“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Зиёвиддин МАНСУР, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

ОЛТИН ВОДИЙНИНГ ОЛТИН ЙЎЛИ

Мустақиллигимиз шарофати билан янги тараққиёт йўлига чиққан жонажон Ўзбекистонимизда шундай оламшумул ишлар, ҳайратомуз воқеалар рўй бермоқдаки, булар ҳақида бундан чорак асрлар олдин фикрлаш у ёқда турсин, ҳатто хаёл қилиш ҳам мутлақо ақлга сиғмас эди, — десам ҳеч ким мени муболаға қилишда айбламаса керак. Жумладан, Поп-Ангрен темир йўлининг қисқа муддатларда ишга туширилиши, “Аср мўъжизаси” дея шов-шувларга сабаб бўлиб, унинг расмий очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг иштирок этиши бутун дунё миқёсида алоҳида эътироф қозонганлиги қувонарлидир.

— Фарҳоднинг тоғдаги тошларни йўниб, сув чиқаргани, ота-боболаримизнинг канал қазгани, чўлларни ўзлаштиргани ҳақида қанча асарлар бор. Улар ҳамон тилларда достон. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ангрен – Поп” электрлаштирилган темирйўл линияси қурилишини ташкилллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий қарори асосида Қамчиқ довонида олиб борилган оламшумул ишлар тўғрисида, кенг кўламли бунёдкорликлар ҳақида, ҳатто эртакларда ҳам йўқ чўнг ишлар тўғрисида ривоят, достонлар, бадиҳалар яратиш биздай ижод аҳли олдида турган долзарб ишлардандир, — дея гап бошлашим билан:

— Биз ҳам қўл қовуштириб ўтирмаяпмиз, илҳом оляпмиз, дафтар қоралаяпмиз, мен қанча шеърлар ёздим бу тарихий ишлардан илҳомланиб, — дея мавзуни давом эттиради айни шундай тарихий ишлар бўлган, давом этаётган Чодакнинг исми жисмига хос Гулистон қишлоғида яшовчи шоир Салимхон Назирий, — Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомнинг темир йўл ва темирйўлчилар ҳақида битган ажойиб достони, истеъдодли шоирамиз Дилбар Бонунинг “Дуторнинг торидай таранг рельсларим”, иқтидорли журналист Дилбар Асқарованинг “Ҳаёт ҳақиқатига айланган мўъжизалар” ёш ижодкор Орифжон Жўраевнинг “Чодакдаги осмон устуни” сингари публицистик мақолалари, қўшни Фарғона вилоятидан дам олишга келиб, бу ерда бўлаётган ишларни кўриб, оромини йўқотган қаламкаш Аҳмад Фозилнинг асримизнинг мазкур мўъжизаси ҳақидаги “Истиқлол йўли” сарлавҳали туркум шеърлари ҳам унча-мунча достондан қолишмайди!

— Барибир кам, — дейман ўзимга ўзим, — битта тоғни қазиб ўтган Фарҳоднинг жасорати мана беш асрким тилларда достон. Бугунги кунда, айниқса, жаҳон молиявий инқирози ҳамон манаман деган давлатларни эсанкиратиб турган бир пайтда Ўзбекистонимизда эртакларда ҳам йўқ чўнг ишлар — 123 километр узунликдаги “Ангрен-Поп” электрлаштирилган темирйўлнинг қурилиши, денгиз сатҳидан қарийб 1,5 минг метр баландликда жойлашган, узундан узун мураккаб тоғ тизмаларини кесиб ўтадиган, 19 километрдан зиёд энг замонавий тунелни ўз ичига олган темир йўлнинг қурилиши нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида жуда катта тарихий воқеа бўлиши шубҳасиз. Унинг нафақат водийни бошқа шаҳарлар билан боғлаши, айни вақтда у Европа ва Осиё қитъаларини ўзаро боғлайдиган трансмиллий транспорт йўлагининг энг муҳим бўғинига айланиши, жуда катта стратегик аҳамият касб этиши, бизга келтириладиган юкларнинг қарийб тўрт баравар арзонга келиши, биздан эса жуда кўп маҳсулотлар экспорт қилинишига кенг йўл очиши билан бу йўл нафақат оддийгина темирйўл, балки том маънода олтин водийнинг олтин йўли бўлади. Шу боис у ҳар қанча достон қилишга арзигуликдир.

