“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҚАДДИ ВА ҚАДРИ РОСТЛАНГАН ХАЛҚ

“Ўзимнинг ҳаёт тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, бу дунёда ёмонликни кўрмаган одам яхшиликнинг қадрини билмайди. Қийналмаган одам ҳақиқий бахт нима эканини тўлиқ англаб етмайди”.

Ислом Каримов

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида истиқлол байрамини ташкил этиш жараёнида жуда кўп масалалар қатори “мус­тақиллик ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилгани, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар очиб берганини кенг ёритиш” вазифаси ҳам белгиланган.

Қарордаги мазкур мисраларни ҳамда “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобидаги “Илгари ҳам, ҳозир ҳам собиқ мустабид тузумни ёқлаб чиқаётганларнинг бирорта гапига ишониб бўлмайди. Биз бир пайт­лар кўкларга кўтариб, мук тушиб сиғинган Ленин бобо, Сталин бобо ва бошқа “бобо”ларимиз ҳақиқатда ҳаммаси қаллоб ва жаллод бўлиб чиқди” деган сўзларни ўқир эканмиз, бу тарихий ҳақиқатларга бекорга урғу берилмаётгани, бугунни англаш ҳамда унинг қадрига етиш учун кечани эслаш, уни бутун фожиаси билан идрок этиш лозимлигини ҳис қиламиз.

Дарҳақиқат узоқ-яқиндаги айрим постсовет давлатларида ҳали ҳамон “йўқотилган жаннат” – собиқ шўро тузумини соғиниш билан эслаш, уни иложи борича беозор, халқпарвар, адолатпарвар тарзда кўрсатиш орқали ўсиб келаётган ёшларини яна коммунистик ғоялар ортидан эргаштириш сиёсатини гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора ўтказмоқчи бўлган кучлар, фирқалар, ҳаракатлар бир кун бўлсин тинчимаяпти. Афсуски, бу тарғиботлар замирида ётган ёвуз ниятларни англамаган айрим катта авлод вакиллари тилидан: “Шўро замонида ундоқ эди, бундоқ эди, ишонмасанг, “Правда”ни ўқиб кўр, “Комсомолка”ни қара” қабилидаги гапларни ҳам эшитишга тўғри келади. Айни мафкуравий хуружлар, яқин ўтмишни очиқ-ошкора сохталаштириш орқали мустабид империяни бошқачароқ шаклда қайта тиклашга бўлган жиддий уринишлардан ёшларимизни огоҳ этиш ҳам мустақилликни мустаҳкамлаш, уни кўз қорачиғидек асраш ишида муҳим омил ҳисобланади.

Бояги шўроча ҳаёт тарафдорлари нуқул оғзининг суви қочиб: “Дўконда бир буханка нон йигирма тийин турарди, совун оламан, деб 20 тийин берсанг, бир тийинини қайтиб берарди...” қабилидаги гапларни айтишади. Хўш, уларнинг бу иддаоларига биз нима деб жавоб айтишимиз, қандай аниқ фактлар билан уларнинг бу даъволарини инкор этишимиз мумкин?

Бизнингча, уларга, аввало, шундай савол билан мурожаат этиш керак: “Сиз айтган ўша “сен же-мен же” замонлар шўроча давлат тўнтариши амалга оширилгач неча йилдан кейин келган, нималар ҳисобига келган ва қанча пайт давом этган? Агар шўровий тузум 73 йил ҳукмронлик қилган бўлса, халқ шунинг қанчасини гўё рўшноликда ўтказган?”

Бундай саволлар уларнинг ғашига тегиши, “илҳоми”ни ўлдириши, кайфия­тини тарақ қилиши тайин. Бироқ, модомики, уларнинг ўзлари тарихдан лоф урмоққа ҳозирланган эканлар, ўша тарихнинг юзига тик қарашга ҳам чидашлари талаб этилади. Биз эса, юқорида қўйилган саволларга халқимиз тақдирининг шўро даври палласига бирров назар ташлаш орқали жавоб берамиз.

