“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

УЛАР ЕНГИЛМАДИЛАР...

Адабий учрашувда катта шоир шундай деди: “Агар замбараклар фақат мушак отганда эди, менинг илма-тешик бағримда илдиз урган хотира дарахтининг япроқлари кимларнингдир исмини айтиб шивирлаб-шивирлаб йиғламас эдилар”.

Катта шоир эмасам-да, мен ҳам шундай фикрдаман.

Ўтган йили Хотира ва қадрлаш кунида, байрамда ҳам­қишлоғимиз Тали ота қазо қилди. Ҳамма уни “Фронтовик бобо”, деб атарди. Урушга борган боболаримиздан биттаю биттагина бўлиб Тали ота қолган, бошқалар тириклар сафини бирин-кетин ташлаб кетишган эди.

Қабристонда одам тумонат. Урушнинг сўнгги одамини охиратга кузатишмоқда.

— Халойиқ, бобомиз қандай одам эди?! — овоз берди Мардон оқсоқол.

— Яхши эди, ҳалол эди!, — гуриллади халойиқ.

Қабристонда сукут чўкди.

Шунда жимликни Холли девонанинг ҳайқириғи бузди:

— Одамлар!!! Тали отамиз лаънати урушни ўзи билан олиб кетгани чин бўлсин! Одамлар, ер юзидаги ҳамма урушлар Тали отамиз билан бирга кетгани чин бўлсин!!!

Одамлар бир чайқалиб тушди.

Тали ота бир умр урушни, уруш хотирасини, ўзи обод қилган шаҳарларни қалбида кўтариб юрди. Ва бизга уруш хотирасини қолдириб кетди. Тали ота енгилмади, ғалаба билан кетди.

Инсонни енгиб бўлмайди. Бу фикрни Хемингуэй айтган. Тўғри, инсонни енгиб бўлмас экан... Хотираси мангуликка муҳр этилган зотлар бу ҳаётда ҳеч нарса, ҳеч кимдан, ҳатто ўлимдан ҳам енгилмай ўтадилар. Чунки, уларнинг ёди яшайди.

Инсонни улуғлаб ҳайкал қўямиз — аслида инсоннинг ўзига эмас, ёди, хотирасига ҳайкал қўямиз. Ёди ёрқин одам эса абадийликка дахлдордир.

Хотирлаш яхши-да. Ёд этган яхши-да! Изингда чироғинг кўринади. Ортингдан яхши гап айтилади. Хотира нури дилини чулғаган одам ўзидан баландлашади, ердан узилмайди-ю, “ер”нинг ўзига хос кир-чирлари, фис­қу фужурларидан юксак бўлади. Қаричини қуёшга қаратади. Бу дунёнинг бевафо эканлигини ҳис қилади.

Шуни ҳис қилган одам, майда-чуйдаларга ўралашиб, ўзини бўлар-бўлмас нарсаларга уриб, ғурбату ғийбатнинг комида ивирсиб яшаш, эй-ей, нақадар бемаънилик эканлигини ҳам англагандай бўлади.

Хотира яхши-да, инсон руҳини ҳам равшан этади. Руҳи равшан одам нафсга ҳирс қўймайди. Бойликни, дабдабаю дағдағани елкалаб кетиб бўлмаслигини анг­лайди. Ҳамма нарса нисбий, ҳамма-ҳамма нарса бугун бор, эртага йўқ, агар инсон умри ниҳоя топса, ўша қўша-қўша уйу мошинларни қўшмозор қилиб бўлмаслигини, улар ҳам инсон ўтгач йўқликдан бош­қа нарса эмаслигини тушуниб етади. Фақат бир нарса йўқликка айланмаслиги, фақат бир нарса борлиқ тантанаси тимсолида инсонни шарафлаб туришини фаҳмлайди. Бу нарса — Хотира!

