“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 47 марта кўрилган.

Турсун Али. Боғ пинжида мудрар шабада...

Турсун АЛИ

БОҒ ПИНЖИДА МУДРАР ШАБАДА 

 

МОВИЙ БУЛУТЛАР

Мовий булутларга ўранган осмон,

Офтоб сузиб борар оқ елкан каби.

Уйғонган дарахтлар қўлларин чўзган,

Учади қушлардек пичирлаб лаби.

 

Мовий булутларга чирмашган осмон,

Юлдузлар ярақлар бағрини ёқиб.

Ой бўлса тўлишар кун сайин чунон,

Тонг отар оққушдек қанотин қоқиб.

 

Мовий булутларга бурканган осмон,

Боғларда шафтоли гуллаган қийғос.

Тоғлар эриб борар, шарқирар ҳар ён,

Борлиқда уйғониш, қайноқ эҳтирос.

 

Мовий булутларга чулғанган осмон,

Энтикиб тошиқар зангори дунё.

Майсалар шеваси кундан кун бийрон,

Она юрт баҳори саррин, сержило!...

 

ЁЗ

 

Дарахтлар кўзида сукунат,

Бор меҳрини сочади офтоб.

Боғ пинжида мудрар шабада.

 

ҚИШ КЎРИНИШЛАРИ

 

Ажаб, декабрнинг ҳавоси илиқ,

Гўё ёр нафаси – шамол ёқимли.

Эгнимдаги сарпом иситар тансиқ,

Бошимда чипор ранг булут оқими.

 

Қайга от соламан, шахдам оёғим,

Кўзимдан сирпанар қор босган тоғлар.

Бироқ руҳим аро яланғоч боғим,

Сукут ҳайқириғи чулғар бу чоғлар.

 

Юрагим тубида тушуниксиз мунг,

Айланиб қор тушар, оқарар дунё.

Теграмни қуршаган ғаройиб гурунг,

О, умрим йўллари чигал муаммо!

 

***

Тонг отар.

Дарахтларга тикилсам,

Новдалар киймиш оқ либос.

 

Вақт тулпори учқур қанотда

Ўтар жунжиккан кўйи

Туманга беланган бу дунё аро.

 

Ё фалак, пешин қанот қоққан дам

Кўкдан чўзди Қуёш муз бармоқларин,

О, ёришди ҳарирдек бу олам.

 

Эгнимдан ечаман қишлик сарпомни

Ётоғига кираётган куёвдек шодмон.

 

Тун...Қўчқор Норқобил икков оҳиста

Сукунат кўксидан ўтамиз жим-жим.

Изимиз сирпаниб қолгайдир ортда,

Йўлимиз тобора узаяр сим-сим.

 

Теграмизда кузги дарахтлар қатор,

Қовжироқ баргларин тўкар муттасил.

Хазонлар шитири юракка ботар,

Дилгир шивирлаймиз – ўртанар кўнгил.

 

Изимиздан ой ҳам юрадир оғир,

Қайдам, қон сачратган юлдузлар қулар.

Нени истаётир ўртанган бағир,

Ё Раб, кўзларимиз жимгина кулар!

 

***

Илк кўклам тонги,

Деразам олдида,

Бир қушча сайради

Энтикиб,

Ёниб.

Кўнглим торларини

Чертиб кетди у.

Қайга учди?

Қайга қўнди?

Билмайман ҳануз.

 

Қаноти қайрилган қушча мисоли

синиқар овозинг – ғамгинсан ғоят.

Нечун энди кулмас чўлпон кўзларинг,

ёхуд тарк этганми сени саодат?

 

Қувноқ давраларда энди бўлмайсан,

ёлғизлик чўлида кезасан маъюс.

Наҳот, энди, наҳот, бир бор кулмайсан,

эй, менинг қаршимда синиққан юлдуз.

 

Деразанг кўзига урилар ёмғир,

ташқарида кезар яланғоч совуқ.

Хонанг ҳам совийди, жунжикиб охир

кўрпага бурканиб сен тортасан «уҳ».

 

Топталган оппоқ гул кирар тушингга,

юрагингни эзиб ўтар бир сезги.

Энди келолмассан тамом ҳушингга,

сен, ахир, адашган, хўрланган – севги.

 

***

Бир кун

бағрингизга елиб бораман,

менинг қон ютган анорзорларим.

Соғинч ўтларида бу кун ёнаман,

Эй,

сиз дийдоримга интизорларим.

Бир кун

бағрингизга елиб бораман.

 

Анорзор боғларим,

билмайсиз

сизлар,

соғинчда менинг ҳам

бағрим лахта қон,

ўзимни отганман тирик ўтларга.

