“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 57 марта кўрилган.

Айтинг, нечун кўнгил бериб, топмабсиз кўнгил?

Гулчеҳра НУРУЛЛАЕВА

1938 йилда Тошкент вилоятининг Чоштепа қишлоғида туғилган. Москва йиллик олий адабиёт курсида таҳсил олган. «Орзуларим қоқади қанот», «Ташнаман», «Иккинчи баҳор», «Лирика», «Лети, моя мечта», «Бағишлов», «Пахта ҳиди», «Нурли нуқталар», «Муҳаббатнинг суврати» каби қатор китоблар муаллифи.

 

 

* * *

Бир пас хаёлларга боғланиб турдим,

Турфа саволларга боғланиб турдим,

Не бўлар, ўзинг айт, онажон юртим,

Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса?!

 

Бағрингни ёғийлар тўлдирмасмикин?

Меҳмон мезбонини ўлдирмасмикин?

Ёлғон юрт тўрида ўлтирмасмикин?

Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса...

 

Эркин фикрларни сириш ортар-ку,

Силлиқ рухсорларда тириш ортар-ку,

Иймон-эътиқодда чириш ортар-ку,

Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса...

 

Одам одамлигин қўйгай унутиб,

Лойқа талотумни бўлмас тинитиб,

Соврилмоғи тайин, чархи дун йитиб,

Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса...

 

Минбар, китоблардан қилинг қувғинди,

Увол эрур унга ҳатто ювинди,

Майли, ғурбатларга бўлсин сиғинди,

Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса...

 

Ғурбат ҳам жирканиб, атасин «хоин»,

Ундан дариғ тутсин бир парча жойин,

Умрлик қисмати шу бўлсин доим,

Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса...

 

Яшноқ кўрай дейман юртим атласин,

Ҳар жилоси унинг рост шеър ёдласин,

Портлай қолсин замин, осмон портласин –

Инсон рост сўзини айтмасдан қўйса...

 

ФАРИШТА ОДАМ

Учраганни атадингиз опа ё ака...

Учраганни атадингиз ука ё сингил...

Айтинг, айтинг, сувайдосиз нечун ойдака?

Айтинг, нечун кўнгил бериб, топмабсиз кўнгил?

Қарайман-у кўзларимдан тирқирайди ёш,

Яхшисизки, яхшиликка ташнасиз доим.

Ўзгаларни ўйлар экан беозор, ювош,

Ўзгалар ҳам ўйлагайми беозор ройин?

Индамайсиз...

Сизникимас бешафқат олам...

Жон куйдириш, фидо бўлиш, ўртаниш абас.

Фариштасиз яшолмагай фаришта одам...

Мен биламан: фариштангиз бу ерда эмас.

«Кетинг, – дейман, – бу даврага кетинг тупуриб.

Маъқул,  – дейман,  –  нокаслардан қутулмоғингиз...»

Ўйланаман: кейин яна етмасми фириб?

Кейин кимлар тўлдираркин кўнгил боғингиз?

...Сиз кетасиз...

Яна ҳамма опа ё ака...

Сиз кетасиз...

Яна ҳамма ука ё сингил...

Бу дунёни оппоқ истаб сиз ҳам ойдака,

Яна бошдан қоврилгайсиз, фаришта кўнгил...

У...га

 

Томчи боғланибди симлар белига,

Шўхлик боғланибди қушлар тилига,

Мен эса... сизга...

 

Баҳорга тўймайди мавсумий гуллар,

Қадамга тўймайди қадимий йўллар,

Мен эса... сизга...

 

Қирғоқ азобларин қишга очаркан,

Бағрин ўйиқ кўрган хешга очаркан,

Мен эса... сизга...

 

Кўнгил бўшатаман, енгил тортаман,

Андуҳим юкларин сизга ортаман,

Азизим, сизга...

 

Мени, худбиним, деб койинг, арзирман,

Ҳасратли куним, деб койинг, арзирман...

Ажаб, койимассиз, бебаҳогинам...

 

* * *

Ойижон, неча ой бора олмадим,

Армоним айтмаган сўзимда пинҳон.

Сизга дил ёрардим... Ёра олмадим...

Йиғилган ёшларим кўксимда пинҳон.

 

Дедим: «Дардли дунё, ҳасратли дунё...

Баским, марҳумларни қийнамоқ нечун?»

Ойижон, алвидо айтганмисиз ё

Яшаш – азобланиш бўлгани учун?!

«Йўқ-йўқ, хотиржамман, – дердингиз бизга –

Куйгунчак қалбларим – мардларим ила».

Мен эса борайми ҳузурингизга

Яккаш ҳасратларим – дардларим ила?!

 

Нетай, ҳаёт нурсиз менга бу дамда,

Шоир айтганидай дорми, ойижон?!

Бўйи бўйимга мос кўпдир теграмда,

Кўнгли кўнглимга мос борми, ойижон?

 

Истардим: эркаклар баланд бўй бўлса,

Баланд ўйли бўлса, деярдим яна.

Истардим: аёллар лоларўй бўлса,

Тотув уйли бўлса, деярдим яна.

 

Йигит хаёлида замин замонмас,

Манманликни кўрсам, ерга кираман.

Аёл турмушида тинчмас, омонмас,

Вайронликни кўрсам, ерга кираман.

 

Тўкис муҳаббатим, бахтимдан хурсанд,

Оёқни узатиб кетганингиз чин.

Оҳ, мен ўз бахтимдан хотиржам юрсам,

Қачон мукаммаллик топгай бу очун?!

 

Ойижон, олишув бормоқда ошкор

Бўйи баланд, ўйи майдалар билан.

Яхшилик нелигин билмаган зинҳор,

Меҳрсиз, тош-метин дийдалар билан.

 

Неча ойлар ўтди...

О, мен – бемеҳр...

Зиёрат этмабман, меҳрибонгинам!..

...Қандай одам бўлдим, ойижон, ахир

Дардим билан келсам марҳумларга ҳам...

 

“ҚАТРАЛАР” ТУРКУМИДАН

 

Мен – яхшилар ибратига харидор,

Мен – туйғулар ҳайратига харидор...

Умрим бўйи сўз бозорин кезяпман,

Мен – сўзларнинг журъатига харидор...

 

* * *

Тасаввурга, тафаккурга сеп олдиммикан?

Туғён айтар каломларга зеб олдиммикан?

Босиб ўтган йилларимда бормикин шитоб?

Донолардан, зукколардан эп олдиммикан?

 

* * *

Тушкун билманг... Юрагимда чўққим бор.

Ҳайбатларин, ҳайратларин уққим бор...

Оппоқ қорлар жилвасидан олиб нур,

Нопокликни ер остига тиққим бор...

 

* * *

Ҳар кун умр сабоғини янгилай,

Ҳар кун кўнгил сўроғини янгилай...

О, гулларим, сўляпсизми?! Мен шитоб

Гултувакнинг тупроғини янгилай...

 

* * *

Нотавонмиз, бунёд сари юрмасак,

Ломаконмиз, қўлни ишга урмасак...

Димиқаркан тафаккурнинг хонаси,

Нокомронмиз, шамоллатиб турмасак...

 

* * *

Ҳалоллаб топганин еганга қуллуқ!

“Яхшиям Ҳақ бор-а!..” – деганга қуллуқ!

“Бу тўкис дунёда каммас ҳеч ким”, – деб,

Ненидир юқтирар Эгамга қуллуқ!