“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

АҚЛ ЁҚҚАН ТАФАККУР ЧИРОҒИ

“Мен бир нарсага ҳайрон бўлавераман. Қачон қараманг, тўртта одам йиғилса, фарзанд тарбиясининг оғирлиги, уларни одам қилишнинг азоблиги тўғрисидаги ҳасратга дуч келамиз. Ў-ў-в биродарлар, бунинг энг осон, энг арзон, энг самарали йўли, усули шундоқ ёнингизда турибди-ку: болангизни китоб ўқишга ўргатинг, унинг кўнглида бадиий адабиётга меҳр ва муҳаббат уйғотинг, уч-тўрт сўмни қизғонмай мунтазам китоб олиб беринг фарзандларингизга! Ахир дунёда китобдан ҳам ақллироқ, ундан ҳам донороқ бирор устозни топиб бўладими? Ахир китобларда йўқ нарсанинг ўзи йўқ-ку! Одамни одам қиладиган жамики куч-қудрат, ҳикмат, гўзаллик, ақл ва одоб китобларда “мана ман” деб турибди-ку! Наҳотки, бу буюк неъматдан, бебаҳо бойликдан бебаҳра бўлиб ҳам одам бўлиш мумкин, деб ўйласангиз?! Хато қиласиз, биродарлар, китобсиз, бадиий адабиётсиз бирор одамнинг дуруст­роқ инсон бўлганини, бирор миллатнинг ўсиб-унганини шахсан мен билмайман...”

Озод ШАРАФИДДИНОВ

АҚЛ ЁҚҚАН ТАФАККУР ЧИРОҒИ

ЁХУД ОЛАМНИНГ ҚАЛБИ ҲАҚИДА...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойишида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли адо этилиши халқимиз маънавияти, маърифати, миллий интеллектуал даражанинг юксалишида кучли омил бўлиши шубҳасиз. Зеро, жамиятнинг оммавий китобхонлигига эришиш, пировард натижада, мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, илмий ва маданий ҳаётининг барча жабҳаларида кескин юксалишни вужудга келтириши мумкин. 

...Университетни битиришимиз муносабати билан курсдошлар маслаҳатлашиб, хотира учун альбом тайёрлайдиган, унинг ташкилий ишларини курс “староста”си сифатида мен амалга оширадиган бўлдим. Альбомнинг сўнгги саҳифаси учун бир вараққа бизга таълим-тарбия берган устозлар тилакларини ёздириб, ҳаммага эсдаликка кўпайтириб беришни режалаштирдим. Ўша саҳифадаги азиз қўлёзмалардан бугун билиб турибманки, бу хайрли иш 1987 йилнинг 1 июнь куни қилинган экан.

Албаттаки, ҳам устозим, ҳам факультетдаги энг обрўли домла сифатида дастлабки тилакни варақнинг энг тепасига ёздириш учун биринчи бўлиб Озод Шарафиддиновга учрашдим. Домла мақсад-муддаони эшитгач, ниҳоятда муҳим ишга чоғланган қиёфада креслодан аста қўзғалиб, қайта ўтирди-да, мен кўрсатган жой қолиб, варақнинг энг тубига тикилганча бир муддат ўйга толди. Кейин ўша машҳур ҳуснихати билан қуйидаги тилакни ёзиб қоғозни қўлимга берди:

“Олим бўлинглар, фозил бўлинглар, аммо ҳаммадан аввал ва ҳамиша одам бўлинглар”.

Шундан буён кечган қарийб 30 йил давомида қачон курсдошлар билан кўришадиган бўлсак, жуда нодир эсдаликлар қатори домланинг шу тилаги албатта ёдга олинади, унинг замиридаги, ўша пайтда кўп ҳам уқмаганимиз мазмун-моҳиятни бутун умримиз давомида тобора чуқурроқ англаб бораётганимизни бир-биримизга эътироф этамиз. Ҳолбуки...

Ҳолбуки, бир йил, бир кун, бир соат нима, бир дақиқанинг ўзидаёқ ҳаётда минг­лаб, балки миллионлаб тилак-истаклар, қадаҳсўзлар, “амри маъруф”лар янграйди, тилла ҳарфларда ёздириб тақдим этилади ва ... биров ўқиб-ўқимай ҳавога учади, из қолдирмай йўқ бўлиб ҳам кетади. Чунки бу бебилиска тилак-орзуларнинг мазмуни, мақсад-муддаоси, иншоси ва имлоси ўзига яраша, тоши енгил...

