“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 13 марта кўрилган.

КУЗАТИБ ҚЎЙИШГА ЧИҚДИМ ҚУЁШНИ

Ҳалима АҲМЕДОВА

 

КУЗАТИБ ҚЎЙИШГА ЧИҚДИМ ҚУЁШНИ

* * *

Таралади руҳим кўчаларига

Ёмғир билан тупроқ қовушган ифор.

Ва булут жисмида титраган дарё –

Куйлашида дилга яқин недир бор.

Недир бор,

Тошмоқни истаяпти қалб.

Ожизман, истагим жуда баҳайбат.

На умид, на соғинч, нада ишқ ёди,

Мавҳумдан мавҳумдир мандаги хилват.

Қайсидир бир тонгдан юлиб олганим –

Бир тутам ёғду ҳам жонда қартайди.

Ва ҳар кун кўраман: ғамгин бир кимса

Ўтмаган кунларин тунга қамайди.

Мен эса бўм-бўшман, қандайдир сайёд –

Қурган ва ёдидан чиққан кулбадай.

Ҳар куни ёнимдан бегона каби

Нозланиб ўтади, ҳаёт-гулбадан.

Нигоҳлар чарчатди оҳлар чарчатди.

Бир кун жимлигимга айтдим: йитганман

Ва сўраб келмасин хеч ким ҳеч нарса.

Кўзим ойнасига ёздим: кетганман.

 

* * *

Келдинг,

            Ниманидир ташлаб кетдинг сан,

Жилмайдинг,

            Титрадинг,

Дединг: Алвидо

Ва билдим сен ташлаб кетган –

            бу гулхан!

Сўнгра ёлғиз қолди мен билан Худо.

Ямадим

            Кунларни кунларга улаб,

Шу ямоқ умр ҳам, умрми, айтгин?!

Кечалардан ўтдим баргдай шивирлаб...

Кун қаърига чўкдим тошдай бетаскин.

Энди йўқман, дедим,

            Бор эдим, аммо,

Чунки ҳижрон менсиз яшарди қандай?

Кириб келаверди бир таниш саҳро –

Кўнглимга сен ташлаб кетган гулхандай

Ва мен ёлғиз эдим, ёлғиздан ёлғиз,

Гарчи менинг билан яшарди ҳижрон.

Фасллар чайқалди,

Дегандай эссиз...

Улардан юз бурдим қуёшга томон,

Силкинди булутлар,

            Шафақ ҳам ўчди.

Чирсиллаб синмоқда ҳижрон қасами.

Кўнглимда боққан ғам қушларим учди:

Сен қуёш томондан келаяпсанми?!

 

* * *

Қуёш чиқиб

            кўзларимга урилганда нур,

Ишонаман, ҳақиқатнинг

            тириклигига.

Нега унда меҳнат билан

            елкаси яғир –

Одамларнинг табассуми ўхшар йиғига?

Ва не учун Вақтнинг пишиқ арқонларига

Бемор кўнглин осиб қўяр бахтсиз бир аёл?

Ва ҳалоллик ҳикматидан бонг урган Одам

Худога тик қараб ёлғон сўзлар бемалол…

Нега меҳр илдизлари қуриб кундан кун

Дўст кўзида ўсаяпти шубҳа, талваса?

Вос-вос билан оғриган шу замон олдида

Яна деймиз: сен унга боқ сенга боқмаса.

Қандай боқай унинг турқи тароватига

Ҳар кун қайғу қилганида кўнглимни тин-тув?

Ва айтаман: мен кўзани синдирганим йўқ,

Бор йўғи сув келтирганман, кўзларимда сув

Лекин ҳали умидимнинг

 илдизи яшил,

Орзуларим топширганман нурнинг илгига.

Эй, тонг, уфқ чаманида жилмайиб

Мени

Ишонтир боз ҳақиқатнинг тириклигига!

 

* * *

Сен ҳам уйғоқмисан, ювяпсанми

Кўзингда тиқилиб қолган зулматни?

Ва ё эритдингми билмасдан, бехос

Чап кўксинг ичида музлаган дардни.

Сесканиб кетдингми тун шарпасидан

Ва яна дедингми: “Астағфируллоҳ“?

Бешафқат тикандай қонатиб қалбинг

Тирналиб чиқдими мен таниган “Оҳ“?

Қоронғу шаббода елиб-югуриб

Шивирлаб кетганда мушкин хабарни.

Нажот топмоқчидай изладинги боз

Чироғи ўчмаган деразаларни?

Ўғирлаб кетилган ҳамда таланган

Жавоҳирсиз қолган хотир ғорига

Яқинроқ борасан,

            янада яқин.

