“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ТАРЖИМАНИНГ ҲУЗУР ВА АЗОБЛАРИ

Янглиш ЭГАМОВА,

Филология фанлари номзоди

ТАРЖИМАНИНГ ҲУЗУР ВА АЗОБЛАРИ

Ҳозирги кунда Ойбек Остонов ўзбек асарларини немис тилига муваффақиятли таржима қилаётган ёш ва умидли таржимонлар қаторида биринчилардан бўлиб тилга олинади. Бу бежизга эмас. У ўзбек адабиётидаги энг сара асарларни немис тилига таржима қилди. “Буюк ипак йўлларидаги ривоятлар” китоби уч марта қайта нашр этилди. Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари “Анор” (“Der Granatapfel”) номи билан ўафур ўуломнинг “Шум бола” (“Der Schelm”) қиссаси, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари”  (“Kein Himmel auf Erden”) қиссаси Ойбек Остонов таржимасида “Академнашр” нашриётида дунё юзини кўрди.

Аввало, Ойбек қилган ва қилаётган ишларнинг нақадар савобли эканлигини, шундай масъулиятталаб ишга киришишга журъат қилганганлигини алоҳида таъкидлагим келади. Бунинг учун Ойбек Остоновни фақат табрикламоқ керак.

Ўзбек ва немис халқлари нафақат макон жиҳатидан, балки ўзига хос удумлар, урф-одатлар, яшаш ва фикрлаш тарзи билан ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади. Шунинг учун ўзбекона миллий ўзига хосликлар, жумладан, инсонлараро, туғишганлараро муносабатлар, кексаларга ҳурмат, меҳмондўстлик, саломлашиш, кўришиш, тавозе, тўй ва аза маросимлари, келин салом, эркалаш ва аксинча, қарғиш, ҳақоратни ифодаловчи сўзлар, кундалик ҳаётда, рўзғорда қўлланиладиган буюм номлари, таом номлари, касб-амални билдирувчи сўзлар ва бошқалар немислар учун тамоман ёт нарсалар. Агар “Бадиий таржимада таржима қилиб бўлмайдиган ҳолатлар борми?” деган савол ўртага ташланса, мен ана шу миллий ўзига хосликни англатувчи сўзлар, реалияларни таржима қилишни қийин ҳолатлар сирасига киритган бўлардим. Абдулла Қаҳҳор, ўафур ўулом, Ўткир Ҳошимов асарларида миллий колоритни акс эттирувчи бундай сўзларга ҳар қадамда дуч келамиз. Улардаги нафақат айрим сўзлардан, балки бутун асардан ўзбекона миллий руҳ уфуриб туради. Ойбек кўп ҳолларда вазиятдан чиқиб кетиш йўлларини топа олган. Айрим атамалар, буюмлар, таомлар, амални англатувчи сўзларни матн ичида айнан қолдирган-да, китоб охирида изоҳлаган. Масалан, қурут, келинойи, сумалак, обакидандон, паранжи, ҳолвайтар, лунги, карнай, ҳазрат, ҳожи, домла, додхоҳ, қори, дастурхон, мошкичири, шавла, лағмон, манти, палов сингари жуда кўп сўзлар шулар жумласидандир. Бир қанча реалиялар тўлиқ таржима қилинган-да, маъноси матн сўнггида тушунтирилган. Масалан, “Weissbartige” (оқсоқол), “Weisser Kunig” (оқпошшо), “Haarbrucke” (қилкўприк), “Lederstrumpf” (маҳси), verheiraten” (бешиккертти қилмоқ), “verstossen” (талоқ қўймоқ) сўзлари шулар жумласига киради. “Ҳаммом” сўзи ҳам калька йўли билан таржима қилиниб, кейин изоҳланган, буни бемалол “das Badehaus” деб берса бўларди. 

