“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЭЪЖОЗ – МЎЪЖИЗА САНЪАТИ

ЭЪЖОЗ – МЎЪЖИЗА САНЪАТИ

«Эъжоз» сўзининг луғавий маъноси «мўъжиза кўрсатиш»дир. Эъжоз санъати кўпроқ мумтоз шоирлар шоҳбайтларида учрайди. Ушбу санъатнинг моҳиятида фавқулоддалик тушунчси бор, яъни шоир байтда ҳикматли, қимматли ва кутилмаган кашфиётлар қилса, бадиий санъатлар билан сеҳрпардозлик қилса, анча-мунча олимлар ҳам илғай олмайдиган бадиий санъатлар (чунончи, назарда тутилган, аммо матнда айтилмаган истихрож санъати)ни ишлатса, эъжоз санъатини қўллаган бўлади. Бу санъат моҳиятини биргина Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеърияти мисолида кўриш мумкин.

 Бобур шеърияти умрбоқийлигининг икки хусусияти, айниқса, муҳим. Булар: байтларнинг ҳаётий ҳақиқатлар кашфиётига бойлиги ҳамда бадиий санъатлар билан ҳашамдорлигидир. Бобур “Девон”ида эъжоз санъатининг уч нави алоҳида кўзга ташланиб туради.

Биринчиси: байтда ўта нозик фикрий кашфиётлар қилмоқ. Бобур девони эъжоз даражасидаги кашфиётларига жуда бой. Шулардан панд-насиҳатлар:

Бўлмадим умримда бир дам хотири хуррам била,

Гар иликдин келса, бир дамни кечурманг ғам била.

Ҳаётий-фалсафий хулосалар:

Ҳижрон қафасида жон қуши дам қиладур,

Ғурбат бу азиз умрни кам қиладур.

(Мазмуни: Айрилиқда жон қушининг нафаси қисилади,

 Ғурбат азиз умрни қисқартиради).

Ҳаётий мутлақ ҳақиқатлар, ҳикматлар:

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.

Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур.

Фавқулодда янги фикр:

Эл барча пушаймон бўлуру тавба қилур,

Мен тавба қилибману пушаймондурман.

Ошиқлик (йигит ва қиз) ва оилавий (эру хотин) муаммоларнинг ҳайратомуз талқини:

Агарчи сенсизин сабр айламак, эй ёр, мушкилдур,

Сенинг бирла чиқишмоғлиқ доғи бисёр мушкилдур.

(Мазмуни: Эй ёрим, сенсиз, айрилиқда сабр қилмоқнинг ўзи мушкул,

Бироқ бирга бўлганимизда сен билан муроса қилиш янада мушкулдир).

Иккинчиси: байтда бадиий санъатларни жуда кўп қўлламоқ ҳам эъжоз санъати кўрсаткичидир. Бобурнинг кўплаб байтлари ҳайратланарли даражада кўп бадиий санъатлар билан безалгани учун маъно теранлашган, образлилик яратилган, таъсирчанлик кучайган, матнда мушоҳада имкониятлари яратилган.

Ул қаро кўз ҳажрида тундек қарорди кундузум,

Ё Раб, андоқ кунни ул кўзи қаро кўрсатмагай!

(Мазмуни: Қора кўзли севгилим айрилиғида кундузларим тундек қорайди, Эй Оллоҳим, ундай кунни у қаро кўзим менга кўрсатмасин!)

Байтдаги бадиий санъатлар:

1)   “қаро кўз” – қисмда (кўз) бутунлик (гўзал санам) ифодалангани – синекдоха;

2)   “қаро кўз” бирикмасида кўзнинг қоралиги –  сифатлаш қўлланилган;

3)   Биринчи мисрадаги “қаро кўз” сўзларининг иккинчи мисрада ўрин алмашиб такрорланиши (кўзи қаро) тарди акс санъатидир.

4)   “тундек” сўзида ўхшатиш (ташбеҳ) санъати намоён;

5)   “тун” ва “кундуз” сўзларида тазод – маъно зидлиги зоҳирдир;

6)   “Ё Раб” бирикмасида бир йўла икки санъат ифодаланган:

а) мурожаат, хитоб – нидо санъати;

б) байтдаги баён тарзининг с о к и н маромдан шиддатли тус олиши, гап эгасининг ўзгариши – илтифот санъатидир.

7) “қаро, қарорди” сўзларида иштиқоқ санъати – ўзакдошлик бор.

 8) “кун, кундуз” сўзларида ҳам ўзакдошлик – иштиқоқ санъати мавжуд.

Бир байтда олти маънавий (синекдоха, сифатлаш, ташбеҳ, нидо, илтифот, тазод) ва уч лафзий (тарди акс, иштиқоқ) санъатлари, жами тўққизта санъат қўллашни чинакам мўъжиза деса бўлади.           

Учинчиси: эъжознинг махсус махфий-сирли нави бўлиб, уни поэтика сирларидан чуқур хабардор мутахассис ва ўта билимдон мумтоз адабиёт китобхонигина кашф эта олади. Бобурнинг қуйидаги байтида эъжознинг ана шундай сирли яширин нави қўлланилган:

Оғзию икки зулфу қади бўлмаса, манга

Райҳону сарву ғунча кўрардин малолдур.

Аввало, байтдаги бадиий санъатларни аниқлаб чиқамиз:

1.   Ташбеҳи измор: биринчи мисрадаги оғиз, зулф, қад иккинчи мисрадаги ғунча, райҳон ва сарвга зимдан ўхшатилган: оғиз – ғунча, зулф – райҳон, қад – сарв.

2.   Биринчи мисрадаги оғиз, зулф ва қаднинг иккинчи мисрада тизилган ғунча, райҳон ва сарвга остинма-устин ташбеҳлиги мушавваш (номураттаб) лафф ва нашр санъати кўрсаткичи ҳамдир.

3.   Биринчи ва иккинчи мисрадаги оғиз, зулф, қад, райҳон, сарв ва ғунча худди саналгандек тизиб келтирилгани учун таъдид санъати бўлади.

4.   Райҳон, сарв, ғунча – боққа тегишли тушунчалар бўлгани учун таносибдир;

«Оғиз», «зулф» ва «қад» сўзлари одам аъзо-узвлари бўлгани учун таносибдир.

Маҳорат мислсизлигини қарангки, бир байтда тўрт бадиий санъат қўллаган Бобур булардан ташқари яна бир мўъжиза кўрсатган. Демак, энди навбат эъжозни кашф этишга келди: муаллиф кичик бир нуқтада китобхонга мадад берган, яъни зулфнинг иккиталигини қайд этиб сергак торттирган. Байтдаги “малол” сўзи байтнинг зоҳирий маъносига кўра ўринли қўлланилган. Мўъжиза шундаки, сеҳргар шоир ҳарфий санъатларнинг энг машғулотбопи – истихрож санъатининг ўта мураккаб (айтилмай, назарда тутилган ҳарфлардан сўз ясаш) нави билан китобхонни синаган. “Малол” сўзини зимдан «оғиз», «зулф» ва «қад» сўзларининг ҳарфий ўхшатишларидан ясаган: оғиз – мим (м); зулф – лом (л) иккита; қад – алиф (о). Ушбу ҳарфларни тизиб, қўшиб чиқсак: м+л+о+л = малол сўзи ҳосил бўлади.

Ваҳоб РАҲМОНОВ,

филология фанлари номзоди, доцент