Ёдингизда бўлса, 1917 йил 25 октябрдан 26 октябрга ўтар кечаси содир этилган мудҳиш жиноятни эшитибоқ, чинакам миллатпарвар ижодкор Абдурауф Фитрат ўша пайтда ўзи муҳаррирлик қилаётган “Ҳуррият” газетасининг “Хабарлар” рукни остида чиқиш қилган (1917 йил 7 ноябрь сони) ва бу чиқишида мана бу тарихий кароматни дадил айтган эди: “Русияда янги бир бало бош кўтарди – большевик балоси!”

Чоризм зулми остида шундоқ ҳам эзилиб ётган халқ ўз ҳаётининг кейинги 73 йилини ана шу бало домида кечиришга мажбур этилди.

Туркистон мухторияти ҳукуматининг аввал қувғин, кейин маҳв этилиши жараёнида Фарғона водийсида бир ҳафта-ўн кун ичида қарийб ўн минг нафар тинч аҳоли қирилди, ўлкада 1930-йилларгача давом этган биродаркушлик урушининг олови ёқилди. Бу борада ҳам гапни чўзиб ўтирмай, мазкур уруш ва унинг алангасида ҳўлу қуруқнинг баробар ёниши, оммавий очарчилик юзага келиши, инсон ҳуқуқлари чексиз-чегарасиз топталишининг натижаларини эслатамиз, холос.

Туркистон МИҚнинг нашри “Известия” газетасининг 1921 йил 2–20 декабрдаги сонларида босилган А.Крутиковнинг “Туркис­тон” (иқтисодий очерк) номли мақоласида ўнлаб даҳшатли маълумотлар қаторида қуйидаги расмий ҳисоб-китоб ҳам берилган:

“Ўлканинг 48,6 фоиз фойдаланишга яроқли ҳудудида йиллар оша тубандаги миқдорда аҳоли яшаган ва яшамоқда:

1909 йилда....6 720 000 киши,

1915 йилда....6 950 000 киши,

1918 йилда....5 890 000 киши,

1920 йилда...5 677 000 киши”.

Кўринадики, қандайдир уч-тўрт йил оралиғидаёқ, 1915 йилдаги кўрсаткичга солиштирганда ҳам (маълумотдан кўриниб турган ўсиш динамикаси 1917 йил октябрига қадар аҳоли сони ундан ҳам кўп бўлганидан дарак бериб турибди!), ўлкада 1 273 000 (бир миллион икки юз етмиш уч минг!) нафар одам камайган. Улар қаёққадир четга чиқиб кетишмаган, чунки айни йилларда фуқаролар уруши муносабати билан бутун Туркистон ҳудуди қамал ҳолатида эди. Бунга қўшимча, туғилиш даражаси юқори бўлган ўлкада дунёга келган гўдаклар қурбонлар сонини янада озайтириб кўрсатаётганини ҳисобга олсак...

Бу фожиаларни яқиндан ҳис қилмоқ учун ўша даврнинг қайсар ҳужжатларини, вақтли матбуотда босилган (шўровийлар ҳали уни тўлиқ назоратга олиб улгуришмаган эди!), йўлларда кўмилмай қолиб кетган юзлаб ўликларнинг суратларини кўриш керак. Ва шундан кейингина шоир Чўлпон айни аҳволдан ларзага тушиб:

Қип-қизил қон бўлиб

Кунлар ботадир.

Ёмон ҳидга тўлиб

Тонглар отадир...

деганида нақадар ҳақ бўлганини англаймиз.

Йилма-йил юқорилаб борамиз. Миллат фидойилари қатағонининг 1926–1929 йиллардаги даст­лабки расмий (чунки норасмий қирғинлар ҳар қадамда бўлиб турарди!) кўринишлари: Абдулла Қодирийнинг илк бор қамоққа олиниши, “иноғомовчилик”, “18 лар иши”, “Боту ва Рамз иши”, Шоҳимардонда уюштирилган қотиллик; 1930–1932 йиллар: Мунавварқори Абдурашидхон ўғли ва бошқа миллатпарварларнинг қатл этилиши (1931 йил), “қосимовчилик” ва “бадриддиновчилик”ка қарши кампания, колхозлаштириш, қулоқлаштиришнинг даҳшатли манзаралари.