А.Қаҳҳор ҳикояларидаги эпиграфлар ҳам яхши таржима қилинган. “Тўйда аза” ҳикоясида нафақадаги бева ўқитувчининг йигирма яшар талаба қизга уйланиши баён этилади. Лаблари қип-қизил бўялган, замонавий кийинган бўлғуси келинни кўрган маҳалла хотинлари: “Ҳе хўрозқандга ўхшамай ўл!” дейишади ва бу сўз ўша қизнинг лақабига айланиб кетади. “Хўрозқанд” лақаби “Lutschbonbon” сўзи билан таржима қилинган ва ҳикояни немис тилида ўқиганда кўз олдимизда лаблари хўрозқанд-га ўхшаган қип-қизил танноз қиз намоён бўлади.

Гёте институтида бўлиб ўтган таржимонлар семинари чоғида Ойбек ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, маълум сўз ва иборани таржима қилишда нега у ёки бу вариантни танлагани борасида фикр-мулоҳазаларини билдирган эди. Жумладан, А.Қаҳҳорнинг “Анор” ҳикоясида Туробжоннинг хотини анорга бошқоронғи бўлади. Лекин қўл учида кун кўрадиган оила учун анор анқонинг уруғи. Туробжон бир амаллаб асал сақичини топиб келади (уни ҳам пулга эмас, текинга бировдан ундирган). Тугунни ор-қасига яшириб, хотинига: “Акажон, дегин!” дейди. Хотини унга жавобан: “Акажон! Жо-он ака!” дейди. Агар бу гапларни, сўзма-сўз таржима қилинса, немислар ҳайрон бўлишлари мумкин, чунки уларда хотин эрини “акажон” демайди. Шуни ҳисобга олиб, Ойбек ушбу жумлаларни қуйидагича таржима қилганини айтган эди: “Sag: Bitte, mein Liebster!” (Илтимос, суюклим, дегин!). “Mein Liebster! Mein Schatz!” (Суюклим! Азизим!). Чунки европалик аёллар эри ёки маҳбубига худди шундай мурожаат қилишади. Шундан сўнг Туробжон хотинига: “Нима берасан?” (яъни “Шу нарсани сенга берсам, эвазига менга нима берасан?”) деганида, хотини: “Умримнинг ярмини бераман!” деб жавоб беради. Гапнинг остида “Агар ўша нарсани берсангиз, умримнинг ярмини бераман” деган фикр яширинган. Лекин А.Қаҳҳор гапни биз изоҳлаганимиздек чўзиб ўтирмайди. Ортиқча фикрларни ўқувчи мулоҳазасига ҳавола қилади. Абдулла Қаҳҳор услубига хос муҳим белгилардан бири тасвирдаги ихчамлик, лўндаликдир. Таржимон буни назардан қочирмаслиги керак. Афсуски, Ойбек немислар гап нимадалигини тушунмай қолишлари мумкин, деган ўйда юқоридаги савол-жавобни чўзиб юборган: “Wenn du innig bittest, werde ich es schenken! Was wurdest du mir dafur geben?” (Агар ўтиниб сўрасанг, шуни сенга тортиқ қиламан, эвазига менга нима берасан?) “Alles, was Sie wollen, die Holfte meines Lebens gebe ich Ihnen!” (Нима хоҳласангиз шуни, умримнинг ярмини сизга бераман). Натижада А.Қаҳҳорга хос услуб таржимада тикланмай қолган. Шу ўринда А.Қаҳҳор асарларининг таржимонларидан бири адиба Лидия Батнинг фикрини келтириб ўтиш жоиз, деб ўйлайман: “Қаҳҳор сўзларининг мағзи бутун. Ундаги қисқаликнинг боиси ҳам шунда... шунинг учун унинг асарларини таржима қилиш қийин. У воқеаларни, қаҳрамонлар кечинмаларини шундай қуюқлаштириб тасвирлайдики, баъзан таржимон ўзидан сўзқўшиб, уни “суюлтиргиси”, тўқимага ўзининг безакларини қўшиб юборгиси келади. Қаҳҳор бунга ўта сергак муносабатда бўлар эди. Бир гал ҳикояси таржимада қарийб икки ҳисса кўпайиб кетганини сезиб, таржимонни койиб берган. Шунда таржимон адибга ғалати эътироз билдирган:

– Тўғри, Сиз ажойиб  ҳикоя ёзгансиз, лекин таржима қилган одам уни жиндак бўлса ҳам кенгайтиргиси, жиндак унга қўшиб қўйгиси келаверади. Бундай ҳолида у ўта сиқиқ, ҳаво етишмаётгандек...