Хўш, домланинг ҳар йил битириб кетадиган юзлаб нафар талабаларнинг “навбатдаги партияси” альбомига-да бир муддатгина ўйланиб, сўнг битган, биргина гапдан иборат бу тилаги нечун бунчалар таъсирли, унутиб бўлмайдиган, ўқиган одамни сергак торттирадиган салмоққа эга ҳолда қоғозга тушди? Олимга бу қувватни, унинг талабага ёхуд қишлоқлик мухлис – ўқувчи қизалоқнинг “эсдалик дафтари”га ёзиб берган тилагидан тортиб ўзининг катта-кичик барча китоблари қаъридан мавжланиб турадиган бу тафаккур ва тажриба кучини, таъсир имкониятини нима берган?

Мазкур савол жавобига келтирилиши мумкин бўлган кўпдан-кўп омилларни инкор этмаган ҳолда, мен бундаги энг муҳим омил сифатида домланинг ҳақиқий китобхон бўлгани, унинг бутун онгли умри китоблар ила ошноликда кечгани, у киши инсониятнинг энг ёруғ ақллари томонидан ёқилган тафаккур ёлқинларини, ҳам илоҳий, ҳам инсоний руҳ неъматларини китоблар орқали ўзлаштириб улгурганидек энг муҳим омилни алоҳида таъкидлаб айтган бўлардим. Зеро, ким учундир уйқуни тезроқ келтириш, кимгадир йўл танобини сездирмай тортиш, яна бошқа бир касга эса “пул топадиган вақтни бекорга ҳавога совуриш” бўлиб туюладиган китоб мутолаасидек жараён одам деган махлуқнинг ҳазрати инсонга айланишида бошқа бирон саъй-ҳаракат ўрнини боса олмайдиган маънавий-маърифий, руҳий-тафаккурий юксалиш палласи ҳисобланади. Бу “юк”сиз эса одамдан-да енгил, бемақсад ва бемаслак зараркунанда топилмайди...

Шу ўринда Озод домла билан боғлиқ яна бир ёруғ хотира ёдга келади.

Ўзбекистон телевидениесининг “Ёшлар” телеканалида кўришлигина бир кўрсатув бўларди – “Синфдош” деган. Уни тайёрлайдиган Дилфуза Зарипова исмли журналист қиз бирон-бир кўрсатувининг шунчаки, одам алдашга бўлиб қолмаслиги ташвишида юрар, томошабин деган одмигина ном ортида миллионлаб қалб эгаси турганини ҳис қилиб иш юритадиган виждонли ижодкорлардан эди. Шу қиз бир сафар Озод Шарафиддинов ва каминага китоб, китобхонлик маданияти, китобнинг инсоният тамаддунидаги ўрни хусусида қатор саволлар билан мурожаат қилди. Домла ва мен билан суҳбат алоҳида-алоҳида ёзиб олиниб, ке­йин монтаж қилинган, адашмасам, уч бўлимга тақсимланиб, уч ҳафта давомида намо­йиш этилганди. Мана шу суҳбатда янграган, домланинг жуда кўп фойдали, чуқур маъноли мулоҳазалари орасида юзаки қараганда оддийгина, гўё ҳамма айта оладигандек туюладиган, бироқ фақат ва фақат Озод Шарафиддинов даражасидаги илм ва тажрибага эга интеллектуал юксак шахслар хулосаси бўлмиш қуйидаги мазмунли фикрлар ҳам бор эди:

Катта ижодкорларни, жумладан, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад домлани ҳам унча-мунча нарса билан ҳайрон қолдириш осон иш бўлмагани маълум. Шу устоз адиб “Китобсевар ва китобсўярлар тўғрисида достон” номли мақоласида Озод укасининг фазилатларини санай туриб, хусусан, мана бу гапни ҳам айтганди:

“Бу дилкаш, истарали олимнинг ҳамсафар бўлишидан ҳузур қиласиз. Йўл-йўлакай ундан оҳори тўкилмаган гапларни эшитасиз. Дунёда шу бола ўқимаган китоб қолдимикан, деб ўйлайсиз. Вой, бунинг билағонлиги, вой, унинг топағонлиги...”

Ҳақиқатан ҳам Озод домла ким нима ҳақда гап очмасин – у фалакшунос бўладими, океанолог бўладими ёхуд изқуварми – ўша гапнинг китобий-илмий асосини, тафсилотларини, муҳим жиҳатларини шунақанги аниқ ва батафсил изоҳлаб берардики, бояги мутахассис бирдан сергак тортиб, бу сафар суҳбатдош сифатида кимга йўлиққанини тезроқ билиб олиш тадоригига тушарди.

Нега шундай бўларди?

