“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

КИТОБСИЗ ТАРАҚҚИЁТ ЙЎҚ!

Профессор Акмал Саидовнинг газетамизда чоп этилган «Тошкент — жаҳон китоблар пойтахти бўлсин!» (2015 йил 17 ноябрь), «Ўзбекистон — китобхонлар юрти» (2016 йил 24 август) номли мақолалари хусусида

Санжар Назар,

«Akademnashr»

нашриёти директории

КИТОБСИЗ ТАРАҚҚИЁТ ЙЎҚ!

Тараққиётга элтувчи йўллар кўп. Бу йўлларнинг ҳар бири бетакрор ва бошқасидан фарқли бўлиши ҳам мумкин. Аммо уларнинг барчаси учун хос бўлган, муштарак бир жиҳат мавжуд — улардан ҳеч бири маърифатдан айро эмас. Яъни маърифатсиз ривожланиш йўқ. Маърифатнинг эса асоси китобдир. Демакки, китобсиз тараққиёт йўқ!

Бу ҳақиқат бизнинг мамлакатимиз ва миллатимиз томонидан англаб етилганлиги, китобга, демакки, маърифатга эътибор — тараққиётнинг йўлида собитқадамлик кишини хурсанд қилмасдан қолмайди. Жумладан, «Китоб дунёси»да чоп этилган ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг «Қалбни уйғотгувчи куч. Бир кунни «Китоб куни» деб эълон қилсак» мушоҳадали мақоласи ва мазкур мақолага муносабат тарзида ёзилган профессор Акмал Саидовнинг «Тошкент — жаҳон китоблар пойтахти бўлсин!» мақолаларида зиёлиларнинг кўнглидаги гаплар акс этибди.

Тошкентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ихтисослашган муассасаси ЮНЕСКО, Халқаро ноширлар уюшмаси, Халқаро китоб савдоси ходимлари федерацияси, Халқаро кутубхона уюшмалари ва муассасалари федерацияси билан биргаликда дунёнинг турли мамлакатлари шаҳарлари орасидан ҳар йил танлайдиган Жаҳон китоблар пойтахти сифатида танланишига эришиш учун яхши имкониятлар мавжуд. Бу борадаги имкониятларимизни баҳолаш ва амалга ошириш зарур бўлган ҳаракатларни белгилаб олиш учун 2012 йилда Жаҳон китоблар пойтахти бўлган Арманистон пойтахти Ереван мисолида фойдаланишимиз мумкин.

ЮНЕСКОнинг танловига сабаб бўлган омиллардан бири Арманистонда бой Қадимий қўлёзмалар институти мавжуд. Биз бу борада улардан анча устунмиз. Арманистондаги институтда сақланаётган қўлёзма китоб ва ҳужжатларнинг сони 30 000 ни ташкил қилса, бизнинг биргина Шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида 40 000 га яқин қўлёзма ва тошбосма дурдоналар сақланади.

Арманлар ўзларининг севимли шоирларидан бири Ованес Туманяннинг туғилган куни — 19 февраль санасини Китоб ҳадя этиш куни сифатида байрам қиладилар. Бу байрам 2008 йилда жорий қилинган. 2010 йилда улар очиқ ҳавода мутолаа флешмобини ўтказишган. Бу тадбир ривожланиб, фестивалга айланиб кетган. 2012 йилдаги Китоб ҳадя этиш байрамини янада ривожлантириб «Китоб билан ташриф» тадбирини ҳам ўтказишган. Тадбир давомида музей ёки театрга қўлида китоб билан келган одам уни чиптага алмаштириб олиш ҳуқуқига эга бўлган. Эътибор бераётган бўлсангиз, бу ҳаракатлар асосан ўқувчига, китобхонга йўналтирилган. Бошқача айт-ганда «талаб»ни тарбиялашга, кучайтиришга қаратилган.

