“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎЗБЕКИСТОНДА АДАБИЁТ ВА САНЪАТ ТАРАҚҚИЁТИ Маънавий ислоҳотлар тадрижи

Шуҳрат РИЗАЕВ

Юртимизда Мустақиллик эълон қилингунга қадар бир-икки сана аввалдан маънавият масаласи муҳимлардан муҳими бўлиб кун тартибига чиқди. 1990 йилда И.А.Каримов ўн иккинчи чақириқ Олий Кенгашнинг биринчи сессиясидаги нутқида “Президент фаолиятининг муҳим вазифаларидан бири халқни маънавий юксалтириш, инсоннинг ахлоқий ва жисмоний такомилидир”, деб айтган эди. Шундан сўнг “Биринчи навбатда миллий маданиятимиз, халқ маънавий бойлигининг илдизларига эътибор бериш”, “сўзда эмас, амалда ҳар бир кишининг виждон эркинлигини таъминлаш”, “маърифат ва маданиятнинг моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш”, “маънавий бойликларни яратувчи олимлар ва ижодкор ходимларга эътиборни кучайтириш”, “ўсиб келаётган авлодга, унинг маънавий тарбиясига ниҳоятда катта жавобгарлик ҳисси билан ёндашиш” вазифалари белгиланди. Мазкур вазифаларнинг Мустақиллик эълон қилинишидан бир ярим йил аввал белгиланиши, бу эртанги кунга ишонч ва қатъиятнинг кўриниши эди.

Албатта, бу жараён осон кечгани йўқ. Бевосита миллий маънавиятимизнинг таркиби мазкур тадқиқот объекти бўлган соҳалар – адабиёт, санъат ва умуман маданият йўналишларини кўрадиган бўлсак ҳам, ўтган аср 80-йиллар иккинчи ярмидан бошлаб то истиқлолнинг дастлабки йилларида тушкунлик, руҳсизлик кайфияти ҳукм сурди. “Адабиёт ўладими?”, “Санъатимизнинг тақдири қандай кечади?” қабилидаги саволлар турли расмий, норасмий йиғинларнинг бош мавзусига айланди. Нашриётлар китоб, бадиий адабиёт чоп этишнинг ижтимоий йўналтирилган режаларини йиғиштириб қўйиб, ўз маблағлари ҳисобидан китоб нашр этишни истаган ҳар қандай “ёзғувчи”га имконият яратишни, театр саҳналари ниҳоятда саёз маиший мавзулардаги пьесаларни саҳналаштириб томошабин етовига тушишни, кинотеатрлар ахлоқий ақидалари шубҳали бўлган, асосан жангари ёки йиғлоқи хорижий фильмларнинг намойиши орқали молиявий жон сақлашни меъёрга айлантирди. Маънавий-эстетик паллада мезонлар сийқаланиб, унутилиб борди. Ана шу паллада мамлакат раҳбари яна бир жиддий баёнот билан чиқди. 1992 йил январида Олий Кенгаш навбатдан ташқари тўққизинчи сессиясида “Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида маданият, санъат, адабиёт оғир аҳволга тушди. Уларни иқтисодий зарбадан асраб қолишни Президент ўз бўйнига олиши керак деб ҳисоблайман”, деди.

Шундан бироз фурсат ўтиб мамлакат раҳбари бир гуруҳ ёзувчи, шоирлар билан учрашув ўтказди. Учрашувда мустақиллик, миллий маънавият, маънавий мерос, адабиёт ва санъат масалалари, айнан бозор шароитида уни ижтимоий ҳимоялаш, истиқлол йўлида курашиб қурбон бўлган буюк ўзбек адиблари хотирасини абадийлаштириш, халқни ватан, элу юртнинг манфаати йўлида бирлаштирадиган битта ғоя бўлиши кераклиги, тарихни ўрганиш, миллий ғурур, миллий ҳисни тарбиялаш каби бир қатор масалалар кўтарилди. Президент томонидан янги жамият қуриш стратегияси ҳақидаги фикр илгари сурилди: “Амир Темур даврини бошқатдан ўрганишимиз лозим. Нега деганда, Амир Темур тузукларини ўқи­сам, худди бугунги замоннинг катта-катта муаммоларига жавоб топгандек бўламан. Шунинг учун стратегияни жуда пухта ўйлаш керак. Балки ота-боболаримиз қолдирган меросдан фойдаланиб, ўзимизга хос, ўзимизга мос стратегияни ишлаб чиқиш керак”.