Болалиги айни йилларга тўғри келган дадам раҳматлининг ҳикоя­ларини ҳеч қачон унутмайман: кунжара еб, оғзининг икки четидан сарғиш кўпик оқиб ўлган одамларнинг Андижон шаҳри кўчаларидаги кунлаб йиғиштирилмаган жасадлари; охирги товуғигача колхозга тортиб олинган қишлоқнинг оч аҳолиси семиз ўт, мачин сингари кўкатларни қайнатиб ейиши оқибатида одамларнинг, айниқса, болаларнинг оммавий шишиб ўлиши; бирор одамнинг қўлида яримта нон кўриб қолган “нон обқочар”ларнинг ўлжага чанг солиб, бошига жулдур тўнини тортиб, нон эгаси ва атрофдагиларнинг ҳай-ҳайлашию уриб-тепишига қарамай, шу жойнинг ўзида ерга ётиб олиб бояги нонни оғзига тиқишга тутингани (чунки тепкию калтак еб ўлмаслик мумкин, бироқ ўша куни шу бир бурда нонни емаса очликдан ўлиши тайин!) Бу манзаралар қайсидир тўқима асарнинг эмас, балки миллионларни “коммунизм жаннати” сари етказмоқни ваъда қилган ҳукумат сиёсатининг реал ҳаётда юз кўрсатган лавҳаларидир.

Кейинги йиллар фожиасини, ҳарқалай, кўпчилик яхши билади: асли анча илгари бошланган, 1937–1938-йилларда эса айни авж пардасига чиққан қатли ом сиёсати. Шўро даврини тамшаниб эслайдиган, бировга гап бермай ўша давр “адолати”дан лоф урадиган кимсалар ўша қатли ом қурбонларининг – эндигина 27 ёшга кирган Усмон Носирнинг, 40 қа кириб улгурмаган Ҳамзанинг, 41 ёшли Чўлпоннинг, 44 йилгина умр кўрган Қодирийнинг, 52 га кирган Фитратнинг, 53 ёшли Мунавварқорининг, 54 ёшни қаршилаган Таваллонинг, 57 ёшдаги Сўфизоданинг... бу жувонмардларга ўхшаш мингларнинг, ўн­минг­ларнинг ҳам жони сабил эмаслигини, улар ҳам бу дунёда яшашга ҳақли бўлганларини, балки бу ҳақ кўпроқ ўшаларга ярашиқли эканини ўйлайдиларми?..

Урушдан кейинги йиллар – қатли омнинг иккинчи тўлқини. “Мажнунтол остига ўтқазинг мени, Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим...” деган Миртемирнинг, “Дунёга келибман, кетгумдир ахир, Ёш бола қўлида кир қўғирчоқдек...” деган ўафур ўуломнинг ичга ютилган изтироблари, тилсиз Ойбек, оёқсиз Қаҳҳорнинг аччиқ пушаймонлари. Касби кирдикорлик бўлган кимсалар томонидан “Навоий”ни ёзгани учун Ойбекнинг, “Жалолиддин Мангуберди”ни “тирилтиргани” учун Шайхзоданинг “изза қилиниши”...

Ўзбекистонни пахта плантациясига айлантириш сиёсатининг тобора авж олиши. Бир-икки пуд тош босадиган пахта учун уни етиштирган заҳматкашларнинг кетма-кет қамоқларга тиқилиши. Санъат асари яратишни ҳам “сала”ни тузлашдек жўн иш деб билиб, пойтахти кўчасидаги расмлар кўргазмасига қарши бульдозер ташлаган, йигирма йилдан кейин коммунизм бошланишидан фол очган шўро компартияси раҳбарининг халқаро миқ­ёсдаги шармандаликлари.