Бу соҳада биз анча оқсаётганимизни тан олмасдан иложимиз йўқ. Сўнгги йилларда ноширлик ва матбаа ишига эътибор кучайгани ва бунинг оқибатида китобларнинг сон ҳамда сифати ортганига гувоҳмиз. Аста-секин анъанага айланиб бораётган май ва сентябрь ойларидаги «Китоб байрами» тадбирлари ҳам соҳанинг ривожланишига ижобий туртки бериб турибди. Аммо бу ҳаракатлар асосан нашриётлар фаолиятини дастаклашга, яъни «таклиф»ни кучайтиришга қаратилган бўлиб, халқда китобхонликка эҳтиёж ортмас экан, кўзланган самарани бериши қийин.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ зиёлилар томонидан «Фонус» лойиҳасини амалга ошириш ҳаракатлари бошланганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Унга кўра, миллатимизнинг янада тараққий этиши, дунё билан бўйлашиши учун зарур бўлган, бир неча йўналишдаги 100 номли китоб танланяпти. Китоблар танлангач, таржима қилиниб, нашр этилиши ҳам режалаштирилмоқда. Лойиҳа учун китобларни тавсия қилиш жараёнида бот-бот кўтарилаётган бир савол бор. «Хўш, танланиб, таржима қилиниб, чоп этиладиган бу китоблар кейинчалик ўқилармикан?» Мен бир ношир, китоб бозорининг ва халқимиз китобхонлик даражасининг аҳволидан хабардор мутахассис сифатида ҳозирги вазиятда мазкур саволнинг жавоби салбий бўлишини ҳақиқатга яқинроқ, деган бўлар эдим. Аммо бу ҳукм эмас. Биз «талаб»ни, китобхонлик, китобсеварликни тарбиялашга ҳам масъул эканлигимизни унутиб қўймаслигимиз керак. Бунинг учун китобхонлик даражаси юқори бўлган мамлакатлар тажрибаларини ўрганишимиз, ҳаётимизга жорий қилишимиз керак.

Ўрни келганда «аччиқ» кузатишларимдан бирига ҳам тўхталиб ўтсам. Жорий йил бошидан буён «Aka-demnashr» нашриёти ва «Jajji akademik» журнали таълим муассасалари билан ҳамкорликда мактабларда «Китоб байрами» табдирлари ташкил этиб келмоқда. Ушбу тадбирлар жараёнида мен «ғалати» бир ҳолатга дуч келдим. Мактабларда биз ташкил этган кўчма китоб расталарига асосан кичик синф ўқувчилари талпинишади. Катта синфлар эса юмшоқ қилиб айтганда бепарвороқ. Бу нимадан далолат? Агар тарбия тўғри йўлга қўйилса, биз — китобхон халқмиз. Аслимиз — китобхон. Кичик синфлардаги болаларимизнинг қизиқишини тарбиялаб муҳаббатга айлантира олмоғимиз лозим. Фақат бунинг учун биз ўзимиз — ота-оналар ҳам китобга муҳаббатли бўлмоғимиз керак-да. Хўш, бу муҳаббатни қандай уйғотиш, тарбиялаш мумкин? Фақат ва фақат китобнинг ўзи ёрдамида. «Меҳр — кўзда» деган иборамиз бу ерда ҳам иш бериши, шубҳасиз. Одамларимиз китоб билан кўпроқ «тўқнаш» келишсин. Нима учун биз очиқ ҳавода мутолаалар ташкил қилмаслигимиз керак?! Театр, кинозалларда, керак бўлса, қаҳвахона ва емакхоналарда шеърхонлик кечалари уюштирмаслигимиз керак?! Китоб сайиллари қилишимиз мумкин-ку. Китоб байрамларини кўпайтириш, уларни фақат битта боғ ҳудудида эмас, одам гавжум савдо марказларида, ўқув юртларида ташкиллаштириш керак. Китобхонлик тарғиботи учун оммавий ахборот воситаларининг барча турлари, интернет сарҳадлари, ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланишимиз керак. Китоблар учун мукофотлар, китоб танловларини кўпайтириш керак.

Ана ўшанда Тошкентимиз бемалол Жаҳон китоблар пойтахти бўлади. Жаҳоннинг пойтахти бўлади!