“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МЕН АНГЛАГАН ҲАҚИҚАТ...

Афзал РАФИҚОВ, 
Ўзбекистон Халқ артисти
 
МЕН АНГЛАГАН ҲАҚИҚАТ...
 
Ҳар бир актёр фаолиятида бутун моҳиятини, кимлигини, нимага қодирлигини кўрсатиб берадиган битта, нари борса иккита роли бўлади. Томошабинлар актёрни кўрганида ўша ролдаги исми билан чақиради. Мени эса одамлар овозимдан танийди.
КЎНГЛИМГА ТАСКИН 
БЕРАДИГАН ИККИ РОЛ
Овозим орқали элга танилган бўлсам-да, актёр сифатида тақдир мени “букиб” қўйган. Лекин шунга қарамай қалбимга таскин берадиган икки рол бор: бири актёр сифатида танитди, иккинчиси қайта туғилишимга сабабчи бўлди. 1978 йил – институтни битирганимга тўрт йил бўлган, актёр сифатида шакллана бошлаган паллаларим эди. Рус ёзувчиси Борис Василовнинг “Рўйхатларда йўқ” номли қиссаси асосида инсценировка қилиниб, “Линкольн” театрида саҳналаштирилган спектакл даврнинг машҳур саҳна асарларидан бири эди. Бу спектакл иккинчи маротаба ўзимизнинг Ўзбек Миллий Академик драма театрида қўйилган. Спектаклдаги ролимни бутун борлиғим билан севиб, иштиёқ билан ижро этдим. 
 
ҲАЁТГА ҚАЙТДИМ...
Ижод жараёнимда миллий қаҳрамонлардан йироқда эдим. Ташқи қиёфам шарқона бўлмагани учунми, менга негадир, европаликлар ёхуд рус миллатига мансуб қаҳрамонлар ролини беришар, миллий образларни яратиш насиб этмасди. Шундай давом этса, мен ўзбекнинг қалбига киролмаслигимни, бу фаолиятимдаги улкан инқироз эканлигини теран ҳис қилдим. Театрдан кетиб, радиода иш бошламоқчи бўлдим. Аммо театрдагилар қўйиб юборишмади. 1990 йилнинг кузида устозимиз Баҳодир Йўлдошев Шуҳрат Ризаев қаламига мансуб “Искандар” номли пьесани саҳналаштиришга киришди. Менга эса Навоий ролини топширди. Бу образни менга ишониб топширишганида юрагимга қўрқув оралади, бироқ шу билан бирга қувончим ҳам ичимга сиғмасди. Тақдирнинг туҳфасидан бошим кўкка етди. 
Устозим Тошкент давлат университетидан мумтоз адабиёт илмини чуқур биладиган ўқитувчи олиб келди. Спектаклда рол ўйнаётган барча актёр, актрисалар арузни ўргандик, Навоий асарларини ўқидик. Бу сабоқларсиз ролимизни кўнгилдагидек ижро этишнинг имкони йўқ эди. Аруз таҳсилидан сўнг, биринчи қилган ишим – китоб дўконига бориб, Навоийнинг “Хамса”сини сотиб олиш бўлди. 
 
