“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЁЗУВЧИ КИТОБ ЎҚИМАЙДИ... МИ?

Шодмон ОТАБЕК

ЁЗУВЧИ КИТОБ ЎҚИМАЙДИ... МИ?

Донолардан бири: «Китоблар замон тўлқинларида кезиб юрувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлоддан-авлодга авайлаб етказувчи фикрлар кемасидир», деган эди. Хўш, китоб ана шундай мўъжиза экан, унга муносабат қандай бўлмоқда, деган табиий савол туғилади.

Сир эмас, сўнгги йилларда одамларнинг китобдан анча йироқлашгани, айниқса, ёшлар китоб ўқимай қўйгани ҳақида хавотирли гаплар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Ҳозирги замонда мутолаадан чалғитувчи нарсалар ҳам кўп-да. Мутахассислар бу борада ташвишланиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришмоқда. Аммо муаммо муаммолигича турибди. Муаммонинг илдизи биз ўйлагандан кўра анча чуқур ва мураккаброқ.

Оддий китобхонни қўя турайлик, ўзи китоб ёзадиган, мутолаа борасида ҳаммага ўрнак бўлиши лозим бўлган ЁЗАРМАНлар (Қозоқбой Йўлдошев ибораси шу ўринда мантиқан жуда тўғрига ўхшайди) китоб ўқишяптими? Мен бежиз бундай демаяпман.

«Китобхонлик» дегани «ҳис этиш», «англаш» ва «фикр билдириш» деган тушунчаларни ҳам билдиради. Ҳар қандай китобхон каби мен ҳам ўқиган асарларим ҳақида ким биландир таассуротларимни айтиб ўртоқлашгим, фикрлашгим келади. Шундай кезларда, табиий, биринчи навбатда, ҳамкасб қаламкаш биродарларга мурожаат қиламан. Афсуски, уларнинг аксариятидан бир хил жавоб оламан: «Йўқ, ўқимовдим!», «Ие, шунақа китоб бор эканми? Қаерда чиқибди?» Ҳафсалам пир бўлганини яширмай, гоҳо уларни танқид ҳам қиламан. Уларнинг: «Ҳа энди, ҳозир нима кўп, китоб кўп, қай бирини ўқиб улгурасиз?» деган жавобларидан баттар энсам қотади.

Ҳар гал китоб ўқимайдиганларни кўрганимда беихтиёр чукча ҳақидаги ўша машҳур латифа эсга тушади. Ёзувчи чукчадан бир таниши фалон китобни ўқидингми, деб сўраганда, у «Чукча китобхон эмас, чукча ёзувчи!» деб жавоб берган экан.

Ҳаётда кўнгилга таскин берадиган истисно ҳолатлар ҳам учрайди. «Чукча-ёзувчи»лардан ҳафсалам пир бўлиб юрган кунларнинг бирида ногоҳ Лондондан қадрдон аллома дўстим, техника фанлари номзоди Саиджон Сиддиқов (у ерда ишлаётган фарзандини кўргани бориб, олти ой истиқомат қилиб келди) телефон қилиб: «Тафаккур» журналининг фалон сонида Зуҳриддин Исомиддиновнинг яхши бир мақоласи чиқибди, илтимос қилиб олдирдим, ўқидингизми?» деб сўраб қолди. У бошқа соҳанинг одами бўлса-да, адабиётга, маданият ва маърифатга жиддий қизиқади. Китобга, мутолаага бир умр меҳр қўйган Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзаев болалик ва ўсмирлик чоғлари ҳақида роман ёзиб, ҳамкасбларинигина эмас, ёзувчиларни ҳам қойил қолдирди. Таниқли мусаввирлар — Акмал Нур билан Исфандиёр Ҳайдаровлар санъати билангина эмас, китобхонлиги билан ҳам машҳур.

