“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МАЪНАВИЯТНИНГ НЕГИЗИ — КИТОБ

Ҳайдар СУВОНОВ,

Сурхондарё вилояти Денов тумани халқ таълими муассасалари

фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири

 

МАЪНАВИЯТНИНГ НЕГИЗИ — КИТОБ

Дунёда битта китоб ўқийдиган одам қолганда ҳам, маънавият ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Мен маънавиятни ўчмайдиган шамга қиёслайман. У ҳар бир
халқнинг йўлини ёритиб туради. Миллатларни, мамлакатларни, қолаверса, бутун Ер юзини жаҳолатга ботиб, таназзулга юз тутишидан асраб қолади. Китоб — қалбларга нур ато этиб турган ана шу маънавиятнинг калитидир. Ҳар бир халқнинг маданий-моддий бойликлари унинг маънавияти асосида шаклланганини унутмаслик керак. Асрлар силсиласида тобланган халқгина олдига юксак мақсадларни қўя олади. Ҳаётнинг заҳмату машаққатларини тотиб кўрган инсонгина ҳаётий кузатишлари, ўз билимига таяниб иш кўради. Бу икки тушунча — инсон ва халқ аслида бир-бирига муштаракдир. Халқсиз комил инсонни, бир комил инсон билангина эса халқни баҳолаб бўлмайди. Шу боис ҳам одам боласи доим изланишда, илму ҳунар сирларини ўрганиш пайида яшаб келган. Ўзбек халқи азал-азалдан китобсевар. Уч минг йиллик шонли тарихига эга миллатнинг комилликкаю илмга интилиши, китоб ўқишга меҳр-муҳаббати томирларида оқади. Алпомиш, Гўрўғли, Равшанхон, Рустамхон буюк эпослари мавжуд миллатнинг маънавияти ҳақида қоғоз қоралашни истадим.

Бунга «Китоб дунёси» газетасининг 2016 йил 16-сонида юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидовнинг «Ўзбекистон — китобхонлар юрти!» сарлавҳаси остида чоп этилган мақоласи туртки бўлди. Мақола мутолааси бир зиёли сифатида унда кўтарилган масалаларга ўз муносабатимни билдириш фикри туғилди.

Мақолада мамлакатимизда нашр фаолияти истиқлол йилларида кескин кўпайгани, китобларнинг тури ва адади ортиб бораётгани айтилган. Келтирилган рақамлар юрт тақдири учун қайғурадиган ҳар бир кишини қувонтирмай қўймайди, албатта. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам борки, муаллиф бу борада ҳам ўзининг таклифларини бериб ўтган. Мақсад эса ягона: китобхонлар сафини янада кўпайтириш, халқ орасида оммавий мутолаа маданиятини янада юксак босқичга чиқариш.

Шу ўринда халқ таълими тизимида фаолият юритаётган инсон сифатида мавзу доирасида бир-икки мулоҳазаларимни айтиб ўтсам, ўйлайманки, нашр муштарийлари мендан ранжишмас. Маънавият ва маърифат бир-бирига уйғун тушунчалардир. Болани мутолаага ўргатиш ишини аввало у бешикдалигиданоқ бошламоқ зарур. Ахир, «Бешикдан қабргача илм изла», деган ҳадисни эслайлик. Фарзанд китоблар орасида улғайса, шубҳасиз, саводи чиққач ўқишга бефарқ бўлмайди. Биз мактабни маърифат маскани дея қадрлаймиз. Хўш, унда маънавият маскани қаер? Маънавият маскани — оила. Ҳар бир хонадонда кутубхона ташкил этиш, «Энг яхши китобхон оила» танловини жорий қилиш вақти етиб келди, менимча.

