимда дард бўлмаса, хоҳ танбур ушласин, хоҳ най, барибир, у таёқдан ўзга нарса эмас. Лекин ошиқнинг қўлида ҳар қандай ёғочга ҳам жон киради.

Бўронни ўз ботинига бекитган маҳзун “Элегия”... Тақдирга бўйсунмоқчи бўлган-у, лекин буни эплолмаётган қалб драмаси. Еру кўк қаршисида юзма-юз қолган, ўзига ғарқ танҳо одам нидоси. “Муҳаббат нима?” деган саркаш саволга Элегия”дан мутаассир кўнгил “Қалбнинг инқилоби, юракнинг ўз-ўзига очган исёни”, деб жавоб беради.

 ...Сен — менинг куйимсан... Улар 1972 йилнинг кузида Бокуда учрашишди. Бу кунгача ҳам икки-уч бор Москвада бир-бирига дуч келганди-ю, лекин нигоҳ тўқнашмаган. Тамара Синявская — Катта театрнинг етакчи артисти. Ўз йўналишида эътироф этилган санъаткор. Ўттиз ёшли Муслим иттифоқ миқёсида машҳур, халқ артисти. Хуллас, бу учрашув икки ижодкорнинг ҳам ҳаётини ўзанидан чиқариб юборди. Ўша кўҳна дард — муҳаббат учбурчаги. Тамара — оилали аёл. Муслим эса бир неча йил олдин ажрашган, «Марина» исмли қизалоғи бор. Ғаддор тақдирнинг ўйинига чап бериш учун важ ҳам чиқиб қолади: Тамарага Миландаги Ла
Скала театрида тажриба орттириш имкони туғилади. Муроса нелигини билмайдиган муҳаббатнинг кўзига хас ташлаш учун йўл... Машойихлар топиб айтган-да: ўзингдан қочиб қаерга ҳам борардинг?! Бу дардисар туйғуларни синовдан ўтказиш учун ҳижрондан-да адолатлироқ имтиҳон борми?! Тамара сабоқлар тугар-тугамас, хонасига ошиқар, интиқ дил Москвадан мужда кутарди. Чунки ошиқ биринчи куниёқ дараклаб, бояқиш аёлни ўргатиб қўйган. Бу сафар ҳозиргина янги қўшиқ ёзишганини, Тамара ҳам телефон орқали тинглаб кўриши мумкинлигини айтади...

Сен — менинг куйимсан,
Мен эса сенга содиқ Орфей...

“Сен — менинг куйимсан...” аччиқ айрилиққа қўйилган ёдгорлик бўлиб қолди. Ҳажрнинг бу ноласи ҳар бир хаста дилда ўз ҳайкалини тиклади. Орфей ўзининг яккахон концерти учун музанинг мусиқа масканидан қайтишини кутди. Асосан севги ҳақидаги қўшиқлардан иборат концерт дастури “Сен — менинг куйимсан...” деб номланарди. Лекин У концертга келмайди... Тизгинсиз туйғулар қаршисидаги қўрқув аёлнинг оёқ-қўлидан тутади. Чунки остона ҳатлаб чиқиш — ҳал этувчи қадам дегани. Ёнингдаги одамнинг кўксини пайҳон этиш дегани. Аёл аёллигини синдириб, бурчнинг амрига бўйсунди. Дунёси кулга айланган Муслим ўзига қайта-қайта айтади: “Энди сенинг ҳаётингда «Тамара» исмли аёл йўқ. У билан боғлиқ неки бўлса, барини ҳаётингдан ўчириб ташла”. Лекин кулрангдан кулранг кунларнинг бирида Тамаранинг ўзи унинг хонасига кириб келади...