Йигирма биринчи асрда одамларни бирон нарса билан ҳайратлантириш қийин. Мундоқ қараганда ёзувчининг китоб ўқимаслиги ҳам фавқулодда ҳодиса эмасдек. Хўш, ўқимаса-ўқимас, нима бўпти!.. Шунга ҳам ота гўри қозихонами?.. Китоб ўқимай ҳам бинойидек яшаб юрганлар кўп-ку...

Бу борада ўзи ўрнак бўлиши лозим бўлган тоифалар ҳақида гап кетганда беихтиёр «Олимнинг бузилиши — оламнинг бузилиши» деган ҳикмат эсга тушади.

Дарҳақиқат, ёзувчи ёзувчининг китобини ўқимаслиги парадокс — ақл бовар қилмайдиган, ғалати, ғайритабиий ҳолат эмасми? Кузатишимча, айрим ёзарманлар даврадошлари дастхат билан совға қилган китобларни ҳам ўқишга ҳафсала қилмас экан. Буюк инглиз адиби Бернард Шоу бир дўстига дастхат ёзиб китобини совға қилган экан. Иттифоқо нархи арзонлаштирилган китоб дўконига кирса, ўша китоби сотувда турганмиш. Шоу китобини сотиб олиб: «Сизга бўлган ҳурматимни яна бир карра тасдиқлайман», дея қайта дастхат ёзиб, ўша дўстига юборибди.

Ёзувчи деганлари ҳам эртадан-кечгача бир хонага қамалиб, ижод қилмайди. Ёзишга тайёргарлик жараёнида ёки илҳом келмаётган лаҳзаларда мутолаа билан банд бўлади. Жуда кўп адибларнинг асосий вақти мутолаа билан ўтган. Раҳматли адиб Шукур Холмирзаев каттароқ асарга қўл уришдан олдин Лев Толстойни ўқиб, қувват олишини айтган эди.

Чингиз Айтматовдан бир мухбир: «Сиз кўп ёзасизми?» деб сўраганда у «Йўқ, мен кўп ўқийман», деб жавоб берган экан. Сир эмас, жаҳон адабиётининг буюк намояндалари фаолиятида китобхонлик муҳим ўрин тутган. Улар ўқиган китоблари ҳақида бетакрор мақолалар, хотиралар битишган. Булар китобхонларга бир маёқ, дастуруламал вазифасини ҳам ўтайди. Узоққа бормай, мисолни ўзимиздан олсак, атоқли адиб Тоғай Муроднинг (Оллоҳ раҳмат қилсин) китобхонликка ниҳоятда катта эътибор берганини ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. Бу ҳақда у шундай ёзган эди: «Мен фақат бир мақсадни кўзладим: ўттиз-ўттиз беш ёшгача жаҳон адабиётини ўқиш. Фақат ўқиш, ўқиш, ўқиш, қалам қотиб қолмаслиги учун майда-майда ҳикоялар машқ қилиб туриш...»

Яна бир истеъдодли адибимиз Назар Эшонқулнинг китобхонликдаги зукколиги ва тажрибасидан хайратланмай илож йўқ. «Академнашр» нашриётида босилган унинг «Мендан «Мен»гача» дея ғаройиб номланган ва афсуски, юқорида тилга олинган чукчамижозларнинг эътиборсизлиги боис адабий жамоатчиликда негадир шов-шувга сазовор бўлмаяпти, деб ўйлабман (адабиётнинг оз сонли асл мухлислари бу китобни шавқ билан ўқимоқда). Мен ушбу китобни зўр қониқиш билан қайта-қайта ўқиб, қойил қолдим. Назар фақат яхши адибгина эмас, яхши олим ҳам экан. Олимлар қилмаган, эсларига келмаган ишни қойилмақом даражада уддалабди. Отасига раҳмат!