Бу стратегиянинг ғоя­вий-мафкуравий асослари Президентнинг “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” асарида илгари сурилган тўртта асосий негизда, яъни “Умуминсоний қадриятларга содиқлик, маънавий меросни мустаҳкамлаш, инсоннинг ўз имкониятларини эркин намоён этиши ва ватанпарварлик кабиларда ўз ифодасини топган бўлиб, эндиликда унинг амалий ижро механизмларини шакллантириш ва ривожлантириш масаласи кун тартибига чиқаётган эди. Бунинг амалдаги даст­лабки кўринишлари адабиёт йўналишида 1991-1994 йиллар оралиғида амалга оширилди.

1995 йили 3 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг очилиш маросимида Президент Ислом Каримов нутқ сўзлаб шундай деди: “Биз бир неча бор такрорлаганимиздек, ислоҳотлар йўлининг бошланғич, энг қийин, шу билан бирга энг муҳим босқичини ўтдик”.

Дарҳақиқат, ислоҳотларнинг янги босқичи ҳақида бундан бир неча ой аввал ҳам айтилган эди. 1995 йил февралида Олий Мажлиснинг биринчи сессиясида И.Каримов “ислоҳотларнинг янги даврига қадам қўяр эканмиз, маданий-маърифий соҳадаги ишларимиз, маънавиятимизни ривожлантириш вазифаларини ҳам белгилаб олишимиз керак”, дея фикрини шундай давом эттиради: “Эндиги асосий вазифа кишиларимизнинг мустақил фикрлашга ўрганиши, ўзига ишончининг орта боришидир. Чунки тафаккур озод бўлмаса, онг ва шуур тазйиқдан, қулликдан қутулмаса, инсон тўла озод бўлолмайди”. Ана шу концептуал фикр илгари сурилар экан, муаллиф тафаккур озодлиги учун маънавий етуклик лозимлигини, шунга кўра эркин бозор шароитида маънавий қадриятлар қиммати тушиб кетмаслиги, маданият иккинчи даражали нарсага айланиб қолмаслиги кераклигини таъкидлайди. Иқтисодий ўнгланиш маънавий ўнгланиш билан, иқтисодий ривожланиш маънавий юксалиш билан уйғунликда бўлишини сиёсатимизнинг асосий пойдевори деб билади: “Театрлар, кутубхоналар, музейлар, хуллас, маънавий-маданий муассасаларимиз иқтисодий мададга муҳтож. Иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичига ўтаётган эканмиз, демак, ишлаб чиқариш ишга тушиб, кўтарилиш юз бериши муқаррар. Бу эса фан, маданият ва маънавият тараққиётига ижобий таъсир этиши керак”. Шундай бўлди ҳам. Нафақат иқтисодий, айни чоғда маънавий-маърифий ислоҳотларнинг кейинги бос­қичи ҳам иқтисодий тетиклашув таъсиридан баҳраманд бўлди. 1995 йил октябрида “Ўзбекистонда театр ҳамда мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тўғрисида”, кейинги йил “Ўзбеккино” давлат-акциядорлик компаниясини ташкил этиш тўғрисида”, “Маънавият ва маърифат” жамоатчилик маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида”, 1998 йил “Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисида” Президент Фармонлари, Абдурауф Фитрат таваллудининг 110 йиллиги, Абдулҳамид Чўлпоннинг 100 йиллигини нишонлаш, “Жаҳон адабиёти” журналини ташкил этиш, XII Тошкент Халқаро кинофестивалини ўтказиш каби ўнлаб тадбирлар ҳақида ҳукумат ҳужжатлари эълон қилинди.

Булар барчаси мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотларнинг янги бос­қичдаги давомийлигининг кўринишлари эди. Эътибор қилинса, 2000 йилга қадар кечган ислоҳот жараёнларининг ҳам мазкур ўн йиллик аввалларида илгари сурилган Ўзбекистонни ривожлантиришнинг тўрт негизи ҳақидаги ижтимоий-маънавий концепцияга тўла мувофиқ эканлиги аён бўлади. Аммо бунда маданий кўтарилишнинг энг таъсирчан ва оммавий кўринишлари бўлган адабиёт ва санъатнинг аввалги босқичга нисбатан ривожланганини ва иқтисодий қувватланганини кузатамиз.

Ҳар қандай фаолият муайян муддатга келиб, сарҳисоб билан, босиб ўтилган йўлнинг сабоқлари, тўпланган тажриба якунлари, хулосалари билан ниҳояланса, кейинги тараққиёт учун аниқ манзара чизиш, режа ва мўлжаллар олишда энг тўғри ва мақбул усул бўлади.

