“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҲЕЧ КИМДАН КАМ ЖОЙИМИЗ ЙЎҚДАЙ

Профессор Акмал Саидовнинг газетамизда чоп этилган «Тошкент — жаҳон китоблар пойтахти бўлсин!» (2015 йил 17 ноябрь), «Ўзбекистон — китобхонлар юрти» (2016 йил 24 август) номли мақолалари хусусида

Раҳмон ҚЎЧҚОР,

Филология фанлари номзоди

ҲЕЧ КИМДАН КАМ ЖОЙИМИЗ ЙЎҚДАЙ

Юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов «Китоб дунёси» газетасининг жорий йилнинг 24 август сонида эълон қилган «Ўзбекистон — китобхонлар юрти» номли мақоласида илгари сурган таклифлари ўзининг долзарблиги, амалий аҳамияти билан эътиборлидир.

Дарҳақиқат, миллатимизнинг тарих тегирмонида янчилмай омон ўтиб келишида муқаддас китоблар, буюк битикларнинг таъсири, ҳифзу ҳимояси беқиёсдир. Агар боболаримиз тузган шавкатли қўшинлар элу юртнинг жисму жонини ёғий ҳамласидан асраган бўлса, улуғ китоблар бағрида жо бўлган маърифат ва маънавиятнинг сўнмас ёғдулари инсонлар руҳиятини ёритиб, уни жаҳолат моғоридан, мудроқлик касридан мудом огоҳ этиб турди.

А. Саидов қайд этганидек, мустақиллик йиллари республика оммавий ахборот воситалари барча турларининг, нашриёт ва босмахоналар, улар томонидан тайёрланаётган, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сони ва ҳажми мисли кўрилмаган даражада ортди. Бу нуқтаи назардан қараганда, дарҳақиқат, бизнинг ҳеч кимдан кам жойимиз йўқдек. Бироқ бу сон кўрсаткичларидаги ўзгаришлар сифатда ҳам худди шу даражада бўй кўрсатдими, миллий журналистика, адабиёт, барча ижтимоий фанлар ривожида ҳам, бир неча бараварга бўлмаса-да, недир ўсиш-ўзгариш, илгарилаш юз бердими, деган саволлар кишини жиддий ўйга толдиради.

Дейлик, бугунги кунда республикамизда 1 минг 430 дан ортиқ оммавий ахборот воситаси мавжуд бўлса, уларнинг 690 дан кўпроғини газеталар, 300 дан зиёдини эса журналлар ташкил этаркан. Хўш, ўша юзлаб газета-журналларнинг қанчаси ўзининг мана шу юксак номига, мақомига лойиқ фаолият олиб боряпти? Агар фаолияти ўша мақомга мос бўлса, нима учун уларнинг аксарияти газета дўконлари ойналарида, сотувчи опаларни офтобдан асрашдан бошқага ярамай, ойлаб сарғайиб осилиб туради? (Бу дўконларга улардан бор-йўғи уч-тўрт нусхадан тарқатилади, холос!). Бир пайтлар бир қанча газета-журналларимиз нашр қилинган куни эрта тонгданоқ ўқувчилар «талаб» битирар, дўкондан ололмаганлар шериклари ўқиб бўлишини кутиб туришарди. Ҳолбуки, уларнинг адади бугунгилари сингари уч-тўрт минг донани эмас, бир неча ўн минглаб, ҳатто юз минглаб нусхани ташкил этарди.

Кимдир эътироз билдириши тайин: «Бугунги ўқувчи, сиз тилга олган мақолада ҳам эслатилганидек, босма нашрлардан кўра кўпроқ Интернетга мурожаат қилади, нима дейсиз, замоннинг, тараққиётнинг зайли шу!» дея.

Гап электрон оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоғининг «орага суқилганида» ҳам, ОАВ сонининг ортиши билан сўз, фикр эркинлиги ўртасига тенглик белгисини қўйишга бўлган иштиёқда ҳам эмас. Ҳамма гап қайси нашрда нима эълон қилинаётгани, эълон қилинаётган бу нарса ҳақиқатга, реалликка қанчалик дахлдорлиги, ундаги таҳлил ва талқиннинг ҳалоллиги, чуқурлиги-ю янгилигида қолган. Оммавий ахборот воситаларидан кутиладиган мана шу оддий, табиий талабларга жавоб, юқорида айтганимиз газетада бўлса керакки, гарчи хорижники бўлса ҳам, уни бизнинг ўқувчимиз-да қидириб, истаб топяпти, ўқияпти.

Бинобарин, 2017 йил мамлакатимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинган экан, бу мулоқотни ростакамига уюштириш, халқнинг орзу-истаклари, дарду ташвишларини барча даражадаги раҳбариятга тўғри, очиқ-равшан етказиш, кўрсатишда республика оммавий ахборот воситаларичалик қулай минбар топилмаслиги аниқ. Ҳамма гап мана шу минбардан қандай фойдаланишда, унга элтадиган йўллар эса қанчалик равон бўлишида қолган.

Китобларга муносабат, уларнинг мутолааси, китобхонлик даражамиз борасида ҳам, афсуски, ҳали мақтанишдан кўра ўйланишга ундайдиган ҳолатлар кўпроқ. Беғараз олимларимиздан бири Абдураҳим Эркаев «Тафаккур» журналининг жорий йил 4-сонида босилган «Рўёни рост деса...» номли мақоласида тўғри таъкидлаганидек: «Ёшлар ва катта авлоднинг диди, қадриятлар мўлжалида фарқни кўрмаслик мумкин эмас. Дейлик, ўрта ва катта авлод ёшлик йилларида бадиий асарларни кўпроқ ўқир эди. Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовнинг шеърий тўпламлари 30-60 минг ададда чоп этилиб, бир ҳафта ичида сотилиб кетарди. Бугун китоб дўконларида уларнинг ва бошқа машҳур ўзбек ёзувчиларининг асарлари, жаҳон адабиёти дурдоналарини бемалол харид қилиш мумкин — илгаригидек «дефицит» йўқ. Гап фақат китобларнинг нархи баландлигида эмас, ёш авлоднинг қадриятлар мўлжали ўзгариб, бадиий-адабий эҳтиёжлари пасайганида ҳамдир».

Муаллифнинг «ёш авлоднинг қадриятлар мўлжали ўзгариб, бадиий-адабий эҳтиёжлари пасайгани» борасида куюниши бежиз эмас. Тушунган, ҳис қилган одам учун бу жуда оғир гап, жиддий ташвиш уйғотадиган белгилар — симптомларга ишорадир. Ва бунда ёш авлоднигина айблаш, уларни ўзимиздан нари итариш муаммонинг янада газак олишидан бошқа самара бермайди. Агар профессор А. Саидов чиқишига шу нуқтаи назардан қарасак, сўзимиз аввалида таъкидлаганимиздек, унда масала ечимига оид ниҳоятда долзарб таклифлар ўртага ташланганига амин бўламиз.

АҚШнинг 16-президенти Авраам Линкольн: «Китоблар кишиларга уларда пайдо бўладиган фикрлар унчалик ҳам янгилик эмаслигини эслатиш учун зарурдир» деган экан. Шунга кўра, боя айтилган минглаб оммавий ахборот воситалари, телевидение ва радио, юзлаб газета-журналларда берилаётган интервьюлар, мақолалар, давра суҳбатларидаги гап-сўзларни тинглаб, бу суҳбатдошлар, корреспондент-у респондентларнинг қанчалик китобхонлиги тўғрисида хулоса чиқариш мумкиндек туюлаверади кишига...