“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БОЛАЛАР АДАБИЁТИ, БУ – ФАҚАТГИНА БОЛАЛАРНИНГ ШЕЪРЛАРИ ДЕГАНИ ЭМАС

Худойберди ТЎХТАБОЕВ, 
Ўзбекистон Халқ ёзувчиси
 
БОЛАЛАР АДАБИЁТИ, БУ – ФАҚАТГИНА БОЛАЛАРНИНГ ШЕЪРЛАРИ ДЕГАНИ ЭМАС
 
— Устоз, суҳбатимизни болалар адабиётидаги ўзгаришлардан бошласак. Ўтган аср билан бугунги болалар адабиёти орасида бирмунча фарқ сезилаётгандек, назаримда. Тили, ғоялари, айтилиш услуби жиҳатдан олсак ҳам бугунгилари қандайдир енгилроқ туюлмаяптими?.. Оддий, жўн гапларни ёзиб, “Мана болалар учун шеър” ёки “Мана болалар учун ҳикоя” дегувчилар ҳам бор.
— Адабиётда енгил нарсаларни эълон қилиш болалар адабиётидан кўра, катталар адабиётида кўпроқ. Аввало шулар ҳақида гапирсам. 
Ҳозир нима кўп — китоб кўп. Яқинда, Фарғона, Сирдарё, Тошкент вилоятларида бўлдим. Қаерга борсангиз кимдир янги китоб ёзган — совға қилишади. Бир кишини кўрдим. Катта идорада узоқ вақт раҳбар бўлиб ишлаган. Иккита китоби чиқибди. Иккаласиям ўзининг таржимаи ҳоли. Бирида ўша соҳа вакилларини улуғлаган, бошқаси оиласи, ота-боболари ҳақида. Яна битта киши узоқ вақт “кол¬хоз”га раис бўлган, бугун иккита ўғли фермер экан. Ёзган китобида ўзининг таржимаи ҳоли, ота-онаси бор холос. Ўша китоб маҳалладан ташқарига чиқмайди. Ана шунақа “маҳалласидан ташқарига чиқмайдиган адабиётлар” бугун катталар адабиётида жуда кўп. “Кўча адабиёти”дан ташқари бекорчиликдан, қариндош-уруғларига тарқатиш учун ҳам чиқарилаётган китоблар жуда кўпайиб кетяпти. 
Болалар адабиётида эса китобнинг ўзи йўқ. Бўлса ҳам жуда кам.
Энди саволингизга келсак. Ёзувчилар уюшмасида охирги уч йилги болалар адабиётининг муҳокамаларидан бошлайман. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, болалар шеърияти зўр, балладалар, достонлар ҳақиқатан ҳам кўп. Ёш ижодкорлар, шоира қизларнинг ютуқлари эътироф этиляпти. 2013 йил якунларига кўра болалар адабиётида чоп этилган асарларнинг 98 фоизи шеърият, бор-йўғи 2 фоизигина проза экан. Ахир, болалар адабиёти дегани фақатгина болалар шеъриятидан, уларга аталган шеърлардан иборат эмас-да. Охир-оқибат адабиётнинг юкини кўтарадигани унинг прозаси. Шеър эса кишиларнинг кайфиятини яратади, руҳий ҳолатини кўрсатиб туради. 
2014 йилда “Шарқ” нашриётида айнан шу йўналишда Эркин Маликов бошчилигида учта китоб нашр қилинибди. 2015 йилда ҳам 3 та китоб босилган. “Гулхан”, “Ғунча” журналларида қиссалар эълон қилинибди. Нашриётларда чет эл адабиётидан кўплаб асарлар таржимаси нашр қилиняпти. Марк Твен, Жанни Родари, Жонатан Свифт, умуман ҳаммасидан бор. Лекин оригинал асарлар, миллий наср кам, жуда кам. Борларини эса болалар ўқишмаяпти... Яъни, ўша китоб¬лардан ўзларини топа олишмаяпти. Болалар адабиёти асосан ё таржима, ё шеър бўлиб қолмаяптимикан, деб ташвишланаман. 
— Бугун “Болалар шоири”, “Болалар ёзувчиси” деган тушунча пайдо бўлди. Ёки бу аввал ҳам бўлганми? Умуман олганда, айнан болалар шоири ёки болалар ёзувчиси бўлиши шартми? Айтганингиздай, катталар учун ёзадиган катта ёзувчиларимиз ҳам болалар учун яхши нарсалар ёза олдилар-ку... 
