“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҲАММАСИ БИРИНЧИ КАДРДА ҲАЛ БЎЛАДИ

Абдуғани ЖУМА
 
ҲАММАСИ БИРИНЧИ КАДРДА ҲАЛ БЎЛАДИ
 
Ўтган асрнинг 70-йиллар адоғида Ёзувчилар уюшмасининг Ҳамид Олимжон номидаги адабиётчилар уйига тез-тез бориб турардим. Бу ерда ёш шоирлар иштирокидаги мушоиралар жуда қизғин, ранг-баранг овозларда шеърият мусоҳабаларига айланиб кетарди. Шавкат Раҳмон, Азим Суюн, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон... Мен олдинги қаторга ўтиб олиб, фотоаппаратимни ишга солардим. Эҳ-ҳе, ўша “негатив”лар энди менинг бебаҳо хазинам! Ана шу бинода (Ҳозирги Амир Темур майдонидаги қадимги уч қаватли ҳашаматли уй) кўплаб ёзувчиларни ҳам учратганман. Улар орасида негадир Одил Ёқубов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимовнинг шахси мени кўпроқ қизиқтираётганини ҳис қилардим. Ёши каттароқ Одил ака ўта жиддий қараши билан вазмин ва салобатли кўринарди. Ҳар бир ҳаракатидан қандайдир маънони уқиш мумкин бўларди... Ёзувчининг ўша пайтгача чоп этилган ҳикоя, қиссаларини ўқигандим. Аммо янги “Диёнат” романи менга бошқача таъсир қилганди. Назаримда асар орқали айнан ўша йиллар кечаётган жамият руҳий ҳолатини очиқчасига фош этаётгандай, гўёки, “бундай яшаб бўлмайди” деяётгандай бўларди менга. Одил ака ўзига муносиб вазминлик ва ички “сокин жасорат” билан тузумга қарши исён эълон қилган эди асарида. Шу асосда ёзувчи Одил Ёқубов образини – портретини тасаввур қила бошладим: йирик “план”даги кескин қараш, “отилажак” сўзлар арафасидаги қимтиниш ва руҳий қудрат таъсирида қовоқларнинг титраши! Мен бу ҳолатни минбарда кузатганман. 
Ёзувчи Одил Ёқубов образи тайёр. Аммо ўзим узоқ тайёргарлик кўрдим. Нимадан бошлашни, қандай қилиб бошлашни билмасдим. Чунки, “қаҳрамоним” билан ҳали бирор марта гаплашмаганман. Анча вақт ўтиб кетди. Бу орада мен ҳам “жасоратландим”. Бу ҳақда Одил акага қандай етказганимни, қандай рухсат олганимни ҳозир аниқ эслолмайман. Аммо, улуғ ёзувчининг эшигидан киргач содир бўлган воқеликнинг барча деталлари аниқ-тиниқ эсимда. У киши ўз оиласи билан Дархондаги кўп қаватли уйлардан бирида турардилар. 
Уйга кирганимда Одил ака бир меҳмони (ким билан экани менга бутунлай аҳамияти йўқ эди, албатта) бақамти ўтириб ширин суҳбат қуриб ўтиришарди. Улар каттароқ столнинг нариги томонида ўтиришиб, бир-бирига қараб олишган, фонда эса стол тусидаги лакланган жигарранг сервант, яқингина. Хона ҳам унчалик кенг эмас. Кириб саломлашдим. Одил ака бу йигитни ўзи танийманми-йўқми, дегандай бир қараш қилди ва аввалги ҳолатда давом этди. Апил-тапил иккита катта чироқни икки жойга ўрнатдим. Одил ака оқ, билинар-билинмас нақшли матодан тикилга кўйлакда бўлгани учун фонда жиҳознинг тахта қисми туришини маъқул топдим ва икки суҳбатдошнинг жойлашувига таъсир ўтказмаслик учун чироқларни ёқиб, керакли йўналишда созлаб қўйдимда, мен тайёрман, дегандай бўйнимга фотоаппаратни осиб қарши эшик томонда шай туриб олдим. Одил ака бир қараб олди. “Туришингдан ўргилдим, ўзи қўлингдан бир нима келадими” дегандай туюлди. Мен ҳам “ҳозир кўрасиз” дегандай турган жо¬йимдан бир метр чамасида нари-бери ҳаракатлана бошладим. Одил аканинг кейинги қараши билан қўлини енгилгина силтаб қўйгандай туюлди менга. Ҳолатда эса ўзгариш йўқ. Вазминлик, бамайлихотир суҳбат.
Мен ўша-ўша ҳаракатдаман, гўё фотоаппаратимни соз¬лайман. Ҳали бирорта кадр олмадим. Кейинги қарашда Одил аканинг нигоҳи менинг тик кузатиб туришимга тўғри келди. “Ўзи оладими-йўқми” дегандай авзои бироз бузилди. Ўрнидан туриб кетмасайди, деган хавотирдаман. Менга шу ўтиришда гавдаси билан қайрилиб қараши керак эди. Ахир, чироқлар йўналиши шунга созланган эди-да. Бунинг устига мебель юқори бурчагига ўрнатилган чироқ тахтасига тегиб уни қиздира бошлаган эди, “ифор” ҳам шунга яраша... Мен эса ўша-ўша тинмай ҳаракатланаман-у, “чиқ” этмайди. Энди Одил аканинг асаби жунбушга келди. Мен томон туйқус қайрилди. Ўқ қараш баробарида қовоқлари титраб кетди.
Чақмоқ чақнади — тугмача босилди! Битта кадр — тамом-вассалом!
Аппарат бўйнимда осиғлиқ, икки қўлимни баланд кўтариб “есть” деб юборганимни ўзим ҳам билмай қолибман.
Шундан кейин “Одил ака, марҳамат, энди истаган суратингизни олиб бераман” дедим. Бағрикенг одам-да, менинг амримга бўйсунган ҳолда, оилавий суратга тушиб бердилар. Тезда хайр-хуш қилдим, уйга учиб жўнадим. Энди тез тонг отса-ю, фотоплёнкани ювиб, томоша қилиб қаноатсансам...
Фотосурат журналда босилди. Кейинроқ “Сурат ўзимга жуда ўхшабди” деганларини айтишди. 
Эсимда, ўша даврда жасоратли ёзувчимиз Москвадаги марказий нашрларда бир неча бор кескин руҳдаги публицистик мақолалар билан чиқишлар қилган эдилар. Бир сафар шу суратни мендан сўраб олиб, Москвага жўнатдилар. Аммо мақола суратсиз босилди. Одил ака “Суратим йўқолиб қолганмиш, шу важдан суратсиз босишибди, ата¬йин қилишган” дедилар менга. Аслида эса бермади эмас, бергиси келмаганлиги аён эди. Ўзбек ёзувчисининг қарашига, чақмоқдек нигоҳига дош бера олишмаган. 
Шу-шу улуғ ёзувчимиз билан ота-боладек апоқ-чапоқ бўлиб кетганмиз.
Йиллар ўтиб устознинг яна бир рангли фотосуратини ишладим. Шунда Одил ака жуда хурсанд бўлиб мени катта мукофот билан сийлагандилар. Бу энди бошқа ҳикоя...
 
Дадахон МУҲАММАДИЕВ ёзиб олди