Ёшликдаги муҳаббати, курсдоши, фарзандининг онаси Офелия билан ажрашгач, оилавий ҳаётдан безиб қолган йигит “Энди ҳеч қачон ЗАГС остонасини ҳатламайман”, деб ўзига сўз берганди. Лекин энди иккиси ҳам ўтмиш аламларини унутиши, ҳаётни оппоқ саҳифадан бошлаши зарур... Чин эркак сифатида Тамаранинг журъатига муносиб жавоб қайтариши шарт. Дарвоқе, уни режиссёр Александр Зархи “Анна Каренина” фильмига Вронский ролига таклиф этган. Синовсиз. Кейинчалик Вронский ролини ўйнаган актёр Василий Лановой ажабланганча, нега рад этганини сўраганида, хонанда мийиғида кулиб: “Қўйсанг-чи, ҳар ким ўз ишини қилсин, мен актёр эмасман. Мени кўрарга кўзи йўқ эрлар сонини яна кўпайтириб нима қиламан”, дейди.

Улар босиб ўтган йўлда ҳаётнинг ҳамма ранги мужассам. Ҳамнафасликда ўттиз тўрт йил — ҳавас қиларли умр кечиришди. Эрининг бетоблиги боис Тамара ижодининг айни камолот палласида саҳнани тарк этди. Театр унга муҳтожлигини айтишганида, аёл: “Ҳозир саҳнадан ҳам кўра, Муслимга кўпроқ керакман”, дейди.

Миннатдорман сендан, Сенинг меҳринг музлаб ётган дунёмни эритди.

Сен очган тилсим учун, уйғотган фарёдинг учун, берган азобларингу кулгуларинг учун...

Ҳамма-ҳаммаси учун
ташаккур...

 Муслим Магомаевдек таъби нозик, жўшқин феълли, кайфият одами билан яшаш фақат сабр эмас, санъат. Ҳамиша аёллар эътиборидаги кўркам ва машҳур шахс, бу — жиддий хавф. Рафиқасидан “Узоқ йиллик оилавий ҳаётнинг сири нима?” деб кўп сўрашган. Ва унга Муслим ижодида ўз изини қолдирган аёл сифатида ҳам қарашади. Синявскаянинг ўзини тутишидаги табиийликни, эрининг хотираси учун қилаётган эзгу ишларини кузата туриб, интервьюларини тинглаганимда бир ҳақиқатни илғагандек бўламан: биз билган машҳур марҳумларнинг хотинларидан фарқли ўлароқ, эрнинг шуҳратига шериклик тамасидан, “буюк бева” деган илинждан халос — озод аёл. Унинг Муслим Магомаев обрўсига муҳтож эмаслиги кўриниб туради. Аксинча, Аёл табиатидаги некбинлик Магомаев ҳодисасини янада ёрқинроқ кўрсатади. Балки Муслимсиз ҳам алоҳида шахс — Тамара Синявская бўлгани учундир. Аввалданоқ ким билан турмуш қураётганини англаган, ўзига яраша масъулиятни бўйнига олган, эри ҳаётлигидаёқ афсонага кўчган аёл. Озарбайжон ҳукуматидан тортиб то халқигача бу аёл билан “бизнинг гелин” деб фахрланиши бежиз эмас. Хўп, Тамара Синявскаянинг ўзи узоқ йиллик риштани қандай изоҳлайди. “Саҳнадагидек оилада ҳам оҳанг ҳал этувчи аҳамиятга эга. Муҳими, у самимий чиқсин. Ва бизни қизиқишларимиз ўртасидаги муштараклик боғлаб турарди. Муслим ижодидаги менинг ўрним? Қизиқ? Ахир Муслимни учратгунимга қадар, у машҳур Магомаев эди! Демак, маслаҳатларимга ҳеч муҳтожлиги йўқ. Фақат менинг юмушим, унинг эркига соя солмаслик, халал бермаслик эди, холос. Ва унинг олдида оддий аёл эдим. Халқ артисти Тамара Синявская эшик ортида қоларди”.