“Сизнинг беғам яшашингизга халал бермайдими, Хотирот?”, — дейди немис шоири Бертольд Брехт. Замин аҳли Германиянинг қайси бир шаҳрида айтилган бу иборадан ўтказиб бир нарса, дея олармикин? Бодлернинг бир мисрасини бутун инсоният умридан афзал кўрган ашаддий мухлислардан кўра, ҳаяжонимизни жиловлаб айтишимиз мумкинки, Бертольд Брехтнинг мана шу мустаҳкам мисраси бугун инсоният бошида заминини бемалол кўтариб парвоз қилиб юрганга, аҳлиятни огоҳ этиб турганга ўхшайди. Ана шундай... Одам боласи битта олов мисра билан ҳам ўз хотираси ҳайкалини қўйиб кетиши мумкин экан.

Хотира беғамлик ва бепарволик уйқусидан уйғотади, ғафлату ғурбат ботқоғига ботиб кетмаслигимиз учун бонг уради.

Башарият ўз фожиалари олдида неча бор бош эгавериб, сукунатга чўмиб, кўз ёш тўкавериб, тавба-тазарруни ҳам қасамга тақаб бугун заминни эзгулик, меҳр-оқибат — Одамгарчилик қутқариши мумкинлигини англаб етаяпти. Англаб етаяптимикин? Бошқача бўлиши мумкинмас... Беғаму бепарволикка хотира сабоғи йўл қўймайди, деган ишонч юракдаги ҳадик ва хавотир ҳовурини босгандай бўлади. Бошқа йўлимиз ҳам қолмади-да, ўзи!

Муҳаббатни, севгини, меҳрни изоҳлашнинг ҳожати бўлмагани каби, барча элу элатларда уларнинг изоҳи қалбнинг таржимаси билан боғлиқ бўлгани сингари, одамзод бир тилда кулиб, бир тилда йиғлагани каби, хотира ва қадр­лаш бобида ҳам айтишимиз лозимки, аҳли ер танҳодил ва танҳотиллик билан хотирлайди, ёдга олади, қадрлайди. Хотира ҳам, қадр ҳам мазмунан жумлаи жаҳонга доҳил қадриятдир.

9 майда Иккинчи Жаҳон уруши тугаб, инсоният фашизм устидан ғалаба қозонгани, тинчлик тантана қилганини яхши биламиз. 9 май замин тақдири, инсоният тарихидаги энг қора кунларга ўзига хос хотима куни. 9 май миллион-миллионлаб бегуноҳ инсонлар тақдири хотимаси бўлган урушга нуқта қўйган кун, юз миллионлаб кишилар хотираси олдида бош эгишимиз учун асос бўлган кун сифатида ҳам қадрлидир. Хотирани қадрлаган кун сифатида қадрлидир. Урушга нафрат, тинчликка шукрона айтиш куни бу! Бу урушнинг жабрини кўрган барча миллатлар шундай қилади, тинчлик ва осойишта кунларга таъзим сифатида бу кунни байрам қилишади.

Бу кун юртимизда Хотира ва қадрлаш куни мақомида улуғланади. Бу катта бир халқнинг улуғ хотираси билан боғлиқ айём. Энг ноёб инсоний фазилат, қадр билан боғлиқ буюк воқеа-ҳодиса бу! Бу байрамнинг ўзига хослиги ҳам шунда. Эзгулик унутилмаслиги керак, қадр топиши керак, деган дунёга юк бўлгудай ақида бор бу байрамда. Айниқса, бугунги ёш авлод камолоти учун олам-жаҳон аҳамияти бор бу байрамнинг. Қисқаси, урушнинг тинчликнинг нима эканлиги ҳақида ҳаётий сабоқ, теран мушоҳада бу! Ҳеч бир халқ, ҳеч бир давлат, ҳеч бир одам энди урушни кўрмасин, ер юзида ҳеч қачон уруш бўлмасин деган ҳайқириқ бор бу байрамнинг замирида. Ўзбекистон бу байрамни дунёни катта-катта давлатлари қаторида ана шундай улкан идрок билан нишонлайди. Чунки Ўзбекистон, ўзбек халқи бу урушнинг азоб-уқубати, жабру ситамини кўп ва хўп тортди...