Кўнглингнинг қаъридан келган зорига…

Ҳали уйғоқмисан, варақладингми

Алмисоқдан қолган эски сурурни?

Ногоҳ чарақлайди дил ичра шуъла-

Синдириб қўймагин тағин у нурни…

Сен ҳам уйғоқмисан, тун ичра уйғоқ.

 

* * *

Руҳимда ойдиндан ойдинроқ кенглик,

Ҳаёт тириклигим эслади чоғи.

Кимнидир зулматдан

            ахтарган мисол

Бирдан чарақлайди осмон чироғи.

Само боғларида сайр қилар ой

Ва куйлар Бетховен сонатасини.

Ёзнинг шамолида машшоқ дарахтлар

Излайди бу куйнинг авж пардасини.

Келади ҳавонинг тебранишидан

Мен номин билмаган ажиб гул иси.

Кетяпти мендан дўстларим каби

Балки ғамларимнинг энг охиргиси.

Нега қутламайман, қучоқ очмайман

Жунун томонидан келган фараҳга?

Қандай солай уни минг бора синиб

Чегаланган кўнгил – эски қадаҳга?..

Чиннигул баргида фол очиб Ажал

Эрта ё индин, деб турган лаҳзаси

Дейман: Руҳдан баланд, ўлимдан баланд

Жарангла, жарангла, ой сонатаси…

 

* * *

Сўрадилар: қайга кетаяпсан жим,

Недандир ўртаниб эгганча бошни?

Дедим: бир лаҳза дилимни этди чароғон,

Кузатиб қўйишга чиқдим қуёшни.

Сўрадилар: қайси манзилда руҳинг

Ва нега кўзларинг бунча қоронғу?

Дедимки, руҳимни ўғирлаган тун

Ва кўзим ичида жон берган орзу.

Сўрадилар: эсдан оғган кимсадай

Гоҳ хушда гоҳ беҳуш қалтираяпсан?

Дедим: юким оғир, жуда ҳам оғир –

Эртани бугунга келтираяпман.

Сўрадилар: шунча ташвишинг билан

Бахтнинг чеҳрасини кўролдингми, айт?

Дедим: жавоб берсин мен учун майли

Жисму жаҳонимга эга чиққан дард.

Сўрадилар: сенинг бор-йўқ қисматинг

Фақат манглайингда чизилган изми?

Дедим, нигоҳимни осмонга қадаб:

– Раббим нафасини сезаяпсизми?!

 

* * *

Ҳали кўзларимнинг юмилгиси йўқ,

Кошкийди шаббода мисол бир елсам.

Ва соғинч боғига кирсаму ундан

Хабар олиб келсам, хат олиб келсам.

 

Ҳали кўзларимнинг юмилгиси йўқ

Ортига қайтарсам, алдаб кунларни.

Само соҳилига сайр қилдирсам

 Тунда йиғлаётган қоқигулларни.

 

Ҳали кўзларимнинг юмилгиси йўқ.

Ўзимни ўзимда айласам гулшан

Бадбин хаёлларни бегона ўтдек

Ўрсам янги ойнинг ўроғи билан.

 

Ҳали кўзларимнинг юмилгиси йўқ,

Дарёнинг ёдида қолсам чирмашиб.

Тўлқиндай урилсам, тириклигигимга

Оёқ яланг келса ҳаяжон шошиб,

 

Ишқ сўрасам Мажнун қошига бориб,

У деса: сарғайди, ўтди барчаси.

Ҳайқирсам: кўнглимда нафас олмоқда

Ҳалложга отилган гулнинг ғунчаси.

 

Ҳали кўзларимнинг юмилгиси йўқ.

 

* * *

Нега жилмаясан ёлғондан-ёлғон,

Юрагим, тириклик юки оғирми?!

Зерикмасин дея сенга келтирдим

Дарёлар юртидан қайтган ёмғирни.

Қарагин, гулларда барқ уради ишқ.

Шу ишқ деб осмоннинг қомати эгик.

Ўтиб бораётган жиккакина чол

Ҳассага уқтирар: мўъжиза тирик.

Ахир мўъжизалар ҳали ўлмаган,

Ҳамон яшил тортган умр палласи.

Нега азоб берар сенга дам-бадам

Ҳали тишланмаган жаннат олмаси?

Гарчи бошимиздан қолмаган қуёш,

Кунлар қуйқасида кўринади шом.

Ўғирлаймиз шафақ афсонасини,

Менга ишонмасанг, Худога ишон...

Ахир аттор шамол кўчама-кўча

Савдо қилиб юрар боғлар атрини...