Ёзувчи ижодининг равнақ топишида адабий муҳитнинг аҳамияти нақадар юксак экани айни ҳақиқат. Адабий муҳитни, аввало, ёзувчилар ўзлари яратадилар. Бу саъй-ҳаракатнинг асосида ҳам, шубҳасиз, мутолаа ётади. «Ақл ақлдан қувват олади» деган ҳикмат бор. Ўзаро адабий гурунглар, баҳс-мунозаралар, фойдадан холи бўлмаган фикр алмашувлар ижодкорга сув билан ҳаводек зарур. Французлар бежиз: «Шоирлар қишлоқларда туғилиб, Парижда ўладилар» дейишмаган. Агар ёзувчининг ўзи ўқимаса, адабиётни кузатиб бормаса, ўзаро кўришганда нима ҳақда гаплашишади? Об-ҳаво ҳақидами ёки нарх-наво ҳақида?

Биз адабий муҳитнинг жуда ҳам жўшқин, қайноқ бўлган бир даврига (ўтган асрнинг 60-йиллари) гувоҳ бўлган бахтли авлодмиз. Матбуотда, турли минбарларда адабиёт ёки бирон асар ҳақида айтилган баҳс-мунозаралар, фикр-мулоҳазаларни ютоқиб ўқир, тинглар, уларга ўзимизча муносабат билдириб, муҳокама қилар эдик. Бундай ажойиб муҳит биз учун катта ва бетакрор мактаб эди...

Яна китобхонликка қайтсам. «Мутолаа маданияти» дегани шунчаки китобий тушунча эмас. Унга эришиш осон эмас. «Китобхонликка ўрганиш учун қанчалик кўп вақт сарф қилинишини одамлар тасаввур қилолмайдилар, — деган эди буюк немис шоири Гёте. — Бунинг учун мен ҳаётимнинг саксон йилини бағишладим. Лекин ҳали ҳам ўргандим, деб айта олмайман».

Айрим ривожланган мамлакатлардаги мактабларда махсус мутолаа дарслари ўқитилар экан. Ўқувчилар бу машғулотларда китоб ўқиш санъатини эгаллашаркан. Демак, мутолаа ҳам, мутолаага ўргатиш ҳам ўзига хос санъат экан. Халқ таълими вазирлиги, бошқа мутасадди ташкилотлар психологлар, социологлар, кутубхоначилар ҳамкорликда бу масала билан жиддийроқ шуғуллансалар яхши бўларди. Чунки дунёни фақат гўзалликкина эмас, китоб ҳам қутқариши мумкин. «Тараққиётнинг асоси мутолаадан бошланади» десак асло хато бўлмайди.

Темуршунос олим ва адиб Ҳакимжон Сатторийнинг «Ҳазрат Соҳибқирон» китобида жуда ҳайратомуз бир маълумот бор. Арманистон ҳудудларидан ўтаётган Соҳибқирон қўшинлари йўлида бир монастир учрайди. Унда таркидунё қилган кўплаб одамлар яшар экан. Уруш қонунларига мувофиқ, босиб олингандан кейин жой таг-туги билан йўқотилиши керак эди. Аммо соҳибқирон бу ишни амалга оширишга шошилмайди. Бу жой, гарчи бошқа эътиқодга хизмат қилса ҳам, диний маскан эди. Аёллар ва болаларни олтин ва кумуш ҳисобига озод қилиш таклифига пинагини ҳам бузмайди. Бирданига бошқа таклифни ўртага қўяди. Ким тирик қолишни истаса, ўз оғирлигича китоб келтирсин! Бу таклифни монастирдагилар узоқ муҳокама қилади ва ўлимга рози эканликларини изҳор қиладилар. Улар энг қимматбаҳо бойликлари — қўлёзма китобларни топширишни хоҳламайдилар. Соҳибқирон бундай қарордан ҳайрон бўлади ва уларнинг ҳаммасини авф этади. Халқининг энг нодир бойликларини жонидан азиз билган кишилар тирик қолишга, яшашга ҳақли эди. Таниқли адабиётшунос олим ва таржимон Иброҳим Ғафуров бир суҳбатида: «Яхши китоблар бор экан, яшаш мумкин», дейди.

