“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БИР МАҚОЛА ОРТИДАГИ ОДАМЛАР

Бир пайтлар “Қишлоқ ҳақиқати” газетаси ўз номини “Қишлоқ ҳаёти”га ўзгартирганида кўпчилик шундай ўйлаган эди: уларнинг қайси бирида ҳақиқат кўпроқ… “Албатта, ҳаётда ҳақиқат кўпроқ бўлади-да. Ахир бежизга ҳаёт ҳақиқати деб айтилмайди-да”, дейишган эди уларнинг баъзилари. Ўтган асрнинг 70, 80-йилларида ўзим ишлаган “Қишлоқ ҳақиқати” газетаси тахламларини варақлаб ўтириб, хаёлимдан юқоридаги фикрлар кечди. Бирга ишлаган устозларим, хамкасбларимни эсладим. Ана, 16 қаватли бинонинг 5-қаватида шахдам қадам товушлари эшитилмоқда. Бу газета бош муҳаррири Исмоил Сулаймоновнинг қадамлари. Раҳматли Исмоил аканинг бўйи ўртадан пастроқ бўлса-да, лекин қадамлари шахдам эди. Айниқса, бирон-бир мажлисдан қайтганда, мана шундай тез одимлаб, дарҳол йиғилиш ўтказардилар. Юқори идорада кўрилган масалани тезроқ жамоага етказар, бошқача айтганда, “темирни қизиғида” босишни хуш кўрардилар. Эсимда одатий иш кунларнинг бирида йўлакда Исмоил аканинг қадам товушлари келиб қолди. Биз ходимлар у кишининг оёқ олишидан билар эдик. Демак, ҳозир мажлис бўлади. Ростдан ҳам хиёл ўтмай барчамизни йиғилишга чақиришди.

— Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманидаги “Қизил байроқ” колхозида бир бригадир гектаридан 60 центнердан ошириб пахта етиштирибди, — деб гап бошлади бош муҳаррир. — Тўғриси, менинг ўзим бундай баланд “центнерларга” бироз шубҳа билан қарайман. Аммо бу — ҳаёт. Деҳқончиликнинг сир-асрорини мукаммал эгаллаган одам пахтадан мўл ҳосил етиштирса ажабланмаслигимиз керак. Унинг тажрибасини ўрганишимиз, тарғиб этишимиз лозим…

Мажлис шу қарорга келдики, “топшириқ”ни бажариш учун ўша бригада бошлиғи ҳақида қўлимизда бор маълумотлардан фойдаланиб “сон”га кичикроқ мақола тайёрлаш, тажрибани ўрганиш учун эса эртагаёқ Сурхондарёга махсус мухбир юбориладиган бўлди. Агар адашмасам, ўша куни тайёрланаётган газета сонига мажлисда айтилган мақолани ёзиш ёш, тириш­қоқ журналист Шуҳрат Жабборовга топширилди. Шуҳратжон ёзган мақола навбатдаги “летучка” (қисқа муддатли мажлис)да мақталди.

Мен “Қишлоқ ҳақиқати” газетасига “Ўзбекистон маданияти” газетасидан ишга ўтган эдим. Ўша пайтгача газетхонлар у ёқда турсин ҳамкасбларимнинг назарига тушадиган бирон-бир мақола ёзишга ҳали улгурмаган эдим. Бунинг устига бизнинг “Партия турмуши” бўлимида тайёрланган мақолалар ҳар доим ҳам газета юзини кўравермас эди. Бўлим мудиримиз — иқтидорли журналист Жамол Шаропов фақат партия турмуши доирасидагина мақолалар тайёрлаш билан шуғулланиб қолмасдан, Республика ҳаётининг турли жабҳаларидан қизиқарли мақолалар тайёрлашни биздан талаб қилар, бу борода ўзи намуна бўлар эди. Жамол ака газета раҳбарларини қандай кўндирган билмадим, аммо 60 центнерчи бригадирнинг тажрибасини оммалаштиришни ўз зиммасига олди ва каминага Сурхондарёга хизмат сафарига боришимни айтди. Бу — ҳали ҳеч бир ишни қойиллатиб қўймаган, ғўр бир журналистни шундай масъулиятли вазифага йўллаш — бўлим мудирининг, қолаверса,  бош муҳаррир Исмоил Сулаймоновнинг, айниқса, газетанинг тили, шакли шамойили, мавзунинг даражасини бир жумла билан бор ё йўқ қилиб ташлайдиган, таҳрири ўткир журналист, бош муҳаррир ўринбосари Тоҳир Мирходиевнинг менга билдирган катта ишончи эди.