Қаҳҳор барибир кўнмасдан:

 – Майли, “ёмон”лигича, аммо-лекин меники бўлиб қолсин. Мен ёзган нарсани “яхшилашингиз” шарт эмас, – деган”. (Қаранг: “Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотираларида”, Т., ў.ўулом номидаги АСН, 1987, 13-бет). Муаллиф услуби, уни таржимада ҳам аслидек тиклаш шартлиги ҳақида бундан ошириб бир нарса дейиш қийин. 

ўафур ўуломнинг “Шум бола” (“Der Schelm”) қиссаси таржимаси устида ҳам Ойбек неча-неча ҳузурли ва азобли тунларни уйқусиз ўтказди. Қиссада ўафур ўуломга хос юмор ва қочиримларга бой тасвир услуби ҳукмрон. Бундай услубни йироқ хорижий тилда айнан тиклашнинг ўзи бўлмайди. Бунда икки тилни яхши билишнинг ўзи ҳам етарли эмас. Ойбек Остонов “Шум бола” таржимаси устида жуда узоқ ишлади, асар воқеалари ичига руҳан кириб боришга ҳаракат қилди ва бунга эришди ҳам. У “Шум бола” билан бирга яшади, фикрлади, “бит бозор”ни, мол бозорни бирга кезди, ҳаёт ўнқир-чўнқирликларини бирга босиб ўтди. ўафур ўуломни “Шум бола”си билан бирга немис халқи орасига олиб кирди. Мен таржиманинг тақризчиларидан бири сифатида таржимон бошдан кечирган машаққатлардан қисман хабардорман.

Таржимада кўплаб мақол ва иборалар, бадиий тасвир воситалари яхши берилган. Масалан: “Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган”, (чўл). Таржимаси: “Wenn Vogel fliegen, ihre Flugel und die Menschen gehen, ihre Fusse verbrennendе” (Steppe).  Ёки: “Қумрига мавоза қилган моллар” тушунчаси битта қўшма сўз билан қойилмақом қилиб ўгирилган: “Taubenaustausch-Sachen”. Чунки бир нечта тушунчани немис тилида битта қўшма сўзда ифодалаш ҳоллари кўп учрайди. Айрим ўхшатишлар ҳамда мақоллар таримасини кўриб ўтайлик:

“...худди аммасининг ўғли тирилиб келгандек” – “…als ob ihr nachster Verwandter von den Toten wiederaufgestanden ware”.

“Худди Имом Ҳасан билан Имом Ҳусанни тирик кўргандек қувониб кетди” – “Er  war so uberrascht, alsob er die lebenden Imame Hasan und Husan gesehen hatte”.

“Озиқлик от ҳоримас” – “Ein gefuttertes Pferd wird nicht mude”.

“Семизликни қўй кўтаради” – “Nur dem Hammel sei das Fett nutzlich”. Булар ҳаммаси сўзма-сўз таржима қилинган ва ёзувчи мақсади тўлиқ тикланган.  Фақат “аммасининг ўғли” бирикмаси “энг яқин қариндоши” тушунчасини ифодаловчи сўзлар билан берилган. Имом Ҳасан ва Имом Ҳусанларнинг кимлиги эса китоб охирида изоҳланган.