Китоб дўконларига кирсангиз, жаҳон мумтоз адибларининг аслиятдан таржима қилинган турфа асарларини кўриб кўзингиз қувнайди. Сўнгги йилларда анча самарали ижод қилаётган моҳир таржимон Бобохон Муҳаммад Шариф маҳорат билан она тилимизга ўгирган асарлар — Рашод Нури Гунтекиннинг турк тилидан таржима қилинган романлари, Габриэл Гарсиа Маркеснинг «Улуғ онанинг жанозаси» асарлари ўз ўқувчисини кутиб турибди. Демак, китобхонда танлаш, саралаш имконияти бисёр. Дард бору дармон йўқ...

Дунёда яхши, дурдона асарлар шу қадар кўпки, уларнинг энг яхшиларини ўқишга ҳам бир инсоннинг умри етмайди. Саралаб ўқиш шунда қўл келади, аввало вақтни тежашга ёрдам беради. Вақт эса энг қимматли неъмат. Яхши китобхон, аввало, ўзимизнинг маънавий меросимизни, мумтоз адабиётимизни, тилга тушган ва эътироф этилган энг сара асарларни ўқиб ўрганади, шундан кейингина жаҳон адабиёти деб аталмиш бебаҳо хазинага юз тутади.

Асосий машғулоти саралашдан иборат адабий танқид эса жуда суст. Бояқиш танқидчиларнинг ҳолига ачиниш лозимдек туюлади. Чунки ҳозир ёмон асарнинг ёмон эканини айтиш деярли мумкин бўлмай қолди (Танқидга тоқатсизлик шу даражада). Айтсангиз, муаллиф учун бир зумда «синфий душман»га айланасиз. Таассуфли яна бир ҳолат — илгари жиддий адабиётга мансуб айрим иқтидорли адиблар ҳам ўзларича бозор иқтисодиётига мослашгандек бўлиб, юзаки, олди-қочди асарлар ёзишга ўтдилар (Бир вақтлар бу ҳақда мақола ҳам ёзгандим). Ноширларни китобнинг савияси қизиқтирмайди. Улар китобнинг мазмунига жавобгар эмаслигини ошкора ёзиб қўйишмоқда. «Пул бўлса, чангалда шўрва» нақлига амал қилиб жавлон уришмоқда. Бир замонлар раҳматли Муҳаммад Юсуф билан шу масалада гурунглашаётганимизда шоири замон «Китобнинг савияси учун китобхон жавобгар», деб ёзиб қўйиш керак», дея киноя қилганди.

Китоб ўқиш ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир маданиятли одамнинг ҳаёт тарзига, умрининг мазмунига айланиши лозим. Китоб одамга билим беради, ташқи олам, дунё ҳақидаги тушунча, тасаввурларини бойитади. Санъатнинг бирон тури инсон қалбини адабиётдай чуқур, теран таҳлил этолмайди. Адабиёт ҳаётимизга маъно беради, ўз «мен»имиздан ташқарига чиқишга ёрдам қилади. Ҳеч қандай тарбия воситаси адабиётнинг, китобнинг ўрнини босолмайди. Мутолаа — руҳий эҳтиёждир.

Ёш авлоднинг кўнглида китобга қизиқиш уйғотиш оила ва мактабдаги муҳит ҳамда адабиёт ўқитувчиларининг савияси, жонкуярлигига ҳам боғлиқ. Устоз Озод Шарафиддиновнинг таъкидлашича, адабиёт ўқитувчисининг асосий вазифаси келажакда яхши китобхонлар тайёрлашдир. Шу ўринда Борис Пастернакнинг: «Буюк китобхонлар етишиб чиққандагина буюк адабиёт пайдо бўлади», деган машҳур ўгити ёдга тушади.