“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЧИН ЗИЁЛИ, ЧИН НОШИР...

ЧИН ЗИЁЛИ, ЧИН НОШИР...

Боғинг баравж экан, умринг бардавом...

Юртимизда азалдан китоб билан ошно бўлган, китобни суйган, китоб ёзган, китобни муқаддас билиб, қорачиғидек асраганларни «зиёли» деб атаганлар. Зиёли, бу - нур таратувчи, ўзининг фидойи саъй-ҳаракатлари, оқилона фаолияти билан жамиятга нур бахш этувчи, маънавий-ижтимоий барқарорликни таъминловчи шахс, деганидир.

Зиё, зиёли, зиёкорлик мавзуида сўз борганда, жумладан, эл-юртимизнинг айни шундай фазилат соҳиби бўлган камтар ва камсуқум инсонларидан бири – таниқли ношир, таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шомуҳитдин Мансуровнинг ҳаёт ва ижод йўлига бир назар ташлаш, яхши кунда яхши инсоннинг ёдини хотирлаш ҳар томонлама ўринли, деб ўйлаймиз.

Шомуҳитдин Мансуров 1946 йил 28 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1970 йилда Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Миллий университетнинг) филология факультетини тугатиб, 1972 йилда “Ўзбекистон” нашриётида ўз меҳнат фаолиятини бошлаган. Кейинчалик “Ёзувчи”, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий
нашриётида ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида масъул лавозимларда ишлаб, ўзининг етук раҳбар ва ноёб мутахассис эканини амалда исботлаган.

Аввало, у киши ўз ишини ҳар жиҳатдан пухта биладиган таниқли ва устоз ноширлардан эди. Бинобарин, 1972 йилдан то умрининг охиригача “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида қизғин ва самарали меҳнат қилди. Ўзининг билими, тиришқоқлиги, интилиши туфайли бу даргоҳда муҳаррирликдан бошлаб таҳририят мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир ва директорнинг биринчи ўринбосари лавозимигача бўлган вазифалар пиллапоясидан муваффақият билан изчил юксалди.

У киши 2004 йилдан эътиборан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи директорининг нашр ишлари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келди. Бошқача айтганда, Ш.Мансуров 40 йилдан зиёд вақт мобайнида ноширлик соҳасида астойдил меҳнат қилиб, ўзини шу соҳанинг моҳир ташкилотчиси, салоҳиятли ношир сифатида намоён этди.

Шомуҳитдин ака билан чорак асрдан кўпроқ вақт таниш бўлганмиз. Шу даврда, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг расмий нашрларини чиқаришда, Конституцияга шарҳлар, Асосий Қонунимиз ҳақидаги рисолаларни, “Гёте - юрист” номли китобим ва шу каби бошқа бир қатор нашрларни чоп этиш жараёнида яқиндан ҳамкорлик қилдик. Ўзаро суҳбат-мулоқотлар асносида бир-биримизга нисбатан ҳурмат-эътиборимиз ва меҳр-оқибатимиз ортиб борди.

Шомуҳитдин аканинг иш кабинетида бўлган дамларимда у кишининг ходимлар ва хизматчиларга нисбатан ҳамиша инсоний ва самимий муносабатда бўлишини кўп марта кузатганман. Ҳақиқатан ҳам, Шомуҳитдин ака ҳеч кимга, ҳеч қачон овозини баланд кўтариб гапирмас, айрим раҳбарларга ўхшаб столни ҳам муштламасди. Лекин у кишининг топшириқларини ҳамма бирдек тўғри ва ҳалол бажарар ва бу ҳайратланарли ҳол эди, назаримда. Хонасига бирор юмуш ва илтимос билан кирган одам ундан рози бўлиб чиқиб кетганини кўриб, ҳар гал ҳавасим келган.

Ҳа, бу дунёда яхши инсонларни учратиш ва улар билан ҳамкор-ҳамнафас бўлиб ишлаш ҳамиша ноёб ҳодиса экани бор гап. Ш.Мансуров ҳақиқий яхши инсон, юксак инсоний фазилатлар соҳиби, чин маънодаги ўзбек зиёлиси эди. Бировни ёмонлаш, ғийбат қилиш Шомуҳитдин аканинг табиатига мутлақо зид эди. Яхшилик ва фидойилик у кишининг шиори эди. Миллатимизга хос бўлган кўпгина фазилатларни ўз зийнатида мужассам этганди. Одамлар билан сўзлашганида, доим майин ва меҳрли жилмайиб турар, ўзбекона айтганда, истараси иссиқ, дарёдил бир инсон эди.