Шундай қилиб, 60 центнерчи бригадирнинг тажрибасини ўрганишга камина Сурхондарёга юборилдим. Излаган Маккани топибди, деганларидек ўша бригадир – Ҳасан Мухторовни топиб бордик. Биринчи қор ёғиб ўтганига қарамай Ҳасан ака далада экан. Уни прицепли тракторни қаёққадир жўнатаётган пайтда учратдик. Маълум бўлдики, мазкур техника воситаси йил бўйи битта иш – дала бошига нури (маҳаллий ўғит) ташиш билан машғул бўлар экан. Бригадада тўртта дала бўлса ҳар бир даланинг бошида уйдай-уйдай нури уюб қўйилибди. Биз бригадирдан: “Нурини қаердан олиб келасиз?” деб сўраганимизда, у киши: “Бундан юз чақирим наридаги яйловлардан”, деб жавоб берди. Ҳасан акага мана шу трактор билан ўша яйловларга бормоқчи эканимизни айтганимизда, у киши: “Тракторда совқотиб қоласизлар, ўзимнинг машинамда олиб бораман”, деб бизни эски “Жигули”сига таклиф этди. Бора-боргунча суҳбатлашиб кетдик. Унинг гап-сўзларидан шу нарса маълум бўлдики, Ҳасан ака ўзбекнинг содда бир деҳқони экан. У пахтадан “фалон центнер оламан”, деб эмас, ердан унумли фойдаланиш учун меҳнат қилар экан. Мана шундай сўзлари ҳамон ёдимда: “Даламизга райком бува келишини икки кун олдин хабар беришар эди. Шароф буванинг келганини эса ҳеч ким сезмай қолди. Тўғри шийпонга келибди. Мен ўшанда пайкалда эдим. Қатор машиналарни кўриб, ликонглаб (Ҳасан ака оқсоқ эди) чиқиб бордим. Кўришдик. У киши ҳосилга қараб хурсанд бўлди. Ундан ҳам дала бошидаги нурига тикилиб: “Мўл ҳосилингизнинг уруғи бу ёқда экан-да”, деб елкамга қоқиб қўйди…”.

Оддий одамнинг тажрибаси ҳам оддий бўлади: “Меҳнат қилсангиз, шунинг ўзи тажрибада. Эрталабдан нима иш қилиш лозимлигини ғўзанинг ўзи айтиб туради. Ана шунга фаросатингиз етса бўлди”, деб кулимсираб йўл қарайди  Ҳасан ака…

Газета кўпчиликнинг иши, мақола эса пахса деворнинг лойи каби роса тепиб пишитилгандан кейингина деворга босилгандек босилади. Ёзган мақолам “Ҳасан Мухторов мактаби” сарлавҳасида чоп этилди. Хамкасбларимдан мақтов эшитдим. Ўзимнинг эса ичимга чироқ ёқса ёришмас эди. Бир жиҳатдан, ёзган фикрларим, ҳулосаларим ҳаммаси чоп этилди. Фақат уларнинг баъзиларини ўз ўрнига қўйиш, айрим жумлалар, сўзларни топиб айтолмаганимдан юрагим ғаш эди. Иккинчидан, ўша камчиликларимни устозларим Жамол Шаропов, Тоҳир Мирходиев, айниқса, қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Самад Қодировлар тўғрилашгани менинг учун мактаб бўлди. Уларнинг таҳриридан сўнг ўзим хам Ҳасан Мухторов мактабида тажриба ўргангандай бўлдим. Яхшиларнинг шарофати шундай бўлар экан. Ҳасан ака мен билган  оддий меҳнаткашлар орасидан чиққан қаҳрамон эди. Ахир у замонларда таниш-билишчилик,  жомадон-жомадон пуллар воситасида қаҳрамон бўлганлар каммиди…