Магомаев ўз китобида “Тамара билан ўтган ҳаётимни озод қушнинг парвозига ўхшатаман”, деб ёзади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Бу каби хос инсонлар муносабатида эрк ва ҳаёт бир-бири билан зиддиятга киришган ондаёқ ҳар қандай муқаддас тушунча ўз жозибасини йўқота бошлайди. Кўнгли билан идрок этадиган одам учун  жозибадан  маҳрум ҳаёт таназзулдан ўзга нарса эмас.

Муслим Магомаев ҳақидаги китоб­ларни ўқиб, санъаткорнинг ҳаётга муносабатини таҳлил этсангиз, ўзи куйлаган қўшиқларга мос маҳобатни туясиз. Ўйлаган ўйлари бутун виқори билан санъатига кўчган... Туйғуларга ғарқ, ўйчан юз. Дам маҳзун, дам ўктам қиёфасининг ўзи алоҳида қўшиқ. Мунг­га чўмган санъаткор сиймосида “Йўқ, йиғламайман, йиғламайман”, деб тўлиб турган жўмард инсон бор, йиғлоқи эркак эмас. Ўзидаги улуғворликни сизга ҳам юқтиради. Ўша онда ўзи қадар баландликка олиб чиқа олади. “Элегия”, “Миннатдорман сендан...”, “Сен — менинг куйимсан”, “Айт, сенинг кўзларинг...”, “Агар дунёда муҳаббат бўлса...”, “Она”, “Йиллар ўтар...” ёки денгизга бағишланган қўшиқдаги туғёнли туйғулар юракка томиши учун изн бериб кўринг... Мўъжиза ташқарида эмас, ИЧда рўй беради! Туғёнли ичкин қўшиқлар. Маккор ёрни эслатувчи қўшиқлар. Минг бир тавозе билан ичингга кириб олади-да, кейин дунёнгни остин-устин қилиб ташлайди. Сен ўз нолангни, ҳеч кимга айтолмаган, ўзинг-да чўчийдиган изтиробинг сувратини кўрасан. Муҳаббатинг ўз маҳшари билан юзма-юз қолади.

Агар кўзингиз гул-гул ёниб хониш этаётган сип-силлиқ аллакимга тушиб қолса, у “Эй ёр, мени куйдирдинг, расвойи жаҳон этдинг”, деган ҳасратми, ёки “Ўртар”ни лабининг қирғоғидан тошаётган севинчини эплолмай, шип-ширингина жилмайган кўйи айтса, “юлдуз”нинг ажабтовур авзойига ҳеч ажабланманг. Шўрлик ўттизни, боринг­ки, қирқни уриб қўйса ҳам, лоақал бир бор куйиб кўрмаса, куйдирги жон кўйидан гангимаса, қисмат тиғи кўксини тилмаган бўлса, яна қай алпозда айтсин?! Менинг санъаткорим ўлмас дурдона “Сен — менинг куйимсан”ни ўттизда эмас, олтмиш ёшида айтганида ҳам яна бошқатдан кечиниб, дардчил туйғуларнинг жамики товланишини ўзидан ўтказарди, яшарди.

У отасини кўрмади. Урушда ҳалок бўлган. Онаси Айшет хонимнинг ноёб овози бор эди. Худо бу аёлга истеъдодга яраша антиқа феъл-атвор ато этганди. Умри йўлларда ўтди. Бир театр ёқмадими, қўл силкирди-да, бошқа бир вилоят театрига ўтиб кетаверарди. Албатта, бундай ҳаётда бола сарсон бўлиши тайин. Бувиси ва амакисининг ардоғида улғайган санъаткор “Мендаги овоз ва эрксеварлик онамдан, лекин мусиқий қобилият билан орият туйғуси магомаевлардан мерос”, деб ёзади.

Ҳақиқатан ҳам, ўз даврида эрк ва орнинг тимсоли бўлган. Шу феъли туфайли машҳур Катта театрга таклиф этишганида кўнмайди. Чегараланган репертуарга тобе бўлиб, кимнингдир кайфиятига боғланиб қолишни сабрига сиғдиролмасди, ўзини банди бургутдек сезарди. Қолаверса, анъанавий шўро операсини ҳам қабул қилолмасди.