Президент Ислом Каримов давлат раҳбарлигига келгандан бери бир қанча китоблар эълон қилди. Халқ ҳаёти, хўжалиги, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати билан боғлиқ қатор китоблари чоп этилди. Уларнинг айримлари мустақил рисолалар, турли нутқ ва мақолалар, маъруза ва интервьюлар тўпламлари, айримлари эса назариётчи олим нигоҳи, тадқиқотчилик салоҳияти, мутафаккир кузатишлари намойиши ўлароқ яратилган монографик асарлар. Мана шундай асарлар жумласида Ислом Каримовнинг 2008 йили нашр этилган “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобини жорий ўн йилликнинг маънавий-маърифий жабҳадаги энг эътиборли ҳодисаларидан дейиш мумкин. Китоб эълон қилиниши билан соҳа йўналишидаги турли муассаса ва ташкилотларда қизғин суҳбат, муҳокама, мунозаралар бўлди. Республиканинг кўзга кўринган фан, маданият, адабиёт ва санъат, дин арбоблари иштирокида катта тақдимот маросими бўлиб ўтди. Гарчи китоб чоп этилганига йиллар ўтаётган бўлса-да, ҳануз суҳбат, мунозара ва фикр алмашувлар давом этмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим тизимида, турли малака ошириш курсларида махсус ўқувлар, дарслар ташкил этилмоқда. Гап шундаки, китоб Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий ислоҳотлар соҳасида дастлабки пайтдан бошлаб то 2008 йилгача бўлган бутун тажрибаларини илмий-назарий ва фалсафий йўсинда умумлаштириб, таҳлил этилгани, айни шу даврда ўзбек тили бойлигида ижтимоий мавқеини топган “маънавият” тушунчасининг маъно-мазмунини, моҳиятини очиб бергани билан қимматлидир. Шу билан бирга китобда бутун мамлакат ва бу ердаги халқлар тақдирига жавобгар бўлган раҳнамо-етакчининг ўй-ташвишлари, хавотирлари ҳам акс этганки, шу боис уни мутолаа қилган ҳеч бир ўқувчи бефарқ қолмайди. “Ушбу китоб, – деб ёзади муаллиф, – инсоннинг юксалишида маънавият оламининг қандай таъсир ва аҳамиятга эга экани, шунингдек, маънавиятга қарши қаратилган хуружларнинг реал хавфи ҳа­қида атрофлича фикр юритиш, халқимиз янги ҳаёт, янги жамият асосларини қураётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда одамларни бундай хатарлардан огоҳ этиш, эл-юртимиз, кенг жамоатчилик эътиборини бу масалаларга яна бир бор қаратиш, келажак авлодимизни маънавий соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш билан боғлиқ вазифаларни аниқ белгилаб олиш борасидаги ҳаё­тий эҳтиёж маҳсули сифатида дунёга келди”.

Адабиёт, санъат аҳли учун китобнинг яна бир қимматли томони шундаки, ижод ва ижодкор табиати, унга муносабат қандай бўлмоқлиги ҳақида муаллиф ҳодиса моҳиятини теран ҳис қилган ҳолда фикр билдиради: “...ҳар қайси истеъдод эгаси ўзига хос бир олам, шу сабабли ижод аҳлига қандайдир ақл ўргатиш, энг асосийси, уларни бош­қаришга уриниш мумкин эмас. Лекин уларни бирлаштирадиган, янги ижодий марралар сари илҳомлантирадиган муқаддас тушунчалар борки, улар Ватан ва халқ манфаати, эзгулик ва инсонийлик тамойиллари билан узвий боғлиқдир.”

“Юксак маънавият – енгилмас куч” асари, таъкидланганидек, маънавий-маърифий ислоҳотларнинг маълум босқичида ўтилган йўлни сар­ҳисоб этиш ва келажак вазифаларни аниқ белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этди. Унинг яна узвий давоми ўлароқ 2009 йили мамлакат раҳбарининг оммавий ахборот воситалари ходимлари – журналист ижодкорларга ҳамда ёзувчи, шоирларга мурожаатлари эълон қилинди.

Адабиётга, ёзувчи шоирларга мурожаат этар экан, мамлакатимиз раҳбари ижод табиатини, ижодкор меҳнатини чуқур тушуниб, қадрлаб, уларга юксак баҳо беради. Шоир, адибларни жамиятнинг олдинги сафларида юрадиган фидойи инсонлар сифатида таърифлайди. Уларни ҳар томонлама, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни, ижодкорларга зарур шарт-шароит яратишни Ёзувчилар уюшмасининг бош вазифаси деб айтади. Шароит тақозосига кўра молиявий қийин аҳволга тушиб қолган ёзувчилар ташкилотини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кун тартибига қўяди.