Шомуҳитдин Мансуровнинг ўзи ҳам ҳассос қалам соҳиби эди. У киши “Халқ достонларида эстетик идеал”, “Халқ бадиаси ва қарашлари”, “Маънавий мерос ва ахлоқий тарбия”, “Ҳаёт ва хаёл фарзанди”, “Саҳнада туғилган санъат”, “Минг бир хазина” каби бир-биридан қизиқарли илмий-оммабоп рисолалар ва мақолаларнинг муаллифи экани юқоридаги фикримизни яққол тасдиқлайди.

Шу ўринда у кишининг “Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар” китоби нашр этилиши муносабати билан ноҳақ маломатларга ҳам дучор бўлганини эслаш жоиздир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, наинки заҳматкаш ношир, оташин муаллиф, айни чоғда, малакали муҳаррир ҳам бўлган бу фидойи инсоннинг бутун фаолияти китоб ва китобларнинг сирли, сеҳрли олами билан бениҳоя уйғунлашиб кетган эди. Шомуҳитдин аканинг дўст ва яқинлари учун энг яхши совғаси ҳам китоб бўлган. У киши китобни фарзандидек яхши кўрарди, десак муболаға бўлмайди.

Ш.Мансуров таржимон сифатида Ё.Илёсов асарларидан ташқари, Куба ёзувчилари ҳикояларини, Янги Зеландия халқлари эртакларини, бир қатор рус маърифатпарварларининг эстетикага оид мақолаларини ҳам қунт ва маҳорат билан ўзбекчалаштирган.

Ёвдат Илёсовнинг “Ғазаб сўқмоғи” китобини ҳам Шомуҳитдин Мансуров ўзбек тилига ўгирган. Кези келганда, Ё.Илёсовнинг кишида ғурур ва олижаноб мардлик туйғуларини уйғотувчи, дилга таскин ва далда берувчи, ватанпарварлик руҳида тарбияловчи тарихий роман ва қиссалари билан ўзбек китобхонларини таништириш борасида Ш.Мансуров яловбардор зиёлиларимиздан ҳисобланади, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бунга қадар атоқли русийзабон адибнинг “Илон авровчи” қиссаси ва “Олачипор ажал” романи ҳам ушбу таржимон томонидан маҳорат билан таржима қилингани таҳсинга сазовордир.

Ё.Илёсов асарларининг Ш.Мансуров таржимасидаги матнлари – теран тафаккур, ёниқ қалб ва соҳир қалам соҳибининг етук ижод маҳсули, бир сўз билан айтганда, ажойиб таржима асарлар, десак, янглишмаймиз. Айниқса, бу таржималар тилининг равонлиги, тушунарли ифода услуби, зарур изоҳлар билан бойи­тилиб том маънода ўзбеклаштирилгани билан ажралиб туради. Шу боис Ш.Мансуров таржималари ўзбек китобхони, мутахассислар ва адабий жараён намояндаларининг юксак баҳоларига сазовор бўлди.

“Ғазаб сўқмоғи” китоби Ш.Мансуровнинг Ё.Илёсов асарларидан ўгирилган охирги таржимаси, таъбир жоиз бўлса, бу фоний дунёда амалга ошириб улгурган энг сўнгги адабий-ижодий иши бўлиб қолди. Илло, заҳматкаш таржимон, ўзбек матбаачилиги ва ноширчилиги ривожига муносиб ҳисса қўшиб келган тажрибали муҳаррир ва ношир Шомуҳитдин Мансуров 2013 йилнинг январь ойида, яъни олтмиш етти ёшида бевақт оламдан ўтди. У киши дўстлари даврасида ўтириб, яхши тилаклар билдириб туриб, бир лаҳзада ҳаёт билан видолашди. Сўнгги нафасини ҳам дўстлари даврасида ўтказди. Жон шунчалар омонат эканки, шоир айтганидек, “чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас”.