— Устоз Саид Аҳмаднинг бир гапи бор: “Болалар учун ёзаётган ёзувчи то ўша асар тугамагунича бола бўлиб турмаса — бу китобни ҳеч ким ўқимайди. Бир ўқийди-ю ташлаб юборади”. Яна бир катта ёзувчининг гапи: “Икки марта ўқишга арзимайдиган китоб бир марта ўқишга ҳам арзимайди”. Авваллари ҳам бир марта ўқишга арзимайдиган китоблар бор эди. Яширишга нима ҳожат — бугун ўша асарларнинг номигина қолди, холос. Чунки, бу асарларда бола йўқ эди, боланинг руҳи йўқ эди, болалик йўқ эди. Бола учун мажбуран ёзилган асарлар эди улар. Тўғри, болалар учун ёзиш қийин эмасдир, лекин ёзаётганда бола бўла олиш жуда қийин.
Бола китобни ўқиётганда ундан ўзини қидиради. (Аслида катталарда ҳам шу) Қаҳрамонники билан ўзининг фазилатларини беихтиёр таққослаб кўради. Бошқа бола қиёфасида ўзибоп гаплар, ўзига маъқул келадиган фикрлар бўлса, ана шу қаҳрамонга интилади. Дунёда ҳам китоб ҳақида айтиладиган гап битта: “Ким ўқиётган китобидан ўзини топа олса, мазза қилиб ўқийди”. Болаларда эса бу икки ҳисса юқори. Қайси китобда бола қалби бўлса, қайси китобни чинакам болажон ёзувчи ёзган ва ўзининг болалиги билан қўшиб берган бўлса — болалар бу китобни ташлаб кетмайди. Қайси китобда ақл кўп, лекин боланинг руҳияти йўқ бўлса у китобни бола ҳеч қачон охиригача ўқимайди. 
Биздан олдин Ғафур Ғулом, Зулфия опамиз, Асқад Мухторнинг болалар учун ёзганларини эслайман. Бизнинг давримизда эса болалар адабиёти талош эди. Латиф Маҳмудов, Фар¬ҳод Мусажонов, Эргаш Раимов, яна ўнлаб кишилар талашиб ишлардик.
— Бугун китоб дўконларининг кўпайиб бораётганлиги, ҳар бир вилоят, ҳар бир шаҳар-туманларда ана шундай маънавият масканлари пайдо бўлаётганини кўриб турибмиз. Ана шу китоб дўконларидан ота-оналар фарзандларига қандай китобларни олиб беряпти? Ўша китоблар бола тафаккурини қаноатлантира оляптимикан?
— Болаларда эртакка муҳаббат жуда юқори бўлади. Ўзимиз ҳам шу ҳолатда ўсганмиз. Бугун қарийб ҳамма нашриётлар эртаклар чоп этишяпти. Бу жуда яхши, албатта. Лекин чет эл эртаклари ҳаддан ташқари кўп таржима қилиниб, ҳаддан ташқари кўп босиляпти, сотиляпти. Ота-оналар фарзандларига китоб ўқитишини кўп айтамиз, лекин қарасаки — миллий китоб¬лар кам, жуда-жуда кам. Нима қилсин, ўша китоб дўконларидан чет эл эртакларини олиб беради-да... Чет эл эртаклари ҳам керак. Лекин бу даражада кўп бўлиши шартмикан? 
— Демак, болангизга китоб олиб беринг, деяпмиз-у, бироқ қайси китобни олиб беришини кўрсатмаяпмиз. Шундайми?
— Ўша кўрсатадиган китобнинг ўзи кам-да. Борларида ҳам боланинг қалби, орзулари, бугунги кайфияти сезилмайди.
Халқимизда болани ўқитишга, китоб олиб беришга эҳтиёж, интилиш юқори. Лекин болаларбоп китоб кам. Миллий асарларимиз етарли бўлмаяпти ёки ёзилмаяпти. 
Бугун болаларнинг тили дарсликдаги силлиқ сўзлар, ота-онасининг касб-корига оид сўзлар, уйида кўрган телевизор, қўлида олиб юрган телефонларидаги сўзлар асосида шаклланяпти. Образли сўзлар йўқ. Болаларимизнинг тил бойлиги ҳам ҳаддан ташқари пасайиб кетаётганини кўриб турибмиз. Уларнинг тилини эса адабиёт юксалтиради. 