Дарҳақиқат, орадан бироз фурсат ўтиб “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” фондини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Қарори эълон қилинди. Унда “...адабиётимиз равнақи учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ёзувчи ва шоирларнинг ижодий салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришга кўмаклашиш”, “уюшма моддий-техника базасини мустаҳкамлаш” масалалари бўйича қатор амалий тадбирлар кўзда тутилади, вазифалар қўйилади. Бош вазир раислигида Васийлик кенгаши тузилади. Фонднинг доимий равишда таъминланадиган моддий манбалари белгиланади. Айни пайтда кекса ва ёш адибларнинг ижтимоий ҳимояси, илк китобларни чоп этиш масалаларигача қамраб олинади.

Кўринадики, вақт нуқтаи назаридан энг сўнгги тадбирлар ҳам маънавий-маърифий ислоҳотларнинг давомийлигини, дастлаб белгиланган устувор вазифаларга мувофиқ ривожлантирилаётганини намоён этмоқда.

Юқорида қисқача экскурс қилинган ижтимоий-маънавий жараёнлар ва бу борада давлат ҳамда хукумат миқёсида илгари сурилган устувор сиёсат ва амалий ишларни умумлаштирсак, маънавий-маърифий ислоҳотларнинг эволюцияси ва давомийлигини уч босқичга ажратиш тўғри бўлади.

Биринчи босқич ислоҳотларнинг бошланиш палласи бўлиб, уни ҳали Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинмаган, аммо халқимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ана шу буюк тарихий ўзгаришни маънавий жиҳатдан тайёрлаб борган даврдан, яъни 1989 йилдан бошлаб, сўнгра 1991 йилдан дадил амалга оширишга киришилган, унинг умумназарий аспектлари, стратегик йўналишлари ишлаб чиқилган ва йил санасига кўра 1994 йил охиригача алоҳида кечган давр сифатида белгилаш мумкин.

Иккинчи босқич, 1995 йилдан 2000 йил давомида бўлган даврда юз берган ўзгариш ва янгиланишларни қамраб олади. Бу даврда энди ислоҳотларнинг давомийлиги кузатилиб, маънавий-маърифий ишлар амалий ижро механизмларини шакллантириш, унинг ижтимоий институтларининг таркиб топиши содир бўлди.

Учинчи босқич эса 2001 йилдан то ҳозиргача кечаётган демократик янгиланиш ва маънавий-маърифий соҳаларда бошланган ислоҳотларнинг давом этиши ҳамда ривожланиши билан белгиланадиган давр бўлиб, бунда энди мазкур йўналишнинг ижтимоий институтлари фаолиятининг такомиллашуви, фуқаролар тафаккури ва турмушида миллий ва умуминсоний маънавий қадриятларнинг юксалиши ва ҳатто, бемуболаға айтиш мумкинки, тўла миллий маънавият негизларида тарбия топиб шаклланган ёш авлоднинг етишуви кузатилади.

Мустақил Ўзбекистонда маънавий-маърифий ислоҳотлар эволюцияси ва ривожланиш босқичлари кузатиларкан, уларни бир-бирига боғлайдиган ва бир махраж остига бирлаштирадиган бош тамойил нима деган савол туғилиши табиий. Бунга жавобан қатъий айтиш мумкинки, Ўзбекистонда йигирма беш йиллик ислоҳотлар даврида, аввало, маънавий-маърифий ислоҳотлар концеп­ция­си ишлаб чиқилди; иккинчидан, бу концепция жамият ижтимоий ҳаётига узлуксиз ва изчил тадбиқ этилди. Агар мустақиллик эълон қилингунга қадар бошланган маънавий-маърифий жараёнлар ўзгариш ва янгиланиш заруратини ижтимоий эҳтиёж даражасига етилганини намоён этган бўлса, Истиқлол воқеа-ҳодисага айлангач, маънавий-маърифий ўзгариш ва ислоҳотлар илмий-назарий концепциясини ва уни ҳаётга жорий этиш амалий механизмини ишлаб чиқишни тақозо этди. Президент Ислом Каримов асарларида илгари сурилган маънавий ислоҳотлар концепцияси ҳозирга қадар илмий-назарий жиҳатдан изчил ва амалий томондан узлуксиз давом этмоқда. Демак, хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда маънавий-маърифий ислоҳотларнинг бошланиши ва ривожланиши билан боғлиқ бош тамойил бу жараённинг изчил ва узлуксизлигидир.