“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 1458 марта кўрилган.

Беклик завқин тотган халқ бу халқ

Зиёвуддин МАНСУР

                       ХАЛҚИМ ҚАСИДАСИ

Томирида бекнинг қони бор,

                       Беклик завқин тотган халқ бу халқ.

Соҳибқирон довруқ — шони бор,

                       Донғи ҳар ён кетган халқ бу халқ!

Гоҳ Алпомиш мисли баҳодир,

                       Гоҳ Муқанна, гоҳ Намоз ботир,

ўанимларин титратиб зир-зир

                       Дасти баланд ўтган халқ бу халқ!

Олам аро бермоқ чун сабоқ,

                       Юлдузларга термилиб муштоқ,

Сўнмас Қуёш мисоли порлоқ

                       Хаёлларга ботган халқ бу халқ!

Сўз мулкида Навоийнамо

                       Жаҳон аҳлин айлаб истило,

Оламшумул улуғвор сиймо

                       Мақомига етган халқ бу халқ!

Изи бориб Ҳиндистон қадар,

                       Мулки бўлиб каҳкашон қадар,

Заминдан то Осмон қадар

                       Ёйиқ палак отган халқ бу халқ!

Шавкатига муносиб ардоқ,

                       Тополмасдан бағри бўлиб доғ,

Юрагига тушганда титроқ

                       Ҳайкал каби қотган халқ бу халқ!

Юришларда мардона юриб,

                       Оламшумул салтанат қуриб,

Сўнг ўз-ўзи билан от суриб

                       Ўз-ўзини йитган халқ бу халқ...

Юртни этгач «қизиллар» тутқун,

                       Бошдан ўтгач не-не қаро тун,

Оҳ! Ноилож муроса учун

                       Кофир урфин тутган халқ бу халқ.

Тинглаб «буюк оға» сасини,

                       Қўмсаб она-тил нафасини,

Марҳумларин жанозасини

                       Пинҳона ўқитган халқ бу халқ...

Дуч келса ҳам не-не қиронга

                       Содиқ қолиб дину иймонга,

Ўзлигини сақлаб жаҳонга

                       Ногоҳ тарқаб кетган халқ бу халқ...

Пароканда юртдан бағри хун,

                       Ўтган авлод пок руҳи учун,

Тарихимиз этсак, — деб бутун

                       Мангу китоб титган халқ бу халқ.

Фикрин тортар афғон тоғлари,

                       Лолалари-бағрин доғлари,

Унда ўғли ўлган чоғлари

                       Заҳру заққум ютган халқ бу халқ.

Жондан ортиқ суйиб боласин,

                       Боладан-да севиб даласин,

Боғ-роғ этиш учун ўлкасин

                       Пайкалларда ётган халқ бу халқ.

Ўз қавмимга бўлсам,— дея тенг

                       Ҳузурига талпиниб эркнинг,

Бу нотанти қисматни минг-минг

                       Чиғриғидан ўтган халқ бу халқ.

Эзгуликни дилга этиб жо,

                       Ёруғ кунлар келгай, деб илло,

Бағри яро, юраги яро

                       Бахтин интиқ кутган халқ бу халқ!

Ечиб тутқун халқ оёқ-қўлин

                       Истиқлолга боғлаб бахт йўлин

Уйқудаги бутун Шарқ элин

                       Уйқудан уйғотган халқ бу халқ!

Боқсам, Зиё, юрт сўл-соғига,

                       Ўхшаб кетмиш жаннат боғига.

Буюкликнинг зарвароғига

                       Номин қайта битган халқ бу халқ

 

        РУҲИЯТИМ ИҚЛИМЛАРИДА

Сокинлик бор қалбим қаърида,

Лек хаёлим учқур ва дайди.

Руҳиятим иқлимларида

Шундоқ юксак ўйлар яшайди:

 

Босиб ўтган йўлимга боқсам,

Хотиралар завқли, сурурли.

Хаёл деган тўлқинда оқсам,

Эртам яна туйилгай нурли.

 

Кеча

— Ўзлик,— деб ўздан тонган

Мен ҳам битта аҳли бедорман.

Букун

— Элим, юртим,— деб ёнган

Фидойилар сафида борман.

 

Истиқлолнинг буюк ишига

Чин юракдан кўмак берганмиз.

Она-юртнинг юксалишига

Биз ҳам елка тутиб турганмиз.

 

Гарчи бошга тушмади мотам —

Бу йўлларда бермадик қурбон,

Лекин дилга чўкади алам

Оғир кунлар эслангани он:

 

Паркентдаги аламли дамлар,

Қурбонлари ёдда кезмасми?

Ўшда шаҳид кетган одамлар

Хотираси дилни эзмасми?!

 

Дуч келсак ҳам турли хатарга

Дилга зарра тушмади ҳадик.

Фитналарга, дағдағаларга

Чалғимадик, довдирамадик.

 

Шу кунларни интизор кутган

Боболар пок руҳига қасам:

Бизга қисмат ҳидоят этган

Истиқлолга ишонч мустаҳкам.

 

Сокинлик бор қалбим қаърида,

Лек хаёлим учқур ва дайди.

Руҳиятим иқлимларида

Шундоқ юксак ўйлар яшайди:

 

Йиллар ўтар,

Афсоналар ҳам

Ҳақиқатга айланиб кетар.

Ҳар битта пок ниятли одам

Албатта, ўз бахтига етар.

 

Кунлар келар

Толе қошида

Диёрлар саф тортади қатор.

Турар албат сафлар бошида

Ўзбекистон аталган диёр!

 

        ТИРИКЛИК ФАЛСАФАСИ

Заминга боқ, осмонга боқ

Ҳайрат кўзинг оч,

Замин қолар, осмон қолар

Бизлар кетармиз.

Даврга боқ, давронга боқ

Ибрат кўзинг оч,

Давр қолар, даврон қолар

Бизлар кетармиз.

 

Эркин қушсан-озод қушсан

Асл бахтинг шул,

Этгил ўзни юксакларга

Парвоз-ла машғул,

Бенаф орзу — армонларга

Бўлма асло қул,

Орзу қолар, армон қолар

Бизлар кетармиз.

 

Умр деган неъмат Ҳақнинг

Бизга инъоми,

Бу неъматнинг тонги борки,

Бор унинг шоми,

Ҳақ ўзи сарҳисоб сўрар

Маҳшар айёми

Ҳаёт деган ҳоқон қолар

Бизлар кетармиз.

 

Бу — тириклик фалсафаси:

Эгиз завқ — кадар,

Лек ўткинчи бу йўлдаги

Ҳар хавф, ҳар хатар

Яъни ўзни эзгуликка

Қилсак сафарбар

Ишларимиз мангу қолар

Бизлар кетармиз.

 

                                       БУЮКЛИК

                                       (ҳазил)

Хорижлик дўстлардан биттаси бир кун,

Буюклик хақида гап кетган эди.

— Миллатимиз буюк, — дейсиз-у нечун

Улар компьютер кашф этмаган? — деди.

 

Шунда мен дедимки:

Бермоқ керак тан

Компьютер яратмоқ бўлса ҳамки бахт.

Ўзбеклар компьютер миялигидан

Компьютерга ҳожат сезмаган ҳеч вақт...