“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 68 марта кўрилган.

КЕЛ, СЕНИ БАҒРИМГА БОСАЙ, БЕЛОРУСЬ!

Қўчқор НОРҚОБИЛ

КЕЛ, СЕНИ БАҒРИМГА БОСАЙ, БЕЛОРУСЬ!

Уруш музейида остона ҳатлаб

Юрагим увишди. Урушни кўрдим...

Ёшлик... Афғон жанги ёдимда портлаб

Танклар панасига ўзимни урдим.

 

Фашист қирғин солди – амр этган Гитлер,

Тирик жон қолмади. Ўлдирди, ёқди.

Нега тарс ёрилиб кетмаяпсан, Ер,

Оловда чинқирган гўдаклар ҳаққи?!

 

Тонгда одамларни тизиб деворга

Фашист ҳузур қилиб тортди тамаки.

Чинқириб йиғлади шунда бир бола:

“Онам билан мени отманг, амаки!”.

 

Милтиқлар ўқ отди борлиқни тилиб,

Булутлар қон сочди тонгнинг юзига.

Осмон оқиб тушди ёпмоқчи бўлиб

Қўрқувдан тош қотган бола кўзига.

 

 Гидқиз, қайғудошим, тўкмагин кўз ёш,

Заминнинг косаси кўз ёшга тўлган.

Титраган лабингда энг сўнгги бардош:

“... ҳар уч белорусдан биттаси ўлган...”

 

Музейдан чиқсам бас.

Тугайди азоб,

Унгача тик турмоқ ўзи ғалаба.

Катта бобосининг расмини силаб

Юм-юм йиғлаяпти шўрлик талаба...

 

Чиқдим, бир ният бор қалбнинг остида:

“Дунё тургунча тур. Илло, ўлма, ўс!

Тирик қолганинг-чун Ернинг устида

Кел, Сени бағримга босай, Белорусь!”