Тўғри, ўша пайтлар юртимиз осмонида ажал калхатлари учмагандир, — са­мол­ёт­лардан бомбалар ёғилиб, танк­лар шаҳар-қишлоқларимизни эзғилаб ўтмагандир, уруш ҳамла қилмагандир, уруш бостириб кирмагандир. Лекин ўша пайтлар инсоният ғалабаси, тинчлик ғалабаси учун Ўзбекистон ҳам тарихий жасорат кўрсатди. Бундан дунё кўз юмолмайди.

Биринчидан, Ўзбекистон қишлоғу шаҳарларининг деярли ҳар бир хонадонидан азиз фарзандлар урушга кетди. Ҳар бир хонадон урушнинг оғриғини туйди, кўп оилаларни уруш зор қақшатди, хонадоннинг нури-чироғи бўлган оталарнинг ҳаёт шами сўнди, оила иморатининг бақувват устуни бўлган ўғлонларни ажал қулатди.

Ўзбек болажон халқ. Ҳар бир хонадондаги беш-ўн нафар инсон жудолик ва уруш изтиробини тортди. Бир қишлоқдан қайтмаган биргина йигитнинг ортидан қанчалар одам бўзлаб қолмади... Қишлоқда ҳамма қариндош, қишлоқда ҳамма томирдош. Биргина йигитнинг ортидан келган қора хат қанчалаб кўнгилларни, бутун қишлоқлар аҳли дилини зимистон этмадими? Энди бир қишлоқдан ўн нафар, юз нафар, ундан-да кўп ўғлонлар — оталар, фарзандлар қайтиб келмаганини бир тасаввур қилинг. Бу қишлоқлар, бу овулу маҳаллалар, бу шаҳарлар ғамдан жизғанак бўлмаганми?

Ўқувчилик йилларимиз урушда бўлган боболар билан мактабимизда учрашувлар бўларди. Бирининг қўли, бирининг оёғи, бирининг бир кўзи йўқ фахрийлар билан юзма-юз келган ўша кезлар юрагимизда нимадир оғриқ берарди. Болаликнинг беғубор кўнгли ниманидир (ёмон нарсани) ҳис этарди. Уруш мажруҳ этган боболаримиз ўша дамлар анчагина эди. Бугун эса... Ҳаёт дондай сочган ул азиз зотларни бугун тақдир қушлари битта-битталаб териб бормоқда. Улар жуда-жуда озайиб, сафлари сийраклашиб қолган. Уларни хотирлаш, орамизда ҳаёт турганларини қадрлаш эса инсонийлигимизнинг, одамгарчилигимизнинг белгиси. Ўзини, келажагини қадр­лаган миллатнинг иши шундай бўлади!

Биз 9 май куни Инсон хотираси ва қадр-қиммати олдида таъзим бажо келтирамиз. Миллий қадриятимизнинг энг ноёб жиҳати — эзгулик бошга эъзоз тожи бўлиб кийилиши зарур, деган ноёб ақидага амал қиламиз. Чунки, бағрикенг Ўзбекистон ўша оғир ва синовли даврларда ҳам матонату сабот, меҳр-оқибат тимсолида инсоният ғалабасига муносиб ҳисса қўшолди.

Ўзбекистон уруш йиллари осмони ўйилганга осмон, ери ёрилганга ер, уй куйганга уй берди. Бошида бошпана бўлди, оғзидаги нонини берди, керак бўлса, жонини аямади. Биз буни миннат учун айтаётганимиз йўқ. Ўзбекистон ҳам инсоният бошига тушган кулфатларга дохил бўлиб яшашини, яшаётганини айтмоқчимиз. Заминнинг ҳеч бир бурчидаги фожиага Ўзбекистон бефарқ бўлиб яшамаслигини айтмоқчимиз. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон 9 май кунини Хотира ва қадрлаш куни — тинчлик тантанаси, эзгулик куни деб нишонлайди. Шунинг учун инсониятнинг жон томирида Хотира ва қадрлаш нури оқишини хоҳлайди, одамлар, халқ­лар, давлатлар ана шу жон томир билан бир-бирига боғланишини хоҳлайди. Шунинг учун Ўзбекистон хотирасиз келажак йўқ, хотирасиз ҳеч бир халқ­нинг, бутун инсониятнинг келажаги йўқ, деб бонг уради.

 

Қўчқор НОРҚОБИЛ