Мавлоно Румийнинг “Сен олтин баҳосидасан, ўзингни мис чақага сотма” ҳикматини Санъаткор ҳаётининг ҳар бир саҳифасидан ўқиш мумкин. Муслим Магомаев ҳеч қачон партияга аъзо бўлмаганини кимки эшитса, ҳайрон қолади. Чунки ҳукумат раҳбарлари эътиборидаги эрка санъаткор. Бирор-бир тантанали маросим унинг иштирокисиз ўтмаса, ахир, қанақасига? Сир эмас, шўро даврида партия — улуғ бир мақом эди, одамлар учун. Бу борада Муслим Магомаев ҳурмат билан Ҳайдар Алиевни эслайди. Бир куни кулиб, арбобга “Нега менга “Партияга ўтасан!” деб ҳеч зуғум қилмайсиз?” деб сўраганида, у “Партия — тартиб-интизом. Сенинг феълинг ҳеч бир чекловга тўғри келмайди. Қолаверса, партия одамларнинг “ўсиш”и учун керак, бунақа “ўсиш”га сен муҳтож эмассан”, деб жавоб қайтаради. Ва Алиев кўп эмас, бир-икки бор “Биласан, сени Леонид Ильич яхши кўради, унвон берди, Ленин ҳақидами, ё ўзига бағишлаб, ҳеч қурса, партия ҳақида қўшиқ айтсанг, хурсанд бўларди”, деб хонанданинг юрагига қўл солиб кўради. Лекин санъаткор бу таклифни ҳеч ҳазм қилолмайди. Кўнгилга сажда этган, табиатга топинган, урушнинг фожиаси, инсоният тақдири ҳақида ёниб куйлаётган эҳтирос одами учун ҳар қандай доҳийларнинг шон-шавкатию шиорбоп қийқириқлар ёпишмаган гажак, холос. Майли, қофиябоз шоир-ку қоғозни бежаб бир амаллар. Ахир, тарки одат амримаҳол! Лекин қандай қилиб маълумдан маълум туссиз сўзларни самовий туҳфа — куйга ё оҳангга кўчириш мумкин? Денгизнинг исёнкор тўлқинлари билан биродар юракни бўйсундириб бўладими?! Айтинг?!

“Мен ниҳоятда чиройли ҳаёт кечирдим, у узоқ давом этиши сира мумкин эмас...” Бу бемор санъаткорнинг дўстига айтган гапи эди. У касалхонага боришни ҳеч хоҳламас, афсуски, жисму жонига арзон нигоҳ билан қарарди. Чиндан ҳам, чиройли ва мазмунли умр кечирди. Унинг тақдирида буюк шахслар ҳаётига хос чўнг изтиробли қисмат битилмаганди. Дарвоқе, “Тирик афсона” ҳужжатли фильмида Муслим Магомаев номли ҳодисага шундай баҳо беришади: “Бахт — эрка, тантиқ нозикойим. У кимни танлайди, ҳайронсан. Лекин бу галги танловида ҳеч адашмаганди”.

***

Денгизнинг бетиним ҳайқириғи дилга кўчди. Беомон тўлқинларнинг биллур ҳовучида жоним оқяпти. Кўнгилда ёт-бегона оҳангга жой қолмади. Ўз-ўзи билан андармон руҳ қалб­ни шу қадар банд этганки, руҳнинг парвозига тану жон шу қадар қарамки... ўзга ҳаво, ўгай нафас кириб келиши учун игнанинг кўзидек ҳам тирқиш йўқ...

Миннатдорман Сендан, мени халос этганинг  учун,

Юҳо ҳаёт ютиб юбормасиданоқ қутқариб қолганинг учун, Ташаккур!

Сен туфайли яна юракка қайта бошладим...

2016 йил