Бир кун

қайтмасам бас

безабон,

бежон,

ҳей,

менинг қон тошган анорзорларим.

 

Кўз ёш ила

қонга тўймаган ерда

гуркираб,

ловуллаб ётар анорзор.

 

***

Сен қўшиқ куйлайсан ёниб, ўртаниб,

Мен эса йиғлайман мунгли ва унсиз.

Ўй-хаёл қушлари бошимда яниб,

Изтироб чўлига итқитар беиз.

 

Сен қўшиқ куйлайсан ёниб, ўртаниб,

Бағримни куйдирар олис муҳаббат.

Мен унинг ишқида мажнуну ғариб,

Ғам юртин кезгайман дилхун беадад.

 

Сен қўшиқ куйлайсан ёниб, ўртаниб,

Овозинг оламни тутсин, илоё.

Менинг-чи, қарсакка етмас мажолим,

Кўзларимда адо бўладир дунё.

 

ҚОРАКЎЗИМ

 

I

Қоракўзим, сени севиб қолдимми,

Сўрайман ўзимдан ёлвориб, туниб.

Қушдайин қўлларинг тутиб олдимми,

Ишқнинг оловида муз каби ёниб?

Бу кун қаён бошлар севги кўчаси,

Балки айрилиқдир, фироқ бешафқат.

Қора тўрин тортмай – умрим кечаси,

Мени ўлдиради энди Муҳаббат.

 

II

Ёмғир, шамол эсар, барглар чирпирак,

Севгилим, борасан ёмғир остида.

Менинг-чи, паноҳда жонимдир ҳалак,

Сочларинг тирналар ел қанотида.

Ёмғир кучаяди, совуқ ўртанар,

Сен елиб борасан уст-бошинг юпун.

Мени ширин оғу лаззати қийнар,

Барибир сен томон кетаман беун.

 

***

Ўша тун

Иброҳим Ҳаққул,

Асқар Мусақул,

турфа хил шоирлар

димиқ хонада

суҳбат қурдик узоқ

Рауф Парфи шеърияти,

Рауф Парфи қисмати –

суҳбатимиз ўқ томирига айланди.

«Мен ёлғизман,

овозим ёлғиз» сатрлари

чарсиллаб баҳсларга бойланди.

Ўша маҳал

тун қаърин куйдириб

қайдандир,

балки, яқиндан,

балки, узоқдан,

ҳазин эшитилди ёлғиз товуш.

 

УМИД ҚАЙИҒИ

 

Нурли чўққилардан тушган дарёга

Боқдим-да тингладим ҳайрат куйини.

Гоҳ жўшқин,

Гоҳ ҳорғин,

Гоҳо синиққан –

Гўё қалбимдаги ҳислар ўйини.

Ададсиз булоқлар,

жилғалар,

сойлар,

Дарё –

шашмақомдай муаззам нола.

Умрим осмонидан ўтмоқда ойлар,

Мен эса

ҳали ҳам

ҳайратчан бола.

Борлиғим қайиқдай эврилар бирдан,

Нигоҳим изидан

сузаман тоққа.

Аждардай оқимни

енгиб,

интилиб,

Етаман ишқ қурган чўнг бандаргоҳга!

 

***

Аёз...

Ёмғир...

Кезинар кучук етаклаган аёл.

Ит кўзидан сизилар томчилар,

аёл бепарво...

Ботинимда эса бетўхтов

ёғаётир қип-қизил ёмғир.

 

***

Саратон.

Терлаб кетдим сояда.

Гарчанд терламасдим,

ўша дарахт соясида эмас,

Ёнаётган офтоб кўзида бўлсам!

 

АРАВА

Қишлоқ.

ўйдим-чўнқир йўл.

Пичан ортган арава ўтар имиллаб.

Ғарам тепасида

Паншахага суянган ойдай аёл.

Арава тортар майда қадам-ла эшак.

Етаклар кўзлари киртайган эркак.

Кўз ўнгимдан эртак эмас,

Ҳаёт ўтаётир ғирчиллаб.

 

***

Дунё – қоронғу денгиз,

Шамоллар эсар,

Тўфонлар итдай қутирар,

Тўлқинлар қилар исён.

Дунё – қоронғу денгиз

Сузаман кемадай қалқиб,

Эй, жоним, сен қаёкдасан?

Чақираман овоз пардаларим йиртиб,

Бироқ товушимни ютар

Аждардай тўлқинлар,

Итдай қутирган тўфонлар.

Эй, менинг куёшим,

Ишончим, балқиб-балқиб келгин Сен.