“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БИЗ ОДАМЛАР ҚАЛБИДАГИ ЙЎЛДА ЮРАМИЗ...

Дилноза АХМАТОВА,
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ходими
 
БИЗ ОДАМЛАР ҚАЛБИДАГИ ЙЎЛДА ЮРАМИЗ...
 
Темирйўлчиликни авваллари сира орзу қилмагандим. Балки илгариги вақтларда аёлларимиз бу иш билан шуғулланмагани сабаблидир. Акам, яқин қариндошларимиз темирйўлчи бўлгани учунми, бу соҳага жуда қизиқардим. Назаримда, поезд барча транспорт воситаларидан қулайроқ, хавфсизроқ эди. Нимаси биландир ўзига ром этганди.
Шарқшунослик институтининг Турк тили филологияси факультетида таҳсил олганман. Бу ҳозирги касбимга яқин эмас, албатта. Бироқ орзуларим орзулигича қолиб кетмади. Бир куни акамдан темирйўлга чет тилларини яхши биладиган ишчилар керак, деб эшитиб қолдим. Сўнг оёғимни қўлимга олиб югурдим. Бир қанча босқичлардан ўтиб, ишга қабул қилиндим. Ўша кунларда матбуот, радио, телевидениеда бир қувончли хабар тар¬қалган, ҳамманинг оғзида шу гап эди. Испаниядан янги “Афросиёб” номли поезд келтирилибди. Тошкент – Самарқанд йўналишида қатнай бошлаган, манзилингизга икки соату саккиз дақиқада элтиб қўядиган бу тез¬юрар поезднинг биринчи стюардлари эканимиздан ҳам қувонардик, ҳам ғурурланардик.
Касбимни жуда севаман, ишга келсам ўз-ўзидан кайфиятим кўтарилади. Ҳар куни йўлда бир-бирига ўхшамайдиган инсонлар билан мулоқот қиламан, характер, дунё¬қарашни ўрганаман. Кўп вақтимни йўлда ўтказсам ҳам, бунга ҳеч қачон афсусланмаганман, вақтим зое кетяпти, деб ўйламаганман. Дам олиш кунларим тезроқ тугаб, ишга чиқишни интизорлик билан кутаман. Бошқа халқнинг тилини билиш битмас-туганмас имкониятлар беради. Йўлда сайёҳлар билан суҳбатлашиб кетаман. Уларнинг ва бизнинг мамлакатимиз, миллатимиз, тарихимиз, урф-одатларимиз, тилимиз ҳақида ҳам баҳсли, ҳам қизиқарли суҳбатлар қурамиз. Тарихимиз, ватанимиз ҳақида уларга билмаганларини сўзлаб бераман. Улар жон қулоқлари билан эшитишади. Гоҳида қувониб кетишганидан ўзларинингюртидан олиб келган бирор буюмни совға қилишади. Биз ҳам миллий нарсаларимиздан биронтасини совға қиламиз.
Бир куни иш вақтимда ҳиндистонлик сайёҳлардан бирининг таниш куйни ҳиргойи қилаётганини эшитиб қолдим. У миллий қўшиқларимиздан бирининг куйи эди. Ёнида тўхтаб: “Бу қандай куй, сизларда ҳам шундай мусиқа борми?” – деб сўрадим.  
– Йўқ, қулоғимга ўрнашиб қолди, – деб жавоб берди. Сўзларини эслолмасди. Куйни яхшилаб эшитсам, у ўзимизнинг “Омон ёр”ни айтмоқчи бўлаётган экан. Миллий чопон, дўппиларимизни кийиб, белбоғларимизни боғлаб, ғирт ўзбекка ўхшаб қолганди. Биз қўшиқни айта бошладик, у эса ҳиндча, ўзбекча аралаш рақсга тушиб кетди. Вагондагилар атрофини ўраб олиб, қарсак чалишарди. Бизнинг ҳайратимизни кўриб баттар авжга чиқарди. Ўша куни ғалати ҳислар қуршовида юрдим. Бошқа бир давлатдан келган сайёҳ миллийлигимизни шунча қадрласа, бизни шу даражада билса... Ғурурланиб кетдим, кўзларимга ёш қуйилиб келди...
Кунда-кунора бундай воқеаларнинг гувоҳи бўламиз. Менга йўловчи бўлиб кетишдан кўра, ходим бўлиб кетиш завқлироқ. Йўловчи сифатида кетишни истамайман, зерикаман. Стюард бўлиб ишлашимдан олдин поездга чиққанимда кўпинча ухлаб кетардим. Йўловчиларга қараш, хавфсизлиги учун жавоб бериш, уларга қулайликлар яратиб бериш мароқли. 
Поездга кечикиб келадиган йўловчилар ҳам кўп бўлади. Поезд жўнашидан беш дақиқа олдин эшиклар ёпилади. Кейин очишнинг иложи бўлмайди. Баъзилари жимгина кўнишади, баъзилари охирги дақиқада ҳамумидини узмайди. Айниқса, кечиккан йўловчилардан биттаси ҳеч ёдимдан чиқмайди. Поезд жўнашига уч дақиқа қолган, ойнага қўлларини қўйиб олганча, биздан нажот кутарди. Қанийди қўлимда бўлсаю, эшикларни очиб юборсам, эсон-омон, вақтида манзилига етиб олса. Илтимос қилдим, лекин эшикни очишмади. Етиб боргунга қадар, нигоҳларини унутолмадим. “Нима қиляпти, қандай аҳволда экан”, деган ўй тинчлик бермади. Ўйлайверганимдан жаҳлим ҳам чиқади. Эртароқ келишса бўл¬масмикан, дейман. Ёши катта одамлар ҳам атиги икки-уч дақиқага кеч қолишади, югуриб келишади. Аммо фойдасиз. Ҳаётимизда бир дақиқанинг қанчалик катта аҳамияти борлигини англаб етгандай бўламан. 
КИТОБГА ЭЛТГАН ЙЎЛ...
Болалигимда кўп вақтим бобомнинг хоналарида ўтарди. Бу хона кўзимга худди сирли сандиқчадай кўринарди. Эшигини очсанг бир-биридан қизиқ, ҳайратланарли нарсалар чиқиб келаверарди. Айниқса, китоблари жуда кўп эди. Китобларни бобом танлаб берарди. Ҳар сафар улар айтган китобни ўқирдим. Бобом қалбимда китобга муҳаббат уйғотган инсон эдилар. Китобларсиз ҳаётини тасаввур қилолмасди. Ҳатто, сўнгги нафасида ҳам китобларидан хавотир олди. Ҳамма китобларини эҳтиёт қилишим, авайлашимни қаттиқ тайинладилар. Китобни севишни ўргатгани, китобга олиб боргани учун бутун умр улардан миннатдорман. 
 
Дилрабо АЛИМОВА ёзиб олди