Табиатнинг жуда катта марҳамати бўлган бу ҳудудлар Швейцарияни ҳам ортда қолдирадиган ўзига хос иқлими, бетакрор табиати, оромбахш ҳавоси-ю, жаннатнамо гўзаллиги билан яқин келажакда халқаро туризмнинг энг харидоргир гўшаларидан бирига айланишига ҳеч шубҳа йўқ. Шу мақсадда темирйўл қурилишининг теварак-атрофлари инфратузилмасини юксак талаблар асосида яхшилаш борасида ҳам фаол иш олиб борилмоқда.

— Ҳозирнинг ўзидаёқ маҳаллий миқёсда жуда катта бунёдкорликлар амалга ошириб улгурилди, — дейди “Поп тонги” газетаси учун янгиликлар олишга келган таниқли журналист Раҳимжон Ирисов, — Хонобод, Қўшминор, Чодак, Гулистон ва Олтинкон қишлоқлари аҳли ҳам ўз теварагидаги ободончиликлардан мамнун бўлиб, ўзлари ҳам бу жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланмоқда. Ахир биргина “Темирйўлобод” юк саройи фаолияти йўлга қўйилиши шарофати билан коллежни янги битирган 65 нафар ёш иш билан таъминланмоқда. Шунингдек, темирйўл атрофида яшовчи 123 хонадон кўчирилиши эвазига давлат томонидан 4 млрд. 223 млн. сўм товон пули берилиб, уларда яшовчи 372 та оила фуқаролари учун туман ҳокимининг қарори билан 6 сотихдан жами 23,3 га ер майдони ажратиб берилди. Қарангки, мамлакатимиздаги ижтимоий ҳимоя тамойиллари асосида 16 та ночор оилага 49 минг дона пишиқ ғишт ва бошқа қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ёрдам тариқасида берилиб, уларнинг иқтисодий ҳолатини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида уй ҳайвонлари ва парранда маҳсулотлари билан таъмин этилгани, турар-жойлар теварагига янги подстанция ўрнатилиб, электр таъминоти йўлга қўйилиб, инфратузилма объектлари, спорт майдончалари, маҳалла гузари ташкил этилгани катта бунёдкорликларнинг катта самараларидир. Тоғ ён бағрига 16 ёшлигида бориб, умрбод шу ер аҳлини адабиётдай эзгулик оламига бошлаб келган, айни пайтда юз ёшга қараб одимлаётган улуғ муаллим Тўрахўжа ота Каттахўжаев мўъжизавий темирйўл ва ҳайратомуз тунелни ўз кўзи билан кўрганда ҳайратдан ёқа ушлагани-ю, теварак атрофдаги ободончиликлардан илҳомланиб: “Темир йўлчилик – мўлу кўлчилик”, — деб айтган гаплари қилинган эзгу ишларнинг энг лўнда таърифи бўлган бўлса ажаб эмас.

Наманган вилоятининг қарийб ярмига тенг келадиган Поп туманида бўлаётган бундай йирик ҳажмдаги бунёдкорона ишларнинг узвий давомини вилоятнинг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини кескин ривожлантириш бўйича 2016-2019 йилларга мўлжалланган махсус дастурда ҳам кўриш мумкин. Кўлами жиҳатидан мисли кўрилмаган ўзгаришларга олиб келувчи мазкур дастурнинг тўртинчи йўналиши – муҳандислик коммуникациялари ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини қуришга доир бир қатор лойиҳалардан ташкил топган бўлиб, шулар қаторида Поп туманида электрлаштирилган “Ангрен-Поп” темирйўли подстанцияларини электр билан таъминлайдиган иншоотлар қурилишини ўз ичига олганлиги қувонарлидир. Шунингдек, вилоятдаги фойдали қазилма конларини аниқлашга қаратилган геология-қидирув ишларини босқичма-босқич амалга ошириш ва ривожлантиришга оид чора-тадбирлар ҳам мазкур ҳужжатнинг узвий бир қисми бўлиб, бу борада фойдали қазилма конларини топиш эҳтимоли бўлган туманлардан бири ҳам, шубҳасиз, Поп туманидирки, бу унинг келгусида янада гуллаб-яшнашида муҳим омил бўлишидан дарак беради.