Бизга маълум, саховатпеша халқимиз меҳру оқибатнинг, хайру саховатнининг чеки йўқ. Ҳукуматимиз қолаверса, маҳалла фаоллари кам таъминланган оилаларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиб келаётир. Ана шундай тадбирлар давомида китоб ҳам улашилса, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ана шундагина ҳар бир оила маънавият масканига айланиши учун мустаҳкам пойдевор яратиларди. Қолаверса, олис қишлоқларгача, аҳоли тўпланадиган гавжум жойларда, савдо дўконлари пештахталари ёнида янги чоп этилган китобларнинг афишаларини эълон қилиш, аҳолининг кенг қатламини янги нашрлар билан қизиқтириб бориш ишларини ташкил этиш ҳам китобхонлар сонининг ортишига замин ҳозирлайди.

Китоб ҳақида, китобхонлик ҳақида сўз борар экан, Марказий Осиёда ягона бўлган «Китоблар олами» савдо мажмуасининг мамлакатимизда иш бошлаганини алоҳида мамнуният билан тилга олиш лозим. Айни пайтда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда мазкур мажмуанинг филиаллари фаолият юритмоқда. Бу тармоқни янада кенгайтириш, туманлар, маҳаллаларга олиб кириш ишлари йўлга қўйилса, бундан аҳоли фақатгина хурсанд бўлади.

Шунингдек, бу жараёнда мактаб маъмуриятини ҳам жалб этиш, «Энг кўп китоб ўқиган ўқитувчи», «Энг кўп китоб ўқиган ўқувчи» танловларини республика миқёсида жорий қилиш вақти келди. Қолаверса, мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида фаолият юритаётган «Book cafe»ларни ҳар бир таълим муассасида ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди. Замонавий кўринишдаги ушбу масканлар ёшларнинг диққатини ўзига жалб қилмай қолмайди, албатта.

Ҳурматли муштарий! Юқоридаги таклиф ва мулоҳазаларимиздан халқимизни китобдан йироқ яшаяпти дея айблов остига олаётганимиз йўқ. Тўғри, бу борада кўпгина ишлар амалга оширилди, ошириляпти. Бу жараён тўхтаб қолгани ҳам йўқ. Биз шунчаки, фарзандларимизни янада билимли, ҳам маънан, ҳам жисмонан улғайиши тарафдоримиз. Бунинг учун эса мамлакатимизда барча имкониятлар муҳайё қилиняпти. Ахир, ҳаммамиз ҳам ана шу тинч-осойишта замоннинг қадрига етиб, Ватан учун муносиб фарзандлар тарбиялаб беришдек юксак вазифани зиммамизга олганмиз.

«Ҳар ишки қилмиш одамизод, Тафаккур бирла билмиш одамизод», дея ёзади ҳазрат Алишер Навоий. Дарҳақиқат, тафаккурсиз инсоннинг қилмиши ҳам ўзидан ўзиб кетолмади. Унутмайлик, фақатгина тафаккургина инсонни дунёга бўйлаштиради, уни улуғ орзу-мақсадлар сари чорлаб туради. Билим ва тафаккур ҳамиша йўлбошчидир. Инсон эса унинг ортидан юксакликка бўй чўзади. Ана шу бебаҳо бойликдан мосиво инсон эса маънавий парвоз завқидан бебаҳра қолгай.

Шу ўринда бир гапни айтишни жоиз топдим: мамлакат тақдири ҳар бир бола тақдирига дахлдор, ҳар бир боланинг келажаги эса мамлакат тақдирига дахлдор. Демак, илмий салоҳияти юксак, мутолаага меҳр қўйган фарзандни вояга етказмоқ ҳам ватанпарварликдир. Яна бир мулоҳаза: минглаб ватанпарварнинг фидойи меҳнатларини биргина хоиннинг қилмиши ювиб кетиши бор гап. Келинг, ватанпарвар, дунёқараши кенг, юксак тафаккурли фарзандларнинг ота-онаси, устоз-мураббийи, маҳалладоши бўлишдек шараф барчамизга насиб этсин. Бир-биримизга, айниқса, фарзандларимизга китоб улашишдан зинҳор тийилмайлик.