“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“КИТОБНИНГ ЎЗ ИФОРИ ВА ЖОЗИБАСИ БОР...”

Ёдгор САЪДИЕВ,

 Ўзбекистон Халқ артисти: 

“КИТОБНИНГ ЎЗ ИФОРИ ВА ЖОЗИБАСИ БОР...”

Муҳбиримиз саҳнада сал кам эллик йилдан буён рол ижро қилиб келаётган маҳоратли устоз актёр Ёдгор Саъдиев театр, кино ва китоб ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди.  

Саҳна ва экранда ўзингиз яратган қайси образда бир умр қолиб кетишни истардингиз?

Ҳали бундай рол ижро қилганим йўқ. Балки келажакда насиб қилар. Лекин менга муваффақият келтирадиган ролларим кўп. Масалан, 1989 йил “Ичкуёв” фильмида ичкуёвнинг ролини ўйнаган пайтларим ҳамма мени “ичкуёв, ичкуёв” деб атарди. Кейин “Сўнгги ўқ” фильмида бош қаҳрамон — Жаҳонгирни ўйнадим. Мухлислар “Жаҳонгир” деб атай бошлашди. Ҳозир “Асадбек” деб чақиришади. Навбатдаги ролимни ўйнаганимдан кейин мени яна ўша қаҳрамоним билан аташса ажабланмайман. Ана шу менинг муваффақиятим ҳисобланади. Мен ҳар бир ролнинг умри бор, деб ўйлайман. Бошқалар ўйлаганидек, мен ҳали “образлар галереяси”ни яратган эмасман. Тўрт-беш йиллар оралиғида битта тугал роль яратишни афзал биламан. Санъаткор томошабинни соғинтириши, озгина бўлса-да, сирли бўлиши керак. Кинодан-кинога сакраб юрган билан томошабиннинг ҳурмати ошиб қолмайди. Афсуски, баъзи маҳоратли актёрларимиз қайта-қайта роль ижро қилаверганидан профессионализм сийқаллашиб қолмоқда. Бир хиллик пайдо бўлди, дегани бу профессионализм йўқолди, дегани.  

Театр ва кино. Қай бири томашабинга кўпроқ таъсир қилади?

— Иккиси ҳам. Театр ва кинонинг фар­қи шундаки, кинода фильм йирик, ўрта планларда олинса, театрда кенг планда ишланади, лекин керак бўлса йирик планда ҳам томошабинга таъсир қилишимиз керак. Кинода эса бу енгил кечади. Кино сиз нима демоқчи эканлигингиздан кўзингиз билан ҳам кўрсатиб беради, аммо театрда овоз муҳим. Актёрнинг ҳақиқатдан йиғлаётгани овози орқали чиқади. Кўпчилик актёр ёки актрисалар камерадан қўрқишади. Бунинг ҳаммаси вақтинчалик, ўтиб кетадиган ҳодисалар. Хоҳ театр бўлсин, хоҳ кино мен бу поғоналардан ўтиб бўлдим. Ўқишга энди кирган пайтларим эди, “Дилбарим” фильми учун таклиф қилишган. Билмадиму, негадир ўша пайтлардан менда камерадан чўчиш деган туйғу йўқ эди. Ёш актёрлар камерадан қўрқиши керак эмас, унга ҳам бир мухлис, деб қараш керак.

Саҳна ва ҳаёт. Мана шу икки оламдаги қувончу изтироблар...

Баъзан “ҳаётда артистлик қилма”, деган кинояли гапларни эшитамиз. Қулоғимга чалинган энг ёмон кўрган гапларимдан бири шу. Чунки мен ҳеч қачон ҳаётда роль ижро қилмаганман. Бор нарсани гапирганман, нима бўлса, ҳаммасини рўйи-рост сўзлаганман. Ҳаёт саҳнасида роль ижро қиладиганларни ёқтирмайман. Жамиятда ундайлар жуда кўп. Ф.Шиллернинг “Қароқчилар” трагедиясида Карл Моорнинг бир гапи бор: “Эҳ инсонлар, инсонлар! Қалбаки найрангбоз авлод лабингдан ўпиб туриб, кўксингга ханжар уради”.

— Нима деб ўйлайсиз, ҳақиқий актёр туғиладими ёки шаклланади?

Ҳақиқий актёр олдин туғилади, ке­йин шаклланади. Инсон туғилишида Аллоҳ томонидан қобилият деб номланувчи кичкина зарра берилади. Шундан кейин ҳақиқий актёр бўлиб туғилади ва йиллар давомида шаклланади. Ҳозирги ёш актёр ва актрисаларимиз: “Шу фильмда ҳаётимни ўйнадим”, деган гапни одат қилиб олишган. Кечирасизу, ҳали профессионал актёр даражасига етмай туриб бундай гап айтиш нотўғри. Шунинг учун ҳам ёшларимизга кўпроқ китоб мутолааси билан машғул бўлишларини тавсия қилардим. Аксарият ёшлар китоб ўқимайди, яна такрорлайман, афсуски, ўқимайди. Ёшлар китоб билан мулоқотга кирса, уларнинг нафақат инсонларга балки, ўйнаётган ролига бўлган муносабати ҳам ўзгаради. Китоб ўргатади, китоб, бу – ҳаёт. Китобни варақлаш, ҳар саҳифасининг залворини ҳис қила билиш керак. Китобнинг ўз ифори ва жозибаси бор. Яқинда Самарқанд шаҳридаги “Китоб олами” савдо мажмуасида ижодий учрашув бўлиб ўтди. У ерда менга бир қанча тарихий китоблар совға қилишди. Бу “хазина”ни уйга олиб келдим ва невараларимнинг қўлига тутқазиб: “Ҳар куни 10 саҳифадан ўқиб, менга гапириб берасизлар”, дедим. Уларнинг ютуқларидан қувоняпман. Раҳматли умр йўлдошим невараларимга жуда кўп китоб мутолаа қилдирарди. Инсонга ҳаво ва сув қанчалик зарур бўлса, китоб ҳам шунчалик зарур, деб ўйлайман. Болаликда илк қўлимга олган китобим эртак китоблар бўлган. Ҳозир Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” номли ахлоқий китобини ўқияпман. Мутолаа мия қон томирларининг ишлашини яхшилайди. Ҳар бир инсон китоб билан дўст тутинсин, ҳаттоки “ака-ука” бўлиб кетса ҳам майли (кулиб). 

Нилуфар МУРОДОВА суҳбатлашди