“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЯХШИ ОДАМГА АЙЛАНАСАН

Исажон СУЛТОН

ЯХШИ ОДАМГА АЙЛАНАСАН

— Адабиёт ҳақида ҳар кимнинг ўз қараши бор. Ёзиш жараёни ҳақида ҳам.  Баъзи ёзувчи-шоирларимиздан “Ёзаётган пайтингизда қай ҳолатда бўласиз?” деб сўраганимизда: “эслай олмайман” ёки “тасвирлаб беролмайман”, деган жавобни оламиз...

— Тўғри, тасвирлаб бериш мушкул бу жараённи... Масалан, қизиқ бир воқеани даврада ҳикоя қилиб бераётганингизда ўша воқеанинг ичига кириб кетасиз, бир муддат унинг ичида яшайсиз. Ўша тўлқинга тушасиз ва бошқаларни ҳам олиб кирасиз... Ижод ҳам шунақа. Баъзилар: “Асар ёзаётганда бошқа дунёга кетиб қоламан”, дейди. Бу — мажозий гап.  Қалбингизда, шуурингизда бир асар пайдо бўлди, дейлик. Уни қоғозга туширишингиз керак. Бошладингиз, ёзаяпсиз... Вақт ўтганини сезмайсиз. Асарнинг бир жойига борганда тўхтайсиз ё тугатасиз. Муҳими, яхши одамга айланиб қоласиз. Алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман, ижодкор ижод жараёнида жуда яхши одамга, деярли фариштага айланиб қолади! Уйда ота, кўчада йўловчи, ишда хизматчимиз, барчасининг ўз масъулияти бор. Шу маънода ижод ўзликка қайтиш бўлса керак, менимча. Унинг гўзаллиги ҳам шунда.

Ижодкор шу руҳиятдан чиқиб кетишни истамайди. Шоирларимизда кўпроқ бўлади бу ҳолат. Давраларга бормай, одамови бўлиб қолади. Сабабини сўрасангиз, кимдир руҳиятимни, кайфиятимни бузиб қўймасин, кейин анча вақт ҳеч нарса ёзолмай юраман, дейди. Ўша ҳолатдан чиқиб кетишни хоҳламайди.

— Шоирга насрий асар мутолааси, носирга шеър шукуҳи нима беради?

— Иккаласининг ҳам ўз ўрни бор. Наср кенг дунёқарашни талаб қилади, шунинг учун ҳам шеърга сиғмаган ҳаётни, тақдирни, жамиятдаги инсонлар кечмишини очиб беради. Сулолаларни, тарихни кўрсатади. Шунинг учун ҳам “эпик” дейилади. Шеърият эса оний ҳис-туйғуларни ифодалайди. Инсон ҳис-туйғуларига тўғридан-тўғри кириб боради. Бевосита ҳиссиётга мурожаат қилади.

Наср шоирнинг тафаккурини кенгайтиради. Масалан, ёмғир ёғиб ўтгач, бир япроқда биттагина томчи қолди. Кимдир уни кўз ёшига ўхшатади, бошқаси тушиб кетса узилгудек ҳаётга қиёслайди. Агар ана шу жараёнга эпик тафаккур кўзи билан қарасак, ёмғирнинг қаерда бунёд бўлгани, булутга айланиб қайси жойлардан ўтгани, қаерлардан келгани ойдинлашади. Қай тарз-да бир дарахт илдизларидан ҳаёт сувига айланиб оққани, у дарахтни ким, нима учун эккани, нималарга шоҳид бўлганини аён қилади. Агар шуларнинг бари битта шеърда жо бўлса, тасаввур қиляпсизми, қанақа ажойиб асар бунёд бўлади!..

Халқ достонларида, Навоий, Бобур ижодида наср ҳам, назм ҳам юксак ифодасини топган. Асрлар ўтиб ё чуқурлашдик, ё саёзлашдик — наср ва назм ажралиб қолди. Шоирларимиз насрга қўл уриб эпик тафаккурини кенгайтирса, ёзувчиларимиз сўзни шоирчалик ҳис қилиб ишлатса қандай яхши бўларди...

— Истеъдод сўзини тилга олдингиз. Айтинг-чи, истеъдод ижодкор учун нима?

— Истеъдод — яширин бир гавҳар. Унинг жилоланиши учун билим керак. Бу худди чироққа ўхшайди, билим деган қувват келмаса, зиё таратмайди. Ёки дарахтни олинг, замини бўлиқ бўлмаса, ўсиб-унармиди, мева берармиди? Ҳозир шунга тобора амин бўлиб боряпманки, бирон киши истеъдодсиз яралмайди. Ҳар кимга Яратган ўзига яраша бир қобилият, албатта, ато этади. Болалик чоғларимиздаги тенгдош дўстларимни хаёлан бирма-бир кўз олдимдан ўтказаман. Ҳақиқатан ҳам, улардаги яширин истеъдодни   илғагандай бўламан. Масалан, бир дўстим сурат чизишга иштиёқманд эди. Яна бири темир-терсакка қизиқарди... Маълум шароит бўлганида бири маҳоратли рассом ёки иккинчиси муҳандис бўлиб етишадиган салоҳият эгаси эди...