Кейин... Кейин “Оқ олтинни олтин қўллар яратади”, дея ўзбекни “қарздор” қилиб қўйган бароққош раҳбар ва унинг соясига салом бериб “ҳаммамиз учун ҳурматли”га айлантирган ҳайбаракаллачилар даври. Жойнамозга эмас, пахтага сажда қилдирилган миллион занжи (Шавкат Раҳмон) меҳнати ила ҳар йили йиғилган 5,5-6 миллион тонна пахта, 75-80 тонна олтин, юз минглаб қоракўл тери, тонналаб ипак, миллионлаб кубометр газ, ер ости ва устининг яна неча хил бойликлари эвазига Марказнинг “сахий қўли”дан юкуниб олинадиган: ҳар бир оилага ойда бир маротаба навбат билан сотиладиган музлаган гўшт, ўз жойида чиқинди даражасида баҳоланадиган ёғоч, сифатсиз мебель, энг охирги сорт озиқ-овқат маҳсулотлари, 20 тийинлик буханка ва 19 тийинлик кир совун... Ўсимлик ёғи ва сарёққа навбат, читга, ипга, консервага, музлаган балиққа, “запчаст”га, ароққа, пойабзалга, кўйлакка ва иштонга навбат...

1980 йилнинг қаҳратон қиш кечасида “ишхонага – автобазага срочний чақиришяпти” деган хабар билан уйдан чиқиб кетган, аслида эса Афғонистонда ўт олдирилган урушга олиб кетилгани орадан уч ой ўтибгина маълум бўлган бир эмас, икки ўғлининг ортидан чирқиллаб кезган холам қисмати. Болаларининг тақдири ҳақида на ишхонасидан, на “горком”ию “обком”идан тайинли жавоб ололмай, ҳар кун кечқурун юпқа камзулини эгнига илиб онасининг – қўлидан қўшилиб йиғлашдан бошқа иш келмайдиган кампирнинг олдига келиб қон йиғлаган бечора холам ана шу уч ой ичида ўпкасини шамоллатиб ўлиб кетди. Афғон урушининг қурбонлари – “200 рақамли юк” номи остида темир тобутда келган, очилишига ҳам йўл қўйилмаган майитларгина эмас, ўлган болалари ортидан куйиб қулаган қанча оналар, оталар, тул келинлар ва сағир болалар ҳам эди, десам мени тарихни сохталаштиришда, “эмоцияга берилиш”да айбламаcсиз, деб ўйлайман.

Яқин хорижнинг туну кун тинмайдиган телеканалларини очсак, уларнинг бири қўйиб-бири олиб нуқул шўро замонини пардозлашга бағишланган суҳбатларни қиздириб ётганининг, қадим Туркистон меҳробларини – мачитларини, мақбараларини отлари туёқлари билан топтаган, чўлларга чекиниб бўлса-да, юрти ҳимоя­­сига чиққан йигитларни “босмачи” атаб, лабининг бир четида “махорка” тутатганча пулемётдан қирган қизилларнинг “қаҳрамонликлари” мадҳ этилган фильмлар намойиш этилаётганининг гувоҳи бўламиз. Бунга қўшимча тарзда, шундай “тарихий кадрлар” ёрдамида турфа “ҳарбий-ватанпарварлик руҳида”ги ижтимоий роликлар яратилиб, ўсиб келаётган ёшларга айни кайфиятлар зўр бериб сингдириляпти.

Бояги суҳбатларда оғиз йиртиб тортишаётган жаноб эксперт­лар муҳокамасига эса аксарият ҳолда тахминан шундай мавзулар қўйилади: “Совет давлатини сақлаб қолиш мумкинмиди?” ёхуд “СССРнинг парчаланиб кетишида ким айбдор?”