Устозларим Тоҳир ака ҳам, Жамол ака ҳам, Ҳамид Нурий ҳам оддий кишилар эди. Ёдимда, оилам билан ижарада турар эдик. Бир пайт касалхонага тушиб қолдим. Кечда мендан хабар олгани келган турмуш ўртоғим шундай деди: “Ишхонангиздагилар сизни йўқлашди. Қопда картошка-пиёз ва бошқа рўзғорга керакли нарсалар олиб келишибди. Келганлардан каттаси, Тоҳир ака бўламан, деб ўзини таништирди”. Бехос кўзимга ёш келган эди ўшанда.

Ҳозир ҳам шулар ҳақида ёзяпман-у, яна кўзларимда ёш, бу ёшлар устозларимнинг қадрига етмаганим, етолмаганимдан тўкилмоқда… Тоҳир Мирходиев ўтган йилнинг баҳорида оламдан ўтди. Хўп ажойиб, миллатпарвар, одамохун инсон эди. У доимо: “Биз журналистлар газета саҳифаларига кўпроқ оддий одамларни, уларнинг меҳнатини олиб чиқишимиз керак. Муғомбирлар ҳар доим йўлини топиб кетади. Аммо содда кишининг иши қийин”, дея кўп уқтирар эди.  Ҳасан Мухторов ҳақидаги мақоламни ҳам ўқир экан: “Яхши ёзибсиз, мана шундай одамлар дунёни  тутиб туради. Фақат мана бу каби ишларига, мана бундай фазилатларига урғу бериш керак”, деб бир қатор ўзгартиришлар киритган эди. “Тошкент ҳақиқати”, “Қишлоқ ҳақиқати”, кейинчалик эса “XXI аср” газеталарида меҳнат қилди. Турмуш ўртоғи Муяссар опа ҳам журналист эди. Бу оилада кўп марта бўлганман. Уларнинг бир-бирига, фарзандларига бўлган меҳр-муҳаббатини кўриб, ҳавас қилар эдик. Аммо биз шогирдлик оқибатини кўрсата олмадик. Мени кечиринг, устоз! Охиратингиз обод бўлсин!

Бошқа бир устозимиз Жамол ака Шаропов эса яқинда мўътабар ёшни қаршилади. Оллоҳ у кишининг умрини янада узун қилган бўлсин! Жамол ака ҳам менга ўхшаб “ўзимизнинг ўзбеклар”дан. Болалиги Тожикистоннинг Ашт ҳудудида ўтди. Меҳнат фаолияти эса Ўзбекистонда кечди. Ундан “Мирзачўлнинг фалон туманида бир таниқли деҳқон бор эди, исмини унутибман”, десангиз, у киши ҳеч иккиланмай “Сиз айтган одамнинг исми фалончи”, деб ёдингизга солади. “Сирдарё ҳақиқати”, кейинчалик “Қишлоқ ҳақиқати” газеталарида мухбир, бўлим бошлиғи, бош муҳаррир ўринбосари вазифаларида сидқидилдан, покиза меҳнат қилди. Бу ерда “покиза” деган сўзни бежиз келтирмадим. Журналист қавми ўз касбий фаолияти давомида турли одамларга дуч келади. Улар орасида тўғрилари ҳам, қинғирлари ҳам учрайди. Нима қиламиз яшириб, нафси ҳакалак отган қанча-қанча журналистлар ўзи учратган қинғир одамларнинг йўлидан кетгани сир эмас. Жамол акага ўхшаган журналистлар эса ҳаёти қанчалик оғир бўлмасин, топган-тутгани учи-учига етиб-етмаса-да, ўзининг тўғри йўлидан, тўғри одамларнинг изидан боришди. Энг муҳими, “фалончи журналистми?” деганда, “бети қурсин” деган тавқи лаънатдан узоқ бўлишди. Бошқача айтганда, бундай журналистлар ҳамиша покиза яшаб келишди.

