“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

  • Рукн: Назм
  • 123 марта кўрилган.

БОШЛАНҒИЧ НУҚТАСИ ҚАЕРДА БОРЛИҚНИНГ?

Шермурод СУБҲОН – 1966 йилда туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ҳамда Истанбул университетида таҳсил олган. “Ўзбек модерн шеърияти” баёзи (ҳаммуаллифликда), “Сокин сўз суврати” шеърий тўплами, “Шеърият иқлими” илмий мақолалар ва таржима китоблари чоп этилган.

ТУШ ФАНТАЗИЯСИ

 

кўп бўлди ойнага боқмаганимга

балки юз

балки минг йил

балки ундан ҳам ортиқ

 

бошланғич нуқтаси қаерда борлиқнинг

қаерда

сўнгги нуқтаси

на билган бор буни

на-да сўраган...

 

* * *

бир сўз бўлиб ўртар дилни дард

бир сўзки

айтилмай қолган

 

қай бир сўзга қўл узатмай

изи қолар руҳимда

бармоқларимнинг

 

хаёллар қўлларимдир тобора

узайгандан узайган...

 

* * *

кун ва яна кеча

одатдагидек гўё

чунончи бари

 

кутилмаган ҳолга тасодиф дерлар

кутилганга-чи

омад

 

тонг ибтидодир ҳар нега азал

интиҳодир тонг

қиёмат-қойим...

 

* * *

шеърдир шоирнинг

ютган луқмаси

тановул қилар қаранг

сўзларни қандай

ҳа, айтгандай

яхши-ку бу ахир су(в) –

истеъмол қилгандан кўра...

* * *

тун

ғинг этган товуш йўқ

чуқур уйқуда

бутун бир борлиқ

тинглар бу дам

мени биргина

бутун вужуди

қулоққа айланган ой...

 

* * *

тиза туриб ҳарфларни қатор

сўз уруғин экаман

сатрлараро

унсин дея

севгим бўлиб шеър...

 

* * *

жон не дея эй тан

сўрама мендан

сўра нимадир ватан

нима эмас ё...

 

* * *

 

отимиз кодимиздир махсус

ҳарфли ҳижоли маъно

моҳиятимиз...

 

* * *

борми кўча хаёл

қадам босмаган

юракка яқин...

 

* * *

туш қайғу йўқ бунда

ё бирор бир ташвиш

орзу бор бор-йўқ...

 

* * *

севги

сен борки мудом

ўлим ҳам қўрқинчли эмас...

 

* * *

шеър ўлжам менинг бебаҳо

қўлга киритган...

 

* * *

борми ҳеч сўз очмоққа

қалбинг қулфини...

 

* * *

копток қилиб ўйнар қуёшни

кун ила кеча...

 

* * *

сабр косасин лиқ

тўлдирар сукут...

 

* * *

ошиқсан

демакки қул...

 

* * *

чинига нур

ҳазилига қор ёғар куннинг...

 

* * *

нақадар ёлғизсан эй ой

нақадар танҳо ягона...

 

* * *

ер ер бизни,

кўк кўкартирар...

 

* * *

ёнмай қўйдинг айт

нега юрагим...

 

* * *

сўзнинг тили йўқ, аммо...

 

ИСТАК

Истар эдим ёнимда бўлсанг

Чиқмаган каби ёдимдан асло.

 

Истар эдим соғиниб яша

Қўмсаган мисол мен сени интиқ.

 

Истар эдим мен учун бор бўл

Яшаганимдек мен сени дея.

 

ОЛҚИШ

Куннинг авзойи бузуқ

Ғойиб бўлмиш қуёш қайгадир

Чақмоқ чақа бошлади мана.

 

Талвасага тушди кўк

Тараддудда қолди булутлар

Ва ёмғир қуйди ниҳоят.

 

Деразалар ёпилди, ёпилди эшик

Кимдир тонг қотар кўчага боқиб

Кимдир титрайди дир-дир.

 

Ажиб томоша: ичкарида қиш,

Ташқарида эса

Гулдурос қарсак ёғар…

 

ОЙНА

Қани эди ойнанг бўлсайдим ўша:

Ҳар тонг туриб қараб қўйганинг,

Ёким ёнингда олиб юрганинг.

 

Қани эди ойнанг бўлсайдим ўша:

Кўзларингга,

Юзларингга,

Лабларингга яқин тутганинг…

 

ТУН

Тун.

Кезаман ёлғиз.

Бошим узра кўк

Элар қорини.

На бир шарпа тасалли,

На бир шитир таскиндир.

Кўз текканга ўхшайди

Ойга бу кеча.

Тун – қизғанчиқ малак.

Қуёшни ерга кўмиб,

Яширдинг айт

Ул ойни қаён…

 

ҚОР

Қор ёғмоқда, раққоса қор,

Тушаётир кўкдан фаришта.

Беҳудамиш чопқилламоқ,

Беҳудамиш қувончим.

Силасам-да бошини,

Суйиб ҳар қанча,

Кўниколмади у

Қўлим тафтига…

 

ГЎЗАЛЛИК ИФОДАСИ

Гўзаллик – қуролинг сенинг

Ўлдирмоққа шай.

 

Қийнар мени

Фироқ эмас

Ҳусну жамолинг.

 

Рухсорингга

Ҳайрон ўзим,

Лол бўлмагай ким.

 

Таърифингга борми ахир

Лойиқ бир сўз,

Лойиқ ифода.

* * *

Сиз ой бўласизу

Ойдин тортмасми юрак

Нигоҳингиздан

Сизни севмай бўлурми ахир

 

Сиз ғам чексангиз

Озурдадир жон

Шодлигингиз шод этар мени

 

Беҳудагами сиздан

Кутганим вафо

Кимга аталмиш меҳру

Муҳаббатингиз

 

Қувонч етар кўпга сиздан

Менга-чи озор…

 

* * *

Тун ўтмоқда,

Ўтмоқда кеча

Ҳадемай тонг отади,

Кун чиқади ҳадемай.

 

Тонг буюк маррадир

Улкан бир зафар

Кимдир етар тонггача

Этолмас кимдир…