Шунингдек, ҳар қандай инсондаги каби: “Кимман? Нима учун яралганман?” деган саволлар ҳам барчамизнинг онгимизда пайдо бўлаверади. Халқимизнинг илдизлари қаерда? Шу халқ орасида дунёга келганимизнинг ҳикмати нима?  Юртни кезсангиз, ҳудудларни қўятуринг, ҳатто ёнма-ён қишлоқларнинг шевалари ҳам бир-биридан фарқланишини кўрасиз. Одамларнинг юз-кўзига қараб бехато ажратиб оладиганлар бор. “Чеҳраси бизникиларга ўхшамайди”, деб қўйишади. Шунда юзлаб элу улуслар мустаҳкам бир ўзак атрофида асрлар бўйи жипс яшаб келаётганини кўрамиз. Булар жуда олисдан келаётган элас-элас хабарлардай туюлиши бор гап. Аммо мозийнинг қай бурчидан келмоқда улар?

Мағрур лашкарбошилар, оламда адолат ва тенглик ўрнатишга аҳд қилган улуғ зотлар ёди томон бораверсак, шундай битикларни ўқиймиз:

“Тепамда Кўк осмон ёрлақагани учун, остида қўнғир ер-сув тарбиялагани учун элимни, давлатимни вужудга келтирдим...”

Ахир, бу – еттинчи аср, яъни ҳозиргидан бир минг уч юз йил аввал! Сармишсой қояларидаги суратларни эсланг. Самарқанднинг Қуруқсойидаги, Жиззахнинг Пишоғоридаги, Фарғонанинг Соймалисидаги тошқоя битиклари-чи? Фан уларнинг ёшини етти-саккиз минг йил атрофида деб билади. Сурхондарёнинг Тешиктошидан топилган болани билмайдиган одам бўлмаса керак. Замонавий антропология у боланинг ёши камида юз минг йил эканини билдириб турибди. Тасаввур қиляпсизми? Юз минг йил аввал нимадир юз бергану Тешиктошда саккиз яшар бир бола ёнида ов қуроллари, тоғ эчкисию кийик шохлари билан дафн этилган.

Ундан ҳам олисга назар ташласак, тасаввур бизга нима учун Қизилқум кенгликлари денгиз тубига ўхшаб кетишини, нега ҳар қадамда денгиз чиғаноқлари учрашининг сабабини рўпара қилади. Фан эса бу ерда бир маҳаллар уммон тўлқин урганини, ақл бовар қилмас мавжудотлар яшаганидан хабар беради...

Бугунимиздан ўша даврларгача оний йилдирим шиддати билан ўтган тасаввур халқимизнинг ниҳоятда қадимий ва улуғ эканини,   жипслигини, ўз қутлуғ тупроғи узра маҳкам турганини, истилолар, урушлар, бўҳронлар қаддини бука олмаганини кўрсатаверади. Тупроқ дедик. Заминимиз мана шу бўлса, у ҳолда унда етилган бугуннинг авлодларининг руҳияти қанақа? Нимадан нафас олмоқда, нима ташвишлар билан яшамоқда? Тарихи шон-шавкатга бурканган муҳташам сулола болаларининг аҳволи қандай?

— Лекин сизнинг фикрларингиз замонавий дунё адабиётидаги қарашлар билан муштарак келмайди-ку!

— Замонавий дунё адабиёти инсон истак-хоҳишлари аро дайдиб юрибди. ўалати ва тушунарсиз, мантиқсиз ғоялар пайдо бўлмоқда. Шулардан бири: маданият ва маънавият инсон боласини занжирда тутиб туради, деган ғоядир.  Эмишки, инсон мутлақ озод жонзот, уни ҳар турли ахлоқ, одоб ва ҳоказо қоидалар билан чегаралаш керак эмас экан. Шаккоклик шу даражага бордики, бетамизроқ бир олим “Одам дунёга келишида ўз ота-онасини танлаёлмайди. Шу сабабли вояга етганида, унга ота-онадан воз кечиш ҳуқуқини беришимиз керак” дейишгача борди. Булар — бугуннинг адабий асарларида рўй-рост айтилаётган гаплар. Қизиқ-да, бир томонда урушлар ваҳшатидан титраб-қақшаб, “Оламдаги энг     ажойиб мўъжиза — ҳаётдир”, деб хитоб қилса, бошқа ёқдан ҳозир мисол келтирганимиздай ғалати даъволаргача етди. Руҳиятшунослар аллақачон оламда инсон деградацияси деган жараён юз бераётганидан огоҳлантириб бўлишди. ўайриҳаётий шундай бошбошдоқликларга қарама-қарши равишда, она Ўзбекистонимизда қадимий ва шонли анъаналаримиз ҳануз барҳаёт, ҳануз ота ишдан келса болалари пешвоз чиқиб салом бермоқда, каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатилмоқда. Ота нақадар улуғ зот эканини, она қанчалар муқаддас эканини муштдайлигидан билиб ўсишмоқда. Ўзлик дегани мана шу-да. Айни шу ўринда халқ яна ўз давлати билан жипслашганини кўрамиз. Давлат ўз халқининг маънан етук, билимли ва баркамол бўлишини, истеъдодини шу элу юрт равнақи учун йўналтиришини истайди, халқ ҳам шунга муштоқ. Дунёнинг анча-мунча халқлари орзу қиладиган бундай бирдамликдан қувонмай бўладими?

 

Дадахон МУҲАММАДИЕВ суҳбатлашди