Нега домла шахмат бўйича Жаҳон чемпионлари Гарри Каспаров ва Рустам Қосимжонов билан ҳам, эндокринолог олим, академик Ёлқин Тўрақулов билан ҳам, Ғарбдан келиб, бизнинг юртларда тирикчилик қилаётган бизнесмен ёхуд деярли ҳамма мева уруғидан, ҳатто узумнинг уруғидан ҳам ёғ олиб сотаётган ўзимизнинг ишбилармон билан ҳам тенгма-тенг ва профессионал тилда бемалол гаплашаверарди? Унинг “муштдек бошидан” академик Ғафур Ғулом ва “гапга хасис” Абдулла Қаҳҳор билан соатлаб суҳбатлаша олишига ёхуд Салмон Рушдийга очиқ хат ёзишига қувват берган кучи қаердан йиғилган эди? Албатта ва, биринчи навбатда, китоблардан, китоб мутолаасидан!

Биз – ўзимизча тўртта янги нарса топиб ўқиган шогирдлари – устозни қойил қолдириш учун ўқиб, тўла уқмаган ўша нарсалар ҳақида бошлаган ҳайратга тўла таассуротларимизни домла кулимсираб эшитиб ўтирарди-да, кейин оғзини очмай ҳомуза тортаркан (бу ишни ҳам бирорта одам домлачалик қойиллатганини кейин кўрмадим!), “Ҳа, бу китобнинг давоми ҳам бор-ку, ўқимаганмисиз, тем более, у тўғрисида Ортега-и-Гассет билан Хайдеггер қизиқ гапларни айтишган” дея самимийгина “лой қилиб” қўяр эди.

Шукрки, “Маънавият” нашриёти (раҳбари С.Аҳмедов бошчилигида) Озод Шарафиддинов қўлёзмаларини чоп этиш масаласидаги фидойилик ва садоқатини устоз ҳаётлиги вақтидагидек ҳозир ҳам давом эттиряпти. Нашриётнинг энг сўнгги иши – домланинг суюкли қизи Муҳаббат опа (у кишини ҳам Оллоҳ раҳмат қилсин!) ва набираси Шаҳноза Тўйчиева томонидан нашрга тайёрланган “Оламнинг қалби” номли ажойиб китоб бўлди. Китоб, китобхонлик, китоб ва инсон тарбияси, тақдири, китобларнинг яралиш ва ўзлаштирилиш тарихидан ҳикоялар қилувчи мазкур тўпламдан Озод домланинг чиройли ва истарали юзи, самимий табассуми, беғараз куюнчаклиги, беҳад ватанпарварлиги ва инсонпарварлиги яққол балқиб турибди. Энг муҳими – бу китоб тобора шовқинга, толотўпга, шунинг орасида бемисл хунрезликларга тўлиб бораётган бугунги дунёда ақлдан озиш даражасига келаётган, нима қиларини, кимга дод солиб боришни билмай ўзини ҳар ён ураётган инсониятнинг юзига сепилган муздек сув – бирдан тўхтатувчи, тинчлантирувчи, ҳушёр торттирувчи, ўзига келтирувчи малҳам даражасидаги таъсир кучига эга. Бу гапни маҳобатга, ортиқча мақтовга йўймоқликнинг ҳеч ҳожати йўқ. Агар мазкур китобдан ўрин олган мулоҳазаларнинг (улар орасида домла таржимасида янграйдиган Ҳерман Ҳессе ва Стефан Цвейг фикрлари ҳам бор!) мағиз-мағизига етиб борилса, англашиладики, одамзод бошига тушган ва тушаётган, афсуски, яна тушажак барча кори ҳол – кулфатларнинг тагзаминида маърифатсизлик, маърифат ёрдамида ўзлаштириладиган инсоний фазилатлар ўрнини эгаллаб олган очкўзлик, пасткашлик, жаҳолат, хунрезлик, бағритошлик, ҳиссизлик каби тубан иллатлар ётади.

...Машҳур кишилар, кўпчилик ихлос ва эътиқод қилган шахслар номи тилга олинганда, ўша ном, қиёфа билан бирга шу шахс ҳаёти ҳамда фаолиятининг, касбу корининг рамзи бўлмиш нарсалар бирга ёдга келаверади. Дейлик, Мирзо Улуғбек ёки Циальковский эсланса осмону фалак ва юлдузлар, Ал-Хоразмий ёки Энштейн қиёфаси билан бирга ҳар турли тенглама ва формулалар, Гиппократ ёхуд Ибн Сино тўғрисида сўз борса тиббиёт рамзига айланган илон ва жом тасвири уйқаш эсга келади. Бошқаларни билмадим-у, Озод Шарафиддинов ҳақида сўз очилдими, менинг кўз олдимда домланинг бетакрор қиёфаси билан ёнма-ён минглаб китобларни ўзига жам этган китоб жавонлари, ҳар бирининг бағрида олам-олам маъно-мазмун мужассам ўлмас китоб­лар жонланаверади. Бу икки бепоён дунё – ИНСОН ва КИТОБ бир-бирини абадий талаб қиладиган ҳодисалар сирасидан бўлса, не ажаб.

Раҳмон ҚЎЧҚОР