Жамол Шаропов “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида мазкур нашр ташкил этилган кундан бошлаб ишлади. Газетанинг биринчи сони 1974 йил 1 январда чоп этилган эди. Яқинда ўша газетанинг биринчи сони қўлимга тушиб қолди. Уни варақлаб ўтириб, қизиқ бир манзарага дуч келдим. Одатда, янги газетанинг биринчи сони чоп этилар экан, унинг янгилиги дастлабки саҳифасиданоқ маълум бўлади. Жумладан, нашрнинг ташкил этилиш сабаблари, мақсади, кўзда тутилган ўқувчилар доираси ва ҳоказолар хусусида маълумот берилади. Бу ерда эса газетанинг янгилиги билан боғлиқ на бирор ахборот, на бирор-бир мақола бирданига кўзга ташланмайди. Бутун тўрт саҳифа Москвадан тортиб, Ўзбекистон компартиясининг жойлардаги ташкилотларида кечаётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳаётга бағишланган ахборотлар, мақолалар билан тўлдирилган. Тўғри, унда Саид Аҳмаднинг “Қирқ беш кун” романидан парча, Н. Сафаров ва А.Эшоновнинг “Чоллар қўл кўтарди”, Ҳамид Нурийнинг “Ҳамқишлоқларим” каби очерклар ҳам жой олган. Фақат тўртинчи саҳифанинг бир бурчагида, кичкина жойга “Ассалом газетхон!” сарлавҳаси остида янги газета очилганидан хабар берувчи ахборот жойлаштирилган…

Кўриб турганингиздек, Шўро даврида журналистларнинг ана шундай сиёсий муҳит исканжасида ижод қилишига тўғри келган. Шунга қарамай, Жамол Шаропов каби бир қатор ҳамкасбларимиз қобиқни ёриб чиқиб, “инсоннинг бу дунёга нега келиб, қандай кетиши” хақидаги ўз сўзини айта олишди. Жамол аканинг ўша йиллари ёзган “Мироб ўғли”, “Фанга бахшида умр” каби очеркларини ҳали ҳамон эслаб юраман. Уларнинг бирида оддий деҳқоннинг ўғли колхоз раиси даражасига кўтарилгани, бошқасида эса бир замонлар одамларнинг молларини боққан подачининг фарзанди Ўзбекистон фанида катта ютуқларни қўлга киритгани ҳақида ҳикоя қилинади. Жамол аканинг ўзи оддий оиладан чиқганлиги боис ёрдамга, яхши гапга, тўғри йўлга ҳаммадан ҳам кўра ёшлар муҳтож бўлишини кўп такрорлар эди. Шундан бўлса керак, биз ёшларга доим ғамхўрлик кўрсатар, ёзганларимизни иложи борича ётиғи билан тушунтириб таҳрир қилар ва бошқалар олдида ҳимоя этарди. Шундан бўлса керак, журналистиканинг юкини тўла ҳис этмаган бир болакайни масъул ишга йўллар экан, унга ишонган. Шундан бўлса керак, деҳқончиликда ўз мактабини яратган Ҳасан Мухторовга ўхшаган ўнлаб оддий меҳнаткашларнинг юзага чиқишига сабабчи бўлган Тоҳир Мирходиев, Жамол Шаропов, Исмоил Сулаймонов, Ҳамид Нурий, Самад Қодиров каби устозларимиз ҳам журналистикада ўз мактабларини ярата олишди. Улар орасида Жамол Шаропов шу кунгача ана шу мактабда сабоқ бермоқда.

Дарвоқе, гапни “Қишлоқ ҳақиқати”нинг “Қишлоқ ҳаёти”га ўзгаргани хусусида бошлаган эдик. Зотан, шу бугунги ҳаёт ўшанда ҳам ҳаёт эди. Демак, унинг ҳам ўз ҳақиқатлари бўлган…

 

Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.