УММОН ҚАЪРИДАГИ ЖАВОҲИР
Актёр ўз олдига фақат номини қолдириш, катталарнинг назарига тушиш, унвон олишнигина мақсад қилиб қўйса, ҳеч нарсага эришолмайди. Ўзингни ҳақиқий актёр санаб, зиммангдаги миссияни ҳис этсанг, Худонинг ўзи сенга тўғри йўлни кўрсатади, кўнглингга солади. 1991 йили Қуръони карим оятларининг ўзбекча таржимасини бошдан-охиргача ўқиш, аудио вариантини яратиш истаги туғилди. Бу иш жуда кўп ҳаракат, машаққат талаб қилди. 1991 йилда бошлаган ишимни 2007 йили ниҳоясига етказдим. Кейинги вазифам Хамсани Навоий қандай ёзиб қолдирган бўлса шундай, асл ҳолича томошабинларга, адабиёт ихлосмандларига етказиб бериш эди. Халққа Навоий ижодиётининг асл оҳангларини етказиш иштиёқи билан ёна бошладим. Шуҳрат Ризаевнинг ёнига бориб, мақсадимни айтиб, маслаҳат солдим.
– Яхши, аммо масофа катта, халқ ҳали тушунмайди, изидан насрий баёнини ҳам ўқинг, — дедилар.
Бу гаплар ҳам фикримдан қайтаролмади. 
“Ҳазрат қандай ёзган бўлса, аслидай қилиб ўқувчиларга етказмасам гуноҳ бўлади, ўзбек ўқувчилари ҳис қилади”, дедим. 
Учрашувларда, концертларда секин-аста ғазалларни ўқий бошладим. Одамлар тушуняптимикин, қандай қабул қилишяпти, деб хавотир ва ҳаяжон аралаш халққа қарайман. Нигоҳларда фақат мамнуният кўраман. Бир сафар лицей ўқувчилари билан учрашувга бордик. Зал лиқ тўла, уч юзтача одам йиғилган. “Садди Искандарий” достонида Искандарнинг онасига қилган мурожаати бор. Ўша жо¬йидан парча ўқидим. Болалар тўлқинланиб, яйраб кетишди, ўринларидан туриб олқишлар билан қарши олди. Ёшларимизнинг Навоийни англашидан, сўзни ҳис қилаётганидан ҳайратга тушдим. 
 
МЕН ЎЗИМНИ ТОПДИМ...
Ғазал ўқиётганда нотаниш сўзлар ҳам учрайди. Тушунилмаётган сўз онг воситасида англашилмаса-да, қалбингга ҳиссиёт, сезги орқали оқиб киради. Ўнтасўздан тўрттасини тушунсанг, қолгани ҳисларингнинг ўзи етказиб беради. Айнан шу менга қўл келди. 
Кейин оркестр қидира бошладим. Янги йилда Исмоил Жалилов билан танишиб қолдим. Суҳбат давомида орзум, режаларим ҳақида сўзлаб бердим. У фикримни қўллаб-қувватлади, сўнг биргаликда амалга оширишга киришдик. 
Ғазалларни ўқиганимиздан сўнг, томошабинлар саволга тута бошлашди. 
– Нега миллий чолғу асбобларимиз жўрлигида эмас?
– Навоий нафақат ўзбек халқининг, балки умумбашар фарзанди, ижоди ҳам бутун ер юзига тааллуқли. Шунинг учун ҳам симфоник оркестрни танладим, дея жавоб бердим.
Алишер Навоийни “Хамса”си менга ўзимни топишимда, ҳаётимнинг тубдан ўзгартиришга хизмат қилди. Қайси миллатга тегишлилигимни, қайси маданиятнинг вориси эканлигимни англадим. 
 
КИТОБ “ЎЛМАЙДИ”
Ҳаётга келиб эришган энг катта ютуғим – ўқиган китобларим. Қодирийнинг асарлари мени ёзилиш услуби, сўз қўллаши билан батамом ўзига ром этганди. Илгари билмайдиган сўзларимнинг мағзини чақиб, талаффуз қилиб кўриб завқланардим. Бир бошласам, ўзимни тўхтатолмай қолардим. Китоб – буюк тарбиячи! Китобга бир шўнғисанг, қайтиб чиқолмайсан. Техниканинг ривожланиши мутолаани сусайтирди. Аммо интернет бўлса ҳам, инсон барибир қўлига китоб олади. Адабиёт, кино санъати, мусиқа санъати, театр санъати – ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди. Кино пайдо бўлганида театр ўлади, дейишганди. Телевидение кашф этилганида ҳам, ана энди театр ўлади, дейишди – ўлмади, ўлмайди ҳам! Китоб ҳам абадул-абад яшайди! 
 
Лобар НОРБОЕВА ёзиб олди