“Шум бола” қиссаси ўзи кичкина китоб бўлса-да, тили, услуби жиҳатидан беҳад оғир асар. Унинг таржимаси катта меҳнат, изланиш, сабр-тоқат, билим, сўз бойлигини талаб қилади. Бинобарин бундай катта ишда камчиликларнинг ҳам бўлиши табиий. Бу ерда ҳам баъзан ўзидан қўшиб, тасвирни чўзиб юбориш ҳолларига дуч келамиз. Масалан, мол бозор ҳақида гап кетганда, муаллиф шундай ёзади:

“Маҳшар деганнинг худди ўзгинаси шу ерда экан”. Таржимаси: “Wenn dieser Basar wie ein Flur auf dem Weg zun “Jungsten Gericht” aussah, dann fand auf dem Tiermarkt selbst das Jungste Gericht statt”. (Мазмуни: Агар шу бозорни маҳшарга элтувчи йўлга ўхшатадиган бўлсак, нақ мол бозорнинг ўзида қиёмат қойим қўпарди). Гапни бундай чўзиб ўтирмасдан асл нусхадаги жумланинг ўзини таржима қилиб қўявериш керак эди.

Таржима қилиш қийин бўлган сўзлар сирасига, айниқса, қарғиш, сўкиш, ҳақорат сўзларини киритиш мумкин. Уларни аксари ҳолларда сўзма-сўз таржима қилиш мумкин бўлса, айримларини асл луғавий маъноси билан бериш мутлақо имконсиз. “Шум бола” қиссасида болани онаси қарғаяпти: “Ҳой, жувонмарг, зумраша”. Таржимаси: “Ach du verfluchter Schelm” (Сен лаънати шумтаканими!) Бошқа бир жойда “жувонмарг” сўзи “Scher dich zum Teufel” (Жин урсин сени!) деб ўгирилган.

 2013 йилнинг августида Гёте  институтидаги таржимонлар учрашувида Берлин университетининг профессори, ўзбек тилининг билимдони, қатор асарларни ўзбек тилидан немис тилига ўгирган Ингеборг Балдауф хоним “жувонмарг” сўзи ифодалайдиган маънони немис тилида беришнинг умуман иложи йўқ, улар бунақа сўзларни ишлатишмайди. Ўзбек тилидаги қарғиш сўзлари немис тилида йўқ, деган эди.

Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асаридаги қарғаш бўйича тип даражасига кўтарилган Келинойи тилидан янграган соф ўзбекона қарғишларнинг таъсир кучини бирорта тилга бор бўйича ағдариб бўлмаса керак. Улардан айримларини ўзбек тилида ва немисча таржималарда қиёслаймиз:

...бўйгинанг гўрда чиригур – ... mцge das Grab sein Zuhause sein (Гўр унга бошпана бўлсин);

...гўрсўхта – Moge sein Grab verbrennen (Гўри куйиб кетсин);

...ергина ютгур! – Moge ihn der Boden verschlucken (Ер ютсин уни!);

...тилларинг танглайингга ёпишгур! – Moge ihm die Zunge … im Gaumen festkleben!

...тилларинг жодида қийма-қийма бўлсин! – Moge seine Zunge … von einem Hackster in Stucke zerschnitten warden!

Худоё қўлгинанг Ҳазрати Алининг қиличида кесилмаса, у дунё-бу дунё розимасман-а! – Wenn er nicht von dem Schwert des Hazrats Ali gekopft wird, bin ich weder in diesem Leben noch im Jenseits damit einverstanden!

Битта мақола доирасида Ойбек Остонов таржималарининг ютуқ ва камчиликлари борасида аниқ тўхтамга келиш мумкин эмас. Айрим ҳикоялар номлари ва эпиграфлари, “Шум бола”, “Дунёнинг ишлари” тушунчалари таржимасининг қай тахлит дунёга келгани, уларни ҳозирги ҳолатга олиб келгунча таржимон қанча заҳмат чеккани, қанча излангани, кимлар билан маслаҳатлашганининг ўзиёқ катта бир мақолага мавзу бўлади. Мен бежиз бадиий таржимани ҳузурли ва азобли иш демадим. Бадиий ижод жараёни қанчалик ҳузурли бўлмасин, асл нусханинг бутун таровати, жозибаси, сеҳри, ширасини бошқа тилда борлиғича қайта тиклашни албатта ҳузур деб бўлмайди. Бунинг нечоғлик азоб (ҳузурли азоб), меҳнату машаққат эканлигини бир Худо ва бир таржимон билади.