Улардан мақол ё ҳикмат сўрасангиз кўпи билмайди. Уйида қанақа китоб борлигини сўрасангиз, ҳеч нима деёлмайдиганлари кўп. Ҳатто боболарини билмайдиганлари бор. Бобоси-момосини сўрасангиз, “Бобом қишлоқда туради, момом қариб қолган, отларини билмайман” деган узуқ-юлуқ жавоб бергувчилари бор. 
— Охир-оқибат натижаси нима бўлади бунинг? Келажакда нимага олиб боради бу тил бойлигининг пасайиши?
— Уларнинг тили бора-бора дарслик тили бўлиб қолиши мумкин. 
Оталар ўз иши билан, боболар чойхонаси билан овора. Аёлларнинг ташвиши ўзидан ортмайди. Натижада болаларнинг тили янаям қашшоқлашиб бораверади. Болаларга эртак айтиб бериш тугул, миллий қадриятлар ҳақида гап ҳам бўлмайдиган оилалар бор.
Дунёдаги барча болалар адабиёти эртаклардан ривожланган. Синчиклаб қарасангиз, қайси адабиёт узоқ яшаётган бўлса ўша адабиётда миллий қадриятлар мужассамлашган. Ўша халқ¬нинг, ўша миллатнинг табиатини о¬чиб бериши керак. Лекин!... Шоша-пиша “болалар учун китоб ёзишим керак экан” деб ёзилган асар ҳам бўлмайди. 
Демак, бугунги болалар адабиётига алоҳида эътибор керак. Бунда миллий қадриятларимизга асосланган асарларни замон билан ҳамнафас йўсинда кўпайтиришимиз лозим. Миллий қадриятларимиздаги буюкликни болалар адабиётига кўчириш керак. Улуғбекнинг, Ибн Сино ёки Берунийларнинг, Жалолиддин Мангубердининг болалиги ҳақида бирор асар борми? Биттагина Ойбек домла ёзган Навоийнинг болалиги ҳақидаги қиссаси бор, холос. 
Дунёда ўзбек халқига тенг келадиган эртакка, ривоятга, афсонага бой миллат йўқ. Шу маънода битта таклиф билдирсам. Болалар мактабда оталаридан-боболаридан эшитган ривоятлар, эртакларни ёзиб келсалар. Ана шу асосида баҳолар қўйилса уларга. Йиғилган эртак, ривоятларни эса ҳар йили китоб қилиб чоп этиш мумкин. “Айтувчи фалончи бобо”, “Ёзиб олувчи фалон ўқувчи” деб қайд этилса. Чунки бу эртаклар, ривоятлар бизнинг қадриятимиз, миллийлигимизнинг асоси! Ана шунда биз бошқаларга қадриятларимиз билан мақтана оламиз. 
Қаранг, Республикамизда 220 минг¬дан ортиқ кекса киши бор экан. Энди тасаввур қилинг, ана шуларнинг ҳар бири биттадан эртак, ё ҳикматли сўз билса жами қанча бўлади? Келинг, шу 8 ёки 9 синфда ўқийдиган бола она тили дарсида битта иншо ёзмаса ёзмапти-да. Шунинг ўрнига эртак ё ривоят ёзиб келсин. Ўқитувчи ўқувчининг имло борасидаги билимини текширмоқчи бўлса, ана шу эртак, ривоятлардан текширса ҳам бўлади-ку. 
Ҳар йили болалар адабиёти, болалар насри танловини эълон қилишни таклиф этаман. Илгари кўп газеталарда болалар саҳифаси бўларди. Ўша анъанани қайта тиклаш лозим, деб ўйлайман. 
Устоз Ғафур Ғулом:
“Агар”ни “магар”га никоҳ 
қилсалар,
Туғилган бир ўғил — оти 
“кошки”... 
— деган аччиқ бир гапни айтган эдилар. Шу маънода, “агар ундай қилсак, магар бундай қилсак, болалар адабиёти, унинг наср жанри ривожланади” деб юравергандан кўра, катта ёзувчиларимиз ҳам болалар олдидаги масъулиятларини ҳис қилиб турсалар яхши бўларди.
 
Дадахон МУҲАММАДИЕВ суҳбатлашди