Бу ақли пеш суҳбатдошлар эса икки-уч соат давомида қўлини пахса қилиб, томошабинларнинг овозини йиғиш ҳақида обдон ўйлайдилар-у, ўша – йўқотиб қўйганларидан ниҳоятда аламга тўлаётганлари собиқ шўро давлати таркибида бўлган миллат ва элатларнинг бирортасидан “Сизлар-чи, биродарлар, сизлар бу масалада қандай фикрдасизлар?” деб сўраб кўришни хаёлларига ҳам келтиришмайди. Ўзларича юзлаб миллат ва элат тақдирини у жойдан олиб бу жойга қўйишни хоҳлайдиган бу “ўртоқлар” наз­дида, ниҳоят мустақиллигини қўлга олиб эркинликка етишган миллионлаб одамларнинг фикри, кайфияти, истак-хоҳиши, орзу-умиди ҳақида ўйлаб кўриш, уларни ҳам ҳисобга олиш гўё бу мавзулар доирасига кирмайди ҳам.

Ҳолбуки...

Ҳолбуки, бугун бу миллионларнинг фикри, кайфияти, истак-хоҳиши, орзу-умиди мутлақо бошқа. Шоир иборасини бироз ўзгартириб айтганда, “биз ўзга манзилга тикканмиз кўзни, У сенинг кулбангдан жуда ҳам йироқ...”

Яратганга шукрлар бўлсинки, бугунги Ўзбекистоннинг қай ерига бормайлик, ўз ихтиёри ўзининг қўлига ўтганини теран англаган, барча инсоний ҳуқуқлари – инсондек яшаш, меҳнат қилиш, касб-ҳунар ўрганиш, илм олиш, даволаниш ва кўнгилли ҳордиқ чиқариши қонуний кафолатланган, ўз ҳаёти билан бирга мамлакати тақдирига ҳам масъулликни чуқур ҳис қилаётган юртдошларимиз истиқболимизга чиқади. Шунда Юртбошимизнинг қуйидаги сўзлари қанчалар ҳаётий асослангани, улар қанчалик ҳақиқат эканига имон келтирамиз:

“Биз катта йўлга чиқиб олдик ва унинг амалий натижаларидан барчамиз ҳар куни баҳраманд бўлмоқдамиз. Шунинг учун ишончим комил: юртимизда ҳеч ким эски даврга қайтишни хоҳламайди. Биз халқимизни қийнайдиган, турли ижтимоий қатламларни ҳаётнинг табиий тўлқинига ташлаб, бозор ўзини ўзи бошқаради, деган, “шок терапияси” каби бемаъни усуллардан воз кечдик. Мана, кўриб турибсиз, биз танлаган йўл кескин ижтимоий портлашларсиз, аҳоли ўртасида табақаланишларсиз халқимизга фаровон ва обод турмуш олиб келмоқда. Кечагина бизга ақл ўргатаётганлар энди биздан ўрганмоқда”.

Бу сўзларга мисолни мустақил Ўзбекистон кенгликларида қад ростлаган юзлаб янги корхоналарда, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида, фермер хўжаликларининг боғ ва далаларида ўз тақдирини ўз қўли билан яратаётган миллионлаб оддий меҳнаткашлар ҳаётидан топиш, кўз-кўз қилиб кўрсатиш мумкин. Бир пайтлар қай бир юртларнинг музи туз сепиб эритиладиган йўлларида минилавериб қанотлари чириб кетган эски машинани минг азоб-ла сотиб олиб келганидан ҳам суюниб юрган бу халқ бугун хорижнинг унча-мунча автоуловидан кўра Асакасида, Тошкентида, Хоразмида ўз фарзандлари ҳафсала билан яратаётган машиналарни афзал кўрмоқда.

