“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“РЕЖИССЁРЛИК ЎРГАТИЛМАЙДИ, ЎРГАНИЛАДИ”

 Ҳилол НАСИМОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр

“РЕЖИССЁРЛИК ЎРГАТИЛМАЙДИ, ЎРГАНИЛАДИ”

Халқ у ижро қилган ролларни ёмон кўрса-да, у ишлаган фильмларни яхши кўради. Маҳоратли актёр, қалами ўткир сценарист ва шиддаткор РЕЖИССЁР. Ҳилол Насимовга нисбатан айтилган юқоридаги таърифлар у ишлаган фильмларда ўз тасдиғини топиб улгурди, десак адашмаймиз. Тинмай изланишда давом этаётган бу ижодкор, худди қўлига қурол олиб ватанини қўриқлаётган аскар кабидир. Унинг қўлидаги қуроли у ёзаётган сценарий ва у режиссёрлик қилаётган сизу бизга таниш ўша фильмлар.     

Режиссёр кинодраматург, киноактёр, оператор ва албатта режиссёр бўлиши керак.

Бирорта фильмни олиб таҳлил қиладиган бўлсак, томошабин фильм ёмон бўлса сценарийни ёмон дейди, яхши бўлса режиссёр яхши ишлабди, деб унга баҳо беради. Фильмнинг асоси “сценарий” деб оғиз тўлдириб кўп гапиришади. Албатта, бу фикрда асос бор. Шундай сценарийлар борки, режиссёрнинг хатоси туфайли аянчли аҳволга келиб қолганига гувоҳи бўламиз. Қарс икки қўлдан чиқишини унутмаслик керак. Мен ҳам сценарист, ҳам режиссёр, ҳам актёрман. Тўғри кўпчилик: “Тайёр сценарий асосида фильм олсангиз бўлмайдими?” деб сўрайди. Агарда кўнглимдагидай сценарий бўлса, уни ажойиб таклиф каби қабул қиламан. Сўнгги пайтларда суратга олган фильмларимнинг ҳаммаси долзарб мавзуда ишланганлиги ҳеч кимга сир эмас. Уларни ишлаётганда ўзимни худди “тиғ устида тургандек” ҳис қилганман. Бу жуда қийин жараён. Агарда мавзуни илдизигача чуқур ўрганмасам, ўзимни худди қуруқликда юрган балиқдай ҳис қиламан. Кино олиш жараёнида сузишим учун муҳит яхши бўлиши керак. Режиссёрликни ихтиёр этганларга ҳамиша оққоғозни кўрсатиб: “Мана шу оқ қоғознинг орқасида режиссёр туради”, деб таълим бера бошлаганман.  Режиссёр: “Мен режиссёрман”, деб қотиб қолмаслиги керак. Айни дамда “Муқаддас истак” фильмимнинг суратга оляпман. Съёмка жараёнлари Арабистонда ўтяпти.

Режиссёр кинодраматург, киноактёр, оператор ва, албатта, режиссёр бўлиши керак. У ўз меҳнати маҳсулига масъулдир. Фильм озгина саёз чиқса: “Режиссёр қаерга қараяпти?” де-йишади. Актёрнинг ролини яхши ижро этиши ҳам режиссёргабоғлиқ. Режиссёрлик — мушкул касб. Санъат бор жойда ваҳшийлик бўлмайди. Режиссёр ижод қила олиши, актёрлик маҳорати ва, албатта, режиссёрлик иқтидорига эга бўлиши керак. Талабаларимга: “Режиссёрлик ўргатилмайди, ўрганилади”, деб кўп айтаман.

 

КИНО ЭНГ ҚУДРАТЛИ САНЪАТ ВОСИТАСИ

Диний экстремизм йўналишида олган фильмларим халқнинг кўз олдида гавдаланиб, уларни фикрлашга ундаса, мен бундан хурсандман. Одамларни эзгуликка ундаш йўлида шу йўналишдаги   фильмларни суратга олиш жоиз бўлса, мен бундан қайтмайман. 1988—1992 йиллар воқеаларини акс эттирган “Муқаддас истак” фильми ҳозирги дориломон кунларга осонликча эришмаганлигимизни ёшларга уқтириш истагида ишланган. Ўзбек миллатининг топталган менталитети, ғурури, ўзлиги, эътиқоди, маданиятидан айрилган давр очиб берилган. “Диний экстремизм бизга қандай кириб келди?” деган саволга мана шу  фильм орқали жавоб беришга ҳаракат қилдим.

 

БИР ТОМОНДАН ҚУВОНСАМ...

Одатда салбий ролларни ўйнаб қоламан. Салбий ролларни ишонарли ўйнамаса, томошабин норози бўлади: “Актёр ўз ролини ўйнай олмапти”, деб хулоса чиқаради. “Остона”, “Номус” фильмларида салбий образларни гавдалантирганман. Айниқса, “Номус” ва “Алданган аёл” фильмларимдан кейин кўпчиликнингкўзига «шумшук» кўриниб қолдим. Бир куни бозорда пойабзал харид қилаётганимда, сотувчи болага қараб: “Озгина ўтиб берасизми?” дедим. У эса менга: “Ака, тузукроқ роль ўйнаганингизда ўтиб берардим. Олсангиз шу!” деди. Устимдан бир челак совуқ сув қуйилгандек бўлди. Бир томондан қувонсам, иккинчи томондан ранжидим...

 

РЕЖИССЁР, БУ — МУСАВВИР

Бир куни “Ажойиб хаёлпараст” фильмини суратга олиш жараёнида устозимиз Равил Ботировдан: “Режиссёр бўлиш учун нима қилиш керак?” деб сўрагандим. Шунда улар: “Эй, болам. Режиссёрлик касби қийин, бошқа касбни танла. Режиссёр ҳамма нарсани билиши керак. У    халқдан бир қадам олдинда юриши лозим”,деганди. Мана шу гапдан ҳам англаб олса бўладики, демак, режиссёр нафақат ўзининг йўналишида, балки жамият ҳаётида мавжуд барча соҳада юз бераётган воқеликлардан хабардор бўлиши шарт. Режиссёр актёр, сценарист, оператор, тасвирчи ва бошқача қилиб айтганда, МУСАВВИР! Устоз-режиссёрларимиздан бу соҳа сирларини ўргандим. Чунки айримлари актёрлар билан яхши ишларди, айримлари сценарий йўналиши бўйича топқирлиги кучли бўларди. Тўплаган касбий тажрибамдан шуни биламанки, халқнинг эътиборига тушишни истаган режиссёр ҳамма соҳадан ва ҳар бир касб эгасининг фаолиятидан хабардор бўлиши шарт.

 

Нилуфар КАРОМАТОВА ёзиб олди