Шомуҳитдин ака билан бирга ишлаб кўрганлар эътироф этганидек, у киши худди қизини тўй олдидан никоҳга бекаму кўст тайёрлаган онадек китобни ҳам гўзал келинчакмисол наш­рга тайёрлар эди. Ўзи муҳаррирлик ёки масъул муҳаррирлик қилган китоб чоп этилганда олам-олам қувончга тўлар эди. Янги китобни қўлига олар экан, кўзлари меҳр билан порлашига ўзим ҳам кўп бор гувоҳ бўлганман.

Ш.Мансуров ўз касбининг ҳақиқий устаси ва билимдони эди. Муҳаррир сифатида муаллиф меҳнатини қадрлаб, унинг услубига, асарнинг мазмун-мундарижасига асло путур етказмасликка ҳаракат қиларди. Тарихий ва диний мавзулардаги китобларни аниқ манбаларга таяниб, бирма-бир солиштириб сўнг, чоп этишга тайёрларди. Ҳамкасбларнинг хотирлашича, Шомуҳитдин ака тарихимизни етук бир олим даражасида яхши билган. У киши ўта масъулиятли ва ҳар доим масъулиятни ҳис қиладиган меҳнаткаш инсон бўлган. Ҳатто қўлёзмаларни уйига олиб кетиб ишлар экан.

Шу тариқа Ш.Мансуров ноширлик ишларини пухта ташкил этишда, халқимиз учун янгича руҳ ва мазмундаги ижтимоий-сиёсий,  адабий-бадиий адабиётларни сифатли нашр этишга катта ҳисса қўшган. Шунингдек, мактаблар, лицей ҳамда коллежлар ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари учун янги дарслик ва ўқув қўлланмаларини замонавий дизайн асосида яратишдек ғоятда масъулиятли ҳамда муҳим аҳамиятга молик ишларга бевосита бош-қош бўлган.

Ш.Мансуров истиқлол йилларида нашр этилган кўплаб машҳур китоб-альбомларнинг тузувчи ва таҳрирчиларидан ҳам эди. Ўзбекис­тон Республикаси мустақиллигининг 20 йиллигига бағишланган “Буюк ва муқаддас, мустақил диёр” китоб-альбоми, “Ўзбекистон: мустақил тараққиёт йўли”, “Ўзбекистон —
умумий уйимиз”, “Тошкент — ислом маданияти гавҳари”, “Самарқанд – 2750”, “Ўзбек халқ амалий-безак санъати” каби безакли ва фотоальбомлар шулар жумласидандир.

Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу нуфузли нашрлар кўплаб халқаро матбаачилик анжуманларида кенг намойиш этилган. Туркия, Россия ва бошқа бир қатор мамлакатларда бўлиб ўтган китоб кўргазмалари ва савдо-ярмаркаларида муваффақиятли қатнашган. Хусусан, “Ислом обидалари”, “Ўзбекистон” номли китоб-альбомлар Москвада ўтказилган халқаро китоб кўргазмасининг совринли дипломлари билан тақдирланган.

Мустақиллик йилларида Шомуҳитдин Мансуров янада ғайрат ва шижоат билан ишлади. Мамлакатимиз ноширчилигини ривожлантиришда, уни янги поғоналарга кўтаришда муносиб ҳисса қўшди. Шомуҳитдин ака Ватанимиз равнақи, халқимиз маънавиятини мустаҳкамлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилган фидоий инсонлардан бири эди. Давлатимиз томонидан Ш.Мансуровнинг кўп йиллик самарали хизматлари муносиб қадрланди. У киши истиқлол йилларида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони ҳамда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

Албатта, йиллар дарё мисол оқиб ўтаверади. Лекин Шомуҳитдин Мансуровни  кўрганлар ва билганлар у кишининг ҳақиқий инсонлигини, заҳматкашлигини унутмаслигига, ҳамиша нур ёғилиб турган самимий чеҳрасини бир умр қалбларида гавҳардай асрашларига ишонамиз.

Яхшидан боғ қолади, дейдилар. Шомуҳитдин акадан қобил фарзандлар, оқил шогирдлар, дала ҳовлисида ўз қўллари билан яратган кўркам боғ, энг муҳими, қанчадан-қанча яхши асарлар, таржималар, бежирим, дидли ва сифатли нашр этилган китоблар қолди.

Акмал САИДОВ,
 юридик фанлар доктори, профессор