Модомики, сўз автомашиналар мавзусига тақалар экан, ёдимизга бундан бир неча йил аввал Асакадаги автозаводга қилган сафаримиз тафсилотлари тушади. Корхонадаги ишнинг ташкиллаштирилиши, ҳар бир ходимнинг – аксарият ўзбек ёшларининг ўз ишини қанчалар билиб, уқув ва ихлос билан бажараётганини кўриб, очиғи, буларнинг бари бизнинг еримизда – бундан атиги йигирма беш йил аввал қай бир димоғдорлар томонидан “бизсиз оддий михни ҳам чиқара олмайсанлар” дея камситилган халқ фарзандлари томонидан уддаланаётганига шоҳид бўлиб, баъзан кўзларингга ишонмай қоласан киши. Бу таассуротнинг исботи эса мана бу манзарада аён бўлади: улкан цехнинг бошида иккитаси Германиядан, бири Япониядан келтирилган, сариқ рангдаги улкан пресс-станокка худди юмалоқ газета қоғози ўрамига ўхшаган металл рулондан зангламайдиган оқ тунука кириб кетмоқда. Орадаги бор-йўғи 300–350 қадам чиқадиган масофада бирин-кетин жой олган ҳар турли станоклардан тегишли ишлов, бўёв, минг турли деталларни ўзига олган бояги қуруқ тунука цехнинг охиридаги конвейердан ўз ишининг “ас”ига айланган синовчи-ҳайдовчи йигит бошқарувида қулинг ўргилсин машина шаклида чиқиб кетмоқда!..

Буларнинг бари қандайдир фантастик китоб ёхуд кино­фильм­даги манзаралар эмас, балки бугунги Андижоннинг мўъжазгина шаҳри – Асакадаги биргина заводимизда, кўз олдимизда бўлаётган реал ишларнинг биргина лавҳаси, холос. Энди Бухоро ҳамда Шўртан газ ва нефтни қайта ишлаш гигант заводларига, Устюртдаги улкан газ-кимё комплексига, Деҳқонободдаги ноёб технология асосида ишлаётган калий заводига, Навоий, Жиззах, Ангрен очиқ-индустриал­ зоналарида ишга туширилган ўнлаб замонавий корхоналарга, дунёнинг ҳавасини келтирадиган Навоий кон-металлургия комбинатининг кўплаб йирик цехларига, кўз илғамас уфқларга ётқизилаётган автомобиль ва темир йўл қурилиши майдонларига, бутун юртимиз бўйлаб янгидан бунёд этилган, пахта, ипак, тери, қора­кўл ва яна бошқа юзлаб хил хомашёдан тинимсиз тайёр маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналарга, ерга қадалганига уч-тўрт йил ўтмаёқ шиғил ҳосилга кирган янги боғларимизга, таъми ва сифати билан дунёнинг манаман деган бозорларини эгаллаётган мева-сабзавот, полиз экинлари, дону дун пишиб етилаётган Ўзбекистоннинг кўм-кўк далаларига боринг.

Она юртнинг бу гўзал тароватига, тикланган қаддига, қайтарилган қадрига тўймай боқар эканмиз, бундан йигирма беш йил аввал – ўша “20 тийинлик буханка нон” ҳам, “19 тийинлик кир совун” ҳам қаҳат бўлган бир пайтда жафокаш халқининг тақдирида буюк бурилиш ясаш шижоатини қалбига жойлаб дунё саҳнасига чиққан Юртбошимиз ҳаммага эшиттириб: “Ўзбекистон раҳбарияти ҳеч қачон, қандай иттифоқ бўлмасин, ким билан иттифоқ бўлмасин, қандай шароит­ бўлмасин, иккинчи даражали ролга рози бўлмайди, бунга йўл ҳам қўймайди. Тенглар ичида тенг бўлиш – хал­қимизнинг асрий орзусидир”, “Сизларни ишонтириб айтаманки, улуғ ўзбек халқининг қаддини, албатта, ростлаб оламиз, руҳини кўтарамиз, ғурурини тиклаб, олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз, албатта”, дея қатъий айтгани ва бу буюк орзу тўла амалга ошганидан юрагимиз ифтихорга тўлади.

Раҳмон ҚЎЧҚОР,

филология фанлари номзоди