Юрагим, гурилла, токи такрорлай

Яшаш деган шеърнинг буюк сатрини.

Фараҳзод эдинг-ку туғилганингда,

Юрагим, сенга нур излаб чарчадим...

Дарахтлар қалбини дарахтга улаб,

Кўраман, бир боғбон ишлаб юрар жим.

Дейман:

– Ғам шохида қурир юрагим,

Ҳолимни кўриб ҳам жим турасанми?

Шодлик дарахтига юрагим пайванд

Айлашга

Айт, боғбон, улгурасанми?!

Боғбон иккиланар:- улгураманми?!

 

* * *

Мени тўлдиради осмон, тупроқ, сув,

Шароб тўлдиргандай Хайём жомини.

Биламан, бир куни дўстларим эмас

Қушлар такрорлайди эски номимни.

Ажриқлар устида юмалаб ётган

Олмалар ифори мени айлар ёд.

Руҳимни шивирлар япроқ майсага

Ғамнинг ғумбаклари чиқариб қанот.

Сувларга меросдир эҳтиросларим,

Шеърларим ёдлайди тонгнинг эпкини.

Тиловат айтгани бошимга келиб,

Ғамгин чумолилар эслайди мени.

Тириклик деворин тирноқда тирнаб,

Ўтганлар номини ўчирар ҳаёт.

Шунда менинг номим нафасдай кўчиб,

Дарахтлар тушини қилар гирдибод.

Йўқ, ҳали олисман...

 Пишмаган истак,

Таъми тахир айлар дудоқларимни.

Янги таронага, куйга ғарқ этгум

Куйлашни унутган бармоқларимни.

Ва яна Ҳайёмнинг мангу жомидай

Тўламан дарёга, нурга, самога...

 

Ватан

Тонг отяпти…

Кўзи яшил нурга ғарқ саҳар

Ва уфқнинг уйи томон учади қушлар.

Юрагимни тирикликнинг дарахтларига

Пайванд этар боғ томондан келган мушк-анбар.

Қон югурар тағин кўча томирларига

Ва руҳимни кўпиртирар алланечук нур.

Ва энг қадим раққосадай эшилар ҳаёт,

Порлаб кетар бўйнидаги Худо берган дур.

Борлиқ бу дам жононалик рафторидан маст

Чумчуқларга ўргатади дарахт тилини.

Она замин қўли каби баланд дарахтлар

Байроқ қилиб силкитади қуёш дилини.

Ва таралар меҳрибонлик таронаси ҳам:

– Яхшимисиз, аҳволингиз дурустми, эй дўст?..

– Ортда қолди, шукр, энди анча бардамман.

Меҳр оққан ҳаволарда кўнгил кетар суст.

Меҳрзода шу мулоқот Ватан аслида,

Эй, сиз Ватан, дея товлангувчилар,

Билинг, Ватан шон-шуҳратмас ёки қасида,

Ё порамас чўнтакдаги жарақ-жарақ пул.

Ёки мансаб, ё шоҳона қаср ҳам эмас,

Ҳақиқатнинг очилган ул гулларин ҳидланг.

Ялтир-юлтур туйғуларни йиғиштиринг, бас!

Мен кўрганман даштда ўсган ёлғиз қамишни,

Унга боқиб қандайдир дард сизди жонимдан.

Ва сўрадим:

қайдан келдинг, нечун танҳосан?

Деди:

– Ўсиб чиқдим мен Широқнинг устиҳонидан…

…Шундан буён шивирлари қонимда унинг…

Шундан буён титроқлари жонимда унинг…

Эшитганман Тўмариснинг тожидан тушган

Бир гавҳарни талашганлар бўлиб қирпичоқ.

Кошки эди халқ дардини талашганида,

Қолармиди улардан ҳам гўзал бир чорбоғ…

Мен тирикман.

Ураяпти юрагим ҳамон,

Саҳарлардан умидим кўп,

Орзуларим ҳам.

Она тупроқ ҳиди билан мастман туну кун,

Кўп уринди,

Аммо юртдан айролмади ғам.

Чунки менинг илдизимни қўриқлайди тонг,

Чунки руҳим яралгандир қуёш наслидан.

Қўл учида кун кўрсамда,

Ҳар саҳар туриб

Қушларга жўр бўлиб яшаш – Ватан аслида.

Кимдир айтар:

-Ҳушомадгўй бўлибсиз сиз ҳам...

…Юртни севиш иллат бўлса – иллатпарастман

Айтдим ахир, боз айтгайман: Худога қасам –

Она тупроқ ҳиди билан хушбахтман, мастман!